Намоздан олдинги шартлар боби (Енгил фиқҳ)

09:34 10.07.2019 576

Намоз ўқигувчи намоздан олдин таҳоратсизлик ва нажосатлардан покланган бўлиши вожиб. Жумладан намоз ўқийдиган жойи ҳам пок бўлиши шарт. Авратини ёпиш ҳам фарз.

Эркакнинг аврати киндик остидан то тиззагачадир. Тизза ҳам аврат саналади. Аёлнинг ҳамма бадани аврат, илло юз ва кафт бундан истиснодир. Агар аёл тўпиғининг чораги очиқ ҳолда намоз ўқиса, бу намозни қайта ўқийди. Бундан ками очилган бўлса, қайтармайди. Соч, қорин ва сонларнинг ҳукми ҳам шунақа.

Агар кийимидан нажосатни кетказадиган нарса тополмаса, у билан намоз ўқийверади ва кейин қайтармайди. Ким киядиган кийим тополмаса, ялонғоч ҳолда, ўтириб намоз ўқийверади ва рукуъ-саждаларни ишора қилади. Бу одам тик туриб намоз ўқиса ҳам бўлади, лекин биринчи ҳолат афзалроқ.

Ўзи бошлаётган намозни ният қилиш ҳам фарз. Бунда ният билан таҳрима ўртасини бирор амал билан ажратмайди. Агар бошқага иқтидо қилаётган бўлса намозга қўшиб, эргашаётганини ҳам ният қилади.

Намозни қиблага қараб ўқийди. Ким хавфу хатарда бўлса қодир бўлган томонига қараб ўқийверади. Қиблани аниқлай олмаса ва сўрайдиган одами бўлмаса, ўзи ижтиҳод қилиб ўқийверади. Бу намозни ўқиб бўлгандан кейин хато қилганини билиб қолса, қайтадан ўқимайди. Агар хатосини намоз ичида билиб қолса, қибла томонга буриладида, намозини давом эттираверади. Қоронғу тунда қавмга имом бўлган киши қиблани қасд қилиб, машриққа қараб намоз ўқиса, ортидаги намозхонлар ҳам қасд қилиб намозда эргашаверадилар. Агар уларнинг ҳаммалари имомнинг ортида бўлишса, уларнинг ҳар бири ўзи қасд қилган томонга қараб ўқийверади, имом нима қилаётганини билмасалар ҳам намозлари жоиздир. Улардан бири имомининг ҳолини билиб қолса, ўшанинг намози фосид бўлади. Шунингдек имомдан ўтиб кетганнинг ҳам намоз фосиддир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!