Наср

Насроний атиргули (18-қисм)

1187

Ундан кейин яна олти-етти уйга кириб чиқиб, сўнгра хайрлашдик. Хурсанд эдик, учта уйга китоб ташлаб чиқишга эришгандик. Бу ҳам катта натижа эди. Шошилмасдик. Уйга келганимда бобом билан яна тортишиб қолдик. Уни ёмон кўриб қолгандим. Шундай ҳолатда эдимки, уни кўришга умуман тоқат қилолмасдим. Лекин бувимни яхши кўрардим. Меҳрим ҳеч қачон камаймади. Бобомдан жаҳлим чиқиб, Гулдеренларникига бордим. Гулдерен яна йиғлаган экан. Ўтирдик, бироз гаплашдик. Исёнкорлик билан бақирди:

– Сизлар фақат эшикма-эшик юрасизлар, нега мен юормайман? Динингизни давлат қабул қилди деб бемалол ташкилот туза оласизлар. Мен эса ёлғиз ўзим бу ишни ташкиллаштираман. Мен ҳам уйма-уй юраман. Менга бир нарса бўлса, сизларни кўрсатаман. Судга беришса, у ерда ҳам ҳайқираман: “Менинг динимни ҳам бу давлат расмий дин дея қабул қилган. Иегова шоҳидларини кўрмайсизлару мени кўряпсизларми? Улар ҳам гуруҳ бўлиб юришсин, ҳеч нарса демайман, лекин менинг ҳам ташкилий ишларимга бошқаларнинг иши бўлмасин!” дейман.

Уни кузатиб туравердим. Менга азм ва шахсият обидаси каби кўринарди Гулдерен. Чиндан ҳам сўзида турди. Ўзига ёққан китоблардан 15-20тасини сумкасига солиб, уйма-уй кезиб иш бошлади. Баъзан эрталаб чиқиб, кечқурун уйига келарди. Нималар қилганига қизиқсам ҳам, сўрай олмасдим. Мен унга насронийликдан гапирардим, у эса менга Исломни тушунтирарди. Бир-биримизни динимизга даъват қилиш учун чин дилдан ҳаракат қилардик. Лайло ва Таркан ҳам Гулдеренни шоҳидлардан қилиш учун уринишарди. Гарчи Тарканнинг буткул бу ишдан умиди узилганди, лекин унда ҳам шубҳалар бор эди. Учовимиз имкон бўлди дегунча Гулдерен билан жиддий шуғулланардик. Қизнинг шу даражада имони мустаҳкам эканки, ҳатто фикрини ўзгатириш учун бирорта савол хаёлига келмасди. Ҳолбуки, миссионерлар учун қаршисидагининг хаёлига бир баҳсли савол тақашнинг ўзи муваффақиятнинг ярми эди. Лекин ҳозирча Гулдерен бизга чорак муваффақият ҳам бермаётганди. Эътиқодимизнинг ҳар жиҳатини унга тушунарли қилиб гапиришга уринардик. Мулоҳазаларимизнинг аксарияти исломий бўлса-да, Инжилда келтирилганди. Биз уларни Аллоҳнинг сўзлари дея тушунтиришга уринардик ўрни билан.

Бир куни кечга яқин қарасам, Исмат девона бизникига келаётган экан. Қизиқ… Бу жинни хабар бермасдан ҳеч кимнинг уйига кириб келавермасди. Нега энди бизнинг уйимизга кириб келди экан, дея ўйладим. Тўғриси, қўрқдим. Негалигини билмайман, одам ақли жойида бўлмаганлардан қўрқади. Лекин энди ҳам ақли йўқдан, ҳам ақли бордан қўрқишга мажбурмиз, шекилли. Зеро, дунёни бир зумда йўқ қила оладиган қуролларни ақли борлар ишлаб чиқаради. Бегуноҳ инсонларни ўлдирадиган қуролларни ихтиро қилган ақлдан ҳам хавфли ақл бўлиши мумкинми? Ақли бор, лекин мулоаҳазасига кишан урилган. Ақли бор кучини кўрсатиш учун қишлоққа ўт қўяди. Ақли бор, лекин дунёни, инсон ҳаётини тугатиш режаларини тузади. Ақли бор, лекин Аллоҳдан бошқасини илоҳ этади. Бундай ақлдан қўрққулик эмасми?!

Исмат девона мени кўриб ҳол-аҳвол сўради:

– Нима гаплар, насроний атиргули, яхшимисан?

