Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Мутаассибларнинг ижтиҳод майдонига кириб келишининг салбий натижалари

905

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

(ўн тўққизинчи қисм)

(Давоми, боши мана бу ерда)

Учинчи боб: Мутаассибларнинг ижтиҳод майдонига кириб келишининг салбий натижалари

Умуман олганда ижтиҳод масаласи динимизда ўта улкан мавқе бўлиб бу ишга ижтиҳод шартларини ўзида тўлиқ жамлаган одамгина лойиқ кўрилади. Айтиб ўтганимиздек, барча шаръий илмларни билиш, Китоб ва суннатни тушуниш, луғат, таъвийл, араб тили ва луғат қоидалари ҳамда усул қоидаларини аъло даражада ўзлаштириш – ижтиҳод шартлари ҳисобланади. Санаб ўтилган билим асосларини эгалламаган одам ижтиҳодга киришса ўзи ҳам адашади, бошқаларни ҳам адаштиради.

Кўриб турганимиздек, мутаассиб жамоалар муайян бир мазҳаб асосида бўлишдан бош тортмоқдалар. Улар мазҳабни четга суриб қўйиб, Китоб ва суннатга эргашишга чақирмоқдалар. Бунинг натижасида ижтиҳод қилиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда ва ҳеч қандай илмий салоҳиятга эга бўлмаган одамлар ижтиҳод соҳасига кириб кела бошладилар. Ботил ижтиҳодларнинг кўпайиши мусулмон ва мусулмон бўлмаган барча жамиятларда мусулмонларни кофирга чиқариб уларнинг қонини тўкиш, мол-мулкини олишни ҳалол дейиш, тинч аҳоли орасида терактлар уюштириш ва зўравонликларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Агар ушбу мутаассиб жамоалар ҳам илмда етук бўлган раббоний алломалардан таълим олганларида эди, ҳаниф (мусаффо ва ширкдан холи) динимизни сувратини лойқалатаётган, авлодларимизни йўқ қилиб уммат салоҳиятини вайрон қилаётган бугунги ботил ижтиҳодларга қўл урмас эди.  Биз қуйида эътиборингизга мазкур мутаассиб жамоаларнинг иккита ижтиҳодини мисол қилиб  келтирамиз. Токи  уларнинг Китоб ва суннатдан, илм аҳлининг илмий талқинларидан қанчалар узоқ эканига ўзингиз ҳам амин бўласиз.

1). Намозни дангасалик билан тарк қилган одамга кофирликни нисбат бериш масаласи.

Шофеий, моликий ва ҳанафий мазҳабларининг уламолари намозни дангасалик билан тарк қилган одамни кофир бўлмаслигини таъкидлайдилар.

Фақатгина ҳанбалий  мазҳабининг айрим уламолари бу масалада “намозни дангасалик билан тарк қилган одам ислом миллатидан (дини) чиқмайди. Яъни, қалбидан намозни фарзлигини иқрор қилса ҳам дангасалик билан ўқимаса, унга ҳатто “намоз ўқимасанг сени қатл қиламиз” дейилса ҳам бўйсунмаса, имом ёки унинг ноиби уни намозга чақирганида ҳам у бош тортса, ҳатто намоз ўқигандан кўра ўлимни афзал билсагина диндан чиқади. Бунга мусулмонлар иттифоқ қилганлар”, деган фикрдалар.

Буҳутий “Шарҳи мунтаҳил иродат” китобида шундай дейди:

“Бир одам енгилтаклик ва дангасалик билан намозни тарк қилса, қачонки уни имом ёки унинг ноиби намозга чақирса ҳам намоздан бош тортса, оқибатда кейинги намознинг вақти ҳам чиқай деб қолса ҳам у намоз ўқишдан бош тортиб тураверса, шундагина уни кофир сифатида қатл қилиш жоиз бўлади. Аммо уни намозга чақирмай туриб (ҳидоятга чорламай туриб) асло кофир дейилмайди ва қатл ҳам қилинмайди”.

Аммо шаръий асосларни жуда ҳам тор тушунадиган бугунги мутаассиб жамоалар эрмак ва мутассибона кайфиятда намозни дангасалик қилиб тарк қилган одамларни ҳам кофирга чиқармоқдалар. Улар жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“Мўмин (киши) ва куфр, ширк орасидаги фарқ намозни тарк қилишдир” деган сўзларининг зоҳирини далил қиладилар.

