Наср

Насроний атиргули (15-қисм)

1743

Бир куни уни ҳам тадқиқ кунига таклиф қилдим. Эшитди. Иегова шоҳидлари билан гаплашди. Улардан такрор-такрор бир нарсани сўради:

– Сиз эътиқодингизни ўрнига қўясиз, мен сизлардан эмас, ўзимиздан ғазабланаман. Сизлардан жаҳлим чиқадиган бир жиҳат бор: ўйлайманки, Иегова шоҳидларининг ҳаммаси ҳам сизлардай эмас, Қуръонга ҳаддан ортиқ ҳужум қиласизлар. Бир китобда ўқигандим, баъзи Иегова шоҳидлари тарафдорларига шу қадар Исломни ёмон кўрсатишадики, кейинчалик иеговачи бўлишдан воз кечганлар нима бўлса бўладики, лекин мусулмон бўлишмайди. Нафрат иликларига қадар сингиб кетармиш. Қарасам, сизнинг талқинингиз ҳам ҳар фурсатда Исломни болталашга йўналтирилган. Боз устига, талқинларингизнинг жуда ғалати бир жиҳати бор: Исо алайҳиссалом ва Марямга иймон келтирган Исломга қаршисизлар. Исо алайҳиссалом ва Марямга иймон келтиришни қўяверинг, уларни ҳурмат қилмай ҳақорат қилганлардан бунчалик нафратланмайсизлар. Баъзида мулойимлик билан танқид қилиб ўтасизлар, холос. Бу мулойимлигингиз Исломга келганда, қайга йўқолади, билмайман. Ёхуд баъзан шундай ўйлайман, Исо алайҳиссалом  вафотидан 2000 йил ўтганига қарамай, замонавий юз йилликка қадар ташкил қилинмаган иеговачилар фақат Исломни ёмон кўрсатиш учун ташкил қилиндими?

Иеговачи Гизем гапни бошқа жойга буриб жавоб қилди:

– Сиз мутлақо Иегова шоҳидларига қаршисиз. Унутманг, Туркия жумҳурияти динимизни расман тан олган!

– Сиз эса Исломга қаршисиз! Устига-устак, ҳар фурсатда Исломни ерга уриб гапирасиз. Бизнинг динимиз ҳам Туркия жумҳурияти расман қабул қилган дин, ҳарқалай. Туркия жумҳуриятининг қонунлари сизнинг эътиқодингизга ҳурмат бажо келтириб, бизнинг эътиқодимизни камситмайди-ку…

Баҳслашувлар одоб доирасида давом этар экан, яна Самира хоним келди.  Вой-бў, уларни нималар деб ҳақорат қилмади, ақлим тўхтаб қолди, лекин уларнинг жаҳли чиқмади. Ғоят маданият билан жавоб бериб, ўзларини босиқ тутишди. У эса ҳақоратларини давом эттирарди.

– Текинга китоб тарқатяпсизларми? Пулни қаердан оляпсизлар? Бизга келган варақа билан Германиядаги қизимга келган варақа бир қаламдан чиққан. Бутун дунёга бир хил варақа тарқатяпсизлар. Сизларни Америкадан бошқаришаётган эмиш. Сизни алдашяпти, лекин сизлар кўрсизлар, кўрмаяпсизлар. Ҳаммангиз мунофиқсизлар! 

Шу жойида Гулдерен чидай олмади:

– Самира опа, илтимос, тинчланинг. Қолаверса, булар мунофиқ эмас. Улар имонига кўра яшайди. Уларга нима, қандай талқин қилинган бўлса, улар ҳам уни талқин қилишяпти. Бу ерда мунофиқ, имонига кўра яшамайдиган сиз ва менман, – деди.

Самира опа ғазаб билан сўради:

– Сен буларнинг ёнини оляпсанми?

– Йўқ, янглиш эътиқод бошқа нарса, мунофиқлик бошқа нарса. Балки бу ташкилотни ташкил қилганлар орасида ҳам мунофиқлари, бошқача мақсадда юрганлар бордир. Улар бу эътиқод қилган кишиларни аралаштирмаслик керак. Эътиқодингиз янглиш дейишимиз мумкин. Унутманг, Ислом дини ким бўлишидан қатъи назар, бировга бўҳтон қилишга йўл қўймайди.

