Нажоший Ашама ибн Абжар - Ислом умматининг номаълум жангчиси

19:00 28.01.2019 1144

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Келинг, ўзга юртда вафот топган биродарингиз ҳақига дуо қилинг».

Мазкур асарда тегишли шахснинг ҳаёти баён этилган ҳар бир боб хотимасида «Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз...» иборасини қўллаганман ва аминманки, қадрли китобхон бунга эътибор қилган. Ушбу усулни айримлар китоб муаллифининг ўз асарида мароқлилик ва китобхонни ҳаяжонга соладиган, адабий завқ берадиган детал сифатида тушуниши мумкин. Бу чиндан ҳам тўғри. Аммо буюк бир шахс ҳақидаги ҳикояни бошқа бир улуғ зот тўғрисидаги ҳикояга шу тарзда мантиқан боғлаб боришдан кўзлаган асосий мақсадим – Ислом умматининг муҳим бир жиҳатини, у ҳам бўлса, жумлаи жаҳонга умматимиз ҳайратомуз даражада ҳамжиҳат, яхлит ва ўзаро боғлиқ жамоат эканлигини эслатиб ўтиш. Келинг, ушбу фикримнинг туб моҳиятини англаш мақсадида ажойиб бир тарихий воқеа билан танишиб чиқайлик.

Бир замонлар Африкадаги подшолардан бири Исломни қабул қилиб, ҳаётда бирон марта бўлсин кўрмаган араб пайғамбарига имон келтирибди. Вақт ўтиб, унинг ҳузурига ўша пайғамбарнинг мушрик ҳамшаҳари ташриф буюрибди ва дабдурустдан меҳмон ҳам исломга кирибди. Қизиғи шундаки, бу эркак исломни қадрдон шаҳрида, деярли ҳар куни кўчада учратган пайғамбарнинг гувоҳлигида эмас, балки араб пайғамбарини ҳаётда кўрмай ўтган африкалик подшонинг шоҳидлигида қабул қилган. Ул пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбарнинг мушрик ҳамшаҳари – Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу, африкалик подшо эса – Нажоший Ашама ибн Абжар розияллоҳу анҳу бўлган.

Агар ушбу илоҳий тақдирни эшитиб ажабланган бўлсангиз, мен сизга янада қизиқ бир ҳодиса ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Унда сиз Аллоҳ Ўз расулининг даъвати, элчиси ҳали пайғамбарлик рисолатини бажаришга йўл олмай туриб, кенг оммалашишига қулай замин яратганига гувоҳ бўласиз. Бир замонлар ўз ичига бугунги Эфиопия, Эритрея ва Сомалининг шимолини қамраб олган, Эфиопиянинг Ўрта Шарқдаги иккинчи номи бўлмиш Ҳабашистон подшолигининг қалин ўрмонида, тун зулматида фитначилар томонидан нажоший Абжар ўлдирилибди (нажоший – Ҳабашистон ҳукмдорининг унвони). Қотил фитначилар Ҳабашистон тахтига бошқа кишини ўтқазиб, ўлдирилган нажошийнинг ўғлини қулфурушлардан бирига сотиб юборишибди. Ҳукумат жиловини қўлга олган янги подшо рутубатли тунлардан бирида қўриқчи-жангчилар ҳамроҳлигида қасрдан ташқарига чиққан экан, ғалати бир ҳодиса рўй берибди. Қарангки, шунча одам туриб фалакда чаққан чақмоқ айнан янги подшога тегибди, атрофидаги одамларнинг биронтасига заррадай зарар етмай, фақат подшонинг ўзигина жонсиз йиқилибди. Бу ҳодиса Ҳабашистон ҳудудида ҳақиқий алғов-далғовлик қарор топишига сабаб бўлди. «Қилмишимизга яраша Аллоҳнинг лаънатига йўлиқдик», деган хулосага борган сарой аҳли салтанат тахтини қайтариб бериш учун ўлдирилган подшонинг ўғлини қидиришга тушибди. Қулликка сотилган шаҳзода араблар юртига йўл олишга тараддуд кўраётган кемадан топилибди. Одамлар вақтида улгуриб қолиб шаҳзодани қасрга қайтаришибди-да, отасининг тахтига ўтқизишибди.

