Наср

Насроний атиргули (21-қисм)

1381

Кечга яқин укамни олиб келишди. Оҳ, Тангрим! Ўн кунда бола шўрлик қоқсуяк бўлиб қолибди. Мени кўриб қувончдан қийқирди:

– Опажоним! Жоним опам!

Бўйнимга осилиб йиғлаб, юз-кўзимдан, қўлларимдан ўпарди. Хўрсиниғи босилгач, кўз ёшларини артиб шундай деди:

– Мен ҳар куни эрталабгача сиз учун йиғладим. Ҳечам овқат емадим. Йиғлашим ҳамманинг жонига тегди. Отам сизни қўйиб юбордилар.

Уни қаттиқ бағримга босдим.

– Жоним, жоним менинг! Сени жуда ҳам яхши кўраман. Сен менинг ягонамсан. Қўрқма, бу кунлар ўтиб кетади.

Сизга амаким ҳақида гапириб бермадим, а? Амаким ҳамма динларга қарши социалист эди. Мен ва онамга ҳам фикрини ўтказишни истарди. Шунинг учун онамга таъсир қилишни бошлади. Бир томондан мен ҳам онамни даъват қила бошладим. Онам боёқиш иккимизнинг орамизда қолиб кетди. Ҳеч қандай диний билими бўлмаса ҳам бизга қарши курашарди. Бир кеча амаким келди ва онам билан баҳслашиб қолишди. Амаким шу заҳоти аввалдан ўйлаб, режалаб юрган аниқ саволларини бера бошлади.

– Ҳақиқатни кўра олишинг учун аёлларга қилинаётган ноҳақликларни кўришинг етарли!

Онам алам билан жавоб берди:

– Йўқ! Аллоҳ ноҳақлик қилмайди! Нима десангиз денг, менинг фикримни ўзгартиролмайсиз!

Кейин менга юзланди:

– Сен ҳам!... Ҳа, сен Жамила хоним!

Жавоб ўлароқ онамдан илтимос қилдим:

– Илтимос, мени тинч қўйинглар.

Амакимнинг аҳди қатъий эди:

– Йўўўқ, қочиш бўлмасин. Буларни гапирмасдан мавзуни ёпмайман.

Мен онамни кузатардим. Илмсиз эди. Илмсиз бўлса-да, динидан айрилмаслик учун тиришарди. Бу ҳолат эътиборимни тортди. Ёз ойларида ҳечам енгли кийим киймас, отам билан ичкилик ичар, умрида бир мартагина ҳам саждага бош қўймаган онам Исломга қандай боғланган эди? Ҳеч ақлимга сиғмасди.

Амаким санашга тушиб кетди:

– Аёлларга қилинаётган ноҳақликлар булар: биринчиси – эрининг бирдан ортиқ аёлга уйлана олиши, аёлнинг энг таҳқирланган нуқтаси. Иккинчиси – аёл бокиралигидан айрилаётганида тортадиган оғриқ ва унингдан кейинги ҳолат. Бу эркакларда йўқ. Учинчи – аёл ҳайз кўради, бу азият, лекин эркаклар ҳайз кўрмайди. Сенингча, бу адолатданми?

Онам иккилана бошлади. Ҳайронлиги юз-кўзидан кўриниб турарди, лекин яна эътиқодига кўра жавоб берди:

– Аллоҳнинг бир билгани бордир. Мен билмайман, Ўзи билади.

Тили билан шундай жавоб бергандию, лекин ишончим комилки, қалбига шубҳа ўрмалаганди. Шу ҳолатда ҳам шундай жавоб бериш ҳаммага ҳам эмасди.

