Намоз қалбни поклайди

14:30 01.02.2018 665

Намоз – диннинг устуни, мўминнинг меърожи. Бу ибодатнинг фазилати жуда улуғ, ҳикмати кўп. Намознинг инсон қалбига, танасига фойдалари бисёр.

Намоз инсонга руҳий озуқа беради, қалбини поклайди. Намоз ўқиган инсон онадан туғилган чақалоқдек гуноҳлардан фориғ бўлади. Намоз ўқиб дили покланган одам ёмон ишлардан йироқ юради, яхшиликка мойил бўлади.

Намознинг энг катта ҳикматларидан бири айнан қалбни поклашидир. Намоз кирланган қалбимизни ювиб, артилган ойнадек топ-тоза қилади.

Намозни ҳаммаям ўқийверади. Бироқ асл намозхон шариат ман этган ишлардан қайтади. Кимда-ким намоз ўқиб туриб ёмонликдан тийилмаса, намози ҳақиқий бўлмайди. Тўкис адо этилган намозгина инсонни гуноҳ ишлардан, бузуқ йўллардан сақлайди. Ихлос билан ўқилган намоз инсон қалбини нурга тўлдиради, дилини поклайди, имонини мустаҳкамлайди, тақвосини кучайтиради.

Абул Олия айтади: “Намозда учта хусусият бор: ихлос, қўрқув, Аллоҳни зикр этиш. Кимнинг намозида мана шу хислатлар бўлмаса, ўқиган намози намоз эмас. Ихлос бандани яхшиликка буюради. (Аллоҳдан) қўрқиш гуноҳдан тўсади. Аллоҳни эслаш эса яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).

Намоз қалбни манманликдан, кибру ҳаводан поклайди. Пешонасини саждага қўйиб, Парвардигорига бўйин эгган банда ўзининг ожизлигини тан олади, Аллоҳга нақадар муҳтожлигини қалбдан ҳис этади.

Биз намоз ўқимоқчи бўлсак, аввал яхшилаб таҳорат қиламиз. Эътибор берганмисиз, одам таҳорат қилганидан кейин ўзини анча енгил ҳис қилади. Нега? Чунки таҳорат гуноҳ-маъсиятларга каффорат бўлади. Юз-қўлимизни юваётганимизда гуноҳларимиз тўкилиб кетади. Бошимизга масҳ тортганимизда, оёғимизни ювганимизда гуноҳдан тўлиқ покланамиз. Намозга киришдан олдинги таҳоратнинг ўзида шунча фойда бор. Қолаверса, намозхоннинг либоси ҳам, ибодат қиладиган жойи ҳам тоза бўлиши керак. Кўряпсизми, намоз инсонни қанчалик поклайди, танасини ҳам, руҳини ҳам кирлардан тозалайди.

Намоз ўқишдан олдин фикрни бир ерга жамлаб, “Аллоҳу акбар!” деб қулоқ қоқилади. Намозга кирар экансиз, дилингизни ҳасаддан, кибру ҳаводан, гина-кудуратдан покланг. Чунки намозда Аллоҳ билан юзма-юз турасиз. Аллоҳ қалбингизда нима борлигини билади. Қиблага юзландингизми, қалбингиз билан ҳам Аллоҳга юзланинг. Юзингиз қиблага қараб, хаёлингиз бошқа жойларга кетиб қолмасин. “Анави иш нима бўлдийкин?” “Нархи тушдими-кўтарилди?” деган ўй-хаёллар одамни намоздан чалғитиб қўяди. Сиз холис ниятда ибодат қилаётган экансиз, ўн-ўн беш дақиқа бўлса ҳам Аллоҳ олдида турганингизни ҳис этинг. Зеро, “Аллоҳга севимли банда бўлай”, “Ибодатим ҳусни қабул бўлсин”, деган инсон намозга кираётганида фикрини бир жойга жамлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади, Аллоҳнинг улуғлигини ҳис этади, ўзининг ожизлигини эслайди. Шундан ке-йин намозни бошласа, ибодатдан лаззат олади.

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!