Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Намоздан кейинги жамоавий дуо бидъатми?

2861

Намоздан  сўнг жамоавий дуо қилишнинг ҳукми борасида уламолар ўртасида турлича фикрлар бор. Бу ихтилофли масала. 

Имом Аҳмад ва у кишининг мазҳабларидаги айрим уламолар наздида бу ишни қатъий ва доимий одат қилиб олиш дуруст эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан сўнг жамоавий дуо қилиб, бу ишда бардавом бўлганликлари ривоят қилинмаган. Шу боис, ҳанбалий олимларнинг айримлари наздида бу иш бидъат ҳисобланади.

Бироқ, улар ҳам бу ишнинг ўзини эмас балки, бидъат деганда уни доимий ва ўзгармас одат қилиб олишни назарда тутадилар. Яъни, мутлақ маънода намоздан сўнг жамоавий дуо қилиш ҳанбалийларда ҳам бидъат эмас. Уларнинг мазкур сўзи бу ишни доимий ва қатъий одат қилиб олиш ҳолатига тегишли, холос.

Лекин, ҳанафий ва моликий мазҳабининг мутааххир уламолари намоздан кейин бир имом билан жамоавий дуо қилишни жоиз балки, мустаҳаб санаганлар. Гарчи, луғавий жиҳатдан у бидъат яъни аввал бўлмаган янги иш бўлса-да, у бидъати ҳасана ёки бидъати мустаҳабба туркумига киради.

Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, юртимиз масжидларида намоздан сўнг умумий дуо қилиниши динимиз аҳкомларига асло зид эмас. Балки, унга мувофиқдир. Шу боис ҳам уламоларимиз бу ишни мустаҳаб бўлган ишлардан санаганлар. Қилса ажру савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайдиган иш фиқҳий истилоҳда мустаҳаб дейилади.

Бизнинг Мовароуннаҳр диёрига ҳанафий фиқҳини имом Муҳаммаднинг бир қанча катта шогирдлари олиб кирганлар. Имом Муҳаммад эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг олди шогирдларидан бўлиб, у зот ҳам мазҳаб асосчиларидан ҳисобланадилар. 

Асрлар оша юртимиз уламолар, қорилар, фақиҳлар ва фозил кишилар диёри бўлгани ҳолда асли йўқ, динга зид бўлган бир иш бу қадар оммавий бўлиб кетиши ва ундан ҳеч бир олим қайтармаслиги ақлга сиғмайдиган иш. Шундан ҳам биламизки, олимларимиз фиқҳий жиҳатдан бу ишда бирор маҳзурлик кўрмаганлар.

Шунга кўра, намоздан сўнг имом билан биргаликда жамоавий дуода қатнашиш нур устига нур бўлади. Уни бидъат деб ўйлаб тарк этиш тўғри эмас. 

Борди-ю, намозхон зарурати туфайли ҳеч кимга халал бермаган ҳолда эртароқ чиқиб кетса гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Агар шошмаса...

1297 08:00 16.01.2021

“Каъбатуллоҳда ёлвориб дуо қил, бошқа чоранг йўқ!”

1661 12:04 01.12.2020

Дуо қилишни биласизми?

1939 14:10 02.11.2020

Дуони тўсиб турадиган 10 та ҳолат

708 12:45 02.11.2020

Ерни чуқурроқ ҳайдаш керак... Ёхуд дуо қилишни биласизми?

1164 14:00 24.10.2020
« Орқага