«Биз ҳам аслида сизмиз. Биздан қўрқманг»

10:35 05.09.2019 3965

Мусулмонларнинг бугунги ҳолатига икки омил сабаб бўляпти:

1. Жамиятимизда муросасизлик авж олган. Соқолсизлар соқол қўйганлар билан, ҳижобсизлар ҳижоблилар билан, намозхонлар намоз ўқимайдиганлар билан (ва аксинча) муроса қилишни истамайди.

Аксар мусулмонлар ўз даврасига бошқаларни қўшмайди. Давралар ҳам кўп ва бўлак. Битта уламонинг издошлари бошқа олимнинг издошларини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ (ишонмасангиз Мубашшир Аҳмад, Аброр Мухтор Алий ва Абу Муслимнинг постларига ёзилган шарҳларни кўринг). Ҳамма ўзича тўғри, ҳамма ўзича ҳақ.

Кўпчилик менинг Малайзия ҳақида ёзганларимни ўқиб, ҳавас қилади. Кўпчилик билмайдиган нарса шуки, Малайзияда эътиқоди, урф-одатлари ва маданияти бир-бирига мутлақо зид бўлган уч миллат, малайлар (мусулмонлар), хитойлар (буддистлар) ва ҳиндлар (Ҳиндулар) мутлақ уйғунликда яшашади. Ҳатто мен ишлайдиган Ислом университетида ҳам шу миллат вакиллари билан елкама-елка ишлаймиз. Малай ва хитой ёки ҳинд оилалар ўртасида борди-келди, ўзаро дўстлик одатий хол.

Сизнинг битта бўлса ҳам рус ёки корейс дўстингиз борми? Ҳамкасб эмас, айнан дўстингиз? Тўй-маъракага, йиғинларингизга битта бўлса ҳам ғайридинни чақирганмисиз? Онда-сонда бўлса ҳам рус дўстингизни Миллий таомларга таклиф қилиб, суҳбатини олиб турасизми? Уйингизда ифтор берганда ғайридин қўшнингизни чақирдингизми? Арафада ош чиқардингизми? Ғайридинни қўйинг, намоз ўқимайдиган қадрдонларимизни ҳам секин даврадан чиқариб юборамиз.

Ислом энг тараққий этган даврда мусулмонлар ғайридинлар билан уйғунликда яшашган. Катта-катта яҳудий уламолар тазйиқдан қочиб, Ислом диёрларида паноҳ топишган. Биз эса ҳанузгача бенамоз қўшнимизни кўрсак қонимиз қайнайди. Аслида биз мусулмонлар толерантликда бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак эмасмиди? Тасаввур қилинг, эртага замон тескари айланиб, ҳокимият тепасига Исломни тушунадиган одамлар келса (сиз келсангиз), худди кеча кўрган тазйиқларнинг акси бўлмайди деб кафолат бера оласизми?

Мусулмонлар ўзаро жиққамушт бўлган замонда бу масала амримаҳол бўлса керак.

Бу эса бизни иккинчи муаммога олиб келади.

2. Мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиганларнинг йўқлиги. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиганлар бор, бизнесменларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиганлар бор, сўз эркинлигини, блогерларни, қўйингки ҳатто дайди итларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиганлар бор, мусулмонларни эса ҳеч ким ҳимоя қилмайди.

Ўзимиз ҳам бошқалар ҳам. Кеча ҳижоб масаласида мингта одам ёзди, лекин шу мингта одамни бирлаштириб битта баёнот берадиган ташкилот йўқ. Шу муаммога ҳуқуқий тарафдан ёндашиб, омманинг номидан прокуратурага ёки президентга ариза олиб чиқадиган мард йўқ. Жамолиддин биродаримизни ҳам аслида яккалаб қўйиб, четдан “Бу ёғи нима бўларкин?“ деб попкорн ушлаб ўтирибмиз.