Мен онамнинг ўрнида бўлсайдим ва бугунги илмим бўлса эди, шундай жавоб қилган бўлардим: “Ҳа, баъзи аёллар эрининг иккинчи аёли борлигидан изтироб чекар. Никоҳли бўладими, никоҳсиз бўладими, бунинг фарқи йўқ. Айрим аёллар учун бу катта имтиҳон ҳисобланади. Аёл бу ҳолатдан тириклайин ёнади. Ислом дунёсида баъзи аёллар иккинчи хотин олса-чи, деган изтироб билан яшайди. Хўш, сизнинг бошқарувингизда, замонавий жамиятингиз, коммунизмда яшаётган аёлларда хавотир йўқми? Албатта бор, яна ҳаддан ортиқ бор, ҳатто аёлларнинг тўқсон фоизи шундай хавотирда яшайди. Бунинг устига, баъзан эри бир кунлик “хотин” топади. Шунга қарамай ўз мафкурангиздаги аёлларни эмас, мусулмон дунёсидаги мингтадан битта учрайдиган икки хотинликни муҳокама қиласизлар. Лекин баъзи эркакларни ҳам тириклайин куйдирадиган оғриқлар бор. Бу бокираликдаги оғриқдан минг карра аламли, бу ҳолатни кўпчилик четлаб ўтади. Масалан, қуввати заиф эркаклар бор, қуввати заиф аёллар борми? Йўқ. Лекин қуввати заиф эрларнинг изтироби билинмайди. Уларнинг руҳий изтироби муҳокама мавзуси бўлмайди. Аммо ҳар доим эркакларнинг изтироби эмас, аёлнинг изтироби муҳокама қилинади. Қуввати заиф эркакнинг, биринчи кеча аёли олдидаги вазифани бажаролмаган эркакнинг тортган изтиробини нечта аёл чекади?  Эркак бундай ҳолатда эри устига уйланган аёлдан ҳам кўра кўпроқ азобланади, лекин ҳеч кимга айтолмайди. Уларга ҳеч ким ҳамдард бўлайди. Уйланган бўлса, хотинини қаттиқ севса, изтироб чекса-да, ажрашишга мажбур бўлади. Ҳам хотинининг олдида, ҳам атрофидагилар олдида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган изтироб билан яшайди.

Изоҳлаб ўтиш керак бўлса, аёл ҳам, эркак ҳам бу икки дардда Аллоҳга юкунсагина халос бўлади. Бу синов. Бу имтиҳондан исёнсиз ўтишса, абадий ҳаётга муваффақ бўладилар, қуввати заиф эркак ҳам, эри устига уйланган аёл ҳам уялиши учун ҳеч қандай асос йўқ. Жинсий заифлик бош оғриғидек табиий ҳодиса. Айблаганлар, маломат қилганлар ўз жоҳиллигини очиқ-ошкора намоён қилган бўлади. Бу ҳолатда қуввати заиф эркакнинг вазифаси – аҳволини билса, уйланиши ҳаром. Уйлангандан сўнг аҳволини билган бўлса, бир муддат даволаниши, даволанишдан бир натижа чиқмаса, хотини билан яхшиликда ажрашиши керак. Ғурурини пеш қилмаслиги керак. Ким боши оғриса, бу дардни билдиришни ғурурига жароҳат етиш деб ҳисоблайди?  Бироқ бу ҳолатни бош оғриғидай кўра олиш учун инсонда кучли имон бўлиши керак. Аёлнинг эри ташлаб кетиши ёки устига уйланишидан изтироб чекиши, фарзанд дунёга келтираётганидаги дард, бокираликдан айрлиши ва унинг оғриқлари балки қувватсиз эркакнинг дардига ўхшаши мумкин. Эркаклар бокиралик оғриғини ҳис қилмайди, лекин улар суннат қилинганда бошқача оғриқдан азоб чекади.

Хуллас, бу имтиҳон дунёсида ҳар икки жинсга ҳам ўзига хос изтироб ва дардлар берилган, нима ҳам қилардик? Ҳайз кўришни олсак, тўғри, аёл ҳар ой бироз қийналади, лекин эркаклар ҳам ҳарбийда хизмат қилади, жазирама иссиқ, қаҳратон совуқларда навбат кутади. Тоғу тошларга чиқади. Вақти келиб илон гўшти ейишга мажбур бўлади. Нега эркакнинг бу ташвишларини ҳеч ким кўрмайди? Қолаверса, уйнинг харажатлари эркакнинг зиммасида, оиланинг юки осонми?  Ҳаммаси бир томон, онанинг оёқларига берилган жаннат бу дунёдаги машаққатлар учунлигини унутмаслигимиз керак. Шунингдек, ҳар бир қийинчиликнинг жавобини шу дунёда оламиз деган нақд гап йўқ!  Дунёнинг ҳар кўринган жиҳатида ҳамма нарса аниқ-тиниқ кўринмаса-да, охиратга боргач асл масала ойдинлашади. Охиратга кетиш эса жуда узоқлардаги мавзу эмас…»

Ҳа, мен бўлганимда шуларни айтган бўлардим. Лекин буларни айтиш учун инсонда эътиқодига доир илми бўлиши керак. Ва бир нарсани жуда яхши билиши керакки, Аллоҳ одилдир, ҳеч қачон, ҳеч кимга ноҳақлик қилмайди! Ҳаммага сабрига яраша мутлақо ажр беради. Етарки, Аллоҳга Ўзи буюрганидек иймон келтирсин. Унга шерик қилинмасин.

