Мьянма зўравонлик ва босимлар туфайли Бангладешга қочган мусулмон роҳинжаларнинг ортга – ўзлари яшаган Аракан штатига қайтишига розилик берди. Бу ҳақда Бангладеш Ташқи ишлар вазири Масъуд ибн Мўмин “Анадолу” агентлигига маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, қочқинлар масаласи Хитойнинг воситачилигида Мьянма ва Бангладеш вакиллари ўртасида бўлиб ўтган видеоконференцияда муҳокама қилинган. Мьянма йилнинг иккинчи чорагида роҳинжалар ватанига қайтиши мумкинлигини билдирган. Бангладеш томони ушбу жараённи эртароқ бошлашни талаб қилган, бироқ Мьянман зарур логистика базаси мавжуд эмаслигини айтган.
Шуниндек, Масъуд ибн Мўмин қочқинларнинг хавфсизлиги учун Аракан штатида халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг бўлиши зарурлигига Мьянма ва Хитой кўндирилганини билдирди. “Қочқинларнинг ватанига қайтиши Аракандаги инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўлидир. Бошқа муқобил йўқ”, – деди вазир.
2017 йилнинг августида Мьянма армияси ва миллатчи буддавийларнинг ҳужумлари туфайли 900 мингча роҳинжа уйларини тарк этишга ва Бангладешга қочишга мажбур бўлди. Онтарио халқаро тараққиёт агентлиги маълумотига кўра, 2017 йилнинг 25 августидан бери Араканда камида 24 минг мусулмон ўлдирилган.