Наср

Насроний атиргули (17-қисм)

1407

Бирдан эсимга тушди: Гулдерен Содиқ бейга “Минора” журнали келганини кўриб хафа бўлган ва: “Бу насронийлар журнали, сиз нега ўқияпсиз?” – деб сўраганди. “Бу биродарларим чоп этаётган журнал”, – дегач, Содиқ бейнинг ҳам Иегова шоҳиди бўлганини билган.

Кўп ўтмай бизга чой олиб кирган Содиқ бей ҳаётидан мисоллар келтириб, шоҳид бўлишнинг муҳим жиҳатлари хусусида гапириб берди.

– Иеговадан миннатдорман, инсонлигимни энди билдим. Соғ бўлишсин, биродарларим мени тирилтиришди. Авваллари кўзим кабутарларимдан бошқа нарсани кўрмасди. Хотиним ва болаларимдан шунинг учун айрилдим. Қўни-қўшни, бошқа одамлар билан ҳам кўришмасдим. Ҳатто салом бермаслик учун бошимни ўгирардим. Энди ҳар оқшом биттаси билан суҳбатлашаман. Ўз қобиғимга ўралашиб, зерикиб юрган кунларимни эсласам, бошим айланади. Шўрлик хотинимга ҳам кўп зулм қилдим, одамлардан қочадиган, фақат ҳайвонларни севадиган одам эдим. Энди инсонлигимни эсладим, ҳаётим ўз ўрнига тушди, – деди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳайратланарли ҳол эди. Иегова шоҳидлари гўшт ва суякдан иборат бу махлуқни одам қилишганди. Аввалги танбал, индамас одам кетиб, ўрнига фаол одам келганди. Демак, Иегова шоҳидлари одамларни яхши танир эди. Яхши танишмаса, бу “мўъжиза” рўй бермасди.

Содиқ бей билан анчагача гаплашиб ўтирдик. Кейин устки қаватга чиқдик, иккинчи рақамли хонадонга кирмадик. Гулдерен мени кўриб, азоб чекишини истамасдим. Уни шоҳидлардан қилганимдан кейин мени вазифамни бажараётганимда кўриб қолса, парвойимга келмасди. Ҳатто бундан ғурурланардим. Тўғри учинчи рақамнинг қўнғироғини босдик. Бу хонадонда кекса бева аёл эридан ажрашган қизи билан яшарди. Бу она-қизлар маҳалламизда машҳур эди. Она қачон қараманг деразадан денгизга қараб ўтирар, бўғоздан ўтадиган юнон кемаларига алланималар деб ғудраниб ўтирарди. Кекса аёл бу кемаларда Грецияга тонна-тонна қурол ташилаётганини иддао қиларди. Туркияни ишғол қилиш учун Ғарбдан келтирилаётган қуроллар дея тушунарди.

Кекса аёл баъзан Мармар денгизи учун йиғларди:

– Денгиздан авваллари денгиз ифори тараларди. Энди эса ахлат иси анқийди. Бефаросат одамлар денгизга ахлат ташлаяпти. Шундай гўзал денгиз ҳайҳотдай ахлатзорга айланди, – дерди.

У маданиятли ва тушунган аёл эди. Лекин баъзи масалаларда маданий бўлишнинг ўзи маданият учун етарли эмасди. Эсимда, бир гал бу она-қизнинг жанжалига гувоҳ бўлгандим.  Кекса аёл қизига бақирарди:

– Қоматим хунук бўлади деб менга набирали бўлишни ҳам кўп кўрдинг!

– Сиз эса қоматингиз бузилишидан қўрқиб иккинчи бор фарзанд кўрмадингиз. Шу дунёда биргина туғишганим йўқ! – дея жавоб қилди қизи.

Она-қиз бой эди. Айниқса, қизи жуда бой эди. Унинг пулига шерик бўлиш учун орқасидан бир нечта эркак парвона бўлар, у эса ўзига “мафтун”ларнинг кўплигини гўзаллигидан деб биларди. Ўзи эллик беш ёшларда эди. Демак, ақл ёшда эмас, бошда деган гап унга жуда мос келарди. Барибир уни яхши кўрардим. Яхши инсон эди, зарари ўзидан бери келмасди. Бахтли кўринишга уринарди. Лекин мен ҳатто бахт нималигини ҳам билмасди деб билардим.

Хаёлимдан шулар ўтиб турганида эшик очилди. Эшикни қизи очди. Кўзойнаги тақилмагани учун мени таниёлмади. Шоҳидларга қаради, юзини буриштириб қўполлик билан:

– Нима керак сизларга? – дея сўради.

 Қизлар бу қўполликни билмаганга олиб жавоб қилишди:

– Сиз билан бироз гаплашмоқчи эдик, ичкарига кирсак бўладими?

Пули кўпнинг қўрқуви ҳам катта бўлади, менимча, Жулида хоним қўрқаётганди. Кескин жавоб қилди:

– Ниман гаплашмоқчисизлар?

– Ҳамма нарсани гаплашамиз. Лекин биз дин хусусида жиддий гаплашмоқчимиз.

Бир қўли билан эшикни тутиб олган Жулида хоним ўша ифода билан жавоб қилди:

– Дин муҳокама қилинадиган нарса эмас!

– Муҳокама қилмаймиз, фақат гаплашамиз.

– Гаплашадиган гапим йўқ! Шундоғам, диним бор менинг. Мусулмонман.

– Биз ҳам мусулмонмиз. Яхши-да, мусулмон нима дегани? Аллоҳга итоат қилувчи дегани. Биз ҳам Аллоҳга итоат қиладиганларданмиз.