Онам тез-тез кўрфазда қоларди. Бошқача бўлиб қолганди. Баъзида дам олиш кунлари кечгача уйга келмасди. Ҳар ўтаётган кун сарғайиб сўлаётганди. Онам менинг таъсиримга тушаётганини билардим. Мен айтган гаплар хаёлини бузаётганди, лекин барибир динидан узилолмасди. Иккиланишидан билардимки, онам яқинда насроний бўлади, мен қувончдан осмонга сакрайман. Аввалига “Аллоҳ дўзахда қандай ёндиради?” деб қайта-қайта сўрайвердим. Бу саволлар қўл кесиш, бармоқ кесиш мавзусига борганида, сиқила бошлади. Хусусан, “Сизлардан бўлмаганнинг қўл-оёғини кесинг” деган Қуръон оятини кўрсатиб шу саволни бердим:

– Она! Сизларнинг динингизда мажбурлаш йўқмиди? Унда нега “Сизлардан бўлмаганнинг қўл-оёғини кесинг!” деяпти? Нега “Сизлардан бўлмаганнинг?” Устига-устак, урушда эмас, оддий ҳолатда, нега тутиб кесинг деяпти? Дин ҳам шунақа бўладими? – деяверишим жуда таъсирли чиқди.  Отам ҳам тентакка ўхшаб қолган, мени ҳақоратлаб танбеҳ беришдан тийилмасди. Онам эса энди ҳеч нарса демай қўйди. Лекин у ўзгариб бораётганди, бу аниқ эди. Бир куни кечга яқин уйга келди. Оббо, Тангрим! Мен онам насроний бўлади деб кутиб юрган ҳолатимда, не кўз билан кўрайки, онам бошига рўмол ўраб уйга келди! Қайғумни ифодалаб беришга тилим ожиз! Ҳайрат билан қараганча тикилиб қолавердим:

–  Она, бу нима аҳвол? – дея олдим холос. Хурсандчилигининг чеку чегараси йўқ эди.

– Аҳволимга нима қилибди? Сен отангга айтганингдек, менга ҳам “Сизни ўттиз кун кун қамашса, ўттиз йил Аллоҳ демайсиз” дегандинг-ку, бу гапингни кўп ўйладим. Бир гал мендан: “Мусулмонлик сизнинг қаерингиздан билинади? Сиз Ислом учун нималар қиласиз?!” дея сўраганмидинг? Мен ўйлаб-ўйлаб сени ҳақли билдим. “Бу қизнинг гапларини динни билган мусулмондан сўрай-чи”, дедим. Сўрадим.  Кўпини бузиб айтган экансан. Менга тўғрини айтишди, мен қабул қилдим. Қизимнинг олдида яхши эмас, мен ҳам Исломни ўрганай, дея ўйладим. Ҳар ҳафта якшанба куни Шуъла устоздан дарс ола бошладим. Беадад шукрлар бўлсин, ҳозир намозимни ҳам ўқияпман. Ўйлаб кўрдим, Исломга риоя қилмаганим учун қизим мени шунчалик айбласа, Аллоҳ нима қилар экан? Яхши қилибман, тўғрими, қизим? – деди онам.

Онамнинг бу ишидан қаттиқ хафа бўлдим. Бир неча дақиқа ўзимга кела олмадим. Уни шоҳидлардан қилиш орзусидан айрилгандим. Лекин бирпасда ўзимни қўлга олдим. Онам динини билмасди, уни барибир туппа-тузук насроний қилиш орзуим бор эди.

Укам Уғур онамнинг ўранишини унчалик хушламади. Бу ҳам менга яхшигина қўл келарди. Отам мен билан умуман гаплашмай қўйди. Орадан бир неча ой ўтганига қарамай,  ҳалиям эътиқодимдан воз кечмаганимни кўриб, асабийлашарди.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (34-қисм)

397 23:00 23.10.2019

Насроний атиргули (33-қисм)

717 23:00 22.10.2019

Насроний атиргули (32-қисм)

912 23:00 21.10.2019

Насроний атиргули (31-қисм)

1062 23:00 19.10.2019

Насроний атиргули (30-қисм)

996 23:00 18.10.2019

Насроний атиргули (29-қисм)

963 23:00 17.10.2019
« Орқага