Намоз ва зикрлардан кейин биргаликда дуо қилишнинг ҳукми

12:00 10.04.2018 2526

Мен бу ерда ушбу буюк диннинг аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларини эслаб ўтишимга эҳтиёж бор деб ўйламайман. Лекин бу асрга келиб одамлар ажойиб ва ғаройиб ишларга дучор бўлмоқдалар.

Ўйлайманки, ибодатнинг мағзи бўлган дуони Аллоҳга яқинлаштирувчи қурбат эканини, балки Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек дуонинг ўзи айнан ибодат эканини билмайдиган мусулмон киши бўлмаса керак.

Лекин мен ушбу асрда эътибор бериб Аллоҳ азза ва жалланинг динидаги мазкур улуғ асосдан юз бураётган кишилар борлигини кўраяпман. Аллоҳ таолога ибодат қилиш маъносидаги бу буюк моҳиятдан юз ўгираётган одамларни учратаяпман. Кошки, мен эътибор бериб масала юз буриш чегарасида тўхтаётганини кўрсам эди. Йўқ, инсонда таажжуб ва ҳайратни зиёда қиладиган ушбу масала инсонлар орасида дуони писанд қилмай енгил санайдиган, гуёки уни диннинг жавҳаридан бўлмаган ва динга қўшилган иш деб қарайдиган кишилар борлигидир.

Хуллас, инсон ушбу кўзга аниқ ташланиб турган ҳақиқатларга қайтиб уни тушунтириб беришга ўзида эҳтиёж сезади.

Эй Аллоҳнинг бандалари, ичингизда Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимаган ёки эшитмаган киши бўлмаса керак. Аллоҳ айтади:

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди». 

Аллоҳ таоло бир гуруҳ солиҳ бандаларини васф қилиб айтган ушбу сўзини ҳам ўқимаган ёки эшитмаган одам бўлмаса керак:

«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар». (Анбиё, 90).

Ушбу оятлар дуо қилишга бўлган буйруқнинг қатъий эканига ишорадир.

Балки, бу ерда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган маълум ва машҳур саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Ушбу ҳадислар бизларга дуо инсон ҳар доим шошиши керак бўлган ибодат эканини тушунтириб беради.

Нўъмон ибн Башир Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир», – деганлар. Ушбу ҳадисни икки шайх ҳамда имом Насоийнинг шартига биноан имом Термизий, имом Байҳақий ва Ҳокимлар ривоят қилган.

  Бошқа бир ривоятда: «Дуо ибодатнинг илиги (олий қисми)дир», – дейилган.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бандага дуо (эшигини) очса, банда дуо қилсин. Албатта, Аллоҳ уни ижобат қилади», – деганлар.

Сизларнинг ҳар бирларингиз Аллоҳнинг Китобини ўқигансизлар ҳамда Анбиё ва Расуллар ҳақида айтган сўзини эшитгансизлар. Аллоҳ таоло Анбиё ва Расуллар ҳақида айтганида, У зот бизларга нима деган? Аллоҳ таоло бизларни энг муҳим нарсанинг олдига қўяди. У ҳам бўлса, ушбу Пайғамбарларнинг дуоларидир.

Аллоҳ таоло ўзининг Китобида ҳар бир Пайғамбарнинг Аллоҳ азза ва жаллага ёлвориб дуо қилган жиҳатлари ҳақида айтган:

«Батаҳқиқ, Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, нақадар яхши ижобат қилгувчимиз». (Соффат, 75).

(Нуҳга ўхшаб илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз. «Тафсири ҳилол»).

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай демаганми?!

«Бас, у (яъни Нуҳ) Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», – деди. Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик». (Қамар, 10).

Аллоҳ таоло бизларга дуо билан ижобат қилиш ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб бермоқда.

«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар», деди». (Нуҳ, 26-27).

Аллоҳ таоло бизларга Пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳиссалом ҳақида айтди. У киши ҳақида Раҳмоннинг айтган сўзи нима эди? У киши ҳақида айтган сўзларининг ҳаммаси унинг дуоси ва ёлвориб қилган илтижоси ҳақида эди. Шундай эмасми, эй дўстларим?!

«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла. «Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриёдимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». (Бақара, 127).

Роббимиз субҳанаҳу ва таоло бизларга бобомиз Иброҳим билан қавми ўртасида бўлган суҳбат ҳақида гапириб, кейин уларнинг ушбу суҳбати Иброҳимнинг ўз Роббисига ёлвориб қилган дуоси билан якунлангани ҳақида айтиб берган эмасми?!

