Наср

Насроний атиргули (14-қисм)

1880

Жавобидан ҳайратга тушдим. Демак, ҳайвонлар изтироб ҳиссини билмас экан. Қизиқиш билан сўрадим:

– Эргун Гўзенинг мутафаккир билмасдим. Ажойиб мулоҳаза. Китобини ўқияпсанми?

– Ҳа, бу ҳафта еттита китоб ўқидим, қўлимдаги охирги китоб уники.

– Номи нима?

– “Уч буюк азоб”.

– Бўлди, эсладим! Устозимиз уйга вазифа қилиб берганди, бу китобни ўқигандим. Мавзуси сен қидираётган нарсалардан буткул бошқача. Бу китобдан нима кутгандинг?

– Ўтган замонда одамларнинг қандай ишлаганини, нималар қилишганини билмоқчи эдим. Тўғрироғи, инсонларни ишонтириш санъатини ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман. Кошки иеоговачиларнинг услубидек бизда ҳам бирор услуб бўлса-да, мен ҳам ўргансам. Шунинг учун ҳар куни битта китоб ўқияпман. Лекин одамларни ишонтириш йўллари ва услублари билан боғлиқ бирор китобга ҳануз дуч келмадим. Ҳар бир китоб бир нималарни ўргатади, лекин мен истаган нарсани ўргатмайди. Мен излашда давом этаман.

Амира хоним ҳайрат билан қизига қулоқ тутар экан, кўзлари ғазабдан ёниб кетди. Жаҳл билан қизининг устига бостириб келди:

– Менга қара, бундай ишларга ўралишиб юрма, ўлдираман сени! Е, ич, ўйнаб-кул. Хотиржамлик малол келяптими сенга?

– Ҳеч нарса қилмасдан тинчгина яшаш ҳаммага малол келади, она. Лекин ҳамма ҳам уни сезмайди. Ҳа, менга гуноҳларга бурканган тинчлик малол келяпти, бундай хотиржамликни истамайман!

– Яна мутаассиб динчилигингга боряпсан, лекин бунга йўл қўймайман!

Жаҳл билан Гулдереннинг хонасига бориб, унинг китобларини деразадан улоқтира бошлади. Тағин бор овози билан бақирарди:

– Ол, мана китобларинг! Динчиликни тарғиб қилган китобларинг. Фақат ахлатга лойиқ бу китоблар. Ол, ол, мана! 

Гулдерен билан мен эшикка келиб, унга қараб турардик. Энди тентаклик навбати Гулдеренга келганди:

– Бас, она, бўлди, бас! Мени ўз ҳолимга қўйинг! Сиз ёқтирган нарсаларни ёқтирмасам ҳам, тоқат қиляпман-ку! Сиз ҳам чиданг!

Иккиси ҳам баравар гапирар, лекин бир-бирларини эшитмасди. Аламидан чиқолмаган Амира хоним Гулдеренни сочидан тортиб бошини деворга ура бошлади. Бунга чидаб туролмадим. Отилиб кириб, дугонамни онасининг қўлидан қутқариб қолдим. Амира хоним энди менга ғазаб билан тикилди:

– Сен аралашма! Шундоқ ҳам сендан жаҳлим чиққан! Сен насроний бўлганинг учун бу қиз яна динчи бўлиб олди.

У менга бақирса ҳам, Гулдеренни қутқариб қолгандим. Бироздан сўнг бақириб-чақириб Амира хоним уйдан чиқиб кетди. Чиқаётиб ҳам ҳақорат қилишни унутмади:

– Мен чиқяпман, икки бетайин бирга қолавер!

Менга жаҳл қилгани юрагимни оғритди. Амира хоним чиққанидан кейин мен ҳам чиқмоқчи бўлдим, лекин бу гал Гулдерен қўйиб юбормади.

Ёлғиз қолишни истайман дегандинг, ёлғиз қолгин, дедим.

Нима десам ҳам, қўйиб юбормади. Унинг бу ҳолга тушишида менинг ҳам ҳиссам бор эди, албатта. Ўзича мени қутқариб қолиш учун уринаётганди. Буни ўшанда тушуниб етишим мумкин эмасди. Зеро, хатти-ҳаракатлар тилини тушуниш инсондан фаҳм талаб қилади. Тажриба эса вақт ва билим билан орттирилади.

