Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққиз васиятлари (1-қисм)

21:30 03.05.2018 1084

Абу Дардодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар:

«Аллоҳга ширк келтирма, агар қийма-қийма қилиб ташлансанг ҳам, ўтга солиб ёқилсанг ҳам.

Фарз намозни қасддан тарк қилма. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмайди.

Хамр (ароқ) ичма, чунки хамр барча ёмонликларнинг калитидир.

Ота-онангга итоат қил. Агар улар сенинг бу дунёдан чиқиб кетишини буюрсалар ҳам улар учун чиқ.

Ишбошилар билан мансаб талашма, гарчи ўша мансабга ўзингни лойиқ деб билсанг ҳам.

Жанг пайтида душмандан қочма, гарчи ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам. 

Топганингдан аҳлингга инфоқ қил.

Аҳлинг бошига асоингни кўтарма.

Ва уларни Аллоҳ азза ва жалладан қўрқит».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳозирги кунимиздаги жуда керакли нарсалар зикр қилинган. Буларнинг ҳаммасига эътибор беришимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қилган васиятлари барчамиз учун қилинган васиятлардир. Келинг, ушбу муборак васиятларга бир назар ташлаб чиқайлик.

1. «Аллоҳга ширк келтирма, агар қийма-қийма қилиб ташлансанг ҳам, ўтга солиб ёқилсанг ҳам».

Дунёда Аллоҳ таолога ширк келтиришдан катта гуноҳ йўқлиги ҳаммамизга маълум. Шунинг учун мўмин-мусулмон банда ширкка яқинлашиши зинҳор ва зинҳор мумкин эмас. Албатта, қиймалаб ташланса ҳам, ўтга солиб ёқилса ҳам келтириб бўлмайдиган ширк қалб ила бўладиган ширкдир. Қалбида иймон собит бўла туриб, ўлимдан қутулиш учун тилида ширк келтиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи рухсат берган.

У зот Наҳл сурасида айтади:

«Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно, – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор» (106-оят).

Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумайя розияллоҳу анҳони ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар.

Улар азобларга бардош бериб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумайя розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра мушриклар Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдиришди.

Бу икки улуғ инсон – эр-хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳид бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шундан сўнг мушриклар уни ўлдиришмади. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дейишди.

Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг юқоридаги оят нозил бўлди.

2. «Фарз намозни қасддан тарк қилма. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмайди».

Зотан, намоз диннинг устунидир. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. У бандаси Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари ҳам бордир.

Аввало, намоз банданинг Аллоҳ таоло билан боғланиш воситасидир. Унда банда Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, У Зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий-маънавий лаззат олади.

Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарду ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ололмаслиги мумкин. Қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасрат Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ таоло ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Энг ози – банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.

Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.

Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намоз намозхонни Аллоҳ таолога яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.

Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.

Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бағишлайди.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутулиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.

Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.

Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқор, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.

Намоз ҳақиқий мўмин-мусулмон шахсни юксак инсоний фазилатларга эга бўлишга, турли разолатлардан холи бўлишга олиб боради.

Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўп.

Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир. Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланишни, ҳамкорликни кучайтиради.

Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва бир Аллоҳга банда эканини изҳор этади.

Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап-сўзлари бир эканини кўрсатади.

Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.

Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.

Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга, хатоларини ҳам тузатадилар ва жамиятлари учун керакли бошқа кўплаб ишларни амалга оширадилар.

Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.

Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.

Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда кофирга ҳам сир бўлмай қолди.

Намоз ибодатларнинг онасидир.

Шунинг учун ҳам фарз намозни ҳеч қачон қасддан тарк қилиб бўлмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
Одоблар ҳазинаси китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!