Наслни чеклашдаги шариат ҳукми

14:00 11.10.2018 1279

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!

Ортларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсин!

Ислом Фиқҳи Академияси наслни чеклаш, одамларни алдаш учун наслни режага солиш деб аталаётган масалани кўриб чиқди.

Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:

Ислом шариати мусулмонлар наслини кўпайтириш ва таратишга тарғиб қилади, наслни буюк неъмат ва Аллоҳнинг бандаларига берган улуғ атоси деб эътибор қилади. Бу ҳақда Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида кўплаб далиллар келгандир.

Ўша далиллар наслни чеклаш ва ҳомилани ман қилиш Аллоҳ яратган инсоний табиатга ҳамда Аллоҳ бандаларига рози бўлган ислом шариатига зид эканини таъкидлайди.

Наслни чеклашга ёки ҳомилани ман қилишга чақираётганлар мусулмонларнинг сонини камайтиришга ҳаракат қилаётганлардир…

Ана шуларни эътиборга олиб Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан куйидагиларга қарор қилди:

Наслни чеклаш мутлақо мумкин эмас. Агар очликдан хавфсираб ёки шариат эътибор қилмаган сабабларга биноан қилинадиган бўлса, ҳомилани ман қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки, Аллоҳ таоло ризқ берувчи зотдир. Ер юзидаги барча жонворларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир.

Аммо алоҳида, зарар аниқ бўлган ҳолатларда, аёлнинг оддий ҳолда туға олмай уни қорнини ёриб боласини олишга мажбур бўлинадиган ҳолатларда ҳомиладор бўлишни ортга сурадиган омилларни ишлатишга монеълик йўқ.

Шунингдек, бошқа шаръий ва тиббий сабабларга кўра, онанинг ҳаёти хавф остида қоладиган бўлса, ишончли мусулмон табиблар қарори ила ҳомилани ман қилувчи ишлатилиши жоиздир.

Аммо умумий равишда наслни чеклаш ва ҳомилани ман қилиш шариат бўйича жоиз эмас.

Ислом Фиқҳи Академияси

Сунъий урчитиш ҳақидаги қарордан кўчирма:

Оилали бўла туриб ҳомиладор бўлмаётган аёл ва унинг эрининг болага бўлган ҳожати шаръий ғараз деб эътибор қилинади. Улар ўзларини бу маънода даволатишлари мубоҳдир. Жумладан, сунъий урчитиш йўли билан ҳам.

Эрнинг уруғлигини олиб унинг хотини бачадонига қўйиб урчитиш шариат бўйича жоиздир.

Эру хотин икковларидан уруғликларини олиб найчада урчитиб сўнгра хотиннинг бачадонига солиб қўйиш ҳам шариат бўйича жоиздир.

Бошқа услуб билан бўладиган сунъий урчитишнинг турлари мумкин эмас.

Шу билан бирга, сунъий урчитишни амалга ошириш жараёнида ислом шариати қоидаларига амал қилиш лозим. Иложи борича, муслима табиба даволанаётган аёлга қарасин.

Fiqh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!