Анча қоронғи тушиб қолганди. Гулдерен эса бўйнимдан қучиб ўксиб-ўксиб йиғларди.

– Сени асраб қололмаяпман, синглим. Сени ётларга бериб қўйяпман. Мен бағримга олмаган жигаримга албатта ё насроний, ё атеист, ёки мушриклар қучоқ очади. Ҳаракат қиляпман, лекин бўлмаяпти, – дея фарёд қилди.

Бўлмасди чиндан ҳам. Зеро, Исломнинг ярмида бобомни, ярмида Веранинг қайнонасини кўраётгандим. Гулдерен эса мени халос қилиш учун тинимсиз уринарди. Бу орада Исмат девонанинг овозини эшитдик. Кўчада лапар куйлаётганди:

Бу ер Мушдир

Йўли ўнқир-чўнқир,

Борганлар қайтмайди,

Ажаб, не ишдир?

Кўча томондаги айвонга чиқиб овоз бердим:

– Исмат, тинчликми? Жуда ғамгин кўринасан.

Тўхтади. Бир муддат менга жимгина қараб турди. Қарашларидан чўчидим, лекин у билан гаплашиш менга ёқарди. Яна сўрадим:

– Бунча ғамгинсан, нима бўлди яна?

Жавоб қилмади.

– Аллоҳ хайрингни берсин, нима бўлди?

Ўша ғалати нигоҳлари билан қараб туриб гапирди:

– Аллоҳ исмини эслайдиган сўнгги лаҳзалардасан. Бир кун келиб Аллоҳга Аллоҳ демайсан, Иегова дейсан. Балки мушрик, динсиз бирини севиб қоларсан, лекин мусулмонлардан нафратланасан. Аввал Қуръонга эҳтиромда бўласан, сўнг Қуръонни ёмон кўра бошлайсан. Барча динларга эҳтиромдаман дейсану, кун келиб бу хулосангдан Қуръонни чиқариб ташлайсан. Кейин учта китоб қолади. Балки Аллоҳнинг ҳаққи учта дегани шудир. Уч китобга иймон келтирасану, учаласига ҳам эҳтиром кўрсатган тўртинчи Китобга ишонмайсан. Охир-оқибат сен ҳам Аллоҳнинг ҳаққини ўз қоидаларингга кўра тайин этасан ва Аллоҳнинг ҳаққи учдир дейсан. Аниқ эмас, лекин шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Буларни сен билан Аросат майдонида янада чуқурроқ гаплашамиз, Жамила.

Кейин лапарининг давомини куйлай-куйлай нур тугаган нуқтада ғойиб бўлди. Овози узоқлардан келарди:

Осмонда булут йўқ,

Бу қандай туман экан?

Маҳаллада ўлим йўқ,

Бу қандай фиғон экан?

Бу ер Мушдир,

Йўли ўнқир-чўнқир

Борган қайтмайди,

Ажаб, не ишдир?

Гулдерен билан мен орқасидан қараб қолавердик. Мени қаерда кўрса, уч нарсадан узилишимни ва бу албатта юз беришини айтиб юрагимни сиқарди. Лекин юрағим сиқилса ҳам, ўзимни овутар, кўпинча эътибор бермасдим. Девона-да, гапираверади, деб қўярдим.

Шамолнинг изи

Гулдерен барибир Иегова шоҳидларининг ортидан улар кирган уйга бориб, билганларини тушунтииришга уринарди. Ким қанчалик таъсирланганди? Одамларнинг ўзидан билолмаса, хизматчиларидан ҳаммасини ўрганарди. Унинг бу ғайрати менга ёқарди. Бир куни Лайло билан гаплашдик. Лайло кун келиб Гулдеренни Иегова шоҳиди қилишига ишонарди. “Бирданига бўлмайди”, – дерди. У ҳам бирданига бўлмаслигини биларди.

