Нажосатни кетказишнинг қандай йўллари бор?

22:30 27.07.2018 649

Савол: Аслида нажосатни кетказишнинг қандай йўллари бор?

Жавоб: Нажасни кетказишнинг “Ал-Фатово Ҳиндийя”га кўра ўн ва “Ал-Фатово Иқноъийя”га кўра ўн беш йўли бор. Улардан биринчиси, нажосатни покиза ҳар қандай суюқлик билан кетказса бўлади. Сирка, гулоб ва шуларга ўхшаш сиқса (кийимда) сиқиладиган суюқликлар каби. Қаттиқ ёғ каби, сиқса сиқилмайдиган нарсаларда нажосатни кетказиш жоиз эмас. “Ҳидоя”да шундай дейилган. Аммо сиқса ёғ каби сиқилмайдиган нажосатни кетказиш жоиз эмас. “Ал-Кофий”да шундай айтилган.

“Оби мустаъмал”, яъни таҳорат учун ишлатилган сув ҳам нажосат кетказадиган суюқлик саналади. Бу имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари ва имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ҳам бир ривоят бўлиб, фатво шунгадир.

Нажосатни кетказиш, агар у кўринадиган бўлса, ўзини кетказиш билан бўлади. Агар изи бор нарса бўлса, ўша изини кетказиш билан покланади. Бунда неча марта ювишнинг эътибори йўқ. Агар бир марта ювиш билан кетса, бу кифоя қилади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, то кетгунча ювилади. “Фатовос-Сирожийя”да шундайдир. “Сирожул-ваҳҳож”да айтилишича, агар изи машаққат билангина кетадиган нарса бўлса ва совун каби сувдан ташқари нарсаларга эҳтиёж бўлса, изини кетказишда киши ўзини қийнамайди. Бундай ҳолатда шунингдек сувни қайнатиб ишлатиш ҳам шарт қилинмайди (Ал-Фатово Ҳиндийя).

Фатво китоблари асосида Мубашшир Аҳмад тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!