Савол:
Савол: Кейинги пайтда савдогарлар тилида музораба деган сўз пайдо бўлиб қолди. Музораба нима ва унинг қандай ҳукмлари бор?
Савол: Кейинги пайтда савдогарлар тилида музораба деган сўз пайдо бўлиб қолди. Музораба нима ва унинг қандай ҳукмлари бор?
Жавоб:
Жавоб: Музораба ер юзини кезиш маъносидаги зарб сўзидан олинган. Фуқаҳолар наздидаги маъноси эса, томонларнинг биридан мол ва бошқасидан амал билан шерикликка қилинган келишувдир. Ёки унда мол эгаси ишловчига тижорат учун мол беради. Топилган фойда ўрталарида келишувларига мувофиқ тарзда тақсимланади. Зарар эса мол эгасига бўлади. Ишловчига эса қилган меҳнати ва ҳаракатидан кўрган зарар етарлидир.
Музораба Қуръон, Суннат ва уммат ижмоъи билан машруъдир. Аллоҳ таоло айтади: “... бошқалар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб ер юзида (яъни унинг турли томонларига) сафар қилишларини билди” (Муззаммил сураси, 20-оят). “сафар қилишлари” – биз ўрганаётган музорабадан олинган “يضربون” калимасининг маъносидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Каттамиз Аббос ибн Абдулмутталиб молларини музорабага берганларида, шерикларига денгизда юрмаслик, водийда қўнмаслик ва унга тирик жигарлик ҳайвон сотиб олмасликни ва агар шундай қилса жавобгар бўлишини шарт қилдилар. Унинг шарти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда унга ижозат бердилар”. Байҳақий ва Тобаронийлар ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида одамлар музораба билан муомала этишарди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эътироф қилдилар. Саҳобалар замонидан бери мусулмонлар унинг машруъ амал эканига ижмоъ этишган, ҳеч ким инкор қилмаган. Чунки унга одамларнинг ҳожати бор, у билан устиларидан зарар ва машаққат кўтарилган, ҳамда фойда ва манфаат жалб қилинган. Ислом молия муассасалари ҳам музораба билан муомала қилиб ҳозирда катта муваффақиятларга эришишмоқда ва музорабадаги тасарруф кўринишларини 26 та етказишди.
Музорабанинг рукни иккита: Ийжоб ва қабул. Булар икки томониннг розилигига далолат қиладиган лафзлар ва маънолар билан бўлади. Масалан, ийжобда: Бу молни Аллоҳ ризқлантирган фойдани ўртамизда тенг (ёки 60% га 40% қилиб) бўлиб олишлик шарти билан музорабага ол, деса қабул қилган томон: олдим, қабул қилдим, рози бўлдим каби сўзларни ишлатса бўлади.
Музораба икки хил бўлади: мутлақ ва чекланган.
Мутлақ: Бир шахс молини бошқага ҳеч қандай чекловларсиз бериши. Ёки ишни, жойни, вақтни, иш сифатини ва муомала қилинадиган кишини муайянлаштирмасдан молни музорабага бериш.
Чекланган: Шахс молини бошқага муайян шаҳарда ёки маълум товарда ёки маълум вақтда ва ёхуд фақатгина бир киши билан муомала қилиш шарти билан музобага беришидир.
Музораба битими бошқа шерикликларга ўхшаб мажбурий эмас. Томонларнинг қайси бири бузишни хоҳласа бузаверади.
Музориблар кўп бўлишига монеълик йўқ. Фойда музориблар ўртасида ишларига қараб тақсимланаверади. Музориб мол эгасининг изни билан сармояга ҳисса қўшса бўлади. Сармоядаги шериклик сабабидан фойда қўшган молларининг миқдорига қараб тақсимланаверади. Сўнг музориб ишига келишилган насибасини олади. Буни муштарака музораба дейилади.
Музориб ширкатдаги шерик каби бўлиб, қўлидаги музораба моли омонатдир. Омонатнинг ҳукмига кўра тажовуз ёки бепарволик бўлмагунча зомин, яъни жавобгар бўлмайди. Бунинг маъноси, агар музориб бепарволик қилиб ёки тажовуз этиб мол ҳалок бўлса у жавобгар, акси бўлса мол эгасига ҳеч нарса тўламайди. Чунки у музораба молини эгасининг розилиги билан қўлга олган. Агар у молни тасарруф этса буни вакил сифатида қилади. Вакил эса аминдир. Агар музориб мол эгаси белгилаб берган ишга тескари қилса бу ҳолда ғосиб, яъни ўзлаштирувчи ҳисобланади ва мол ҳалок бўлса шу туфайли жавобгар бўлади. Агар мол ҳалок бўлса музориб тўлайди, деган шарт қўйилса, ушбу шарт ботилдир. Аммо битим саҳиҳ ҳисобланаверади.
