Наср

Насроний атиргули (11-қисм)

2044

Барча гўзал йўллар тақдир томонидан симтикан билан ўралгандай туюларди. Мен учун барча йўлларнинг боши берк эди. Осмон тор, ер ҳужра каби эди гўё. Алланечук тушунарсиз ҳис-туйғулар гирдобида эдим. Қандай қилиб бу ҳолга келиб қолганимни билмасдим. Чилпарчин ҳолимнинг изтиробидан юрагим ўртанарди. Тинимсиз ўзимни саволга тутардим. Бир йилда қандай қилиб бунчалик ўзгариб кетганимни ҳеч англаёлмасдим. Қандай ўзгардим? Озод ҳаёт номи остида атрофимдагиларга қандай қилиб алданганим, йўлдан озганимни ўйлаб, кўз ёшларим тун зулматига оқарди. Сўнг қўлимга қалам олиб туйғуларимни шеърга кўчирдим.

“Эй, Тангрим!

Ҳамма нарса узилмас занжирлар билан боғлиқ қисмат орасидан ўтадими?

Одамлар бир-бирини ейдими? Мен ҳам Арасту каби фарёд қилайми? Эй дўстларим, дунёда дўст йўқ дейми? Эй Тангрим, нега?

Қаердасан, Тангрим? Ботқоқликда типирчилаяпман. Мусибатнинг иккинчи ярми мен бўлганим учун қаерга кетсам, у ҳам соядек эргашиб юради. У айтганди: “Ҳаддидан ошган бахтиёрлик ҳам инсонга азоб беради”. Мен ҳаддимни ошганмидим? Ёхуд ўзимни унутиб қўйдимми?

Бу азоб менга жуда оғирлик қиляпти. Мени бу зулматдан халос қил, ёлвораман сенга! Ёш бошимга бунча савдо оғирлик қилади. Бу даҳшатли тушдан ҳам уйғонолмадим. Малаклар қўлимдан тутмади. Қўлимни тутганлар ётлар бўлди. Мана, энди ярим тунда ўзим билан қолдим. Бу ишлардан юз қаролик билан чиққан мен бўлибман…»

Сатрларни ёзиб бўлиб, қайта-қайта ўқидим. “Бу зулматдан мени халос қил, ёлвораман!” деган жойим ўзимга ёқди. Ўша кезлардаги ҳаётимга ном топгандим. Унинг номини “Зулмат” дегандим маҳзун сатрларим орасида. Ҳа, чиндан ҳам ҳаётим рангбаранг эди. Аммо бу ранглар ортида зулмат тузоқ қурган экан.

Сўнг айвон чироғини ўчириб, қоронғиликда осмонни, денгизни ва қалбимни кўрмоқчи бўлдим. Қалбимда шундай нарсаларни кўрдимки… Мендан бошқа ҳамма нарса қалбимда кезар, ҳар бир заррамда изини қолдирганди гўё. Бадбахт эдим. Ой нури ғира-шира ёритаётган қуюқ қоронғилик бағрига сингиб кетгунча осмонга термилиб, кўк гумбаз мени қучишини истардим.

Эй бепоён Коинот! Мени қанотларинг остига ол! Бу ерлардан олиб кет мени! Бу маданиятнинг шафқатсиз панжалари орасидан мени олиб қоч!

Инсон қачон ёлғиз қолса, табиат билан гаплашишга тушади. Ўзига айтмоқчи бўлган гапларни ёки бошқа бирор баҳона билан қалбидаги сўзларни тилдан тўкишга уринади.