Ушбу ҳодисанинг ажиблиги шундаки, Ашама ибн Абжар исмли ўша шаҳзода кейинчалик мусулмон оламида Нажоший номи ила танилган Ҳабашистон подшоси бўлган. Болалигида бошдан ўтган машъум ҳодисалар ҳукмдорни умрининг охиригача ҳар қандай адолатсизликка нафрат-ла қарашига, одамлар орасида энг адолатли подшо деган ном чиқаришига хизмат қилган бўлса, ажаб эмас. Макка мушрикларининг мусулмонларга ўтказаётган зулми кучайгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Ҳабашистонга кўчиб ўтишни буюрди. Қурайш раислари эса ўз навбатида, саҳобалар ортидан Нажошийнинг қадрдон дўсти бўлмиш Амр ибн Осни йўллаб, зиммасига мусулмонларни изига қайтариш вазифасини юклашди. Араблар юртида кечаётган ҳодисалар баёнини охиригача тинглаб, фикр тарозисидан ўтказган Нажоший Ҳабашистонда паноҳ топган мусулмонларни ортга қайтариб, мушриклар ихтиёрига топширишдан бош тортди. Бундай қарорни у нафақат адолатли ҳукмдор бўлгани, балки насроний бўла туриб, Исонинг илоҳийлигини тан олмагани учун қабул қилди. Саҳобаларнинг сўзларини, хусусан, Исо алайҳиссалом ҳеч қанақасига Худо эмас, пайғамбар эканлигини эшитгач, Нажоший ушбу масалада мусулмонлар билан ҳамфикр эканлигига, яъни Исонинг Худолигини рад этиб, уни фақат Аллоҳнинг расули деб билганига ишора қиладиган қуйидаги фикрни айтди: «Аллоҳга қасамки, Исо ўзи ҳақида сиз айтган нарсалардан хурмо данагининг буришиғичалик ортиқ гапирмаган ». Шунингдек, Қуръонни ёд олган ҳуффозул Қуръонлар тиловат қилган сураларни эшитган Нажошийнинг ушбу саҳобаларга айтган сўзлари ҳадислар тўпламида қуйидагича келтирилган: «Дарҳақиқат, Исонинг пайғамбарлик рисолати билан сиз ўқиган нарсалар, шубҳа йўқки, бир манбадан чиққан». Келтирилган тарихий маълумотлардан кўриниб турибдики, Исонинг илоҳийлигини рад этган саҳобаларга эътироз билдирмаган Нажоший Исо алайҳиссаломнинг Ҳақ динига эътиқод қилган мусулмон бўлган. Балки, айнан мана шу ҳолат нима учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Нажошийга йўллаган мактубининг бошида «Ислом динини қабул қил, саломат қолурсан» иборасини қўлламаганига сабаб бўлгандир. Зеро, бундай ибора Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа насроний ҳукмдорларга, хусусан, Рум подшоси Қайсар ва Эрон шоҳи Хисравга юборилган номаларида учрайди. Эҳтимол, Нажошийнинг мусулмон сифатида эътироф этилгани, юқорида тилга олинган ҳукмдорларга юборилган мактублардан, нома орқали «ҳақ йўл топганларга салом» дея саломлашишдан фарқли ўлароқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саломини бевосита Нажошийнинг шахсан ўзига йўллаганига ҳам сабаб бўлгандир, валлоҳу аълам. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз номасида Нажошийни Аллоҳ билан бир қаторда бошқа бировга ҳам эътиқод қилишдан воз кечишга, Исонинг пайғамбарлик рисолатига имон келтиришга даъват этаётганини тилга олиб ўтмади. Аксинча, ўзи ҳам Исо алайҳиссаломга имон келтирганини маълум қилди. Афтидан, бу билан Расули акрам Ҳабашистон подшосига янги пайғамбарнинг таълимоти – Нажоший ва унинг халқи орасидаги бошқа тақводорлар эътиқод қилиб келган якка худолик (муваҳҳидлик) таълимотининг ўзгинаси эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган кўринади. Мактуб сўнгида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга ундаш, Ҳақ йўлига эргашган кишиларга салом йўллаш ва шу тариқа ўзининг охирзамон пайғамбарлик рисолатини тан олишни таклиф қилиш билангина чекланди. Насронийларнинг Ҳабашистонда оммалашган арийчилар оқими бўйича ихтиёримда мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Нажошийга йўллаган номасига доир бера олган изоҳларим шу бўлди.