Кунлар шундай ўтарди.

Энди ўйласам, мени узоқ йиллар чўқинтирмаган иеговачиларнинг режасига ҳайрон қоламан. Фикримдаги қарама-қаршиликни қандай билишган экан? Демак, улар психологдай бўлиб кетишган. Бўлмаса мендаги қарама-қарши фикрларни қаердан пайқашарди? Нега ҳалиям мени чўқинтирмаяпсизлар, деб сўраганимда, “сабрни ўрганишинг керак, шошилма, биз сени худди ўзимиздай кўряпмиз, бунга шубҳа қилма”, дейишарди.

Бор-йўғи бир диний ташкилот шу қадар эҳтиёткорлик билан кузатиб, ишини пухта бажаришни қандай уддаларди, мен буни ҳалиям тушунолмадим.

Менга немис қизлари қилмаган ёмонликларни қилган, ёшлигимда дўст номи остида эркакларнинг қучоғига итқитган ёшлик ва нодонлигимнинг ожизлигидан фойдаланган хонадош ўртоғим Селмаларникига ҳам бир-бир боришни унутмасдим. Янгича қарашларимни улар билан ҳам бўлишиб келардим. Шу қадар чин дилдан ишлардимки, ҳар доим Иегова шоҳидлари ҳақида гапирардим.

Жуда банд эдим. Аммо бу қийноқларим, бандлигим, машаққатим тотли эди. Чунки мен ўзгарган эдим. Селмалар ҳам бунга ҳайрон эди. Ниҳоятда ор-номусли бўлган иеговачи қизлар менга ориятнинг жинс билан боғлиқ жиҳатларини ўргатишганди. Улардан бу нарсани ҳис қилишимга сабабчи бўлишгани учун миннатдорман! Ҳали ҳам мен билан шуғулланган ўша ҳамширани кўрганимда ўзларига ҳам шунақа дейман.

Мени Иегова шоҳиди насроний қилиш учун роппа-роса уч йил шуғулланишди. Бу тилга осон эди. Уч йил бўйи менга иффатни ўргатишди. Қиз билан йигит никоҳсиз бир-бирининг қўлини ҳам ушламаслигини тушунтиришди. Мен учун хизмат қилишди. Ҳатто ҳозир ҳам бу яхшиликлари учун миннатдорман. Қандай гўзал сабр эди уларнинг сабри? Ҳалиям сабр-тоқатларига ҳайронман. Яна бир хусусиятлари, илк давраларда Исломга қарши гапирмасдан, кишининг нуқтаи назарини Исломга танқидий қарашга ўгиришарди. Бу ишни уддалашарди ҳам. Уларга буни қандай уддалайсизлар деб ким танбеҳ бера оларди? Ҳар бир ишдан олдин кўп ўқишарди, лекин мен илк бор буни мусулмонлардан эмас, улардан эшитганим учун бу нарсалар Инжилда бор деб ўйлардим. Қолаверса, менга жуда ғалати туюларди. Гулдерен эса қаҳрдан ўзини қўярга жой тополмасди. Охирида унга ҳам қармоқ ташлаб кўришди. Қизнинг иродаси мустаҳкам экан. “Ислом мукаммал дин, менинг Раббим хато қилмайди! Мен исломий қоидаларга кўра яшамасам ҳам, ўлгунимча динимга эътиқод қилишга ва уни ҳимоя қилишда давом этаман!” – дерди.

Тинимсиз ўқирди. Ёзувчиларга мурожаат қилиб маълумот сўрарди. Баъзи ёзувчилар “Иегова шоҳидлари ҳақида ҳеч нарса билмайман” деган маънода жавоб беришса, ақлдан озар даражага етарди. “Қандай қилиб Исломга ўчакишган диний ташкилот ҳақида бирор маълумотга эга бўлмаслиги мумкин? Қандай қилиб бунга аҳамият беришмайди?” – дея фиғони фалакка ўрларди.

Онаси билан зиддиятлари ҳам аввалгидек давом этарди. Лекин Гулдерен асло эътиқодидан воз кечмас, ҳар куни янада илмли, янада жасур бўлар, янада фаоллашарди.

