Наср

Насроний атиргули (12-қисм)

1742

Тун бағрида тўлиб-тошиб гапираркан, бирдан менга қаради:

– Сен гапларимни, гапларимдан ҳам муҳими, мени тушундингми?

Бироз ҳайрат, бироз хижолатлик билан жавоб бердим:

– Унчалик тушунмадим.

Яна тушунтиришда давом этди:

– Масалан, бир варақада айтиладики, «Дунё бузилиб кетяпти, бу урушлардан, бунча қотилликлардан, ҳақсизликлар, адолатсизликлардан қониқасизми? Қониқмасангиз, бизни эшитинг». Дунёни фақат бизнинг қарашларимиз тўғрилайди.  Баъзилар ярим-ёрти тўғри гапларнинг таъсири остида қолади. Чунки Иегова шоҳидлари дунёдаги муаммолар ҳақида гапиришади. Дунё бузилаётганини муҳокама қилишади. Мусулмон дунёсидаги воқеа-ҳодисаларни гапирганида “динни сиёсатга қурол қилишади” деганлар ҳам Иегова шоҳидларига қулоқ солишади.

– Жуда ғалати.

– Ҳа, ғалати. Лекин менга ғалати туюлмайди. Дунёни бу аҳволдан тўғри жиҳатдан бутун инсониятнинг бирлашиши ва муштарак мақсадларда қўлни қўлга бериши халос қилади. Дунёни бошқараётганлар инсоният фақат моддий муаммолар туфайли руҳий инқирозни бошдан кечиради деб ўйлашади. Шунинг учун доимо иқтисодий ривожланиш устида бош қотиришди. “Руҳий ривожланиш қандай бўлади?” дея сўрашмайди.  Иегова шоҳидлари мана шу бўшлиқни пайқашди ва уни тўлдиришга уринишмоқда.

Гулдереннинг гаплари менга қизиқ туюла бошлади. У кезларда қизиқ туюлган ҳамма нарса мутлақо тўғри деган хулосада эдим. Хотиржам, лекин қизиқиш билан сўрадим:

– Яна кимларни ўзларига оғдиришди?

– Қадамба-қадам уларни кузатдим. Маҳаллага келишганида қаерга кетишса, мен ҳам орқаларидан боряпман. Нимани билсам, ҳаммасини гапиряпман. Одамларга алданманглар дейман. Лекин анави Серима опа бор режаларимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаяпти.

– Нима қиляпти?

– Яна нима қилсин? Худди Исломни яхши биладигандай ҳукм чиқаради. Иеговачиларни ҳақорат қилади. Яна қандай ҳақоратлар дегин, “Ифлос кофирлар! Маҳалламиздан даф бўлинг! Биз кофир бўлмаймиз!” дейди.  Шундай қўпол муомала қиладики, иеговачилардан уялиб кетаман. Улар мулойимлик билан жавоб беришади. Фикрга фикр билан жавоб бериш кераклигини билмаганлар ҳужумга йўлиқишади-ку, Серима опа ҳам шунақа қилишади. Декарт “Соғлом зеҳнли бўлишнинг ўзи етмайди. Энг муҳими, уни ўрнида қўллашдир” дейди. Зеҳнини ўрнида қўлланмайди. Қайси биримиз ўрнида қўллаймизки?

Чой ичаётиб, туннинг гаштини ҳис қилардим. Гулдерен эса ҳануз ўша гапларни гапираётганди.

– Тўғри, айримларнинг қарашларига кўра тўғри нарсага даъват қилгандай бўлишяпти, инсонга меҳр билан яқинлашишади. Улардан жаҳлим чиқмайди. Шундай етиштирилган, шунга ишонишган. Нима ҳам дейишим мумкин? Ўз дангасалигимнинг  касрини уларга тўнкамайман, лекин мен ҳам бир нималар қилишим керак деб ўйлайман. Эҳ, онам-а, онам! Динга нақадар яқинлашган эдим. У кезларда ҳар куни битта китобни ўқиб тугатардим. Мени ўз ҳолимга қўймади. Ҳатто ўранишни ҳам ўйлаб юргандим. Агар ўшанда онам қаршилик қилмасайди, яхшигина илм ўрганиб, Исломни жуда тўғри англаган бўлардим. Гарчи ҳозир ҳам бекор ўтирмаяпман-ку. Бир нарсалар қиляпман. Масалан, биномизда яшайдиганлардан иккитасини насроний бўлишдан асраб қолдим. Ўшанда менга жасорат пайдо бўлди. Ўқийман, ўқиган ўйлар, ўйлаган топар, топган топдирар, ҳамма эътиқоди қадар таъсирланади деб ўйладим.

Мен жуда ҳайратда эдим. Гулдерен бу ишни шу қадар катта муаммо қилаётгандики, уни эшитиб ўз дардимни ҳам унутдим. Аҳдида қатъий эди ва тез-тез бир гапни айтарди:

– Мусулмонлар орасида иеговачилардан ҳам бамаъни, янада  яхшироқ сўзлайдиганларни кўрдим, лекин улар озчиликни ташкил қилишади. Масалан, мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам Исломни шундай яхши англатолмайди.  Иегова шоҳидлари динини қандай изоҳлашни билишади. Яхшигина бирлашишган, истаган уйларида ўқий олишади. Дунёнинг ҳамма нуқтасида ўз дастурини қўллай олишади. Айтмоқчиманки, уларнинг эътиқоди эмас, аслида бизнинг эътиқодимиз тўғри эканини бутун дунёга исботлашимиз керак. Ҳеч бўлмаганда мусулмонларга исботлашимиз керак!

Гулдерен ўшаларга ўчакишиб олганди, уларга ҳасад қилаётгандек эди назаримда.

– Уларга ҳасад қиляпсанми? – дея сўрадим.

Бироз тараддудланди. Ой нурлари кўзларига тушаётганди. Заковат уфуриб турган  кўзлари вужудидан дунёга очилган дераза каби эканини аён қиларди. Кўзлари фақат кўриш учун эмас, заковат ойнасидай тикиларди. Узоқ ўйга ботиб қолди ва бирдан ўзига келгандек жавоб берди:

– Бўлиши мумкин. Мен эришолмаган муваффақиятларни менинг динимдан бўлмаганлар қўлга киритишини истамайман. Айниқса, уларнинг донолардай кўринишини ҳеч қачон хоҳламайман, албатта, уларга ҳасад қиламан. Улардаги эркинлик бизда йўқ. Уларга берилган бу бағрикенглик ҳуқуқига ҳасад қиламан. Нега менинг диним ҳақиқат ва мантиққа мос дин бўла туриб, мен уни ҳеч кимга англатолмайман?

– Эсингда бўлсин, Декарт: “Мантиқда бир қанча фойдали қоидалар бор, лекин буларнинг орасига зарарли ва кераксиз қоидалар қўшилиб кетган”, дейди. Энди бу насронийлик масаласини қўй, бошқа нарсаларни гаплашайлик. Бирор кун мен ҳам уларни кўришни хоҳлайман. Сен энди мени эшит. Мен жуда бахтсизман. Қўлингдан келса, мени тўғри йўлга бошла… Мен жуда…

Айтолмасдим…

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1205 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1265 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1175 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1381 23:00 29.10.2019
« Орқага