Наср

Насроний атиргули (10-қисм)

3490

Ёнимиздаги уйга кўчиб келган Исмат девона жаҳлимни чиқарарди. Лекин сўзлари ўйлантирмасди ҳам деёлмайман. Ҳар гал кўрганимда ҳар хил гапирарди. 

– Қара, – дерди менга, – денгизнинг чиройига қара. Денгизда кезаётган кемаларни томоша қил. Балиқчилар қайиғининг овозини эшит. Баъзан мовий, баъзида кулранг кўринадиган тўлқинлари қандай қилиб шамол уйғотишини кузат. Табиатнинг ўз тилидан ёзилган шеърини ўқишга ҳаракат қил. Одамийлиги йўқ одамлардан узоқлаш. Одамлар одамийликдан истеъфо беришган. Буларни тушунгин.

Бир куни:

– Сени яқиндан кўриш учун юқоридаги маҳалладан бу ерга кўчиб келдим, – деди. Уни жеркиб ташладим:

– Нега энди сен мени кўриш учун бу ерга кўчиб келасан? Менга ким бўласан сен?

Кўзларимга узоқ термилди. Яна бемаъни гапларни гапиришда давом этди.

– Худди мен сен учун ҳамма нарса бўлсам керакдек туюлади, – деди.  Қаттиқ ғазабландим:

– Зинҳор бундай аҳмоқона гапларингни менга гапирма!

Қовоқларида ўн килолик оғир юк бордек, қоп-қора кўзларини менга тикди:

– Майли. Модомики, хоҳламайсан, майли.

Гаплашаётганимизни бувим кўриб қолди. Исмат девонага салом берди. Исмат девона бувимнинг ёнига борди. Чўнтагидан иккита банан ва бир қути юмшоқ печенье чиқариб, унга берди. Уни бағрига босди. Бувим жуда ҳайрон бўлди.

– Ўғлим, нега бунча менга эътиборлисан? Нега менга ҳар доим банан ва печенье олиб келасан? – дея ундан сўради.  Девона йиртиқ пойабзалининг учига маҳзун-маҳзун тикилиб жавоб қилди:

– Мен сизни онамдай кўраман. Ўтинаман, бу ғамхўрлигимдан безовта бўлманг.

Аслида Исмат девона кўчамиздаги энг бадавлат оилалардан бирининг ўғли. Лекин руҳий касал бўлгани учун янги пойабзал олмасмиш. Оиласи жуда диндор. Лекин нега, нега шунча қизнинг ичидан энг кўп менга ўралашади?  Баъзан бу эътиборидан хавотирланардим.

Исмат девона ҳақида ҳамма ҳар хил ўйларди. Баъзилар Исмат девонадан қўрқарди, айримлар эса устидан кулиш учун уни гапиртирарди. Хаёлига келган нарсани гапирарди. Сохта гапирадиган кишилар учун бунақа тўғри гапирадиган киши қизиқ туюларди. Қолавреса, Исмат девона бошқача услубда сўзлагани учунми, уни эшитиш кўпчиликка хуш ёқарди. Қачон қараса, мен билан Лайлога ўчакишарди. 

– Ёшлигингизни, ҳуснингизни арзон сарфлаяпсизлар. Увол бўлиб кетасизлар, – дерди. Гапларига кулардик. Роса кулардик, чунки тўлиқ-тўлиқ сўзларни эшитардик, лекин бир ўқитувчимиз айтганидек, сўзларнинг ичини эмас, ташини тушунардик.

Бир неча кундан кейин ўқишдан қайтаётиб, Вера билан учрашиб ҳаёт ҳикоясини эшитмоқчи бўлдим. Биз диндор насронийларнинг одамшавандаларини кўрмаганимизданми, билмадим, насронийнинг бундай яхшиси бўларканми деб ҳайрон қолардим. Ҳолбуки, Германияда жуда кўп насроний билан танишгандим. Ҳатто уларни насроний ўлароқ кўрмасдим ҳам. Чунки улар худди ота-онамдек ва Туркиядаги яқинларим, танишларимдек эди. Лекин Вера жуда бошқача эди. Бобом эса мудом мени огоҳлантирарди:

– Бу Вера деган кофир сенга бирор ёмонлик қилмасин, ундан узоқ тур!