Кошки уларда ижтиҳод шартлари мавжуд бўлиб ўзлари унинг муносиб аҳлидан бўлганларида эди! Ҳа, улар истинбот (Китоб ва суннатдан ҳукм олиш малакаси)  даражасида бўлганларида ушбу кўр-кўрона хулосаларга келмас эди. Ҳадиси шарифларнинг фақат зоҳиринигина ушлаб олмас эди. Уларнинг ботил хулосасига қараганда, намозни дангасаларча, эриниб тарк қилса  ёки фарзлигини инкор қилиб тарк қилса ҳам фарқи йўқ. Гарчи уни фарз эканига иқрор қилса ҳам кофир деб ҳукм қиладилар.

Бугунги асримиздаги мушкул масалалардан бири ҳам беш вақт намоз мўмин-мусулмонлар зиммасидаги фарз эканига иқрор бўлса-да, дангасалик қилиб унга бепарво бўлиб юрган мусулмонларнинг сони кўплигидир. Мутаассиб жамоаларнинг ботил меъёрлари билан ўлчанганида ушбу тумонат одамларнинг қонини тўкиш мубоҳ бўлиб қолмайдими?! Турган гапки бу даъво Аллоҳ таоло ҳаром қилган қонларни оқизишни ҳалол қилиб олиш учун енгилтаклик чўққисидир. Агар ушбу мутаассиб жамоалар ҳақиқий уламоларнинг сўзларига этибор қилганларида эди, намозни тарк қилган одам унинг фарз эканига иқрор бўлмасдан тарк қилгандагина кофир бўлишига иттифоқ қилганларини кўрар эдилар.

2). Мусулмон раҳбарларини кофирга ҳукм қилиш.

Мутаасиб жамоалар бу иддаоларига ҳам ояти каримадан далил келтирадилар:

“Дарвоқе, Биз Тавротни нозил этдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд олдирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари бунга гувоҳдирлар. Бас, (эй, ҳукм чиқарувчилар,) одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз! Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир” (Моида, 44)

Турган гапки, мутаассиб жамоалар ўз билимсизлиги билан тор доирада  фикр юритмоқдалар. Улар бошқаларни пала-партиш куфрга нисбат бериш билан мазкур ояти каримадан бир ғалати ҳукм чиқариб олдилар. Унга кўра Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмаган ҳар қандай раҳбар кофирдир. Уларнинг фикрича, у одам муртад бўлиб унинг қонини тўкишни шаръан ҳалол дейдилар. Улар бу ишда сиёсий раҳбарларни араб ёки мусулмон бўлишини ажратмайдилар. Уларнинг фикрича, мазкур раҳбарлар Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмай кофир бўлгач, уларни муртадлар (диндан қайтганлар) сифатида қатл қилиш вожиб  бўлади. Санаб ўтилган омилларга суяниб, улар маълум бир яхлит давлатларни бутун муассасалари билан қўшиб, шу жамият ҳимоячиси бўлган ҳарбийларини ҳам кофир деб  эълон қилмоқдалар. Шунинг учун ушбу аскар ва зобитларни-да қони, моли ва иззат нафсини тўкиш ҳалол эмиш. 

Улар бу каби иддаоларни ўзи билан ҳам чекланиб қолмаяпти. Балки у жамиятларни кучсизланиши ва фуқаролари орасида ҳар томонлама тангликни келтириб чиқармоқдалар. Жамоат жойларида терактлар содир этилиб, асосан тинч аҳоли қурбон бўлмоқда.  Давлат ва ҳукумат тепасидаги раҳбарлар ва бошқа етакчиларга нисбатан суиқасдлар уюштирилмоқда. Чунки уларнинг фикрича мазкур давлат раҳбарлари ислом шариати билан ҳукм қилмагани учун кофирдир.

Аммо биз уларга жавобан шундай деймиз: “Уларнинг ушбу ояти карима ҳақидаги талқин ва тафсирлари тўғри эмас, балки ботилдир.

“Дарвоқе, Биз Тавротни нозил этдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд олдирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари бунга гувоҳдирлар. Бас, (эй, ҳукм чиқарувчилар,) одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз! Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир” (Моида, 44).

Ушбу ояти карима ҳақида уламолар шундай дейдилар: кимки Аллоҳнинг ҳукмини қалби билан инкор қилиб тили билан унга қарши чиқса ёки рибо, зино каби ишларни ҳаром эканини инкор қилиб, уларни ҳалол деб даъво қилса, намозни фарз эканини инкор қилиб уни тарк қилса, мазкур оятнинг доирасига киради. Яъни, Аллоҳ таоло нозил қилган ҳукмни инкор қилган, ундан бош тортган, у асосида ҳукм қилмаган ва оқибатда ислом миллатидан (динидан) чиққан одам ҳисобланади.