Иегова шоҳидлари Амира хонимга ҳам қармоқ ташлаб кўришди, лекин уни қўлга туширишолмади. Иеговачиларнинг “ўлимдан сўнг охират йўқ, одамлар яна бу дунёда тирилади” деган эътиқоди Амира хонимга терс келди. Шунинг учун ўзи билан фахрланарди.

– Гапни қаранглар, нариги дунё йўқ эмиш. Одамлар шу дунёда яшармиш, лекин бу дунё ўшанда жуда гўзал бўлармиш, одамлар шу ҳолатда экиб-ўрармиш. Шундай бўлиши мумкинми? Дунё яралгандан бери жаннатий инсонларнинг пойабзалларини дунёга қўйишса, ер юзи уларнинг пойабзалига ҳам етмай қолади, – дерди.

Бу бошдан оёқ залворли маъно касб этган жумлани Амира хонимнинг ўзи айтганига ҳеч ақлим етмасди. Ҳатто бир гал қўлига қоғоз-қалам олиб ҳисоблаб чиқди ҳам.

Хуллас, бир жуфт пойабзал 15 сантиметр квадрат жойни эгалласа, дунё бунёд бўлганидан то қиёматга қадар энг камида беш триллион одам жаннати бўлади. Беш триллион марта 15 сантиметр квадрат қанча бўлишини ҳисоблашимиз керак, деган тушунарсиз қарашларини ҳам билдирганди.

Бу аёлни буларни мулоҳаза қиладиган савияси йўқ, дедим ўзимга-ўзим. Лекин шу гапларни у айтган эди.

Бир куни ким айтганини ҳам билиб олдим. Бу ҳисобни унга Исмат девона ўргатган экан. Ажабо, ҳар куни Исмат девона эътиборимни тортяпти. Девона бўлса ҳам мени ҳайрон қолдирарди.

Вера берган атиргулни бир тувакка ўтқаздим. Шундай гўзал очилдики, бир бор кўрган яна унга қарарди. Бобом ҳар кўрганида:

– Шундай гўзал атиргулга нега “насроний атиргули” деб ном қўйишибди, а? – дерди. Чиндан ҳам атрофдагилар бу гулни “насроний атиргули” дейдиган бўлди.

Аслида бу ном ҳазилдан чиққанди, энди мен ҳам унинг “насроний атиргули” эканига ишонардим. Кейинроқ у гулдан ҳовлимизга ҳам ўтқаздик. Вера ҳар кўрганида менга ҳазиллашарди:

– Бобонгга айт, насроний атиргули мусулмон ҳовлисига жуда ярашибди!..

Бир куни тадқиқ дарсида гап диний эркинлик ҳақида кетаркан, тадқиқчи ҳамшира:

– Ислом бошқа эътиқодда бўлганларга яшаш ҳуқуқини раво кўрмайди, – деди. – Бир оятда сиздан бўлмаганларни ўлдиринг дейилган.

– Асло ундай эмас, – дея унга эътироз билдиргандим, у давом этди:

– Фақат шу эмас, сиздан бўлмаганларни тутиб, қўл-оёғини кесинг дейди, истасангиз, буни Қуръондаги оят билан исботлайман.

Мен қуюшқондан чиққандим. Зотан исёнга шай феълимга бу гап сабримни тоширган сўнгги томчи бўлди. Бор овозим билан бақирдим:

– Мен бундай динни истамайман!

Қуръонга ёғдирмаганим ҳақорат ва маломат қолмади. Яна бир нарса эътиборимни тортади: нечта иеговачи кўрсам, “биз Қуръонни ўқигандик, биз мусулмон эдик лекин шу сабаб бўлдию Исломдан чиқдик”, дейишарди. Ҳаммаси қандай қилиб Қуръонни билиши мумкин, дея ўйлардим. Қуръондан бир нечта саҳифа ўқиб, биз Қуръонни ўқидик дейишармиди? Бу қандай тасодиф эдикки, мен дуч келган Иегова шоҳидлари Қуръонни билишарди. Бунинг жавобини ҳам бир неча йилдан кейин билдим.

