Наср

Насроний атиргули (19-қисм)

1510

Яна бу гапни қўйиб, унисига ўтиб кетяпман. Балки Дрина ҳақида нега гапирганимни сўрарсиз? Тўғрисини айтсам, сабабини ўзим ҳам билмайман. Баъзан одам оғзига келгани гапираверади-ку, Дринани ҳам шундай ноўрин сафсатага йўйиб қўяверинг. Ёхуд мусулмонларга жуда катта ҳақоратлар ёғдирган ва шунинг учун икки бор мукофотга лойиқ кўрилган “Дрина кўприги” номли романни эсланг. Нима алоқаси бор? Бу дунёда бевосита ёхуд билвосита боғлиқлиги бўлмаган бирор  нима борми ўзи?!

Энди жуда бахтиёр эдим. Германияга ҳам бемалол борсам бўлаверарди. Айтганча, ота-онам соғинчига нима бўлди? Уларни жуда оз эслардим. Яна тайёргарликни бошладим. Уч кундан кейин кетаман. Лайлога учрадим. У майдонга чиқиб келган, Таркан ҳм кўчадан эндигина кирган экан, чарчаб-ҳориб ўтиришарди. Бир-биримизга бошимиздан ўтган воқеаларни гапириб бердик. Кейин мен Ойнурни сўрадим. Ойнур яхшигина илдамлаётган, лекин оиласидан кескин тазиқлар кўраётган эмиш. Қолаверса, уни ўйлантираётган баъзи саволлар бор экан. Секин-аста шуғулланаётган экан бизникилар. Ойнурни шоҳидлардан қилсак, онаси ҳам ортидан келади. Онаси Мазият хонимни ҳам қўлга олсак, маҳалла бизники бўлади, дейишаётганмиш. Шу заҳоти Ойнурга қўнғироқ қилдим. Ҳол-аҳвол сўрадим. Уни қўллаб-қувватлашни, кўнглини кўтариб, биродарлик вазифамни бажаришни истардим. Сўрагандим, оиласининг муносабатини гапирди:

– Иегова шоҳиди бўлганимни уйдагиларга айтдим. Бақир-чақир қилишди, уришишди, лекин парво қилмадим. Кеча тунда қўлларимни бирлаштирдим, яширинча дуо қилаётгандим, акам мени пойлаётган экан. “Нима қиляпсан?” – дея сўраганди, мен ҳам эътиқодимга кўра жавоб қилдим: дуо қиляпман. Акамнинг жаҳли чиқди. “Дуо ундай қилинмайди”, – деди. Менинг эътиқодимдаги дуо шунақа бўлади дедим. Қаттиқ ғазабланди, уришди. Кейин ота-онам ҳам бақир-чақир қилишди. Ҳаммаси бир пайтда уришишди. Овозимни чиқармадим. Аламидан чиқолмаган акам: “Мен бу кофир билан бир дастурхонда ўтирмайман”, – деб ўрнидан турди. Ярим тунда тадқиқчим Селмага қўнғироқ қилиб: “Сени ҳуқуқ идораларига шикоят қиламан”, – дебди. Менинг курашим шундай давом этяпти. Исонинг мўъжизаси менда рўёбга чиқяпти, лекин тадқиқчимнинг олдида хижолат бўлдим. У яхши ниятли инсон. Бунчалик ҳақоратларга лойиқ иш қилмаганди, – дея қайғурди.

Бу қиз қачон бизлардан бўлади деб сабрсиз эдим. Бироз гаплашиб, сўнг телефонни ўчирдик.

Акаси ҳуқуқ идораларига хабар берармиш. Шўрлик акасининг ҳеч нарсадан хабари йўқ демакки. Иегова шоҳидлари устидан юзларча даъво қўзғатилган бўлиб, бу дин Конституциянинг ҳимоясида бўлгани учун даъво тўхтатиларди. Қолаверса, Ойнурнинг акаси билмасдики, шикоят қилаётган одами экстремист эмас, суддан матбуотни қизиқтирадиган шов-шув ололмайди.  Ойнурга сабрли бўлишини, бу кунлар бир куни тугашини айтиб тасалли берар эканман, хаёлимда бир савол айлана бошлади. Нега одамлар осонгина Иегова шоҳиди бўлишмайди? Шу лицейни тугатган қизнинг фикрини ўзгартириш учун ҳам бир неча ойлар ўтиб кетди. Бунинг устига, бу қиз Исломдан ҳам хабардор эмас. Ҳолбуки, мусулмонлар биз каби донолик билан мунтазам, фидокорона меҳнат қилишса, балки дунёнинг кўпгина халқи мусулмон бўларди. Бу савол устида кўп ўйланмадим.