Орадан бир йил ўтди. Мен ҳам лицейга борар, ҳам иеговачилар берган китоблар ва варақаларни ўқирдим. Ҳафтада бир Лайлоларникида дарс қилардик. Инжилдан оятлар ўқилар, бу оятларда нима демоқчилиги изоҳланар эди. Албатта, Инжил пайғамбар тилидан изоҳланмагани учун замона кишилари изоҳларди. Қуръон эса пайғамбар томонидан изоҳланган, қолаверса, олимлар ҳам бу жараёнда иштирок этган. Ҳар асрда Қуръон тафсир қилинган экан, лекин мен буларни билмасдим.

Мусулмонлар Қуръон оятларини қандай изоҳлаганини билмаганим учун Иеогова шоҳидларининг изоҳлари менга жуда ёқарди. Чўқинтирилмаган бўлсам-да, энди иеговачи бўлган эдим.

Таркан билан тез-тез учрашардик. Унга маҳлиё эдим, жаноблик бир йигитга шунчалик ярашишини билмас эканман. Буни Тарканда сезгандим.

Бир куни бобом билан ўтиргандик, Верадан гап кетди. Бобомга Веранинг яхшилигини айтдим. Энди инсонларни ишонтириш йўлларини ўрганган эдим. Боз устига, бобом айтиб берган бир ҳикоя бор эди. Муҳаммад пайғамбар уйига келган яҳудийнинг остига ўз кийимини солган экан.

– Шу жиҳатдан олиб қаралганда, “Ислом динингиз” мусулмон бўлмаганларга ёмон муносабатда бўлишга буюрмаса керак, – дедим. Нима десам ҳам бобомнинг фикрини ўзгартиролмасдим. У фақат шундай дерди:

– Айиқдан пўст, кофирдан дўст бўлмайди!

Бобомнинг мутаассиб ҳолини кўриб, дарров Иегова шоҳидлари билан уни таққослардим. Бобом жуда жоҳил, Иегова шоҳидлари жуда меҳрибон эди. Улар ҳеч кимдан нафратланмасди. Мусулмонлар ҳам шундаймиди? Мусулмонлар гинали ва адоватли эди.

Эртаси куни Веранинг тувакка гул экаётганини кўриб қолдим. Нималигини сўрадим.  Юз-кўзидан меҳр ёғилиб, самимий жавоб қилди:

– Бу насроний атиргули, бобонгга айт, буни Италиядан олиб келдим.

Илтимос қилиб, мен ҳам бир илдизидан олдим. Бир қарасам, Исмат девона бизни кузатаётган экан. Лайлоларнинг айвони кўчадан бир метрча баландда эди. Исмат девонага атайдан атиргул кўчатини кўрсатдим.

– Исмат қара, уйимга насроний атиргулини экаман.

Унинг жавобига жуда қизиқаётгандим.

– Экавер, бутун гулу гиёҳлар Аллоҳникидир. Атиргулнинг насроний, мусулмони бўлмайди. Кимнинг атиргули бўлса ҳам, насроний ёки мусулмон бўлиб эмас, атиргул бўлиб ўсади. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом атиргулни жуда яхши кўрганлар…

Кейин гапни бошқа ёққа бурди:

– Қачон чўқинмоқчисан?

– Билмайман. Ҳамширалар қачон деса, ўшанда.

Фикримдаги қарама-қаршиликлар тугаб битмаганини улар ҳам билармиди шекилли, мени ҳали чўқинтиришмаганди ва мен ҳануз аниқ Иегова шоҳиди бўлмагандим. Лайло чўқинтирилганди, Таркан ҳам чўқинтирилиш арафасида эди. Мен ҳалиям чўқинтирилмаганимдан ўкинардим.

Қолаверса, миямда бир савол чарх урарди: Иегова шоҳидлари Аллоҳ ва бандаси орасида кўприк деб билганлари поплардан ғазабланар экан, чўқинтириш билан улар ҳам поплар қилган ишни қилмайдими? Исломда бўлганидек, нега истаган пайтмида Аллоҳнинг динига киролмайман? Нега бир бандадан кўрсатма олишим керак?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар миямда айланарди. Бунга бироз Гулдерен ҳам сабабчи эди. Менга ўз таъсирини ўтказаётганди. Ўйларим айқаш-уйқаш эди. Демак, буни улар ҳам биларди.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1206 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1382 23:00 29.10.2019
« Орқага