– Яхшиман, яхшиман-ку, лекин сен ҳайрон қолдиряпсан, Исмат. Ҳеч кимнинг уйига рухсатсиз кирмасдинг, тинчликми?

– Баъзан шунақа ўйламасдан ҳам ишлар қиламан, – деди.

Ўрни келганда мен ҳам сўраб қолай дедим:

– Сен нега мен учун хафа бўлаверасан? Иегова шоҳиди бўлган фақат мен эмасман-ку?

Жавоби узун ваъздай бўлди, шундай бўлса ҳам жавобидан ҳеч нарса тушунмадим. Зотан, ўзи ҳам айтган гапларидан бирор нима тушунмаганига ишончим комил эди. Баъзан шунақа, беъмани гаплар гапиради деб кўп эътибор бермадим. Кейин бизникига нега келганининг сабабини айтди:

– Кеча тунда тушимга кирибсан. Менга қараб тургандинг, жуда кайфиятинг яхши эди. “Мен мусулмон атиргули бўлдим”, дединг. Бу туш нимага ишора экан, Жамила мусулмон бўлибдими, деб сўрай дедим. Жуда хурсандлигимидан орқа-олдимга қарамай уйларингга кириб келавердим.

Жуда қаттиқ жаҳлим чиққанди, лекин мен шоҳидлардан эдим ва шоҳидлар кўнгли истаганини эмас, яхши бўлганини қилишга мажбур эди. Ўзимга келдим ва фикримни айтдим:

– Бу ишқибозликдан воз кеч, Исмат. Мен бу йўлга бошимни қўйганман. “Сизлардан бўлмаганни оёқ-қўлини кесинг” деган динга мен асло ва асло қайтмайман. Буни ҳеч қачон унутма!

Ғоятда ақлли гапира бошлади:

– Менга қара, Жамила, сени синглимдай яхши кўраман. Сен Исломни билмайсан, сен Исломни уни севмаганлардан ўргандинг, аммо ўрганолмадинг, Ислом душмани уни ўзига кўра ўргатади. Сен Исломни уни яхши билгандан ўрган. “Исмат девона нимани ҳам биларди”, дема, менинг ҳам ақл-ҳуши ўзимда бўлган пайтлар бўлган… 

Уялиб кетдим:

– Ундай дема! Нега жинни бўласан? – дедим. У маъноли нигоҳларини менга қадаб жавоб берди:

– Айримлар нақадар ақллилигини исботлаш учун бошқаларнинг ақлидан фойдаланади. Менинг ақлимдан фойдаланишганидек…

Бу билан нима демоқчи эди? Унчалик тушунмадим. Бирдан ўрнидан турди. Ҳеч нарса демасдан чиқиб ктеди, мана шу қилиғи жинниликнинг белгиси эди. Бунақа қилиқлар фақат девоналарда бўлиши мумкин. Юрагим сиқилди, лекин парво қилмасликка уриндим.

Сўзлашим керак бўлган шу қадар кўп нарса борки, бирини қўйиб бошқасига ўтиб кетяпман, чоғи. Бутун бошли бир инсон ҳаётини гапириб бериш осон эмас, дўстлар. Ҳали сизга гапириб бермаганим жуда кўпчилик бор. Масалан, бир нусха бор эди, ҳеч қачон уни унутмадим. Динсиз, яъни атеист Дирина. У ҳам бизнинг маҳалламизда яшарди. Бир пайтлари Иегова шоҳиди бўлишга ҳаракат қилган, лекин бўлолмаган. Кейин Аллоҳга, динга парво қилмай қўяверган. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўйган эди. У Аллоҳни унутиб, инкор этганидек, Аллоҳ ҳам уни унутади, аммо Дирина бу масъуляитсиз ҳаёт тарзининг ҳисобини ҳеч ким сўрамайди, деб ўйларди. Фақат Дирина эмас, шундай ўйлаган, замонавийлик номи остида инсонларни диндан маҳрум қилганлар шундай ўйлашарди.