«У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди. У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам Унинг Ўзи. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи. Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи.

Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин. Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. (Яъни ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.) Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин. Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди. Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)». (Шуаро, 75-89).

Аллоҳ таоло бизларга Айюб алайҳиссалом ҳақида гапириб берган. У ҳақида Қуръон айтган сўзларнинг ҳаммаси нима тўғрисида эди?

«Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла». (Анбиё, 83). (Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюб алайҳиссаломнинг Аллоҳга ёлбориб нидо қилаётганлари келяпти, холос. «Тафсир ҳилол»).

Роббимиз субҳанаҳу ва таоло бизларга Мусо алайҳиссалом ҳақида гапириб берган. У ҳақида Қуръон айтган сўзлар нима тўғрисида эди? Унинг турли муносабатларда Аллоҳга ёлвориб қилган дуолари ҳақида эди.

Анбиёларнинг саййиди ва уларнинг Аллоҳ таолога энг кўп дуо қилгани Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар.

Агар биз Расулуллоҳнинг ўз Роббисига эрталаб ва кечқурун, уйдан чиқаётганларида, сафардалик чоғларида, уйларига қайтиб келган пайтларида, масжидга кирганларида, фарз намозларининг сўнгида, кечанинг ярмида ва булардан бошқа вақтларда қилган ҳамма дуоларини жамласак, ушбу дуолар Расулуллоҳдан бизларга етиб келган саҳиҳ ҳадисларнинг тўртдан бирини ташкил этади.

Бу ишларни бирор мусулмон қандай қилиб унутади, ҳатто, улар диннинг асоси бўлган ибодатнинг ушбу олий қисмидан юз ўгирмоқда, эй дўстларим?

Балки ушбу дуодан қандай қилиб жирканади? Балки, у қандай қилиб Аллоҳга дуо қилаётган бир гуруҳ мусулмонлар жамоасига бетартиблик қилади? Ушбу ҳолатда бу инсон қандай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога мўмин мусулмон бўлади? Ваҳоланки, улар мусулмонлар.

Уларнинг бири айтади: «Ушбу вақтда дуо қилишни шариат қонунчилигига киритилиши қаердан собит бўлган? Намоздан кейин дуо қилишнинг қонуний экани қаерда айтилган?..» У ўзининг ушбу ишидан кейин: «Чошгоҳ вақтида дуо қилиш, қуёшнинг чиқиши олдидан ёки ботгандан кейин, пешин вақтида дуо қилишлар қаердан собит бўлган?» – деб савол беришга ҳам ҳақли.

Жавоб шу: Агар «Бундай дуо қонунуний саналмайди», деган сўзни айтаётган кишилар илм ҳидидан баҳра олганларида эди, бу каби танқидий саволдан иборат ушбу сўзларни айтишдан уялишган бўларди. Аллоҳ таоло бизларни дуо қилишга буюрганида мутлақ иборалар билан буюрган. Уламоларнинг барчалари: «Мутлақ (қатьий) лафз ўзининг мутлақлигича ишлатилади», – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бандага дуо (эшигини) очса, банда дуо қилсин. Албатта, Аллоҳ уни ижобат қилади» – деган сўларидаги (иза) калимаси умумийлик юкламасидир. Яъни қачон ҳис-туйғулари дуога йўналганини сезса, фурсатни ғанимат билиб дуо қилсин деган маъно чиқади.

Умумийликни ифода этувчи лафз умумийликка ишлайди.

Уламолар: «Умумий лафзлар, умумий ҳолатлар, умумий вақтлар ва маконлар умумийлик заруратини келтириб чиқаради», – деганлар.

Лекин инсонлар орасида жаҳолат ботқоғига ботганлари ҳам бор. Кейин улар ушбу умматга ва бу умматнинг ўтганларига ҳурматсизлик қилиш бекатига тўхтайдилар. «Умматнинг охиргиси унинг аввалгисини лаънатлаши (айблаши) қиёматнинг аломатларидандир», – деган зотга Аллоҳнинг солавот ва саломлари бўлсин.

Ҳа... Менга кўп марта: «Намоздан кейин дуо қилишнинг мустаҳаб эканлиги тўғрисидаги далил нима?» – деб савол берилган.

Биринчидан, бу ерда хос далилга зарурат йўқ, чунки Аллоҳ таолодан бизларга келган буйруқлар мутлақ бўлади ёки умумий бўлади. Мутлақ лафзлар барча ҳолат ва замонларга киради. Умумий лафзлар ҳам барча замонларга киради.

