Мусулмонлар тиббиётининг хизматлари

16:00 10.07.2019 227

Исломий тиббиётда беморнинг эътиқоди, насл-насаби аҳамиятга эга эмас. Ҳазрати инсон бўлгани учун эҳтиром ва ёрдам кўрсатилади. Зеро, динимиз қийналганга ёрдам беришга чақиради. Мусулмон табиблар бемор жонига оро киришни ўзларининг шарафли вазифаси деб билган. Ислом беморга қатор имтиёзлар беради: касал одам рамазон рўзасини тутмаслиги, ҳажга бормай туриши, намозни ўтириб ёки ётиб ўқиши, таҳорат ўрнига таяммум қилиши мумкин. Аллоҳ Таоло айтади: “(Жангга чиқмасликда) кўзи ожиз кишига гуноҳ йўқдир, чўлоққа ҳам гуноҳ йўқдир, беморга ҳам гуноҳ йўқдир” (Нур сураси, 61-оят).

Ислом дини бемордан баъзи фарзларни олиб ташлаш билан кифояланмади, балки уни қўллаб-қувватлаб, ёнида туришни мусулмонларга вожиб қилди, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир... (шу олтитанинг бирини)  агар касал бўлса, бориб кўришидир" (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимки касални бориб кўрса, осмонда нидо қилувчи нидо қилади: “Ёқимли бўлдинг, пойқадаминг ҳам ёқимли бўлди, жаннатдан бир манзил эгаси бўлдинг” (Ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор ҳузурида кўнгилни кўтарадиган сўзлардан гапиришга буюрганлар. Беморни шифодан, узоқ умрдан умидвор қилиш яхши одат ҳисобланади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бемор зиёратига борсангиз уни шифодан умидвор қиладиган сўзларни сўзланг, бу Аллоҳнинг тақдирини ўзгартириб қўймайди, лекин беморнинг кўнгли кўтарилади” (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик – беморнинг гуноҳларига каффорат бўлишини, шу сабабли мўмин покланишини айтиб, беморни хурсанд қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида, ул зот бобарокот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мусулмонга етган қийинчилик, машаққат, хафачилик, озор, ғам, ҳатто танасига кирган тикон ҳам гуноҳига каффорат бўлади” (Бухорий, Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу ривоятидаги қудсий ҳадисда шундай дейилади: “Агар бандамнинг икки кўзини балолаш билан синасам, у сабр қилса, эвазига жаннат бераман” (Бухорий ривояти).

Ислом ғайридин беморларни зиёрат қилишдан ҳам қайтармаган. Аксинча, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаллам касал яҳудий йигитни зиёрат қилганини Бухорий ўз саҳиҳида алоҳида боб қилган. Аллоҳ Таоло инсон мукаррам экани ҳақида шундай дейди: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Ал-Исро сураси, 70-оят).

Исломнинг бундай инсоний тамойилларга мусулмон табиблар амал қилганлар. Улар беморга пул топиш манбаи сифатида муомалада бўлишмаган. Беморнинг ҳазрати инсон экани, нафақат даволашга, балки маънан қўллаб-қувватлашга ҳам муҳтож эканини ҳис этишган. Шу сабаб ҳам маънан, ҳам жисмонан ёрдамини дариғ тутмаган.

Мусулмон табиблар бемор бойми-камбағалми, арабми, ажамми, оқтанлими, қоратанлими, ҳокимми, махкумми, мусулмонми, насронийми – ажратмасдилар, даволаш кўпинча бепул амалга оширилган.

Абу Бакр Розий шогирдаларига доим камбағалпарвар бўлишни, уларни ҳам шаҳзодани даволагандай муомала қилишни уқтирар, ўзлари ишонмасалар ҳам касални тузалишига умидлантирарди. Ахир тана руҳга эргашади! (Абдулмунъим Сафу. “Таълимут тиб индал араб”).

Тиббий имкониятлар фақат шаҳарлар билан чекланиб қолмаган, қишлоқма-қишлоқ ҳам кўчма шифохоналар юрган. Ҳибсдаги тутқинлар ҳам тиббий хизматлардан бебаҳра қолмас эди. Чунки ҳибсдан мақсад бировни қийнаб ўлдириш эмас, жиноятчини тарбия қилиб, тўғри йўлга йўналтиришдир.

Вазир Али ибн Ийсо Бағдод табибларининг раҳбари Санон ибн Собитга ёзган мактубида шундай дейди: “Қамоқда сақланаётган маҳбуслар ҳақида кўп ўйладим. Улар кўп бўлса ҳам, анча маблағ талаб қилинса ҳам, ҳар куни табиблар уларни кўриб, керакли дори-дармонлар бериб турсин, зеро, улар ҳам одам фарзандидир” (Ибн Қафтий. “Тарихи хукамо”).

Олимлар фидойи, бойлар сахий , юрт обод эди. Мусулмон диёри мана шундай хазора билан бир неча асрлар яшади. Катта чиқимга эга шифохоналар бир ҳимматли бойнинг саховати билан йиллаб фаолият кўрсатарди.

Қоҳирадаги “Мансурий” шифохонаси тўла-тўкис вақф пуллари билан таъминланарди. Баъзи манбаларда зикр қилинишича, вақф маркази икки кишига алоҳида маош тўлаган. Бу икковлон ҳар куни касалхоналарда ғаройиб иш қилишарди. Улар беморларга кўринмай, эшитарли даражада “касалнинг ҳолати яхшиланаётгани, тезда шифо топиши” ҳақида суҳбатлашарди. Бу “касалга ҳийла қилиш вақфи” деб номланиб, мақсад беморнинг руҳиятини кўтариш, шифо топишига умид уйғотиш эди.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!