Наср

Насроний атиргули (13-қисм)

1924

Узоқ муддат бу оғишимни ҳеч кимга гапирмадим, кейинчалик эса сир сақламадим. Исмат девона бизникига келганида:

– Сен насроний бўларкансан, шу тўғрими? – деб сўради.

– Ҳа, тадқиқларимиз тугаган заҳоти чўқинаман. Аллоҳ изн берса, аҳдимда қатъийман, – дедим. Исмат девона бир муддат кўзларимга тикилиб турди. Кўзларига ёш келди. Сўнг оғир-оғир сўзлай бошлайди:

– Исломни танимай туриб ёмон деб ўйлаб, танимаганинг бир динга кирмоқчисан. Аввалига Аллоҳнинг номини тилга олиб гапирасан, сўнг Аллоҳ демай қўясан. Аввалига барча динларга эҳтиромда бўласан, кейин уларнинг орасидан Қуръонни чиқарасан. Шунчаки чиқарибгина қолмай, кун келиб Қуръондан нафрат қиласан.

Ўзи девона эмасми, мени ҳам жинни қилаёзди.

– Ҳеч қачон! Биз Қуръонни ҳурмат қиламиз! Зеро, ҳам Қуръонни, ҳам Инжилни ўрганяпмиз!

– Ким билан? Инжилни сизларга улар тушунтиряпти? Қуръонни ким тушунтиряпти?

– Туркчасини ўқияпмиз…

– Туркчасидан ўқиш етарли бўлса, Инжилни ҳам шундай қилса бўлмасмиди?

Кейин хафа бўлиб кетиб қолди. Бу қанақа девона эди, баъзан мени ҳайрон қолдирарди.

Гулдерен жуда қийналаётганди. Мен ҳали Иегова шоҳидларидан бўлмагандим, лекин мени шундай қабул қиларди ва асабийлашарди. Менга Қуръондан оятлар ўқиб берар, йўлимдан қайтаришга уринарди.

Таркан эса бутунлай ўзгариб кетганди. Рисоладагидек шим, сочлари тўғри-тузук қиртишланган, устидаги кўйлаги билан ҳақиқий жентельмен бўлган эди. Кўзларимга ишонгим келмасди. Шоҳидлар Тарканни ўзгартириб юборишганди. Лекин қанча меҳнат қилишса-да, биздан бошқа ҳеч кимни оғдиролмадилар. Менга ёқмаган ўша такаббур аёллар ҳам:

– Биз диндор бўлмоқчи бўлсак, ўз динимизга қайтамиз! – деб шоҳидларнинг чақириқларига қулоқ осишмади.

Бир шанба кечаси Гулдереннинг ёнига бордим. Ранги заъфарон эди. Мени кўриб йиғламоқдан бери бўлиб қучди:

– Кўз олдимда Аллоҳнинг динини инкор этиб кетяпсан…

Менинг эса ундан жаҳлим чиқди:

– Ҳеч қачон! Аксинча, Аллоҳга ва Унинг динига қараб боряпман. Бу мавзуда гаплашмайлик, мени хафа қиляпсан. Сен ҳам Серима хонимга ўхшаб кетяпсан. Қош қўяман деб кўз чиқаряпсан. Мени қўй, ўзингдан гапир, нималар қиляпсан?

Жойидан турди, қаерга боришни билмайдиган одамдек айвонга чиқди. Мен ҳам унинг изидан чиқдим. Рўпарама-рўпара қўйилган ўриндиқларга ўтирдик. Кўзларига ёш тўлиб жавоб қилди:

– Онам билан курашяпман, сизлар билан курашяпман. Кеча тунда узоқ ўйладим. Хаёлларим оғушида денгиз тубига қадар чўкдим. Сизларни кўрмаслик учун бир муддат у ердан чиқмадим. Кеча ҳамма нарса бир-биридан фарқли туюлди.