Ўша тунда мен яна бир нарсани тушуниб етдим. Инсон изтироб чеккар экан, янада теранроқ кўра бошлайди. Қаерга қарасам, у ердан менга аллақандай шивирлаш эшитиларди. Мана, Ой. Туннинг сирли гўзали. Мана, Ой ерга йўллаган нурлардан ўз ҳиссасини олган бўғознинг худди менга рўмолча силкитаётгандек долғаланаётган тўлқинлари… Худди кўпикдан бўлган сочиларини қирғоққа совураётган сулувдек кўринади. Юлдузлар менга: “Марҳабо, Жамила! Ёлғиз бўлсанг ҳам қўрқма! Ҳамма доҳийлар ўз қобилиятини ёлғиз қолганидан кейин кўрсатишган” деётгандек гўё. Аслида бу менинг ички овозим, қалбимга юлдуз тилида илҳом бўляпти. Ўзимни кечиролмас, аммо кечиришим кераклигини ҳам билардим. Зеро, ўзимни кечиролмасам, йиқилган жойимдан туролмайман. Ўзининг заиф нуқталарини билган ҳолда ўзига ишонганлар муваффақиятга эришади. Ўзимга ишонишим керак. Хатоларимни такрорламасликни мақсад қилишим керак. Лекин қандай қилиб? Исмат девона айтганидек, ўйламайдиган ҳолатга келишдан аввал ўй-фикрларимни уйғотишим керакмиди? Ичига сингиб кетганим бу қоронғи кечада, шу қадар хаёлга берилиб кетибманки, ўзимга келганимда силкиниб қўйдим. Хаёлларим тарқаб, қарши томондаги айвонга қарадим. Рўпарадаги бинода яшайдиган Гулдерен айвонда китоб ўқиб ўтирган экан. Мен уни жуда ҳам яхши кўрардим. Гулдерен яхши қиз эди. У ҳам диндорлик ва динсизлик орасида сарсон бўлганида, кўп машаққатларни бошдан ўтказган эди. Уни ҳам отаси онаси билан бирга бу ерга жўнатиб юборганди. Унинг отаси ҳам хорижда экан. Эшитишимизча, у ерда бир аёл билан бирга яшармиш. Гулдереннинг онасини “Қизимиз руҳий тушкунликда, сен у билан бирга қол”, дея кўндирибди. Гулдерен ниҳоятда ажойиб қиз, одобли. Муғомбирлик, айёрликни билмайди. Афсуски, онаси жуда муғомбир эди. Лекин Гулдерен жуда бошқача эди, умуман онасига ўхшамасди. Жуссаси худди менингдай дўмбоқроқ эди, лекин бошқа қизлардай тўлалигидан уялмасди. “Ўзимга мода қоидалари кўзи билан эмас, ўз қоидаларим нигоҳи билан қарайман!” дерди. Ўрта бўйли эди, лекин бўйини узун кўрсатиш учун бир қараганда кулгули кўринадиган баланд пошнали пойабзаллар киймасди. Сочларини шундоқ танғиб қўйиб юрарди. Ҳеч қачон ичкилик ичганини кўрмагандим. Ҳижобсиз эди, лекин имонли эди. Уни кўп мазах қилардим. Ҳатто “Момо, қалайсан?” дея устидан кулган пайтларим ҳам бўлган. Лекин у хафа бўлмасди. Ўнлаб ўртоқларим орасида биттагина эди у. Мазах қилганимда ҳам уни ҳурмат қилардим, лекин барибир масхара қилаверардим.

Маҳалламизда ўсмирлар кўп эди, лекин мен фақат Гулдерен, Лайло ва Таркан билан дўст эдим. Ақлим, билганларим дўст танлаш борасида етарли эмасди. Демак, кўнглим ақлим ва билганларимдан олдинда бўлган экан. Яхши инсонларни дўст билган эканман, буни дўст танлашда қандай хусусиятларга эътибор бериш кераклигини билганимда тушуниб етдим. Ҳа, инсон ҳар бир нарсани ўз вақтида тушуниб етади.

Уни жуда ҳам соғинган эдим. Яхши дўстга, ўртоғини ёмонлик ботқоғига итармайдиган дўстни соғингандим. Айвондан унга паст товушда овоз бердим: шивирлаган товушимни ўзим зўрға эшитардим.

– Гулдерен! Гулдерен!

Гулдерен бошини кўтариб менга қаради. Ғира-шира ой ёруғида мени аранг кўраётганди. Ҳайрон бўлиб жавоб қилди:

– Вой, ўзингмисан, Жамила? Қачон келдинг? Хуш келибсан, жоним! Қайтганингдан жуда ҳам хурсандман!

– Кечга томон келдим. Онамлар олиб келишди. Мен йўқлигимда нималар қилдинг?

– Деярли ҳеч нима қилганим йўқ. Ўша ўзинг билган нарсалар. Кейинги пайтларда китоб ўқишни бошладим. Ҳаётимда бошқа ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Университетга кириш имтиҳонларига тайёрланяпман. Лекин дарсларга кўп ҳам жиддий қарамаяпман, яъни мен ўша-ўшаман. Маҳалла ҳам ўша-ўша. Исмат девона ҳам ўша-ўша. Қачон кўрса, сени сўрайди. Ҳа, айтганча, муҳим янгилик бор. Лайло билан Таркан ўзгариб кетяпти.

– Қанақасига?

– Ўтган йили эшигимизга келган насронийлар бор эди-ку, ўзларини Иегова шоҳидлари деб таништиришганди. Ўша икки қиз уларни қўлга олди. Ҳозир Таркан билан Лайони кўрсанг танимайсан. Фикрлари бутунлай ўзгариб кетган.

– Ҳммм. Бошқача, ғалати гап…

– Ҳа, лекин мен бундан жуда хафаман.

– Нега?

– Сабабини бу пайтда муҳокама қилолмаймиз. Эртага гаплашайлик.

– Йўқ, жуда қизиқиб кетяпман. Уйқум ҳам қочди. Ўтинаман, кела қол, гаплашайлик.

– Соат бир бўлганини билмайсан, чоғи?