Аммо бир одам Аллоҳ таолонинг ҳукмларини тан олиб, уларга тили билан иқрор бўлса, ўзи эса амалда унга хилоф иш тутса ҳам (иқрор ва тасдиқ эгаси бўлгани учун) кофир бўлмайди. Масалан, бир одам ароқ ҳаром эканини билади, унга иқрори бор. Ароқ  ичиш гуноҳи кабира (катта гуноҳ) деб билади. Демак, бу одам гарчи ароқни ичса ҳам, уни ҳалол деб эътиқод қилмас экан гуноҳкор, шариатга амал қилмаган фосиқдир. Аммо кофир эмас, иқрор эгаси бўлган фосиқ мусулмондир. Демак у каби одамлар “Моида” сурасида келган кофирлар синфига кирмайди. Буюк аллома Фахриддин ар-Розий ушбу оят тафсирида уламоларнинг қуйидаги тафсирини келтирадилар:

“Икрима бу оят ҳақида шундай дейди: “Кимки Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаса” ояти каримасидаги маъно қалби билан инкор қилиб, тили билан қаршилик қилганларни ўз ичига олади. Энди қайси бир одам Аллоҳнинг ҳукмини қалби билан эътироф этиб уни тили билан тасдиқласа, амалда эса унинг зиддини қилса ҳам барибир Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилган одам доирасидадир. Лекин у одам бу иши билан Аллоҳ таолонинг ҳукмини тарк қиляпти, яъни бажармаяпти. У одамни мазкур ояти карима доирасига киргизиб бўлмайди. Мана шу тўғри жавобдир. Аллоҳ билувчироқдир”.

Афсуслар бўлсинки бу каби ижтиҳодлар ҳам фиқҳий, ҳам фикрий тартибсизликларга замин яратмоқда. Агар ушбу мутаасиб жамоалар оз бўлса-да илм ва мусаффо шариатдан хабардор бўлганларида эди, шаръий далиллар берилиб кетишидан қайтарган, бугунги ҳаммаслаклари қилаётган ишларга журъат қилолмаган бўлар эдилар. Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар:

 “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, бир мўминни қатл қилиш Алллоҳ наздида дунёнинг завол топишидан кўра оғирроқдир” (Насаий ривояти).

Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Қиёмат кунида одамлар орасида энг биринчи ҳукм қилинадиган нарса бу қон даъвосидир”.

Ибни Умар розияллоҳу анҳудан эса қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

“Мўмин одам токи тўкиш ҳаром қилинган қонни тўкмас экан, динидаги бағрикенглик устида бўлади”, Бухорий ривояти.

Жамиятларни барбод қиладиган ушбу вайронкор ижтиҳодлар асосида экстремистик жамоалар фиқҳий мазҳабларни ортга  ташламоқдалар. Улар  Китоб ва суннатга тобеъ бўлиш даъвоси билан уламоларнинг ҳидоят йўлини ҳам тарк қилмоқдалар. Гўёки уларнинг наздида Китоб ва суннат ҳар қандай шуғулланувчи одам тезда тушуниб, илғаб оладиган оддий ривоят. Албатта салаф алломаларимиз ўзларида ижтиҳод шартлари тўлиқ шаклланиб, истинбот малакасига эга бўлганларидан кейингина мазҳабларга асос солганлар. Бу мазҳаблар тўғрилиги кафолатланган илмий асос билан тузилганини бу нодонлар билмайдилар.

Бугунги воқеликка назар солинг: бу мутаассиб ва экстремистик жамоалар қанча-қанча исломий шаҳарларни вайрон қилдилар. Қанча-қанча мусулмонларни ўлдирдилар, талон-тарож қилдилар, иззат нафсини топтадилар ва қўл-оёғини кесдилар. Улар бу йўл билан гўёки таҳсинга сазовар ишларни амалга ошириб шу орқали ер юзида ислом давлатини барпо қилмоқчилар. Аслида эса улар бу кирдикорлари билан исломнмнг нурли сувратини хиралаштирмоқдалар, холос. Бугун дунёнинг обод жамиятларида ислом дини зўрлик ва қотиллик дини сифатида баҳоланмоқда. Айримлар бу динга киришдан бутунлай бош тортмоқдалар. Шунингдек, бу каби мутаассиб жамоалар дин душманларини ҳеч қандай уринишларисиз уларга хизмат қилмоқдалар.

Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алийил азийм.

(Давоми бор)  (1-2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10 қисм) (11 қисм) (12 қисм) (13 қисм) (14 қисм) (15 қисм) (16 қисм) (17 қисм) (18 қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бу ерда одамлар яшаган эди…

1339 20:05 17.11.2020

Ҳадис илми: Тўпламларга кирмаган саҳиҳ ривоятлар ҳам бор

573 14:38 07.09.2020
« Орқага