Нафратланманг ва нафратлантириб ҳам қўйманг!

20:00 12.03.2019 1031

(Ушбу мақолани кимнингдир ёнини олиш деб эмас, балки, эслатма дея қабул қилинг!)

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш – У Зотнинг анбиёларнинг сўнггиси, тақводорларнинг имоми, пайғамбарлар саййиди, оламлар Раббисининг ҳабиби, бутун башариятга юборилган Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари эканликларига иймон келтириш ўзини мусулмонман деган ҳар кимга фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат У Зотга бўлган иймон белгиси эканлигида ҳам шубҳа йўқ.

Уммат Расулини ўз жонидан ортиқ яхши кўришини Ислом душманлари ҳам тан олишган.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган ҳар қандай тажовуз умматга қилинган тажовуз, у зотга қилинган ҳақорат эса умматга қилинган ҳақорат дея қабул қилинади.

Набийси ҳақорат қилинганида ўзини тутиб тура олмаслиги ҳам Расулини қаттиқ яхши кўрувчи ушбу умматга хос, албатта.

Ҳозирда биз “ҳақорат” қилинганлиги сабаб фиғонимиз фалак бўлаётган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай зот эдилар, биласизми? Билсангизда сизга эслатиб ўтмоқчиман:

Биз жонимиздан ортиқ яхши кўрувчи инсонимиз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам теран фикрли эдилар. Вазиятга энг тўғри баҳо берувчи ҳам, муносабатга энг тўғри жавоб қайтарувчи ҳам У Зот эдилар.

У Зот ҳар бир ишни ҳикмат, фаросат, машварат, ҳалимлик билан қилардилар. Ҳар бир қилган ишларининг остида уммат манфаати ётарди. Бирор кимсадан хато ўтса, уни тўғрилашга ҳаракат қилардилар. Хато қилган инсон ҳақида гапирмоқчи бўлсалар, хатокорнинг исмини айтмай, омматан “одамларга нима бўлдики, бундай-бундай ишлар қилишяпти”, дердилар. Жоҳил одам гуноҳ иш қилса, уни жазолашга шошилмасдилар, балки унга тўғри йўлни кўрсатардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари шу даражада гўзал эдики, У Зотни ўлдиришга келган қотиллар ҳам бундай ахлоқ қаршисида таслим бўлиб мусулмонга айланиб кетишар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кимсанинг шахсияти устидан нафратланмасдилар. Мушрикнинг ширкини, кофирнинг куфрини, мунофиқнинг нифоқини, фосиқнинг фисқини, гуноҳкорнинг қилган гуноҳини ёмон кўрардилар. Аммо асло уларнинг ўзларидан, шахсиятлари устидан нафратланмас эдилар.

Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан жаноза ўтганида ўринларидан турдилар. Шунда У Зотга: ”Бу – яҳудийнинг жанозаси“, (яъни, ўрнингиздан турмасангиз ҳам бўлар эди) дейишди. У Зот эса: ”У жон эмасми?“ дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламки, ўлик жон ҳурматини, гарчи у яҳудий бўлса ҳам, жойига қўйдиларми, сиз билан бизнинг бирон тирик жонни оёқости қилишга қандай ҳаддимиз сиғсин?!

Қалбидаги муҳаббат оташи қайнаб, учқунлари ташқарига отилиб чиқаётган мусулмон биродарларимга эслатма:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, У Зотга муносиб тарзда севинг;

ўзингиз севганингиздек, бошқаларнинг ҳам У Зотни севишларига йўл очиб беринг.

Бунинг учун:

Нафратланманг ва нафратлантириб ҳам қўйманг!

Аллоҳ сиз сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқларни яна биттага кўпайтирсин! Амийн!

Муҳаммадошиқ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!