– Биламан, лекин нима бўлибди? Менинг кеча-кундузим алмашиб кетди. Кела қол, Гулдерен, илтимос.

Гулдерен бироз тараддудланиб сўради:

– Бобонгнинг жаҳли чиқмайдими?

– Ухлаяпти. Онамлар ҳам ухлашяпти. Кел, бироз суҳбатлашайлик.

Ярим тунда Гулдерен бизникига келди. Аввал қучоқлаб йиғладим. У мени кўрганидан ҳайратда эди. Cўнг айвонда ўтирдик, қизиқувчанлик билан савол бердим:

– Сени нима хафа қилди, Гулдерен?

Гулдерен жуда хафа эди. Чуқур тин олгач, гапира бошлади:

– Таркан билан Лайлонинг бурни жуда осмонда эди, биласан. Уларнинг бирор динга қизиқишини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Ўша икки Иегова шоҳиди қизлар келдию, уларни насронийликнинг эшигига олиб келди. Улар шунчалик ўзгариб кетар экан, нега мен ўзгартиролмадим, дея аламимдан ўлиб қолай деяпман.

– Уларни қандай ўзгартирардинг?

– Мусулмон қила олардим, лекин қўлимдан келмади, вой, узр, мусулмон бўлишларига сабабчи бўлишим мумкин эди. Кўз олдимда насроний бўлишди. Мен энди кечаю кундуз китоб ўқияпманки, илм ўрганай ва уларни Исломга тортай деб. Бироз кеч қолдим, лекин курашаман.

– Онаси Вера бунга нима деяпти?

– Биласан-ку, Вера ҳақиқий демократ. “Мен аралашмайман, хоҳласа мусулмон бўлишсин, хоҳласа насроний”, деяпти. Лекин Иегова шоҳидларига жаҳли чиқяпти. “Улар насронийликни бузишди, улар охиратга иймон келтиришмайди. Улар насроний эмас!” дейди-ку, лекин Вера динидан бохабар эмас. Икки ёшга инсонларга динни талқин этиш услубларини ўргатишибди. Албатта, улар енгади. Мен ҳам Лайло билан Тарканнинг ётларга учаётганини томоша қилиб ўтирибман. Дунё ҳам бошини ёстиққа қўйиб ухлаяпти гўёки. Уларни ҳеч ким кўрмаяпти.

У кезларда дин билан боғлиқ мавзулар мени унчалик қизиқтирмасди. Шунга қарамай барибир сўрадим:

– Яна кимлар динини ўзгартиряпти?

– Содиқ бей ҳам ўзгартирди. У буткул шоҳидлардан бўлди. Ҳатто чўқинтирилган ҳам эмиш.

– Ким эди у, эслолмадим.

– Бизнинг бинода турадиган, кабутар боқишга ишқибоз нафақадаги маъмур бор-ку, хотини “Ё кабутарларингни дейсан ёки мени” деб шарт қўйган. Содиқ бей “Кабутарларимни дейман” деган. Хотини ҳам болаларини олиб кетиб қолган. Ўша одам.

– Бўлди, эсладим. У ҳам насроний бўлибдими?

– Шунақа шекилли.

– Қандай кўнибди?

– Қизлар жуда таъсирли гапиришади. Бунинг устида бир қанча оммавий ахборот воситаларида Ислом дини ҳақида ёлғон-яшиқ гап-сўзлар бор. Бўҳтонлар билан Исломни одамларга радикал, мусулмонларни тероррчи қилиб кўрсатишяпти. Бу Лайлони қаттиқ таъсирлантирди. Тизим динни ўзи истаган ҳолатда кўрсатади, Исломнинг ҳамма нарсасини кўрсатмайди. Лайло билан Тарканга ўхшаганлар зотан Исломдан узилган ҳолатда яшашарди. Иегова шоҳидлари ҳам шундайларни жуда осонгина таъсирига туширади. Уларнинг динида ҳамма нарса шу дунёда ҳал бўлади деган тушунча бор. Сиёсий ҳодисаларни қувватлаш жиҳатидан ҳам ўзлари тўғри деб билган услублари бор. Дунёнинг мувозанати бузилгани хусусида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришяпти. Исломни уйдирмалар орқали таниганлар эса уларга осонгина алданиб қоляпти.

Шундай ҳаяжон билан гапираётгандики, мен индамай ҳайрат тўла кўзларим билан унга термилиб тураверардим. Жуда қисқа вақтда Гулдерендаги бу ўзгаришга ақлим етмасди. Сўнган улкан вулқонга ўхшарди шу туришида. Лов этиб пишқирган, сўнг ўчиб совиган вулқоннинг қайта-қайта ҳаракатланаётганига ўхшарди қатъиятли нигоҳлари, маҳзун ҳоли…. Қайғуси чеҳрасига сингиб кетгандек эди гўё.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1205 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1175 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1381 23:00 29.10.2019
« Орқага