Орамизда ҳуқуқшунослар бор, прокуратура ходимлари бор, судялар бор, вазирлар бор, “туриб берадиган“ бизнесменлар бор, лекин уларни бирлаштирадиган куч йўқ. Ўрисчасига айтганда, “Моя хата с краю“ деб юраверамиз, то масала бизга келиб тақалмагунча.

Бошқалар билан муросасиз бўлганимиз боис эса жамиятнинг катта қисмининг ишончидан ва кўмагидан маҳрум бўлганмиз. Мисрда мусулмонларга тазйиқ бўлганда насронийлар намозхонларни пана қилиб туришгани, Янги Зеландия масжидига тажовуз бўлганда маҳаллий халқ масжидларни ҳимоя қилганини эсланг. Бизда шу нарсани кўз олдингизга келтира оласизми?

Ёки бунинг акси, АҚШда тўфон туфайли талофот кўрган инсонларга мусулмонлар моддий ёрдам беришини ақлингизга сиғдира оласизми?

Дунёқараши сиздан ўзгача бўлган инсонлар билан уйғунликда яшашга тайёрмисиз? Нурбек Алимов, Ферузхан, Умид Гафуров, Сардор Салимларнинг фикрини ҳурмат қилишга сабрингиз етадими? Улар билан муроса қилишга, улар билан биргаликда, ҳамжиҳатликда жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишга тайёрмисиз?

Афсуски йўқ. Ҳатто қибладош биродаримиз билан ҳам арзимаган масалаларда “сен-мен“ га борамиз. Токи шу муаммоларни ҳал қилмас эканмиз, биз мусулмонлар кучсиз бўлиб юраверамиз.

Хўш ечим қаерда? Жавоб битта: Қуръон ва суннатга қайтиш. Бу биринчи навбатда БИЗ МУСУЛМОНЛАРга тааллуқли. Аллоҳ ва Расули бизни фирқаланишдан қайтарган эмасмиди? Аллоҳ таоло бизни бирдамликка буюрмаган эдими?

Бу гаплар қуруқ гаплигича қолмасдан, амалий қадамлар бўлиши керак. Мисол учун, бошланишига Facebookʼдаги катта устозларимиз ўзаро зиддиятларни унутиб, бирлашсалар. Эски гина-қудратларни унутсалар. Издошларини ҳам бирдамликка чақирсалар. Facebookʼдаги оғзаки тажовузларни тўхтатиб, амалда муросага, толерантликка ўргатсалар. Чақиринг Адҳам Атажоновни Azon TVʼда интервьюга, Аброр Мухтор Алий билан бирга жонли эфир қилинг.

Мусулмонлар ўзаро бирлашгандан сўнг эса иккинчи босқич машҳур блогерларимиз билан дўстлашайлик. Умид Гафуровни бир пиёла чойга чақирайлик, Ферузхан билан Гражданин Горожаниннинг битта сериясини мусулмонлар ҳаётига бағишлайлик. Киро Альтман билан Мубашшир Аҳмад домла ўртасида суҳбат уюштирайлик.

Кўрсатайлик ўзимизни асл юзимизни. Биз экстремист, жоҳил, мияси қотиб қолган “эскича“ одамлармасмиз. Орамизда докторлар бор, муҳандислар бор, юристлар бор, бизнесменлар бор, архитекторлар бор, дастурчилар бор, депутатлар бор, профессорлар бор, академиклар бор.

Биз ҳам шу жамиятнинг фарзандларимиз. Биз ҳам эмин эркин яшашни истаймиз. Биз ҳам аслида сизмиз. “Биз-сиз“нинг ўзи йўқ аслида.

Мана шунда балки кейинги йил муслималарнинг ҳижоби ечилганда, биродарларнинг соқоли олинганда чекка-чеккада яккаланмасдан, бир жамият бўлиб, мусулмонлар, насронийлар, агностиклар, руслар, ўзбеклар, қозоқлар, барча-барчамиз бир овоздан “БЎЛДИ, ЕТАР. БИЗ ТЎЙДИК НОХАҚЛИКДАН!“ деймиз.

Анвар Нарзуллаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!