Қизиқ, шунчалик яхши кўринган бу аёлдан бобом айтганидек менга бирор ёмонлик етиши мумкинмиди? Менимча, бундай бўлмасди. У ёмонлик қилмасди, бунга ишонардим.

– Сен уларни билмайсан, – дерди бобом. – Салиб юришларида мусулмонларни шафқатсизларча ўлдириб ташлади булар!..

Хўп, ўша салиб юришининг бадалини Вера ўташи керакми энди? Шу адолатданми энди?

Хуллас, аралаш ҳиссиётлар ичида унинг ҳаёт ҳикоясини эшитгим келди.

– Аввал сенга бир чой дамлай, кейин суҳбат бошлаймиз, – деди. – Айтганча, сомса ҳам тайёрадим. Фақат сен учун!..

Мен билган насронийларнинг акси эди Вера: ниҳоятда сахий, қўли очиқ.  Уйига борганимда олдимга топганини қўярди. Унинг бу меҳрибонлиги мендаги она соғинчидан пайдо бўлган бўшлиқни тўлдирарди.

Бўғознинг кўз қамаштирувчи чиройли оқшомида айвонда ўтирдик. Ҳикоясини бошлади:

– Эрим билан Германияда турмуш қурдик. Кейин Туркияга келдик. Биринчи фарзандимга ҳомиладор эдим, қайнонам мени кўрганида ғазаби қайнаб эримга бақирди: “Бу кофирни қаердан олган бўлсанг, ўша ерга ташлаб кел! Мен кофир келин олишни истамайман!”

Жуда хафа бўлдим. Йиғладим, узоқ  йиғладим. Мен йиғлаганим сари у мени ҳақорат қиларди. «Ўчир! Кўз ёшидан томоша кўрсатма! Сиз кофирлар дардни ҳис қилмайсиз, бошқаларга раҳмингиз келмайди! Кўз ёшларингга алданмайман, аҳмоқ ўғлим алданади! У ақлсиз тентак, айиқдан пўст, кофирдан дўст чиқмайди, деган гапни билмасмиди? Биларди, лекин сен уни сеҳарлаб қўйгансан!” – дея бадтар тутақарди. Шунча ҳақоратлардан кейин аввал мен билмаган нарсани гапирди: “Ўғлимнинг оиласини буздинг! Гулдай хотини бор эди. Ўғлимнинг бошини айлантирмаганингда, у хотинини севарди. Ҳеч қачон хотинидан воз кечмасди. Аллоҳ билади-да, бирорта пасторга сеҳрлатгансан!”

Эримнинг оиласи билан бемалол гаплашиш учун кечаю кундуз турк тилини ўрганишга ҳаракат қилдим. Аммо туркчани бу шумхабарни, ҳақоратларни эшииш учун ўрганган эканман. Эрим бу гаплардан кейин мендан уялди. Немисчалаб узр сўради. Уятдан ўлгим келарди. Эримга тезроқ мени бу ердан олиб кет, дея ёлвордим. Лекин: “Бунинг иложи йўқ, бизнинг урф-одатларимиз қатъий”, – деди. Ўша тунни кўз ёшларга бўғилиб ўтказдим. Эртаси куни уйғониб деразадан қарасак, ярим метрга яқин қор ёғибди. Йўллар бекилган. Эрим электр печка олиш учун кўчага чиқмоқчи бўлди, чиқолмади. Пешингача қор эрийди деб ўйлагандик, эримади. Қайнонам мени ўзлари ўтирган иссиқ хонага киргизмади. Қайнотам қайнонамдан кўра раҳмлироқ эди, лекин у ҳам хотинининг гапидан чиқолмасди.  Шунинг учун у ҳам мени хонага чақирмади. Ўша куни эримга Ислом жуда гўзал дин дердинг, шумиди сенинг гўзал дининг, дея исён қилдим. Эрим тушунтиришга уринди: “Онам динни билмайди-ку. Онамга ўхшаган жоҳиллар сени алдаб қўймасин. Динимиз онамнинг бу ишини ҳеч оқламайди”. Албатта, оқламайди! Ҳеч қайси дин бундай шафқатсизликни оқламайди. Лекин мен мусулмоннинг бундай шафқатсизлигидан ранжидим. Германияда яхши мусулмонларни кўрдим. Тарих китобларида ўқиганим учун оз бўлса-да, билардим. Мен ҳақиқий мусулмон муносабатини кўришни истардим. Айниқса, хўжайинимнинг онасидан меҳр, эътибор, шафқат кутардим. Буткул тескарини кўрдим. Хонада қалтираб ўтирганимда бирдан санчиқ тутди. Бор овозим билан бақиришга тушдим. Қайнонам иссиқ уйидан туриб менга: “Ўлиб кет! – дея бақирди. – Ўлиб кет, ифлос кофир, уйимни булғадинг! Рўзғоримизни буздинг!..”