Нўъмон ибн Башир Расулуллоҳдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир» – дедилар.

Бу ерда ибодат учун хос вақтлар борми? Агар ушбу вақт кетиб қолса, Аллоҳ таолонинг ибодатидан қайтиш лозим бўлиб қолади-ку?!

Иккинчидан, Имом Бухорий ва имом Термизийлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисни эшитмаганмисиз? У ўз фарзандларига ушбу дуони муаллим ўқувчиларига китоб ўргатгани каби ўргатар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳар намознинг сўнгида: «Аллоҳим, мен сендан баҳиллик ва қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Мен сендан умрнинг энг заифлигига қайтиб қолишимдан, дунё фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ тилайман, деб дуо қилишга чақирар эди», – дерди.

Бу бошқа бир жавобдир.

Учинчидан: Имом Термизийнинг саҳиҳ санад билан Абу Умома ал-Боҳилийдан ривоят қилган ушбу ҳадисини эшитмаганмисиз?

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси дуо кўпроқ эшитилади?» (яъни дуонинг қайси тури кўпроқ ижобат бўлади) деб сўради.

Шунда у зот: "Кечасида қилинган дуо ва фарз намозларидан кейин қилинган дуо (кўпрок ижобат бўлади), – деб жавоб бердилар.

Мусулмон одам бундан кейин яна нимани истайди?

Ўзини ёлғондан ислом аҳкомларини ушлаётган қилиб кўрсатаётган мусулмон одамни ушбу масжиддаги дўстлари каби ёки ёлғиз бир ўзи дуо қилишдан нафратлантираётган нарса нима?!!

Бундай кўринишдан одамнинг терилари титраб кетади, эй Аллоҳнинг бандалари.

Мен улардаги ғалати нафратланишни ҳис қиламан, балки хаёлимга ушбу ҳолатда Аллоҳ таолонинг ғазаби тушаётгандек бўлиб кўринади.

Ушбу масжид каби масжидларда мусулмонлар намозларини тамомлаганларидан сўнг овозларини баланд кўтариб Аллоҳнинг зикрини қилгач, қўлларини дуога очганларида қараб туриб Аллоҳ таолонинг зикридан қочиб чиқиб кетаётган одамларни ҳам кўраман.

Уларнинг аксарияти ушбу дуолардан қочиб кетадилар.

Бундан ҳам аянчлироғи шуки, мен ушбу масжидда ғаразгўйлик билан қараб ўтирган бир ўспирин йигитни кўрдим. Дуо қилиш вақти келганида ҳаммамиз қўлларимизни дуога очиб Расулуллоҳ буюрганларидек дуо қилаётган, намозхонлар ҳам бирлари дуо қилиб, қолганлари омийн деб турган вақтимизда ҳалиги йигит ўрнида қотганича дуо қилаётганларга ғазаб билан қараб турарди. Гуёки, у ўзини бу динга бегонадек тутарди.

Бу ҳолат, эй дўстларим, бизнинг бошимизда айланаётган энг ёмон кўринишлардан биридир.

Уларнинг бири ўзини ўта талабчан қилиб кўрсатиб: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикр қилишда нима учун овозлар бундай баланд кўтарилмоқда?» – дейди.

Сен Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўқи, имом Нававий жамлаган кўплаб ҳадисларга қара.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозини ўқиб бўлганларидан кейин суннат намози бўлмаса бурилиб орқасини қиблага ўгриб юзини намозхонларга қаратиб ўтирардилар. Кейин саҳобаларга ўргатиш учун айтаётган зикрларини баланд овозда ўқирдилар. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтилган ушбу ҳадис саҳиҳ ҳадислардан саналади.

«Аллоҳ таоло: «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», – дейди». 

Инсоннинг Аллоҳни жамоат ичида зикр қилиши қандай бўлади? У ана шу шаклда бўлади. Ҳа шундай.

Уларнинг яна бошқа бири: «Сизлар дуо вақтида қўлни очиб туришни қаердан олдинглар?» – дейди. Сен бу ҳақидаги кўплаб ҳадисларга қара. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли санадлар билан ривоят қилинган ушбу сўзга эътибор бер.

«Албатта, Аллоҳ тирикдир, Карийм ва сахийдир. Агар банда дуо билан қўлини очса, уни ноумид ҳолда қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади». 

Ҳа, шундай, эй дўстларим.

Инсонлар салафийлик ва ўтган салафларга эргашиш номи билан Аллоҳнинг динига қарши уруш эълон қилмоқдалар. Улар ёлғон айтмоқдалар.

