Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мувозанатни йўқотган Қозоғистон

5916

Жамиятнинг ҳатти-ҳаракатини олдиндан, аниқ таъбир қилиш – жуда мушкул иш. Лекин, ҳар бир жамиятнинг ижтимоий психологиясини, ижтимоий кайфиятини, умидлари ва зўриқишларини кузатиб, ўрганиб бориш мумкин. Эркин ва фаровон давлатларда, оммавий намойишлар давлат учун катта фожеа ҳисобланмайди. Чунки, намойишларнинг чекланган функциялари бўлади, намойишчилар мана шу доирадан чиқиб кета олмайди. Қолаверса, демократик давлатларда, намойишчилар ҳеч қачон ҳукуматни йиқитишни талаб қилиб чиқишмайди, балки ҳукуматнинг у-бу қарорига, лойиҳасига қарши чиқишади. 

Бугун ижтимоий фанлар анча ривожланган. Социология, жамиятнинг кайфиятини, мойилликларини анча яхши тушуниш ва тушунтириш қобилиятига эга. Агарки, давлатлар муттасил ислоҳотлар ўтказишдан тўхтамаса, жамиятнинг раъйига қулоқ солса, давлат институтлари самарали ишласа, давлат ўзининг легитимлигини парваришлаб борса – ҳеч қандай хавотирга ўрин қолмайди.

Кейинги кунларда қўшни Қозоғистонда бўлаётган воқеалар натижасида бу йирик қўшнимиз ички ва ташқи сиёсатда ўзининг мувозанатини жиддий бир шаклда йўқотди. 

Биринчидан, Қозоғистон ҳам, бошқа авторитар давлатлар қатори, ўзининг мухолифатини менсимади, у билан диалог йўлларини изламади. Аксинча, мухолифатга муттасил босимлар қилди, уни маргиналлаштириш йўлидан борди. Ўз ўрнида мухолифат ҳам кейинги ўн йил давомида муросасиз ахборот сиёсати олиб борди. Ҳокимиятнинг легитимлигини жиддий бир шаклда қадрсизлашга эришди. 

Глобаллашган даврда, ижтимоий тармоқлар ривожланган бугунги кунда, бу қийин иш бўлмади. Масофадан туриб, яъни, ўзларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, йиллар давомида ижтимоий фикрда оммавий ва муросасиз намойишлар учун чуқур замин яратишди. 

Лекин мухолифат ва фуқаролик жамияти ҳам, ўзининг қадамларини реал оқибатлари ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасди. “Рангли инқилоб”дан қўрқиб кетган ҳокимият мухолифат билан келишиш имконсиз деган қарашдан келиб чиқиб, автоматик равишда ташқи дунёдан, аниқроғи, қўшни Россия Федерацияси ва унинг ҳарбий блоки бўлмиш КХШТдан ёрдам сўради. 

Қозоғистон жамияти тезкор шаклда авторитаризмдан демократияга ўтишни орзу қилиб, оммавий намойишлар бошлади. Жамият, ҳокимиятда 30 йилдан бери қолаётган ва де-факто давлатни бошқараётган Назарбоев режимидан зериккан эди. Лекин, ўзгаришлардан қўрқиб кетган олий ҳокимият, кутилмаганда, ташаббусни қўшни давлатга топширди. Қозоғистон КХШТга мурожаат қилиб, “бизни террористлардан қутқаринг” деди. Қозоғистон ҳокимияти, аксарият авторитар ҳукуматлари қатори, ўз халқини “террорист” деб номлади. Шу йўл билан ўзининг сиёсий истиқболини қутқаришдан бошқа режа топа олмади.

Кейинги уч йилда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Федерацияси ва унинг иқтисодий ҳамда ҳарбий-сиёсий лойиҳаларига ишончсизлик билдириб келаётган эди. Назарбоевдан фарқли ўлароқ, Тўқаев очиқ-ойдин ЕОИИга шубҳа билдирди, ўтган йилнинг апрел ойида, ЕОИИ онлайн учрашуви чоғида Путинга оҳиста шаклда ўз норозилигини ҳам билдирган эди. Лекин, мана, Қозоғистонда оммавий намойишлар фонида, Тўқаев ўзининг халоскори сифатида КХШТ ва расмий Москвани кўрмоқда. 

Маргарита Симонян – Россия пропагандасининг йирик намоёндаларидан. У Russia Today халқаро телеканаллар тармоғи директори. Қозоғистоннинг КХШТга мурожати фонида, Симонян «Албатта ёрдам беришимиз керак, лекин, шартларимиз бор!» дея, бир қанча таҳқирловчи шартларни эълон қилди. Жумладан, ғарб билан алоқаларни пасайтириш, лотин алифбосидан воз кечиб кирилл алифбосига қайтиш, руслаштириш сиёсатига қайтиш ва ҳ.к. Бу талаблар, мустақил Қозоғистон давлатчилиги учун, анча таҳқирловчи ва давлат суверенитетини жиддий чекловчи ҳисобланади. Лекин, бугунги кунда Қозоғистон ҳокимиятининг Кремл билан ўз суверенитети борасида тортишиш имконияти мавжуд эмас.

Россия Федерацияси – ўзига хос цивилизация. У ўзини ғарбга ҳам, шарққа ҳам мансуб эмас дейди. Россия – маҳрум қилиш, мажбурлаш орқали ўз ниятларига етишни кўзловчи давлат. У демократик давлатлар каби, ишонтириш, қадриятлар орқали ўзига оғдиришга лаёқатсиз. Қолаверса, Қозоғистондаги намойишлар бугунги Кремль лойиҳалари учун жуда қулай имконият бўлди.

В. Путиннинг тарихий орзуси – коллектив ғарбга қарши собиқ СССР каби йирик геосиёсий қутб яратиш, шу йўл билан расмий Москванинг геосиёсий салоҳиятини тиклаш ҳисобланади. Шунинг учун, постсовет ҳудудидаги ҳар қандай сиёсий инқироздан Кремль имкон қадар унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. 

Қозоғистон жамияти узоқ муддатли авторитаризмдан зерикиб, демократияга тезкор ўтишни орзу қилган эди. Лекин, авторитаризмдан демократияга “сакраш”  жараёнида, жарликка, Россия Федерациясининг геосиёсий ботқоғига қулаб тушди. Энди Қозоғистон бу ботқоқликдан қачон, қандай ва қай талофатлар билан чиқиб олади – вақт кўрсатади.

Камолиддин Раббимов,
Azon.uz порталининг сиёсий эксперти.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ва Тожикистон канал сувини Туркистон вилояти билан баҳам кўради

654 23:00 05.08.2022

Бухоро 2023 йили ШҲТ туризм форумига мезбонлик қилиши мумкин

179 22:30 05.08.2022

Олмаотада зўравонлик билан қўрқитиб, уйда сақланган 10 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

606 16:45 04.08.2022

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ШҲТнинг ягона транспорт ҳалқасини қуришга чақирди

308 20:40 03.08.2022

Ўзбекистон Қозоғистондан қанча миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилади?

225 17:20 02.08.2022

Қозоғистон ўзининг ядро физикларини тайёрлайди

199 14:20 02.08.2022
« Орқага