Намоздаги амаллар маъноси: руку

20:00 08.02.2018 1150

Руку тана аъзолари билан ўзини хокисор тутишни билдиради. Шунинг учун ҳам араблар руку қилишни ёқтирмас, бошни эгишни ўзларига эп кўришмасди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган: “Қачон уларга: “Руку қилинглар”, дейилса, руку қилмайдилар” (Мурсалот, 48).

Аллома Исфаҳоний айтишича, руку эгилишдир. Бу сўз баъзида намоздаги махсус ҳолатга нисбатан, баъзида, хоҳ ибодатда, хоҳ бошқа нарсада бўлсин, тавозе, хокисорлик маъносида қўлланади (“Муфрадоту алфозил Қуръон”).

Банда руку қилганда қалби билан ҳам Аллоҳга таслим бўлади, ўта ожизлигини, Аллоҳ нақадар улуғлигини эътироф этади. Мана шунда инсон танаси билан ҳам, қалби билан ҳам Парвардигорига тўлиқ бўйсунган саналади. Шунинг учун Набий алайҳиссалом рукуда “Аллоҳумма лака рокаъту ва бика ааманту ва лака асламту, хошаъа лака самъий ва басорий ва муххий ва ъазмий ва ъасобий”, деб дуо қилардилар. Яъни, “Ё Аллоҳ, Сен учун руку қилдим, Сенга имон келтирдим, таслим бўлдим. Қулоғим, кўзим, миям, суягим, асабим сенга хушу қилди” (Муслим ривояти).

Бундан чиқди, инсон рукуда бутун вужуди билан Аллоҳга хушу қилади. Қалб тана аъзолари подшоҳидир. Агар қалбда хушу бўлса, қолган аъзоларда унинг самараси кўринади.

Зиёвуддин РАҲИМ тайёрлади

Манба: Ирфон тақвими

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!