Хуллас, мен маънан шоҳид бўлаёзгандим. Исёнларим кескинлашиб, тадқиқ дарсларини яхши ўзлаштирганимдан сўнг тадқиқчим хушхабар айтди: мени яқинда чўқинтиришар экан. Жуда севиндим. Севинч кўз ёшларим билан Лайлони қучиб йиғладим. Янгидан туғилганимга ишонардим. Гулдерен қанчалик хафа бўлиши хаёлимга ҳам келмабди. Унга боришим ҳам тентаклик эди. Уйга келганим заҳоти уникига югурдим. Онаси ҳам уйда эди. Эшикни Гулдерен очди. Уни кўрган заҳоти қувончдан қийқирдим:

– Гулдерен! Бугун чўқинтирилишим ҳақида хушхабар эшитдим!..

Сўнг бирдан эсладим: Гулдерен хурсанд бўлмайди-ку, қанақа ахмоқлик қиляпман?

У афсус билан бошини сараклатиб қаради менга:

– Демак, насроний бўлдинг-а?

– Йўқ, Иегова шоҳиди бўлдим.

– Менимча, бироз фарқ билан иккиси ҳам бир нарса. Кел, ичкарига кир, – деди. Кўзлари ёшга тўлганди. – Демак, сени уларга бердикми? Табриклайман, муродингга етдинг!

Қувониб қийқирдим:

– Сенга ҳам насиб этсин! Яқинда сен билан биродар бўламиз..

Юмшоқ ўриндиққа ғамгин чўкиб жавоб қилди:

– Мен билан биродар бўлиш сенга муҳим бўлса эди, мени ташлаб кетмасдинг. Сенга менинг биродарлигим эмас, уларнинг биродарлиги керак эди, керагини танладинг.

Кўзларидан оқаётган ёшлар селоб каби Гулдереннинг юзини юваётганди. Мен учун югуриб елган, мен учун вақтини сарфлаган дўстларни кўргандим, лекин мен учун бунчалик чин дилдан йиғлаганини кўрмагандим. Унга ҳамон миннатдор оҳангда шундай дейман: “Сени бир умр унутмайман, Гулдерен! Сен энг яқин жон дўстим ўлароқ умр саҳифамдаги ўрнингдан ҳеч чиқмайсан”.

Ким биров учун бунчалик кўз ёш тўкардики?  Онаси яна бор овози билан бақирди унга:

– Биров билан ишинг бўлмасин! Қара, қиз уларга қўшилиб тартибга кирди. Ўтириб-туриши, гап-сўзи ўзгарди. Бу қизни фақат ўшалар одам қилди. Хурсанд бўлиш ўрнига хафа бўлишингни қара!

Минг турли қиёфага кириб мени ҳайратлантирарди, лекин кўнглимга яқин олмасдим. Амира хонимга кўп аҳамият бермасдим. Чунки одамийлиги йўқ эди. Одамийлиги йўқ эди, негаки такаббур аёл эди.

Гулдерен овозсиз йиғларкан, ҳорғин ва ғамгин товушда жавоб берди:

– Сиз буни тушунмайсиз, она. Бу кўз ёшлар сабабини сиз тушунолмайсиз. Булар мутлақо бошқача кўз ёшлар. Умрингизда бундай кўз ёш тўкмагансиз. Сен эса, Жамила, зинҳор мендан узоқлашма, хўпми? Мендан нафратланма. Агар ёмон кўриб қолсанг ҳам, буни менга айтма. Биламан, эътиқодинг талаби билан мени ёмон кўриб қоласан, лекин нафратингни ичингга яшир.

Инсон сифатида қаттиқ таъсирландим. Лекин умидимни узмагандим. “Бир куни сен Иегова шоҳидларидан бўласан”, – деб қўйдим. Курашимиз энди бошланганди. Мен ҳам “бирдан бўлмайди”ни билгандим.

* * *

Бобомга мавридини топиб айтдим. Жаҳл қилди, бақирди, кейин индамай қўяверди.

– Билганингни қилмайсанми?! – деди.

У дадамдан жуда хафа эди. Дадам динимни ўзгартирганимга жаҳли чиқади деб ўйламайман. 

