Намознинг сифати боби (Енгил фиқҳ)

11:32 09.07.2019 65

Намознинг фарзлари олтита: Таҳрима (Таҳрима – “Такбири таҳрима” ҳам дейилади. Намозни бошлаш пайтидаги такбир бўлиб, шундан кейин намоздан ташқарида мубоҳ амалларни бажариш ҳаром бўлгани учун шундай номланган), қиём (тик туриш), қироат, рукуъ, сажда ва намознинг охирида ташаҳҳуд миқдори ўтириш. Бундан бошқа амаллар суннатдир.

Намозга киришса такбир айтади. Такбир билан баробар қўлини кўтаради. Бу суннатдир. Қўлини кўтарганда бармоқларини қулоқлари юмшоғига тўғри қилади. Аёллар эса қўлларини елкаси баробар кўтаради. Арабчани яхши айтолмайдиган киши ўз тилида такбир айтса, ё қироат қилса, ё ҳайвон сўйса жоиздир.

Ўнг қўлини киндик остида чап қўли устига қўяди. Сўнг “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика”ни охиригача ўқийди. “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ”ни овозини пасайтириб охиригача айтади. Сўнг “Фотиҳа”ни ва хоҳлаган сураси ёки уч оятни қироат қилади. Имом “Валаддооооллийн” деган пайтда ўзи ва эргашган пайт ичидада оминни айтади. Кейин такбир айтиб, рукуъга кетади. Такбирни чўзмасдан, қисқа айтади. Қўллари билан тиззасига таянади ва бармоқлари орасини очади. Орқасини текис қилиб, бошини кўтармайди ва пасайтирмайди. Шу ҳолда “Субҳана Роббиял азийм” деб уч марта айтади. Бу энг кам миқдордир. Сўнг бошини кўтариб: “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейди. Эргашган кишининг ўзи: “Роббана лакал ҳамд” дейди. Якка ўқиган киши бу икки зикрни қўшиб айтади. Сўнг тик туриб текис бўлгач такбир айтиб, саждага кетади. Саждада қўллари билан ерга таянади ва пешонасини кафтлари орасига қўяди. Қўллари эса қулоқлари тўғрисида туради. Саждани бурни ва пешонаси билан қилади. Улардан бири билан кифояланса ҳам саждаси жоиз. Салласининг теграсига ёки кийимининг четига сажда қилса жоиз.

Саждада қўлтиқлари кўриниб туради, қорни сонларидан узоқроқ бўлади ва оёқларининг бармоқларини қибла томон қилади. Саждасида “Субҳана роббиял аъла”ни уч марта айтади ва бу миқдор энг камидир. Аёл киши саждасида пасаяди ва қорнини сонларига ёпиштиради.

Сўнг бошини кўтаради ва такбир айтади. Хотиржам ўтириб олгандан кейин такбир айтиб, саждага кетади. Саждада тинган пайтда такбир айтиб, ўтирганда бўлганидек ўрнидан туради. Туришда енгил ўтириб олмайди ва қўллари билан ерга таянмайди.

Иккинчи ракатда ҳам биринчи ракатдаги амаллар бажарилади. Илло сано ва “Аъзу” айтмайди. Қўлларини фақат биринчи такбирда кўтаради. Иккинчи ракатдаги иккинчи саждадан бош кўтарганда, чап оёғини тўшаб устига ўтиради ва ўнгини эса бармоқларини қиблага қаратган ҳолда жойлаштиради. Қўлларини эса сонлари устига бармоқларини ёйган ҳолда қўяди ва ташаҳҳуд ўқийди.

Аёл киши эса чап палласига ўтириб, оёқларини ўнг томонида чиқаради.

Ташаҳҳуд – “Аттаҳийяту лиллаҳи воссалавату ваттоййибат” ни охиригачадир. Биринчи ўтиришда ташаҳҳуддан бошқа нарса ўқимайди.

Кейинги икки ракатда “Фотиҳа”нинг ўзини ўқийди. Охирида ҳам биринчи ўтиришдек ўтиради. Яна ташаҳҳуд ўқийди ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтади. Қуръон лафзлари ва ривоят қилинган дуоларга ўхшаган дуоларни айтади. Одамларнинг гапига ўхшаган дуоларни қилмайди. Сўнг ўнг томонига, кейин чап томонига “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом беради. Бунда ўнг ва чапидаги эркаклар, аёллар ва фаришталарни ният қилади. Эргашган имомини ҳам ният қилиши керак. Якка намозхон эса фаришталарни ният қилади холос. Имом икки саломида ҳам ният қилади.


"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!