Аллоҳга қасамки, уларда ўтган салафларда бор сифатларнинг бирортаси йўқ. Роббимиз субҳанаҳу ва таоло бизларни дуо қилишга буюради ва дуо қилишга қарши чиқишдан қайтариб огоҳлантиради.

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди». (Ғофир, 60).

Расулуллоҳ ушбу оятни тушунтириб: «Дуо ибодатдир», – деганлар.

Ўзингиз яхши биласиз, биз ҳар вақт ибодат билан ранг олишимиз лозим. Уйимиздаги тўшагимиз устида, эртаю кеч, ўзимиз ёлғиз қолганимизда ҳам, турли вазифа ва хизматларимизда юрган чоғимизда ҳам, ибодат билан машғул бўлишимиз керак. Демак, инсон ҳар лаҳзада қалби дуо билан Аллоҳ таолога боғланган бўлиши лозим.

Сизлар ўшалардан Аллоҳ таолонинг: «Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» – деган ушбу сўзининг маъносини сўранглар.

Буюрилган ибодатга бутунлай ажралиб чиқиш инсон ҳамма вақт доимо ранг олиши лозим бўлган бўёқдир. Инсон унга бутунлай ажралиб чиқиши лозим. Агар у қолган бошқа вақтларда ажралиб чиқмаса ва зоҳидлик ундан ажралса, унга шайтон такаббурлик билан суқилиб кириши аниқ бўлади. Такаббурликдан йироқ бўлишингиз учун зоҳидлик билан ранг олишингиз лозимдир.

Зоҳидлик ва ибодатга бутунлай ажралиб чиқиш қандай бўлади? У Аллоҳ таолога дуо қилишни кўпайтириш билан бўлади.

Сиз уйингиздан масжидга чиқаётганингизда Расулуллоҳ қилганларидек дуо қиласиз. Масжиддан уйингизга қайтаётганингизда ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога дуо қиласиз. Агар инсоннинг ҳолатида неъмат соясини кўрсангиз, қўлингизни кўтариб Аллоҳга дуо қиласиз. Инсонга етган синовларни кўрсангиз ҳам, икки қўлингизни кўтариб Аллоҳга дуо қиласиз. Энди Расулуллоҳ ушбу вақтда дуо қилганми ёки қилмаганми – сен шунинг собит бўлгани ҳақида суриштириб кўр. Ўқиб ўрган...

Мен одамлардан ҳайрон бўламан. Улар ўз шаҳарларидан ушбу шаҳарга илм ўрганиш учун келадилар. Агар сизлар ўқувчи бўлсангиз, нима учун келдингиз? Агар сизлар ҳақиқатда илм ўрганишни истаётган бўлсангиз, нима учун билимсизлигингиз билан такаббурлик қилаяпсизлар? Нима учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога мутакаббирлик қилаяпсизлар?

Ҳа, шундай, дўстларим.

Мен йўлдан адашиб юрган фосиқлар ҳолига ачинаман. Лекин ўзларини ёлғондан Исломда эканини кўрсатиб қалблари тошдан ҳам қаттиқ бўлган одамлар ҳоллари яна ҳам қалбимни эзади. Уларга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мувофиқ келади:

«Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ». (Бақара,74).

Албатта, йўлдан адашган инсон ўз касаллиги орқали танилади, чунки у янглишишни бошидан ўтказмоқда. Лекин мусулмон бўла туриб ва дин масалаларини тушуна туриб такаббурлик қилаётган инсон яна Аллоҳ таолонинг динидан тойилиш билан шуғулланади ҳамда Аллоҳнинг буйруқларига ва Расулуллоҳнинг насиҳатларига қарши хато қилади. Мана шу давоси йўқ дарддир.

Мусулмонлар ушбу масжидда бўлганларида, Аллоҳ таолога Расулуллоҳ буюрганидек қўлларини очиб, Расулуллоҳ дуо қилгандек дуо қиладилар. Ушбу мажлисга ғаразгўйлик билан қараётган инсон ҳеч қачон одоб-ахлоқни билмайдиган, беодобдир. У дуо қилаётган ушбу одамларга назар солиб гўёки ҳол тили билан: «Мен сизларнинг бу дуоингизга муҳтож эмасман, сизларнинг бу илоҳингизга қўл очиб дуо қилишга эҳтиёжим йўқ» – дейди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқиш билан ранг олмайдиган инсон Аллоҳ таолонинг ҳузурига мўмин ҳолида кетиши бўлмағур гапдир.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
31 май, 1996 йил.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман 

Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!