– Динда айирмачилик қилганларни тушунмайман, – дегани тез-тез қулоғимга чалинарди. Шундан келиб чиқадики, мен қайси динга кирсам ҳам, мендан жаҳли чиқмасди. Бундан хотиржам эдим.

Лицейни бир амаллаб битирдим. Энди Германияга қайтиш учун тайёрланаётгандим, Лайло менга бир хушхабар айтди:

– Менинг бир ўртоғим бор. Айюбда ўтиришади, эсингдами, исми Айнур?

– Эслолмаяпман, унга нима қилибди?

– Уни ҳам бизнинг биродарлар қўлга олишибди. Кеча мен ҳам бироз шуғулландим. У ҳам яқинда ўзимиздан бўладиганга ўхшайди.

Бу хабардан жуда севиндим. Ишга жиддий киришиб, ғайратим ортди. Кўп ўтмай ибодатхонамизда Лайло мени Айнур билан таништирди. Айнур ҳамон йўл бошида эди, лекин қизиқиши бор қиз эди. Лайло унга яқинда менинг чўқинтиришимни айтди. У мендан сўради:

– Қачон чўқинтириласиз?

– Билмайман, лекин яқинда.

– Оилангиз нима дейишди?

– Ҳали ҳеч нарса дейишмади, чунки билишмайди. Билганларида ҳам ота-онам учун унчалик аҳамиятли эмас. Хўш, сизнинг тадқиқингиз тугадими? Шоҳидлардан бўлдингизми? – қизиқиш билан ундан сўрадим.

– Тўғриси, ҳозир иккиланиб турибман, лекин шоҳидларга яқинман. Ислом менга кўра эмас. Шоҳидларнинг айтишича, Қуръонда Аллоҳ “Мен сизга рухсат бермасам ҳам, сиз бошқа динга эътиқод қилдингизми? Мен сизларнинг қўл-оёқларингизни кесаман” деган экан. Шундай динни қабул қиламанми?

Айнурнинг кўзларига севинч билан қарадим. Уни қўллаб-қувватлайдиган оҳангда жавоб бердим:

– Ҳа, шундай экан. Мен ҳам шундан жаҳлим чиқди. Хўш, бундан аввал диндор эдингизми?

– Унчалик эмас, лекин мусулмон эдим. Шоҳидлар сабаб бўлиб кўзларим очилдим.  Тадқиқим давом этяпти, яқин кунларда мен ҳам шоҳид бўлиб имон келтираман.

Бу қисқа суҳбатдан кейин бошқа биродарлар билан танишдим. Биродарлар суҳбатлашишди (аёллар ибодат масканида суҳбатлашолмасди) Ҳаммаси биз учун қизиқ гаплар эди.

Энди Айнур билан иноқлашиб кетдик. Бироз муддатдан кейин ўртоқ бўлдик. У билан тез-тез учрашиб турардик. Бир куни Лайлонинг уйида эдик, у ҳам келди. Сабрим чидамай дарров сўрадим:

– Қандай бўляпти? Янги ҳаётингдан хурсандмисан?

Айнур бироз ўйланиб қолди:

– Ёмон эмас, – деди сўнг. – Менга жиддий эътибор беришяпти. Лекин миямда тинчлик бермаётган саволлар ҳам йўқ эмас. Вақти келиб ўтиб кетар экан, лекин ҳозирча мени безовта қиляпти. 

Ҳар доим хизматга тайёр аскардай ҳаяжонли эдим, ҳамон унинг муаммосига ечим топадигандек, қўярда қўймай сўрай бошладим:

– Сени қандай ўйлар безовта қиляпти? Менга айтишинг мумкин, сенга ёрдам бераман.

Менга ишонганидан иккиланмай сўради:

– Авваллари Қуръондан айрим далилларни келтиришарди. Қуръонга эҳтиромда эканликларини айтишарди. Уларга яқинлашганим сари баъзи нарсалар ўзгаряпти. Яқинда билдимки, улар Қуръонга ишонишмайди. Хуллас, қарама-қарши ўйларим бор. “Сизлардан бўлмаганнинг қўл-оёғини кесинглар” деган Қуръонга, албатта, ишонмайдилар, тағин билмадим. Худди ҳар куни бир нарсалар ўзгараётгандек. Аввал-бошида Қуръон ҳақида эҳтиром билан сўзлашарди, энди нафрат билан гапиришади. Модомики, ёмон кўришар экан, буни аввал нега яширишди? Шу ростгўйликданми энди? Шунинг учун ҳам қарама-қарши ўй-хаёллар гирдобидаман.

