Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Набий алайҳиссаломнинг бошқаларга муомалалари 

2085

(давоми, боши мана бу ерда)

272. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан бошқа мақомда муборак қўллари билан ҳеч кимни урмадилар: на бир ходимни ва на бир хотинни.

273. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши зулм қилган бўлса, шу золимдан ўчларини олганликларини бирор марта ҳам кўрмадим. Магар бир киши Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан бирини поймол этган бўлса, унинг учун ҳаммадан зиёда ғазаблари келар эди ва Жанобга қачон икки ишдан бирини қилмоққа ихтиёр берилган бўлса, у ҳолда қайси бири осонроқ бўлса (агар маъсият бўлмаса), шуни ихтиёр этар эдилар.

274. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир кун бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирмоқ учун изн сўради. Жаноб аввал дедилар: Бу одам ўз жамоасининг нақадар ёмон ўғлидир, ё нақадар ёмон биродаридир. Кейин у одамга ижозат бердилар. Кирди ва унга мулойим сўзлар қилдилар. Мен Жаноб қошларида эдим. Ҳалиги киши чиқиб кетгандан кейин савол қилдим: Ё, Расулаллоҳ, бу одам ҳақида баъзи сўзларни айтдингиз, кейин унга мулойим сўзладингиз. Жаноб дедилар: Эй, Оиша, унинг ёмон сўзлигидан одамлар уни ташлаб қўядиган киши инсонларнинг ниҳоятда ёмонларидан ҳисобланади. Мен бу одамга мулойим сўз қилишим унинг беҳаёлик ва ёмон сўзлигидан сақланмоқ ва қавмини бунинг фитнасидан асраб қолмоқ учун эди.

275. Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ҳусайн розияллоҳу анҳу дедилар: Мен отамдан бобомиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммажлислари билан бўлган сийратларини сўрадим. Отам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша чеҳралари кулиб турган хушмижоз бир зот эдилар. Бир маслаҳатга қўшилишлари осон, юмшоқ табиат эдилар. На қаттиқ сўзлик, на тошдиллик, на ҳаёсиз, на айблагувчи, на ман-ман ва на адоватлик бир зот эдилар. Номуносиб сўз ва феъл бўлиб қолса, ундан бепарво бўлар эдилар. Лекин ўзлари муваффақат этмас эдилар ва ўзларидан бирор одам бирор нарсага умидвор бўлса, маъюс ўтмас эдилар. Уч нарсадан ўзларини алоҳида қилиб олган эдилар: биринчи, ношаръий жанжалдан, иккинчи, ўзларини улуғлашдан ёки сўзни кўп қилишдан, учинчиси, бекор сўз, бекор ишдан. Уч нарсадан хулқларини ҳам алоҳида қилиб қўйган эдилар: биринчи, ҳеч кимни юзига ёмонламас эдилар, иккинчи, ҳеч кимни ортидан ҳам айбламас эдилар, учинчи, ҳеч кимнинг айбини топмоқ учун тажассус этмас эдилар. Ва қачон сўз қилсалар, савоби умид этилган нарса учун сўз қилар эдилар. Ва қачон сўз гавҳарларини мажлисда сочсалар, ҳузурларида ҳозир зотлар ҳаммалари бошида гўё қуш ўтирган одамдек, одоб ва эҳтиёт билан ўтирар эдилар. Қачон Жаноб сўздан тўхтасалар, кейин улар сўз қилар эдилар. Лекин Жаноб ҳузурларида сўз устида жанжал қилмас эдилар. Ва кимки қошларида сўз бошласа, унинг сўзи тамом бўлгунча ҳаммалари хомуш туриб, сўзига қулоқ солар эдилар. Ҳаммаларининг сўзлари Жаноб қошларида биринчилари сўз бошлаганда қандай эҳтимом билан эшитилса, шундай эшитилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари нимага кулсалар, унга кулар эдилар. Ва нимадан таажжуб қилсалар, ундин таажжуб қилар эдилар. Ва қачон бир ғариб ва мусофир келиб, сўзлаб қолса, унинг сўзини бирга эшитар эдилар. Қўполликларини кўтарар эдилар. Сўзида ва саволида бўлган оғир азиятларига сабр қилар эдилар. Шунинг учун саҳобаи киром ғариб ва мусофирларни Жанобнинг суҳбатларидан истифода қилишлари учун ҳузури муборакларига олиб келар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дер эдиларки, агар бирор ҳожатманд инсонни кўрсангизлар, мадад ва мусоъада этинглар. Ва бир кишининг сано ва таърифини қабул этмас эдилар. Магар ҳақиқатда бир киши кўрган эҳсонга ташаккур мақомида бир нарса сўзласа, сукут қилар эдилар. Ҳеч кимнинг сўзини банд қилиб, тўхтатмас эдилар. Магар сўзда ҳаддан тажовуз қилса, у ҳолда сўздан ман қилар эдилар, ё туриб кетар эдилар.

(давоми бор)

“Шамойили Муҳаммадия” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

445 22:05 05.12.2021

Динимни ўрганаман: Тасбеҳ намози қандай ўқилади?

889 20:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

552 22:05 04.12.2021

Динимни ўрганаман: масжидда суннат намози бошқа жойда ўқилиши ҳақида

1443 20:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

562 22:05 03.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръоннинг ўзбекча таржимасини ўқиса хатм қилган ҳисобланадими?

1205 20:05 03.12.2021
« Орқага