Надомат

16:49 17.10.2017 1897

Яқинда идоралардан бирига янги ишга кирган бир йигитча билан суҳбатлашишга тўғри келиб қолди. Институтга киролмагани учун вақтинча ўша ерда ишлаб турмоқчи экан. Коллежни битирган йигитчанинг илм даражасини синаб кўриш учун илм-фан, сиёсат, маданият, иқтисод соҳасидан турли саволларни бериб кўрдим. Спортнинг айрим турларию, “клип”лари ҳар куни “ойнаи жаҳон” орқали кўрсатилавериб, меъдага уриб кетган бир-икки қўшиқчининг номини истисно қилганда саволларнинг бирортасига ҳам маънилироқ жавоб бера олмади. Китоб ўқиши ҳам ҳаминқадар экан, ўзбек адабиётининг машҳур асарлари ҳақидаги маълумоти кўрган фильмлари асосидагина эди. У ўзбеклардан чиққан бирорта машҳур ёзувчи, фан ва дин олими, саркарда ёки рассом, ҳофиз ёки давлат арбоби ҳақида маълумотга эга эмас экан. Ярим соатча давом этган “суҳбат”да ундан фақат “билмайман” деган сўзнигина эшитдим... У ҳар гал шу сўзни айтганида икки чаккамга тўқмоқ билан ургандай лўқиллаб оғриқ кирарди. Охири у билан фақат икки мавзуда: Тошкентдаги қайси ошхонада мазали таом тайёрланишию «Одноклассники»даги дўстлари кимлар экани ҳақидагина суҳбатлашиш мумкинлигини тушуниб етдим. Кайфиятим бузилиб, унга нималардир демоқчи бўлдим, аммо бунинг фойдаси йўқлиги учун сукутни афзал кўрдим.

Ҳозирда кўпчилик ёшларимизнинг ички олами, дунёқараши ва билимдонлиги хорижий андозалардан ҳамон пастлигича қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мустақилликнинг илк йилларидаги таълим тизимининг пухта ўйланмаган ислоҳотлари, бозор иқтисоди баҳонасида китобхонлик ва маърифатга эътиборнинг кескин сусайгани, юртимизга рухсатсиз кириб келган оммавий маданият сарқитларининг кенг оммалашгани туфайли ёшларимизнинг билимдонлик даражаси жуда ночор бўлиб кетди.

 Инсоннинг мавқеъ-мартабаси унинг бойлиги, мансаби ва жамиятдаги ўрнига боғлиқ эмас. Инсон зоти шахсий камолоти, фикри ва дунёқарашининг кенглиги, билимдонлиги ва ахлоқи билан сараланади. Бир йигит олий маълумот олиб, катта мансабга ҳам минар, аммо савияси, фикрлаши, ақл-заковати паст бўлса, ходимларига кулги бўлишдан бошқа нарсага ярамайди. Бир одам ўзининг илмсизлиги (олий маълумот олмагани дейилмоқчи эмас) билан умумий ишга жуда катта зарар етказади, илмли бир кишининг ўрнини банд қилиб, жамиятдаги адолат ва ахлоққа раҳна солади.

Ҳолбуки, бугунги ёшларнинг маърифатга эришиш, билимини юксалтиришдаги  имкониятлари ота-боболариникига қараганда анча катта. Чунки олдинлари интернет бўлмаган, оммавий ахборот воситалари бу қадар тезкор ишламаган, илм ва ахборот олишнинг бошқа усуллари ҳозиргидай тараққий этмаган. Олдинги аждодлар ўз устларида қаттиқ ишлаш, мустақил билим олиш, фан ва маданиятнинг барча жабҳалари борасида кенг фикр юритиш орқалигина ўз дунёқарашларини бойитишган. Уларни билимдон бўлишга ҳеч ким  мажбурламаган ёки улар бунинг ортидан пул топишни, мансабни қўлга киритишни ўйлашмаган. Ўзларининг камолотлари юксалиши, илми, савияси ошиши учун жон-дилдан ўқиб-ўрганишган.