Мана ўша номанинг матни:
«Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Ҳабаш подшоси Нажошийга! Саломатмисан, мен Аллоҳга ҳамд айтурман. Аллоҳдан ўзга яратган йўқдир, ҳақиқий подшо Улдир. Ҳар бир камчиликдан, айб бўлғудек нарсалардан покдир. Бандаларни барча офатлардан асрагувчи Аллоҳдир. Яна гувоҳлик бераман, Исо алайҳиссалом Марям ўғли Руҳуллоҳдир. «Кун» («Пайдо бўл!» демак) калимасини покдомон, обида, зоҳида, ибодатлик Марямга ташлаган сўнгида Исога ҳомила бўлмишдир. Исо Аллоҳнинг руҳи, Аллоҳнинг калимасидир. Одам алайҳиссаломни Аллоҳ қудрати билан яратганидек, Исони ҳам Аллоҳ қудрати билан яратмишдир. Энди мен сени шериги йўқ, ўхшаши йўқ ягона Аллоҳга имон келтирмакка, доим унинг итоатида бўлмакка чақираман. Мен Аллоҳнинг ҳақ пайғамбаридурман. Сени ва сенинг аскарларингни Аллоҳга ундайман. Аллоҳ амрини сизларга етказдим. Борлиқ насиҳатимни қилдим. Ҳақ йўлига эргашган кишиларга салом».

Ҳудайбия сулҳи  тузилгач, ўша даврда мушрик бўлган Амр ибн Ос Ҳабашистонга, дўсти Нажошийнинг ҳузурига йўл олди. Подшо билан ўтган қисқа суҳбатдан сўнг, Амр ибн Ос дўсти Нажоший исломга кириб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик рисолатига имон келтирганини фаҳмлади. Нажоший Ашама ибн Абжарнинг даъвати ила Амр ибн Ос ҳам Ҳабашистонда исломга кириб, Мадинадаги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бориб қўшилиш учун Арабистон яриморолига қайтди. Ҳабашистонда қолган Нажоший эса умрининг охиригача ўз юртини ҳеч қачон тарк этмади. Балким, Нажоший Ҳабашистонни ўша даврда курраи заминдаги мўминларнинг ярмини ташкил қилган қочоқ мусулмонлар учун бошпана бўлиб қолишини истагандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Ҳабашистонга атайин юборган эди ва ўзи Мадинага ҳижрат қилгандан сўнг ҳам юртга қайтишни буюрмади, Ҳабашистонга юборилган мусулмонлар 15 йил мусофирликда умргузаронлик қилишди. Бунга сабаб Расули акрамнинг стратегик мулоҳаза юрита билгани бўлди, хусусан, агар мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ва унинг улуғсифат саҳобаларини Мадинада ҳалок қилишга эришса, Ислом байроғини Ер юзида баланд кўтариб юрадиган мўминлар қаердадир қолиши керак эди, валлоҳу аълам. Бундан ташқари, Ҳабашистон, агар Мадина кофирлар томонидан забт этилса, мусулмонлар паноҳ топадиган, Нажоший эса зарурат юзага келганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўз қасрида қабул қиладиган муқобил бошпана бўлганча қолди. Бинобарин, пайғамбаримизни ҳарчанд суйиб, унга имон келтирган бўлмасин, Нажошийга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртига кўчмай, Ҳабашистонда қолишга тўғри келиб, у билан дийдор кўришиши қиёматга қолди. Айнан шу ҳолат менга Нажошийни « Ислом умматининг номаълум жангчиси» деб аташга тутки берди. Исломга кирганига қарамай, ушбу ҳукмдор ўз ҳиссиётларини жиловлаб, Исломни ҳимоя қилишни афзал кўрганча, Ҳабашистонда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан йироқда қолишга мажбур бўлди.

Кунлардан бир кун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Нажоший Ашама ибн Абжар розияллоҳу анҳунинг жанозасини ўқиш учун ҳузурига чорлади. Аниқланишича, курраи заминдаги подшолардан биринчи бўлиб Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига мадад бўлган буюк инсон вафот топгани ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келган экан. 

Аллоҳ раҳмат қилсин сени, эй қаҳрамон! Биз сенга, қолган аҳли Ислом билан бирга Аллоҳдан кўп ажрлар сўраб қоламиз. Зеро, сенинг шарофатинг-ла, эй адолатли подшо, Ислом байроғи бугун ҳам улуғвор ҳилпираб келмоқда!

Нажоший мансуб бўлган ўша насронийлик қандай оқим бўлган экан ўзи? Нима учун черков ўша оқим тарихини бекитишга уринмоқда? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша оқимни ҳеч тилга олганми? Ким экан ўша оқимга асос солган бербер? Қандай қилиб ўша муваҳҳид-кашиш бани-башар тарихини ўзгартириб юбора олди?

Жиҳод Турбанийнинг

“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан

Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!