Таҳлил

Наманган уламолари шундай эдилар...

4897

Сўнгги кунларда динсизлар, ахурамаздачилар мусулмонларга қарши бош кўтариб, уларга жарима солишни, уларни таъқиб қилишни талаб қилишга, тинч аҳолини бир-бирига қарши қайраб, нифоқ чиқаришга, яна, мажусийликни дин деб тарғиб қилишга журъат қила бошлади. Буларга нега жон кириб қолди? Менимча, сабаб қуйидагича...

Тўқсонинчи йилларнинг аввалида бўлиб ўтган уч кичик воқеани ёзиб ўтаман, хулоса чиқаришингизни эса, Ўзингизча қолдираман. 

Устозимиз Шамсиддин қори домламиз ва уларнинг  хизматларига доимий шай бўлган, Наманган аҳлига яхшигина таниш, Мўйдинхон ҳожи ака номлари билан танилган Муҳйиддин домланинг мошиналарида “Тельман” кўчадан чиқиб келаётгандик. Навоий айланма йўлига қўшиладиган ерга етганимизда биз иккинчи даражали йўлда бўлганимиз учун тўхтадик. 

Асосий йўлда келаётган мошиналар таниқли мошинани кўриб, Устозимизга йўл бериш учун улар ҳам тўхтаб қолди. 

Шунда Муҳйиддинхон ака Шамсиддинхон қори домламизга "Жигулида Абдулаҳадхон бор эканлар, бизга юраверсинлар деб ишора қилиб турибдилар, нима дейсиз?" дедилар. 

"Уларнинг ҳақи, ўтказиб юборинг" дедилар. Жигулидаги кишилар ҳам юрмай, қўлларини кўксига қўйиб, тураверишди. Вазиятни кўрган бошқа мошиналар ҳам йўл бериб, кутиб турди. Айланма йўлда икки дақиқаларча ҳаракат бутунлай туриб қолди. Икки тарафнинг бир-бирига муомаласини кўриб, ҳайрон қолдим. Чунки, ўша даврда икки масжид жамоатининг вазияти кўпчилигимизга маълум эди. Абдулаҳадхон ака пастга қараб олганларидан кейингина Устозимиз "Майли, энди юраверинг" дедилар...

Иккинчиси. Ўша даврларда бир одам фитнали савол билан Шамсиддин Қори домламизга мурожаат қилди. Табиийки, ёмонроқ жавоб кутганди. Устозимиз жавоб ўрнига "Биз Абдулаҳадхонни ақлли, покиза табиатли одам деб биламиз" дедилар. Савол берувчи мулзам бўлиб, чиқиб кетди...

Буни нега ёздим? Уламолар ихтилоф устида бахс қилишса ҳам, асосий низони авом чиқаради. Ўйлайман-ки, тушунганлар тушунди. Одатда бошга бало тилдан дейишади. Фитналар, низолар тилга эрк беришдан келиб чиқади. Мен Ҳанафий мазҳабига мувофиқ ибодат қиламан. Ақийда масъалаларида Мотуридий эътиқодидаман. Ўзимни, менга таълим берган устозларимни ҳақ йўлда деб биламан. Аммо, бошқаларга тош отавермайман. Айнан шу қилиқ-тарқоқлик динсизларга калака бўлишимизга асос бўлишини кўп кўрганман. Шу ерда ҳам аввалда бўлиб ўтган учинчи, кичиккина воқеани келтириб ўтаман.

Маросимлардан бирида эдик. Илм аҳлларининг файзли суҳбати бўлаётганди. Бир одам мутлақо у суҳбатга тааллуқли бўлмаган гапларни гапириб, олимларнинг сўзларини бўлиб, одамларнинг фикрини, биз топаётган файзни, мажлисни буза бошлади. Ёши улуғлардан бўлган киши у одамга "Сиз нега устозларга беҳурматлик қиласиз? Сиротдан ўтиб бўлдим деб ўйладингизми?" дея танбеҳ берди. Барча жим қолди, фитначининг овози ўчди...

Илм аҳлларига, уламоларга, мужтаҳидларга одобсизлик қилаётган, камчилик топиб, "жаннатга кириб бўлган"ларга мен ҳам тавфиқ сўрайман. Келинг, бир-биримизнинг айбимизни қидирмай, ўзимизнинг ҳолимиз билан машғул бўлайлик дейман...

Салим АЙЮБИЙ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиббиёт ходимларига 5,6 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди

94 21:38 05.06.2020

ЛУКОЙЛ Ўзбекистонда газ қазиб олишни икки баравар камайтиради

332 18:30 05.06.2020

“Яшил” ҳудудларда очиладиган масжидлар рўйхати эълон қилинди

1405 17:47 05.06.2020

Аллоҳнинг байтини бирга обод қилайлик!

379 16:00 05.06.2020

Вазир яна Бош прокурорга мурожаат қилди, муаммо ҳамон ечилмаяпти

914 14:45 05.06.2020

Масжидлар қачон очилишига аниқ бўлди – Ўзбекистон мусулмонлари идораси баёноти

1683 12:12 05.06.2020
« Орқага