Кенг айвонда гаплашиб ўтирганимизда, онасининг овози билан сесканиб кетдик:

– Гулдерен! Ҳалиям сартарошга бормадинг, бу оқшомги балга кеч қоламиз! Яна эътибор қилмаяпсан, бу гал ҳам ўтган кечадагидек спорт кийимида боришни ўйлаётган бўлсанг, адашасан! Мени яна шарманда қилишингга йўл қўймайман! Буни унутма! Энди биз бу маҳаллада шунчаки яшамаймиз, зодагонлар оламидамиз, бу билан ҳисоблашишга мажбурмиз! Шундай экан, бу гал сени ўзим кийинтираман. Қани, тур ўрнингдан! Жамила бегона эмас, у билан сартарошга боринглар!

Гулдерен бошини қўлига суяб, ҳорғин нигоҳларини онасига қадади:

– Лаббай она? Нима дедингиз?

Амира хонимнинг жаҳли чиқди:

– Нима деганимни эшитмадингми? Менга қулоқ солмаяпсанми?

Секин ғудранди:

– Қулоқ соляпман.

– Унда нега эшитмаяпсан? Қулоқларинг қаерда?

– Қулоқларим ўзимда, она, лекин хаёлим қулоқларимда эмас, ўйлаш билан машғул. Илтимос, айтганларингизни яна такрорланг, она.

– Ҳозироқ сартарошга бор деяпман.

Гулдерен онасига илтижоли тикилди:

– Мени шу кеча олиб борманг, она. Ёлғиз қолишни истайман.

Амира хоним ғазабда эди. Жаҳлдан гезариб, кўзлари инидан чиққудай бўлди.

– Бўлмайди! Дугоналарим олдида уят бўлади. Бойқушдай ўтиришингдан касалга ўхшайсан. Ўйин-кулгини билмайдиган қиздайсан. Сенга ўхшаганларни Европада нима дейишларини биласан-а?!

Гулдерен музлаб қолганди гўё. Совуқ нигоҳлар билан онасига қаради. Нимадир демоқчилиги юз-кўзидан аён эди. Бироқ онаси тушунмаслигини яхши англагани учун ютинди. Онаси меҳмон кутадиган хонага йўналганди, Гулдерен нигоҳларини менга тикди:

– Ёняпман, Жамила, бу ёнғиннинг қандай азоблигини асло тушунтиролмайман. Онам ҳам тушунмайди, сен ҳам тушунмайсан. Аҳволимга қара, мусулмон ўлароқ буткул ёлғиз қолдим.

Мен эса томдан тараша тушгандай:

– Балки сен ҳам шоҳидлардан бўларсан? – дедим

Гулдерен бирдан сесканиб кетди:

– Аллоҳ асрасин! Сен рўмол ўрамаганимдан куч олма, мен ўлсам ўламан, лекин динимга хиёнат қилмайман! 

Амира хонимнинг овози эшитилди яна:

– Гулдерен! Бўла қол, жаҳлимни чиқаряпсан! Сартарошга бор!

Гулдереннинг ўша кунги ҳолати кўз олдимдан ҳеч нари кетмайди. Елкалари осилган, кўзларида қайғу ин қурган, ўтирган жойида чўкиб кетгандек эди. Яна менга қаради:

– Жамила, онамнинг аҳволини кўряпсан, қара, мени қандай югуртиряпти. Бу аҳволини кузатиб, онамга раҳмим келяпти. Ҳар гал ойнага қараши ҳам мени оғринтиради.

Кўп ўтмай Амира хоним яна келди. Энг қиммат маржонини тақиб олганди, лекин у ҳам бўйнидаги ажинларни бекитолмаганди. Амира хоним у ёқдан-бу ёққа бориб келар экан, Гулдерен шивирлади:

– Шўрлик онам, буришиб кетган бўйнини қиммат маржон бекитади деб ўйлайди. Ўзига айтсам, ишонмайди. Камига ўзини кўрмаганга, билмаганга солади. Шу ҳолида нима ҳам дердим.

Амира хоним яна гапира бошлади:

– Нималар деяпсан? Мен ҳақимда гапираётганингни биламан.

– Тўғри, она! Бесаранжомлигингиздан ҳайратланяпман. Балга боряпсизми, исканжага боряпсизми, билиб бўлмайди. Бу қандай ўйин-кулги экан, аввали ҳам, охири ҳам стрессга тўла.  Бир нарсага тушунмаяпман, она, бошию охири стрессдан иборат жойга нега боряпсиз?

