Ислом

Мусулмонни ёмон кўрмаслик...

889

Тасаввуф аҳли ичида солиҳ инсонлар жуда ҳам кўп. Шунинг билан бирга баъзан гуруч ичидаги курмак кабилар ҳам зоҳир бўлиб қолишади.

Тасаввуф Ислом динидан айро, шариатдан ўзгароқ нарса эмаслиги аниқ. Зотан, Ислом дини Аллоҳнинг энг охирги ва энг комил динидир.

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ айтишларича ушбу муқаддас дин илм, амал ва ихлосдан иборат. Тасаввуф (тариқат) эса мана шу уч қисмнинг ихлос деган жузъини комил ҳолатга етказишдир. Зеро, ихлоссиз ибодатлар, руҳсиз бадан каби бўлади.

Баъзан, тариқат аҳли шариат аҳлидан ўзга, улардан даражоти юқорироқ деган фикрлар, бошқа мусулмонлардан ўзларини баландроқ тутувчи, фақат ва фақат ўзлари каби тариқат аҳлларинигина комил ҳурмат этувчилар учраб туради.

Бу эса ўз навбатида аҳли тариқатга нисбатан ишончсизлик, ҳиқд ва  ҳақоратларни келтириб чиқаради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган (гўшти)мизни еса, бас, ўша (кимса) Аллоҳнинг  ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», деб айтдилар".

Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадисга диққат қилайлик.
Унда бир неча ўта муҳим таълимлар баён этилмоқда.

1. "Ким намозимизни ўқиса".

Бунда икки ишора бор: Намоз энг аҳамиятли ибодат экани ва уни ўқиган инсон Аллоҳ ва Унинг Расули омонлигига кириши. 

2. "қибламизга юзланса".

Ибодат асносида энг охирги қибла бўлмиш Каъба тарафга юзланса. Яъни, ҳозирдаги мусулмонлар юзланадиган тарафга юзланиш лозимки, аввалги қиблалар мансухдир.

Кимки, тавҳид калимасини айтсада, қибламизга юзланмаса унга бу аҳд йўқ.

3. "сўйган (гўшт) имизни еса".

Маълумки, мусулмон кимсанинг бирон нарсани сўйиши ва истеъмол қилиши икки ишда қоим бўлади: сўйиладиган нарса ҳалол гўштли ва сўйувчи Аллоҳ исми ила сўйиши лозим.

Бу лафзда шунга ишора борки, мусулмон ейдиган таомига ҳазир бўлиши, ҳалол ҳаромни фарқлаши, шунинг билан бирга ҳар бир нарсадан шубҳаланаверадиган восвос бўлмаслиги лозим.

4. "бас, ўша кимса Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир".

Бу кимса юқоридаги ҳислатлар ила Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ алайҳиссалом омонликларига дохил бўлади.

Илло, бу кимса диний зарруриётлардан бирини инкор қилмаслиги шарт. Инкор қилса мусулмонлар сафидан ўчиб кетади.

5. "Бас, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг аҳдига хиёнат қилманглар".

Яъни, тавҳид калимасини айтган, намозимизни ўқиган, қибламизга юзланган, сўйилган гўштларимизни еганлар Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг омонида бўлади. 

Бу кимсаларга ҳақир қарамаслик, пастга урмаслик, ажратмаслик, имкон қадар яхши муомалада бўлиш, уларни яхши кўриш лозим.

Тоинки, динда зарурий ҳисобланган масалалардан бирини инкор этмагунча ёки ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санамагунча ушбу энг қудратли ҳимоя остида бўлишаверади.

Демак, шариат ва тариқат алоҳида алоҳида нарсалар эмас, балки, шариати Ислом асл,  тариқат эса ушбу шариатнинг муҳим бир қисмини комил этувчи экан. 

Тариқат - тасаввуф аҳли  барча мусулмонларга эҳтиромли, уларни севувчи, яхши муомала қилувчи бўлиши лозим.

Аҳли бидъат кимлигини яхшилаб билиб олиш, улар аслида қайси фирқа эканини англаш лозим.

Рофизий, Шиа, Муржиъа каби бидъат фирқалар билан ҳозирги кундаги баъзилар наздида  бидъат аҳли деб ҳисобланаётганларнинг жуда катта фарқи борлигини билиб олиш керак. 

Мусулмонларга шафқатли ва уларни бесабаб ёмон кўрмаслик ва уларни кимнинг зиммасида эканини  бир зумга ҳам унутмаслик лозим.

Эслатма: Мақоладан мурод Тасаввуф ёки Тариқат аҳлига таҳқир ёки тасхир эмас. Балки, баъзи ҳолатлардаги асл мақсад баёни ва ислоҳдир.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом молияси: долзарб саволларга мухтасар жавоблар

149 21:35 25.09.2020

Бугунги жума маърузаси билан танишинг

606 10:26 25.09.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: "Ким билан ҳамкорлик қилиш керак?"

637 21:30 24.09.2020

Бaҳрaйн: Исломнинг аввалидаёқ динга кирган давлат

758 21:05 24.09.2020

Исломий маданият ва араб тилини тўғри ўқиш учун қўлланма

715 20:05 24.09.2020

Таъзия. Етук муҳаддис Нуриддин Итр вафот этдилар

1056 18:15 23.09.2020
« Орқага