Жуда оқилона кузатув эди бу. Айнур билан рўпарама-рўпара ўриндиқлардан жой олдик. Бу орада у менга кескин савол берди:

– Жамила! Бизга Қуръонни улар изоҳлашяпти, сенингча бу ғалати эмасми?

Исмат девонанинг гапларини эсладим. Менинг ҳам миямда шунга ўхшаш саволлар айланарди. Уни тинчлантириш учун бор кучим билан ҳаракат қилардим. Мени жимгина эшитди лекин ҳеч фикри ўзгармади. “Қуръонни Иегова шоҳиди насроний эмас, диндор мусулмон изоҳлаб, ўргатиши керак эмасми?” – дерди. Албатта, у ҳақли эди, лекин буни англаш учун уч нарса керак эди: илм, баҳслашмасдан тинглай олиш хусусияти ва қобилияти. Менда бу қобилият йўқ эди. Суҳбатимиз тугаганидан сўнг уни кузатиб қўйдик. Бу орада Таркан ичкарига кирди, бизга салом бериб, Лайлога деди:

– Исмат девона вилламиз ёнида ўтирибди. Ўзини ғалати тутяпти, саволларимга ҳам жавоб бермаяпти.

Хавотирландим, ажабо, нима бўлди унга? Ҳаммамиз ундан хавотир олдик. Дарров кўчага чиқдик. Ёнига бордик, салом бердик, алик олмади.  Худди бизни танимайдигандек эдик. Саволларимизга жавоб бермасди. Лекин мунгли кўзларини менга тикканди. Бир муддат алам билан тикилиб тургач, сўради:

– Нима гаплар,  Насроний атиргули? Ҳаётингдан хурсандмисан?

Ҳайрат билан нигоҳларидан чўчиб жавоб бердим:

– Бу менинг янги исмимми?

– Ҳмм… Бу исмни сенга мен қўйдим. Ёқдими? Айтганча, сенга шеър ёзгандим, кейин йиртдим.

Уни тушунолмасдик. Кейин “жинни-да, нима қилса қилаверсин” дея ортимизга қайтдик.

Юрагим сиқила бошлади. Бу одам мендан нима истарди? Насроний бўлгандим, агар сабаб шу бўлса, Лайло ҳам насроний бўлганди. Нега унга ҳеч нарса демасдию, мени кўрса ғалати гаплар гапирарди. Вера бу тентак менга ошиқлигини айтди. Қўрқувдан музлаб қолдим. Ҳаммаси менга куларди. Улар ҳазиллашарди, лекин мен чин санаб, чўчирдим.

* * *

Маҳалладагилар динимизни ўзгартирганимизни эшитишганди, лекин динсизлигимизга овозини чиқармаган маҳалланинг катталари насроний бўлганимизни қабул қилишолмаётганди. Кейинчалик бунга ҳам ўрганишди. Ўрганишди, чунки Лайло ҳам, мен ҳам жуда гўзал сўзлардик. Лайло катта иштиёқ билан хизмат қиларди, чўқинтирилди ҳам. Ниҳоят майдонга чиқа бошлади. Майдонга чиқиш нима дегани дейсизми? Бир шоҳид аввал жуда мукаммал тарзда етиштирилади, имонидан амин бўлингач, чўқинтирилади. Чўқинтиришдан кейин тадқиқчиси томонидан кузатувга олинади, билимлари ривожлантирилади. Баъзан бирор Иегова шоҳиди номзоди чўқинтирилмасдан ҳам донороқ бирорта шоҳид билан майдонга чиқиши мумкин. Бу вақт ичида қандай ривожланаётгани кузатилади. Тушунтириши, фикрга таъсир этиш қобилияти аниқланади. Кейин тажрибали бир шоҳид билан эшикма-эшик айланиб юриш вазифасини бошлади, мана шу майдонга чиқиш дейилади.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1206 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1382 23:00 29.10.2019
« Орқага