Агар музораба жой, вақт, шахс, тижорат ёки тасарруф тури билан чегаралаб қўйилса, музориб мол эгаси чегаралаган шаклда ишлашга мажбур. Агар бунга тескари қилса зомин бўлади. Аммо музораба мутлақ бўлса, музориб ҳамма тур тижоратларни қилиши мумкин. Шунингдек, нақдга ёки насияга сотиши ва сотиб олиши, вакил қилиши ва мол билан сафарга чиқиши жоиз. Аммо бошқа билан музораба қилишига мол эгасининг изни шарт. Музораба моли эвазига қарз олиш учун ҳам мол эгасининг изни лозим. Музораба молидан қарз бериши, унинг миқдоридан кўп нарсани нақдга ёки насияга сотиб олиши мумкин эмас. Шунингдек ундан ҳадя бериши ва шаҳарлараро қарз муомалаларида восита сифатида ишлатиш жоиз эмас.
Бошқа кишига музораба сифатида бериш мумкин бўлмаганидек, бошқани шерик қилиши ҳам, уни ўзининг ёки ўзганинг молига аралаштириши ҳам мумкин эмас.
Музорибнинг ўз шаҳридаги ҳаражатлари ўзининг хос молидан бўлади. Аммо сафардаги ҳаражатлар эса музораба молидан ёки топилса фойдадан бўлади. Ҳаражат исрофсиз, тожирлар ичида одат бўлган миқдорда, музорибнинг ўз ҳаражати мислича бўлади.
Аммо музорабадан кўрилган зиён агар топилса фойдадан бўлади. Чунки фойда сармояга тобеъдир. Агар фойда топилмаган бўлса ёки топилиб зиён миқдори ундан ўтса, зиённинг ҳаммаси ёки фойдадан ошиғи сармоя ҳисобидан қопланади. Чунки айтганимиздек музориб амин, унда жавобгарлик йўқдир. Ишидан кўрган зиёни унга етади.
Ўрталаридаги фойда фақатгина бор нақд пулдан ёки товарни сотиб пулга айлантирилгандан кейин тақсимланади. Чунки фойда мол сотиб бўлинганда кўринади. Мана шунда фойда топилса, музориб ундан келишилган ҳиссасини олади. Агар фойда кўрилмаса музориб ҳеч нарса олмайди. Чунки у ўзи учун ишлаган бўлиб, ажрга ҳақлимас. Шунингдек мол эгаси ҳам гар молда фойда бўлса келишилган ҳиссасини олади. Фойда бўлмаса, музориб устида унинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ.
Музораба қуйидаги ҳолатларда тўхтайди:
Бекор қилиш ёки бўшатиш. Музораба икки томон ёки бир томоннинг битимни бузиши билан тўхтайди. Бунда иккинчи томон бундан хабардор бўлиши ва мол нақд пулга айланган бўлиши шарт қилинади. Шунингдек мол эгаси томонидан музорибни бўшатиш орқали ҳам тўхтатиш мумкин. Бунда ҳам юқоридаги икки шарт топилиши керак. Бу ҳолда агар музориб бўшаганини билмаса, то билгунча ишни давом эттириши, фойда кўринадиган бўлгунча молни сотиб нақд пулга айлантириши мумкин. Бўшаганини билмасдан қилган барча олди ва сотдиси дурустдир.
Битим тузганларнинг бирининг вафоти. Чунки музораба ваколатдир. Ваколат эса вакил қилувчи ёки вакилнинг ўлими билан интиҳо топади.
Битим тузганлардан бирининг доимий жинни бўлиб қолиши.
Мол эгасининг диндан чиқиши. Лекин музорибнинг диндан чиқиши билан битим тўхтамайди. Чунки унда оқиллик ва одамийлик мавжудлигидан тасарруфга бўлган лаёқат йўқолмагандир.
Музораба тўхтагандан кейин, музорибнинг музораба молида ҳеч қандай тасарруф қилиш ҳуқуқи қолмайди. Чунки энди мол хусусида у бегона ҳисобланади. Илло сармояни нақд пулга айлантириш учун сотиш ҳуқуқи ҳали ҳам мавжуд. Чунки ҳаққини ажратиб олиш учун мол нақдга айланиб фойдани аниқлаш керак бўлади.
Музорабанинг бундан бошқа кўпгина ҳукмлари бўлиб, уларнинг тафсилоти фиқҳий китобларимизда берилган.
Валлоҳу аълам.
Мубашшир Аҳмад
("Замонавий масалаларнинг шаръий ҳукмлари" рукнидан)