***

Ниҳоят, охирги тун. Гулдеренга учрадим. Мени тушкун руҳда қаршилади. Онаси билан тортишиб қолибди. Совчилар келаётган экан, Гулдеренга ҳеч бири ёқмаётган экан. Онаси мени кўрса ҳам шанғиллашини тўхтатмади:

– Қизимизга чиқаётган эрлар ёқмаётганмиш. Бунинг ҳоли нима бўлади, билмадим. Балки биздан яширинча биров билан яшаса керак-да!

Гулдереннинг қаттиқ жаҳли чиққанди, сўзсиз жавоб берди:

– Сиз шу қадар номус барбод бўлган муҳитда яшаб, номуссизликни фахр билан тарғиб қилаётган сериалларни мук тушиб томоша қиласизки, дунёда шарму ҳаёли одам қолмади, деб ўйлайсиз. Эътибор беринг, она, мен бутун қусурларим билан бирга мусулмонман, бунақа ғайритабиий гап-сўзларингизга тоқат қилолмайман.

Онасининг аламзадалиги давом этарди:

– Буни мен эмас, қўни-қўшни гапиряпти. Ярим тунда бир қиз уйидан чиқиб бошқа уйга борса, кўрганлар нима деб ўйлаши керак? Гапиради-да, албатта! Ақлингни йиғ, тезроқ турмуш қур!

Гулдерен бир томондан уй тозалаб, бир томондан онасига жавоб қиларди:

– Она! Ўзингиз яхши биласизки, тунги соат бирда дискотекага борсам, ўшалар гап-сўз қилмасди. Худо хайрингизни берсин, менга зулм қилманг, она! Одамлар жоҳиллиги учун бўҳтон қилса, мен айбдор бўламанми? Одамлар ғийбат қилади, деб дуч келган билан турмуш қуришим керакми? Мен истаган инсон қаршимдан чиқмаяпти. Бир умр хоҳламаган одамим билан яшайманми? Бўлди энди, она! Менга қилганларингиз фақат душманнинг қўлидан келади…

– Шундоғам сен дўст ҳисобланмайсан. Мутаассиблигингдан нафратланаман. Ҳа, нафратланаман бу ишларингдан! Лайло насроний бўлибди, Жамила насроний бўлибди, сенга нима? Эркинлик йўқми? Нима хоҳласа, шуни қилаверсин!

Гулдерен саволи билан онасининг фиғонини фалакка ўрлатди:

– Унда нега бу эркинликни менга раво кўрмайсиз? Мен ҳам истаганимни қиламан. Қолаверса, дадам ҳам истагини қилиш ҳуқуқига эга, эрки ўз қўлида. Бегона аёл билан бирга яшаб юрибди, ундан жаҳлингиз чиқмайдими? Сизнингча, эркинлик шунақа бўладими?

Қизининг бу гапидан бир муддат нима қилишни билмай саросимага тушган Амира хоним ойнага бир қараб жавоб берди:

– Отанг менинг устимга гул ҳидламайди. Мендай гўзал аёлни қаердан ҳам топади? Зотан, Европада мендан чиройли аёл йўқ-ку!

Боёқиш Амира хоним жуда кўп нарсаларни билмасди. Билиши мумкин ҳам эмасди ҳатто. Авваломбор, хотини дунё гўзали бўлган эркакнинг кўзи ҳам ташқаридаги гўзалнинг ҳуснини кўра олади. Агар у кўп аёллар ичида юрса, хотинининг ҳуснини кўролмайди ҳам. Қолаверса, эри анчадан бери бошқа аёл билан бирга эди, лекин Амира хоним буни билмас, эрининг ўзига эътиборсизлигини “ шўрлик одам қариди-да”, дея изоҳларди.

Дунёга қарайман-да, бирдан ортиқ аёл билан никоҳланишга “ЙЎҚ!” дейдиганларнинг бир эркакка беникоҳ бир қанча аёлнинг тортиқ қилинишига индамаслигини тушунмайман. 

