Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нажот қалъаси

530

Мутафаккир шоир Абдулла Ориповнинг “Эшитган эдимки, ярадор оҳу - Излармиш тоғлардан мўмиё – нажот” деб бошланадиган шеъри бор. Оҳу захмига мўмиё малҳам бўлгани каби, адолат, ҳақиқат излаганга суд идораси бамисоли нажот қалъаси бўлиб кўринади. Чунки одам боласи оч, юпун яшашга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган ҳаёт ҳақиқати бор.

Давлатчилик пайдо бўлгандан бери фуқаро адолат излайди. Топганидан йўқотгани кўп бўлган элимиз учун ўтган тузумлар, сиёсату мафкуралар даврида адолат эшиги гоҳ тақа-тақ ёпилди, гоҳ адолат истаганларга туҳмат ёрлиғи ёпиштирилди. Мазлумлар Парвардигорга нола қилиб ўтган давр ҳали биздан узоқ кетган эмас. 

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тайёрланган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли китобни содиқ ҳамроҳ дегим келди. Таниқли зиёлилардан тузилган ижодий гуруҳ меҳнати зое кетмаган дейишга асосларимиз бисёр. Мазкур китобни иймонга, эътиқодга чорлов, огоҳлик қўнғироғи дейиш мумкин. Китобда Қуръон оятлари ва ҳадислардан келтирилгани таҳсинга сазовор. “Эй Одам фарзанди, билгинки, Мендан бошқа ёрдамчиси йўқ бечораҳол одамга зулм қилганларга нисбатан ғазабим қаттиқ” деган ҳадиси қудсийни англаган судья мезон борлигини, сўроқ-савол ҳақлигини унутмайди. 

Тўплам нафақат судьялар, юридик йўналишда таълим олаётган талабалар учун муҳим қўлланма, балки афкор омма учун ҳам бирдай қизиқ ва фойдалидир. Адабиёт, тарих, фиқҳ, мусулмон шарқи ҳуқуқшунослиги сарчашмалари, азиз-авлиёлар ҳаётига оид ўнлаб ҳикоят-у ривоятлар, халқ мақоллари-ю файласуфлар фикрлари ҳар қандай талабчан китобхонни бефарқ қолдирмайди. Китоб соҳа мутахассислари билан бир қаторда, жамиятдаги ҳар бир онгли одамни хайрли амаллар қилишга ундайди. Илми кўп, аммо амали кам халқлар қатори эҳсон деганда асосан жонлиқ сўйиб, элга ош тарқатишнигина тушунадиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, аждодларимиз бурун “Икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш – эҳсондир” деган суннатга қаттиқ амал қилган. 

Ҳаммамиз яхши биламиз: Ҳолливуд-у Болливуднинг аксарият фильмларида адолат истаган фуқаронинг судда ғолиб чиқиши таъсирчан лавҳаларда кўрсатилади. “Фақат ҳақиқатни сўзлайман...”, дея онт ичган гувоҳ, мазлум ва ситамгар тўқнашуви, судьянинг адолат тарозисини тўғри қўйгани оқибатида ҳақиқат тантана қилгани томошабинни жунбушга солади. Инсон онгига кучли таъсир этувчи восита бўлмиш кинода муайян ғоя илгари сурилиши аён ҳақиқат. Шу маънода, мазкур китоб тарғиботи борасида таклифим тарих ва бугунни уйғунлаштирган кўп қисмли ҳужжатли, бадиий фильм яратиш ва уни телеканаллар-у ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этиш зарур. Сир эмас, бугунги ёшлар виртуал оламни, визуал ҳақиқатларни хуш кўради. Китобдан ўрин олган илмий-тарихий, адабий далиллар фильм сценарийсини бойитиш билан бир қаторда, бизнинг болаликдаги тасаввурларимизга ҳам жуда уйғун. Ахир, қозилар адолат тимсоли ўлароқ тасвирланган эртак ва ривоятларни ўқимаган ўзбек бор эканми?! 

Тўпламда судья бадиият билан ошно бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланади. Ҳақрост, маърифатли, китобхон судья шайтоний васвасага берилмайди, нафс илгида қолмайди. Билимли ва журъатли судьядан программалаштирилган робот ясаш жуда мушкул. Янги Ўзбекистонга шахс бўлиб шаклланган судьялар керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик устувор бўлиши шарт!”

Олим ТОШБОЕВ

филология фанлари номзоди, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Толибон” ташқарига олиб кетилган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни бошлади

82 13:36 06.12.2021

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

348 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

116 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

233 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1443 10:03 06.12.2021

Исломофобия: Кипрдаги масжидга ҳужум уюштирилди

298 09:35 06.12.2021
« Орқага