Она-қизнинг ҳолатини ҳайрат билан кузатдим. Гулдерен тинимсиз ёлворар, онаси бу ёлворишларга парво қилмасди. Кийимига дазмол босаётган Амира хоним тинимсиз гапирарди:

– Бу қизга нима бўлди, билмайман. Яна диндорлиги тутиб қолди! Нима хоҳлайди, билмайман.

Гуледерен қайғусини очиқлашга уринди:

– Нега билмайсиз, нега тушунмайсиз, она? Лайло насроний бўляпти.

Амира хонимнинг юз-кўзида масхараомиз ифода зоҳир бўлди. Кейин ўша ифода билан жавоб қилди:

– Бундан аввал нима эдики, энди насроний бўлсин. Хўп, бўлса сенга нима? Бўлса бўлсин, улар ҳам Аллоҳ дейди. 

– Дин фақат Аллоҳ дейиш билан бутун бўлмайди, она. Исломга кўра, мусулмон ўз динида бўлиши керак. Қолаверса, Ислом эътиқодида Аллоҳга шерик қўшмай Аллоҳга итоат қилинади, У юборган китобларга Ўзи буюргандек имон келтирилади. Одам ибодатларини тўлиқ бажармаса ҳам, имон келтириши керак. Яъни Исломда Аллоҳ қоидаларни шундай кўрсатган. Ўлган одам учун эмас бу қоидалар, тирикларга тавба қилиш имкони учун берилган. Ўликлар тавба қилолмайди.

Амира хоним энди дазмолни тез-тез босарди. Жаҳл билан дазмоллай туриб жавоб берди:

– Менимча, Жамила насроний бўлсин. Германияда ҳеч қайси мусулмондан яхшилик кўрмадим. Фақат насронийлардан яхшилик кўрдим.

Гулдерен бу гаплардан жуда ғазабланди:

– Такаббурлигингиздан мусулмонларга ҳатто салом ҳам бермасдингиз-ку! Насронийларга келганда бемалол эдингиз. Мусулмонларни кўрсангиз, юзингизни буриб ўтардингиз. Осмонингиздан тушиб, уларга яқинлашмасдан туриб эътибор кутишингиз муталқо ноўрин. Юзларига қарамасангиз, улар сизга қандай яхшилик қилсин? Яхшиликни қўйиб туринг, сиз қарамасангиз ҳам ёнингизга яқинлашишса, минг бир маломат йўллардингиз уларга. Энг камида, “Мен рўйхушлик бермасам ҳам, келаверишади”, дердингиз.

– Бўлди, бўлди! Яна динчилигинг тутмасин! Яхшигина ўзингга келгандинг, қайта бошлама!

– Она! Бу қайта бошлаш эмас! Лайло билан Таркан насроний бўлишяпти. Бунга қўл қовуштириб қараб ўтиролмайман!

– Бўлмасинлар. Уларга ким насроний бўл дебди?

– Исломни билишмайди, она! Атрофда ўрнак бўладиган мусулмон ҳам йўқ!

Амира хоним дазмолни столга алам билан уриб жавоб берди:

– Биз нимамиз бу ерда? Кофирмизми?

Гулдерен аччиқ-аччиқ кулиб, ҳайрат билан сўради:

– Нима?! Сиз ўрнак бўласизми, она? Нимангиз билан?

Узоқ баҳсдан кейин Гулдерен қарорини баланд товушда ифодалади:

– Мен бормайман, она! Мен алам ва изтироб чекяпман.

Амира хонимнинг жаҳли чиқди:

– Эсингда бўлсин, ҳайвонлар ҳам изтироб чекади, лекин кўнгилхушлик қилишни ҳам билади!

– Тўғри, лекин Эргун Гўзе айтганидек, ҳайвонлар фақат дард чекади, дард билан бирга изтироб туймайди.  Мен эса ҳам дард, ҳам изтироб чекяпман!

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1205 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1346 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1265 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1175 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1381 23:00 29.10.2019
« Орқага