Ҳозирги ёшлардан Бобур, Наполеон ёки Эйнштейннинг кимлигини сўраб кўринг, дарров компьютер тугмасини босиб, тўғри жавобни топади, лекин уларнинг ким экани, нималар қилгани билан қизиқиб ўтирмайди, буни шу заҳоти унутади. Ўз Ватани тарихини чуқур ўрганиш ўрнига ашулачиларнинг оилавий аҳволи, футболчиларнинг олаётган маоши ҳақидаги “қимматли” маълумотларни ўқиб ўтиради. Бу ҳам сал илмга ташналаргагина насиб қилади, илмни ўйласа эсноқ босадиган талабалар ўша чала маълумотлардан ҳам бехабар. Дўконга кириб, уч минг сўмлик буюмдан ўнта сотиб олсангиз, сотувчи йигит дарров калькуляторга ёпишади, жавоб топгунича қанча бўлишини айтиб қўйсангиз, «қандай ҳисобладингиз?» деб ҳайрон ҳам бўлади. Ҳозирги ўсмир йўл-йўлакай муҳим бир маълумотга дуч келса, бирров қарайдию, дарров эсдан чиқаради. Бу, хотирасини йўқотиб қўйган, ўтмиш ҳазораси қадриятларини тамоман унутган одамлар кўпайиб бормоқда, деб ўйлашга тўла асос бўла олади.  

Олий ўқув юртида ўқиб юрганимизда адабиётдан дарс берадиган бир ўқитувчимиз пахта териш мавсумида Навоийнинг девонини тўла ёд олган эди. Ўшанда ҳаммамиз қойил қолган эдик. Аммо кейинчалик ўйлаб кўрсам, хотирани чархлашда бундан катта ютуқларга ҳам эришиш мумкин экан. Ҳозирги ёшлар таналарини чиниқтириш учун фойдали ва табиий маҳсулотларни истеъмол қилишга уринади, спорт залларига қатнаб, машқлар бажаради, тош кўтаради, сувда сузади, футбол-волейбол ўйнайди. Аммо хотирасини, ақлини чиниқтириш ҳақида умуман бош қотирмайди Бу нарса худди юмушларига ҳамиша метрода ёки автомобилда қатнаб, пиёда юришни унутиб қўйган одамнинг ёши улғайганда юролмай қолиб, ногиронлар аравачасига михланиб қолганига ўхшайди.

Инсон ақлини доимий тўлдириб, хотирасини ишга солиб турмаса, биринчидан: нодон, калтабин одамга айланиб қолади, иккинчидан: қариганда ақли ва хотираси заиф, турли асабий касалликларга чалинган кишилар сафидан жой олади. Билимини ҳамиша бойитиб, умуминсоний қадриятлардан хабардор бўлиб юрмаган кишиларнинг келгусидаги аҳволи ҳам бундан яхши бўлмайди. Бундай хунук оқибатга учрамаслик учун ҳамиша илм билан шуғулланиш, дунёқарашни ўстириш, хотирани чиниқтириб бориш, бунда ҳеч бўлмаса турли матнларни ёдлаш, маълумотларни тафсилотлари билан эсда сақлаб қолишга интилиш зарур. Аллақаёқдаги спорт ва санъатга оид бефойда маълумотларни эмас, кишининг дунёси ва динига ёрдам берадиган зарурий билимларни эгаллашга уриниш керак. Чунки компьютер вақт ўтгани сайин хотираси пасайиб, охири яроқсиз ҳолга келгани ҳолда Аллоҳ яратган ақл ва хотира қариб‑қартайгунингизга қадар сизга беминнат хизмат қилади, уларни чиниқтирганингиз сайин чархланиб, сайқалланиб бораверади.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!