Даврнинг энг катта сафсаталаридан бири шу эди менинг назаримда. Шоҳидлар илтимос қила бошлади:

– Илтимос, бизни эшитинг, ўзимиз учун эмас, сиз учун ҳаракат қиляпмиз. Сизга заррача фойдамиз тегса, ниҳоятда бахтиёр санардик ўзимизни.

Бу гап-сўзларни ичкаридан эшитган кекса аёл эшик олдига келди, бўйнини чўзиб бизга қаради:

– Нега бу қизларни остонада куттириб қўйдинг? Меҳмонларни ичкарига ол, гаплашайлик. Зотан, ҳеч ким ёнимга келмайди, юрагим сиқилиб кетган.

Жулида хоним бизни истамайгина ичкарига таклиф қилди. Кириб, кўрсатилган жойга ўтирдик. Жулида хоним нонушта тайёрлаётганди, бу ҳолатидан хижолат чекди ва ғудранди:

– Хизматчимга икки кун таътил бердим, энди ҳамма иш ўзимга қоляпти.

Бунга жаҳли чиққан кекса она гапини бўлди:

– Амина фақат сенинг эмас, менинг ҳам хизматчим. Уй бошқарувини қўлингга олиб бўлибсан чоғи, бу уйда мен йўқдай гапиряпсан!

Шоҳидлар бу она-қизга ҳайрат билан қарашар, тезроқ мақсадга ўтишни исташарди. Ниҳоят сўз навбати уларга келди. Лекин ташқарига чиққанимизда: “Бу қариялар вақт сарфлашга арзимайди”, – дейишди. Ҳақиқатан ҳам, арзимасди. Шоҳидлар моҳир бўлиб кетган эдики, буни шу заҳоти тушуниб етишди. Устки қаватларда айланиб юрдик. Биринчи қаватга келганимизда лифт олдида қўрққаним юз берди: Гулдерен билан учрашиб қолдик. Гулдерен билан кўзларимиз тўқнашганида худди гуноҳ иш устида қўлга тушгандай уялиб кетдим. Бу ҳолат мендан бошқа ҳеч қайси шоҳидда юз бермайди, деб ўйлайман, лекин менда шундай бўлди. Бир неча сония Гулдерен билан кўзларимизни бир-биридан ололмадик. Жуда яхши биламанки, мени улар билан бирга майдонда кўриш Гулдеренни қаттиқ ранжитганди. Лекин буни унчалик сездирмасликка уриниб, бизга кулимсради:

– Салом, Жамила… Яхшимисан?

Кейин шоҳидларга юзланди:

– Хуш келибсизлар! Ичкарига кирмабсизлар-да, чой ичармидик…

Бу таклифдан хурсанд бўлдим. Ичкарига кирдик, уйда Гулдереннинг тоғасининг қизи бор эди. Ҳар куни бир қути сигарета чекадиган қизнинг юз-кўзига кексалик нуқси урганди. Тунги ўйин-кулги ҳаёти ҳам танасини қаритиб қўйганди. Ёшгина қиз кўринишидан катта хотинларга ўхшарди. Ови бароридин келган овчидек эдик. Ўлжамизни шу заҳотиёқ халтамизга солишга ҳаракат  қила бошладик. Тўғрироғи, ҳамроҳларим бошлади. Лекин Гулдерен полапонини ҳимоя қилишга уринаётган бургутдай эди. Уни ишонтириш учун айтилган ҳар бир сўзга маъқул ва мантиқли жавоблар келтирарди. Қисқаси, уларнинг таъсирини йўққа чиқара бошлади. Атрофидагиларга ҳам у таъсир ўтказга киришди. Шунинг учун шоҳидлар бу оиладан ҳеч кимнинг фикрини ўзгатира олмасликларига иқрор бўлишди. Кўп ўтирмай қўзғалдик.

Бизнинг вилланинг ёнидан ўтаётгандик, тадқиқчи менга ҳазиллашди:

– Бу виллага кирамизми?

Кулишдик.

– Яхши бўларди, бобомдан калтак ердик-да, кейин қўлимиздаги дафтарга ёзиб қўямиз.

Лайлоларнинг вилласига келдик. Ҳовли эшиги олдда Лайлонинг дадасини кўриб қолдик. Бу одамни жуда ғалати деб ўйлардим. Икки боласи насроний бўлган бўлса-да (гарчи Таркан ҳали бўлмаганди), уларга ҳеч нима демасди. Авваллари бу бепарволикни маданиятдан деб ўйлардим, кейин билдимки, динсизлик сабабли эмиш. Нима бўлганда ҳам, бу одамнинг бир пайтлар Тарканга айтган гапи менга жуда ёққанди. “Ўғлим, ҳар куни ўйин-кулги қилма, ҳар куни кўнгилхушлик қилаверсанг, татимай қўяди”, – деганди. Фалсафий сўзларни ёқтирганимдан бўлса керак, бу жумлани ҳам бир жойга ёзиб қўйгандим.

Лайлонинг дадасини қўлга олиш учун кўп уриндик. Таркан: “Бекорга ҳаракат қилманглар, дадам ҳидоятга эришишни истамайди”, – деди. Биз ҳам индамай қўявердик. Онаси билан ҳам кўп шуғулландик, нима қилсак ҳам, уни Иегова шоҳиди қилолмадик. “Мен насронийман, эътиқодимдан қайтмайман!” – деди.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1206 23:00 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1382 23:00 29.10.2019

Насроний атиргули (38-қисм)

1283 23:00 28.10.2019
« Орқага