Нафл рўза учун энг фазилатли кунлар

07:00 11.01.2019 812

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман»  (Термизий ривояти).

Рўза тутишнинг ажойиб фойдалари:
1) Тақво ҳосил қилишга васила бўлади. Чунки рўзадор киши кундузлари ҳаром бўлган ишлардан сақланади. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги ояти кариманинг охирида: "Шоядки тақводор бўлсангиз", деган.

2) Кишида турли шаҳватларга ундовчи омиллар ўз-ўзидан заифлашади. 

3) Киши рўза тутиш орқали шайтони лаъинга катта зарба беради ва бунинг натижасида у бўйсиндирилади. Чунки шайтон одатда инсонни турли гуноҳ, шаҳвоний хирслар, ғийбат, ёмон гумон қилиш ва фитта-фасодларга ундайди. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон инсоннинг қон томирида юради", деб бежиз айтмаганлар.
 
4) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг фойдалари ҳақида ёш йигитларга қарата: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у (яъни уйланиш) кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин..." деганлар. 
Валлоҳу аълам.

Дониёр ФАЙЗ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!