Амира хоним бизни ахлоқсизга чиқариб шама қилганини сезиб, жаҳлим чиққан бўлса-да, унга раҳмим келаётганди. Қизининг шарму ҳаёсидан бехабарлиги мени ҳайрон қолдирди. Ўтирган жойимда Гулдеренга қараб туравердим. Боши берк кўчада эди, айнан шу пайт уни шоҳидлардан қилиш вақти эди аслида. Умидимни узмай мақсадга кўчдим:

– Менга қара, Гулдерен, Исо айтадики…

Бор овози билан бақирди:

– Бас, Жамила! Исони эшитишни истасам, Инжил олиб ўқийман! Менга бирор нарса ўқима, гапирма, шама ҳам қилма! Етарлича тушунтиришга уриндинг, бир кун келиб мен сенга тушунтираман, лекин ҳозир бир-биримизни овлашга уринмайлик! Шундоқ ҳам онамдан жаҳлим чиқиб, нима қилишимни билмай ўтирибман, камига сен ҳам орага суқилма!

Бир муддат тинимсиз бақирди. Орадан ярим соат ўтиб йиғлай бошлади. Кейин пастга тушиб сўради:

– Қачон кетмоқчисан?

– Олти соатдан кейин кетаман.

– Йўлинг бехатар бўлсин. Жамила, илоҳим ўша ерда ақлингни йиғиб олгин.

– Ақлим ўзимда, ишқилиб, сенинг ақлинг ҳам кириб қолсин.

Гаплашиб ўтирганимизда яна Исмат девонанинг овозини эшитдик. Шу заҳоти айвонга чиқдик, икковимиз бирданига Исматни чақирдик. Бир қўлини осмона кўтариб ўзига ўзи гапиради.

– Бир куни… Қуёш чиқади… Лекин қандай чиқади?.. Мен унга чиқма деб бақирсам, чиқмайди. Юлдузлар ёмғирдай ерга ёғилади. Денгиз сувини ичаман.

Ҳақиқатан ақлдан озганди. Орада бир шунақа касали хуруж қилиб, сўнг ўзига келарди. Хафа бўлдик. Аслида бир доҳий эди у. Қандай қилиб бу ҳолга тушиб қолганини билмасдик. Онаси ҳам ҳеч нима демасди. Исмат девона бизга  қаради, лекин танимади.

– Мендан нима истайсизлар? Сиз ҳам уларнинг одамларисиз, биламан, – деб бизни ҳақоратлади. Сўнг юзимизга қараб тупурди ва бир нималарни ғудраниб кетди.

Амира хонимга худо берди:

– Ана, Гулдерен ҳам шу кетишда шунақа бўлиб қолади. Девонасифат ҳоллари бор бунинг ҳам. Оқшом келганлар жуда яхши кишилар эди. “Қизинизнинг шарму ҳаёсига мафтунмиз, шунинг учун Гулдеренни сўраб келдик”, дейишди. Йигит – бадавлат.

Гулдерен онасига қарамай жавоб қилди:

– Албатта, сўрашади. Ориятсизлар ҳам шарму ҳаёли, зиёли аёлни исташади. Одобсиз қизлар билан ҳушига келганини қилиб, ҳеч ҳақлари бўлмаса-да, шарму ҳаёли қиз истайдилар. Бунга ҳақли эмаслар-ку?! Ҳамма ўзига ўхшаган билан турмуш қуриши керак. Ахлоқсиз эркак ахлоқли қиз истасину, мен ахлоқли ва зиёли эркак билан яшаш истагидан маҳрумманми? Турмуш қуриш учун фақат ҳисоб-китоб ва тижоратни билиш камлик қилади. Ҳаётнинг бошқа қоидалари ҳам бор, она. Энди сиз ҳам буларни тушунсангиз яхши бўларди.

Жуда ақлли қиз эди-да бу Гулдерен. Бир гапи миямда айланиб қолаверди. “Ахлоқсиз эркак ҳам ахлоқли аёлни истайди”. Жуда ҳам тўғри. “Хўп, ахлоқли эркак истагани қизнинг ҳаққи йўқми?” Бу ҳам жуда тўғри мулоҳаза эди, лекин Амира хоним тўғриларни эмас, янглишлар маъқул кўрарди.

– Шу кетишда ўтириб қоласан. Қара, маҳалланинг қизларига қара, ҳаммаси бир нечта эркак билан учрашади.

Гулдерен ўша ғазаб билан онасига гап топиб беришга улгурарди:

—           Ҳа, лекин ҳеч қайси эр тополмайди. Эркак топиш ҳар қандай аёл учун жуда осон. Аёл тўқсон ёшда бўлса ҳам, кўчадаги бир бетайинни топа олади. Эркак топиш осон! Кўчада эркак тўлиб ётибди, лекин эр топиш жуда ҳам қийин.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1206 23:00 04.11.2019

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1382 23:00 29.10.2019
« Орқага