Наср

Мутакаббир спортчилар кўтара олмаган «юк»

2411

Кекса киши поездда саёҳатга чиққанди. У жойлашган купе олти кишилик бўлса-да, бир неча соатдан бери ёлғиз эди. Сафар халтасини устки жавонлардан бирига қўйиб, ёнига фақат Қуръон китобини олганди. Қуруқшаган лабларини ҳўллаш учун олдига бир шиша сув қўйиб олганди. Кекса киши бир оёғини эмас, икки оёғини бирданига чуқурда деб ўйларди. Яъни “қабримга ҳам яқинлашиб қолдим, саноқли кунларим қолди” деб ўйларди. Йўловчиликда ҳам вақтини беҳудага ўтказишни истамасди. Қуръонни қабридаги дўсти, Сиротдан ўтказувчи восита ҳисобларди. Шунинг учун автобусдами, поезддами, қаерда бўлса ҳам, фурсат топиб Қуръон ўқирди.

Поезда катта шаҳарлардан бирида тўхтаганди, йўловчилар ўзини эшикка урди. Бироздан кейин қадду қоматлари баланд, келишган уч ёш йигит мўйсафид ўтирган купега кириб келишди. Афтидан уччови ҳам спортчи эди. Икки нафари рўпарадаги ўриндиққа, бақувватроғи отахоннинг ёнига ўтирди.  Кекса киши улар билан хушлашмоқчи бўлиб турганди, йигитлардан бири қўлидаги Қуръонга қараб:

—  Бу ер поезднинг масжидими дейман? - деди. - Мана, имом ҳам шу ерда, намоз ўқисак ҳам бўлар,- деди.

Шериклари бу писандага кулди, отахоннинг эса кўнгли оғриди. Лекин бундай пайтда сукут энг яхши қурол эди. “Ёш улар, хато қилиши табиий”. Ўқиётган жойига кўз тикканди, купега ниҳоятда озғин бир бола кирди ва хижолатли оҳангда:

—  Кечирасиз, поездда жой йўқ экан. Шу ерда ўтирсам бўладими?- дея сўради.

Кекса киши болага юзланди, унинг чеҳрасидан нур ёғилиб турар, қори экани шундоққина кўриниб турганди. Бу борада мўйсафид одам анчагина сезгир эди. Ўн минг кишининг орасида биттагина қори бўлса-да, уни топиб кўрсата оларди.

Отахон болага қараб жилмайди:

—  Ўриндиқларнинг иккиси ҳам уч кишига мўлжалланган. Зотан, қорини тик оёқда қолдирармидик? - деди.

—  Қори эканимни қаердан билдингиз? - дея сўради бола. – Буни сизга айтмадимку?

—  Мен биламан-да, деди мўйсафид отахон. - Қориларнинг юз-кўзидан блиниб туради.

Болакай отахоннинг қабатидан жой олар экан, қаршидаги ўриндиқда ўтирган йирик гавдали йигитлардан бири:

—   Қани кел-чи, қори йигитча! Биз ҳам сени кўзимиз тўрт бўлиб кутаётгандик. “Муборак ишлар” билан бўлиб, пашшадай озиб қолибсан. Бироз спорт билан шуғуллангин-да, танингга жон кирсин. Акс ҳолда яқинда   кўринмас одамга айланасан,- дея масхараомуз кулишди.

Кичик қори қизаринқираб, бошини қуйи солганди, отахон орқасини силаб қўйди. “Кўнглингга олма! Ким қандай тушунса тушунаверсин, эътибор берма!” дегани эди бу. Суҳбат бошланмасдан спортчилардан бири сигаретасини ёқиб, қутисини шеригига узатди.

Кекса киши уларга бир қур кўз ташлади:

—  Болаларим, поездда сигарета чекилмаслигини яхши биласизлар! Менда астма бор, қийналаман. Бошқа ерда чексангиз бўлмайдими?

—   Бизда алоҳида рухсатнома бор,- деди йигитлардан бири. – Остида бош вазирнинг имзоси турибди. Безовта бўладиганлар ташқарига чиқсин!

Купе тутунга тўлганди, кекса киши узуқ-юлуқ йўтала бошлади. Ҳеч вақт йўқотмасдан бошқа ерга кетиши керак эди. Ўрнидан қўзғалаётганда, йигитлардан бири бояги бақувват шеригига кўз қисиб:

—  Қария кетяпти,- деди.- Халтасини қўлига тутқазиб қўйгин, тезроқ кетсин!

Бақувват устки қаватдаги сафар халтасига қўл чўзганди, кекса киши унга юзланди:

—  Юким оғир! Уни ҳамма ҳам кўтара олмайди, билиб қўй!

Йигит жуда хунук қаҳқаҳа отди:

—   Истасангиз устига ўзингиз ҳам чиқинг-да, сизни ҳам бирга кўтарай! - деди. - Ҳатто мана бу қилтириғингизни ҳам елкангизга ортиб олинг! Мен штангачиман, лақабим ҳам “горилла”. Ҳожилар ва домлалардан бошқа ҳамма мени жуда яхши билади.

Кекса киши яна сукутни афзал кўрди. Горилла деган йигит эса сафар халтасига қўл чўзганди, уни кўтаролмади. Қора терга тушдиямки, сафар халтаси ўрнидан бироз қимирламади ҳам.

Шериклари аввал бу ишни ҳазил деб ўйлашди. Лекин адашишганди. Улар ҳам бир неча кез уриниб кўргач, мазхараомуз оҳангда ғудраниб:

—  Бу халта пештахтага боғлаб қўйилганми? Ёхуд ичи олтин билан лиқ тўлами?- дея зўрма зўрака илжайишди.

Отахоннинг нафаси қисилаётганди, бир неча бор йўталиб олгач:

—  Халтадаги юклар олтиндан ҳам қиммат. Оғирлиги ҳам олтиндан бир неча марта оғир. Шунинг учун ҳеч қайсингизнинг кучингиз етмади.

Ёшлар бир-бирига ҳайрат билан қарар экан, кекса отахон ёнидаги болага қараб:

—   Қори, менга халтамни олиб бергин! - деди. - Тезроқ бўла қол, болам!  Юрагим сиқиляпти.

Озғингина қори йигитча эътироз қилмади. “Бисмиллаҳ” деб халтага қўл чўзди ва уни бемалол кўтариб олди.

Кекса отахон қори йигитчанинг пешанасидан ўпиб, шундай деди:

—   Рамазон яқинлашяпти, - деди. - Болаларимникига набираларимни кўргани боряпман. Ҳадя сифатида 4-5 та Қуръони карим олиб боряпман, шукр, халтамга ҳаммаси сиғди…

Йигитлар бир бирларининг юзларига ҳам қарай олмай, мулзам бўлиб, жим қолди.

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўтган кунларга қайтишни истайсизми?..

414 22:00 12.11.2019

Алининг жойнамози (7-қисм)

407 21:00 12.11.2019

Алининг жойнамози (6-қисм)

501 21:00 11.11.2019

«Мен фаррошман, аммо... одамман!»

841 18:00 09.11.2019

Алининг жойнамози (5-қисм)

585 17:56 09.11.2019

Алининг жойнамози (4-қисм)

802 21:00 08.11.2019
« Орқага