Дирина ҳар фурсатда Ислом динига ташланиб қоларди. Айниқса, “Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганида ўлимдан қўрқмас, ғорда яширинмасди”, дерди. Лекин бошқа динсизлардан кўра хушмуомала эди. Ҳеч бўлмаганда, Муҳаммад демасди, “алайҳиссалом” сифатини қўшиб гапирарди. Хуллас, қачон қараманг шу савол билан бошни қотирарди. Бу гапини бир жамоатда ҳам гапирган эди, у ерда Ойнур ҳам бор эди. У худди ўшандай кескин тарзда ўрнида жавоб қилганди. Шундоқ сумкасида Инжилни чиқариб ўқиди:

– Исо ҳам душманларидан қочди. Бу борада ҳеч ким ҳеч нарса демайди-да, Муҳаммадга келганда муҳокамаю танқидларни кўпайтирамиз. Муҳаммадни мен ҳам севмайман, лекин бунақа ноҳақ ҳужумларга ҳам кўнглим чидамайди! Мен мусулмон оиланинг қизиман. Бугунгача бировдан Исони камситадиган, ёмон кўрсатадиган ҳақорат эшитмадим, лекин шуни истардимки, бу қадар меҳр-муҳаббатли кўринган Иегова шоҳидлари ҳам мусулмонлардай бўлсин. Ҳеч кимни ноўрин танқид қилишмасин! Қолаверса, албатта, пайғамбарлар душманларидан қочишлари керак эди. Қочишмаса, умматлари улардан ўрнак оларди.

Илк бор буни Ойнурдан эшитдим. Демак, Исо ҳам душманларидан қочган эди. Офарин Ойнурга, нозик нуқталаридан тутганди уларни. Ўша кезлари ундан бироз жаҳлим чиққанди “Нега Муҳаммадни ҳимоя қиляпти”, деб. Бу воқеани шунинг учун гапириб бердим. Қандай эътиқодда бўлишидан қатъи назар, биров ноҳақ айбланса, ўлмаган виждонлар бундан беҳаловат бўлади. Буни Ойнурда кўргач, яна-да яхшироқ англадим.

Бир неча кундан кейин Иегово шоҳидлари ҳамшираларим билан учрашув белгиладик, майдонга чиқадиган эдик. Бу гал анча хотиржам эдим. Тадқиқчим келди. Катта иштиёқ билан майдонга чиқдик. Биринчи кирган жойимиз кийим дўкони бўлди ва у ерда жуда чиройли сўзладим. Сотувчилар мени қизиқиш билан эшитишди. Бундан журъатим ортди, уларга китоб, журнал ва варақалар ташлаб чиқдик. Яна бир қанча уйга кирдик, икки хонадонда бизни ичкарига олишмади, ҳақорат қилиб қувишди. "Майли, ким ҳақорат эшитмасдан фикри тасдиқланибди?” дедим. Қолаверса, биз барибир ҳақоратларга тайёр эдик. Жуда чарчаган эдик, аммо бу ҳорғинликка арзирди ҳам. Ишончим комилки, тадқиқчим мен ҳам ҳақимда яхши нарсалар ёзиб бораётганди. Нима бўлганда ҳам инсонман-да, менга паст баҳо қўйилиши эҳтимолини ҳам хаёлимга келтиришни истамасдим.

Яна бир қанча уйга кириб, сўнг майдондан қайтар эдик.  Бир бинога кирдик, қаршимиздаги хонадоннинг қўнғироғини босгандик, очиқ чеҳрали хоним эшикни очди. Табассум билан сўради:

– Лаббай?

– Безовта қилганимиз учун айбга буюрманг. Аллоҳнинг динига даъват қилиш учун  айланиб, ичкарига кирсак майлими? – дедим.

Аёлнинг табассуми қаҳ-қаҳага айланди:

– Ҳай, Аллоҳим, бугун ўнг томонимдан уйғонибман, ғолибо, сиздан олдин бир бошқа хоним ҳам келди, – деди.

Бирдан аёлнинг орқасидан кўринган бошга кўзим тушди. Гулдерен эди у. Яна у билан бир-биримизга термилишдик. Гулдерен бизга салом берди. Саломига алик олдик.

– Унда биз ичкарига кирмай қўяверайлик, – дедик. Зинадан тушаётганимда орқамдан шундай дея қолди:

– Иншааллоҳ, бир куни сен билан бирга айланамиз, Жамила! – деди.

– Иншааллоҳ, – дедим изтироб ва умид қоришиқ алпоздаги табассум билан. Иккимиз ҳам жилмайиб қўйдик. Табассумнинг таъми бўлганида эди, бизнинг кулгумиз “нордон таъмли табассум” бўларди.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1206 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1382 23:00 29.10.2019
« Орқага