Мен эримнинг оилали эканини билмасдим. Қолаверса, оилали экан, мен туфайли хотинидан ажрашган экан, нега фақат мен айбдор бўлишим керак?  Ўғлига нега бир оғиз гапирмай, бор нафратини менга сочарди? Бу қандай адолат? Севгили Тангрим! Эй Исо, мени халос қил, дея ёлвора бошладим. Ҳали олти ойлик ҳомиладор эдим, нега тўлғоқ тутди? Билдимки, ҳаддан ортиқ ғам-қайғу сабабли бола эрта туғилаётганди. Эрим электр печка олгани кетган, қоронғи тушган бўлса-да, ҳалиям қайтмаганди. Бахтсиз ҳодиса юз бериб, касалхонага тушган экан, менинг хабарим йўқ. Тун ярмидан ўтди. Совуқдан аъзойи баданим қақшаб қалтирай бошладим. Қайнотам яширинча иссиқ шўрва келтириб турди, лекин ичолмадим, шўрва совиди. Совуқ шўрва ичига бармоқларимни солиб, қўлимни иситишга уриндим. Ишониш қийин, лекин мен қўлимни шўрва билан иситдим. Дардим зўрайди. Қон кета бошлади. Қайнотам келиб ҳамма ёқ қон бўлиб ётганини кўриб, қанонамга бақирди: “Аслида сен кофирсан, сен! Бу аёл ўлади, кел, бунинг аҳволини кўр! Бориб доя чақириб келайлик!”

Қайнонам яна ғудранди: “Ифлос кофирлар, энди ўғилларимизни ҳам қўлимиздан олишади!”

Қандай рўй берди билмайман, қайнотам бирданига аввалгидан ҳам қаттиқ бақиршга тушди. Худди бўғизланган шер каби бўкира бошлади. Бора солиб қайнонамни тарсакилай кетди: “Сен қандай одамсан, ахир?! Шайтон ҳам сен қилган ишни қилмайди!”

Қайнонам эса бақириб яна мени  ҳақорат қилди: “Кофир! Кофир! Мени калтаклаттирдинг ҳам, ҳали бунинг учун жавоб берасан, кофир!..” 

Шу гапларни  эслайман, қолганини эслолмайман.

Комага тушиб қолибман. Қайнотам қўшниларни чақириб, мени чойшабга солиб, тўрт учидан тутиб касалхонага етказишибди. Ўша заҳоти операцияга олишган. Болани кесарча кесиш йўли билан олишган, албатта, гўдак нобуд бўлган. Мен ҳам кўкариб қолган эканман, бир амаллаб асраб қолишган.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳижоб ояти

173 07:00 14.10.2019

«Сенга бир дирҳам, шеригингга етти...»

914 21:00 02.10.2019

Насроний атиргули (9-қисм)

2397 00:00 20.09.2019

Масжиднинг икки айри бурчагида икки киши дуо қилиб ўтирибди...

2169 09:00 19.09.2019

Ҳикоянинг қаҳрамони ҳақми, Сиз нима дейсиз?

1468 07:05 19.09.2019
« Орқага