Наср

Насроний атиргули (22-қисм)

1414

Бир куни хаёлимга келмаган иш рўй берди. Шоҳидлардан бўлган бир немис қиз билан майдонга чиққандим. Бир идорага кирдик. Бу ерда Исонинг буюрганларини гапириб бераётгандик. Мудир бизни қизиқиш билан эшитаётганди. Зотан, бизни қизиқмасдан эшитишнинг иложи йўқ эди. Биз давр муаммоларини тилга олиш билан мақсадга ўтардик. Бир қарасам, эшик олдида отам ўтирибди. Бир томонда идора эгаси билан иш юзасидан гаплашаётган экан. Овозимни ўхшатгани учун қарабди, ғазаб билан сўради:

– Бу ерда нима қиляпсан?

– Майдонга чиқдик, ота.

– Менга ота дема! Майдонинг нимаси?!

Нима бўларди, экин майдони, уруғ экилиб, ҳосили ўриладиган жой. Дунё ҳам экин майдонига ўхшайди. Қуръонни тафсир қилганлар инсон уруғи қадалган раҳмни “экин ери” дейишган, инсон экиладиган ер маъносида. Ва инсон етиштирадиган ер майдони аёлдадир, дея тафсир қилишган. Бизнинг майдонимиз ҳам даъват қилинадиган майдон эди. Дунёнинг ҳамма жойи биз учун экин майдони эди. Аввал фикрларимизни экардик, кейин ўрардик. Яъни экин майдони, баъзи мусулмонларнинг фикрича, инсон экиладиган жой биз учун фикр экиладиган ер эди.

Отамга бироз тушунтирмоқчи бўлдим. Идорадаги немислар бизга қараб туришганди. Отам ўзини йўқотиб қўйди:

– Бўпти, сени энди уйдан ҳам ҳайдайман. Бор, ўзингга жой топ! Сендай болам йўқ!

Оббо, одамлар!.. Жоҳилликни ўрнига қўйиб уддалашади.

Аро йўлда қолган умид

Мен ота-онамни ташлаб, биродарларимнинг ёнига кетдим. Бу пайт ўн саккиз ёшда эдим. Ҳеч ким менга дахл қилолмасди. Баъзан умумий бошпанага тушган турк қизларини кўргани борар, уларнинг устида ишлардим. Уларнинг афтода ҳолини ҳеч қачон унутолмасам керак. Оиласидан зулм кўргани учун қочиб чиққани иддао қилинадиган қизлар шу ерда эди. Бири ўн ёшда, бошқаси ундан ҳам кичиклигида оиласидан тортиб олинганди. Бошқа бирови бўйига етганида ҳаром ҳаётни эркинлик санаб, оиласидан қочиб бу ерга келганди. Ўша ётоқхонада таниганим Нажло исмли қизни унутмайман. Уни беш ойда насроний қилиб улгургандим. Бу менинг энг муваффақиятли хизматим бўлганди. Ҳозир мен бошқа диндаман, у эса ҳалиям Иегова шоҳиди. Агар мени ўқиётган бўлсанг, сенга айтяпман, Нажло, ўтинаман, мени кечиргин! Сенга айтганларимнинг камида ярми ёлғонлар ва янглишлардан иборатлигини бил. Олдинга қара, Нажло. Аллоҳга бўлган муҳаббатинг борлигича қолсин, Исо алайҳиссаломга ҳам эҳтиромда бўл, ҳақиқий Инжилга ҳам иймон келтир, лекин Аллоҳнинг сўнгги ва ҳақ дини Исломга кел, ҳақ бўлган барча нарсаларни шунда топ!

Онам худди мендан куч олаётгандай ҳаракат қиларди. Уч кунда битта китобни ўқир, ҳар куни ўз устида ишлаб, ўзини ривожлантириб борарди. Бу орада мендан қайғуриб эзиларди. Мени соғинарди, насронийлигимдан ўкинарди. Отам мени уйга қўймасди. Аслида онамнинг ҳолатини ҳам унча хушламасди.

– Мутаассиб бўлиб кетяпсан, Исломда бошни ўраш йўқ. Профессор Яшар Нури Ўзтурк айтганини ўз қулоқларим билан эшитдим. Боши очиқ аёлга сен очиқ эмассан, деди. Сен ундан ҳам яхшироқ биласанми? – дерди.

Бир ёзувчи айтганидек, динида яшашни ҳам истамасди, лекин динини мукаммал билган мусулмон бўлишга ҳам қўймасди. Бир қанча иборалар ўйлаб топганди: “Кофир, лекин иймонли”, “Мусулмон, лекин кофир”, “Бутга сиғинади, лекин ҳидоятга келган” . Отам мени уйга қўймагани учун укамни мактабига бориб кўрардим. Уни тўйиб-тўйиб бағримга босиб келардим. Укам бир кун менга шундай деб қолди:

– Опа, катта бўлганимда сизнинг динингизга кираман.

Бу хурсандчиликдан ичимга сиғмадим. Лекин бу гапининг ўзи кифоя эмасди. Уни яхшигина Қуръондан узоқлаштиришим керак эди. Шундай ўқитишим керак эдики, ҳеч қачон Қуръонни тилига олмасин. Уғурни кўргани боришимни отам эшитибди. Мактаб масъулларига боламни ҳеч ким билан учраштирмайсизлар, деган маънода танбеҳ берибди. Мени мактабга киргизишмади, икки ойдан ошиқ вақт укамни кўролмадим. Уни қаттиқ соғингандим. Отам уйда эмасдир деб бир кеча уйга бордим. Аксига олиб эшикни отам очди. Мени кўриб ғазаби тошиб кетди:

– Нега келдинг?

– Укамни кўришга келдим, ота. Ўтинаман, мени қийнаманг, уни кўрай.

– Сенинг биродарларинг бор-ку! Ўшаларга бор, улар учун ҳаммамизни фидо қилгансан!

– Ўтинаман, ота! Уни бир бор кўрай.

Уғур овозимни эшитибди, ҳамон ташқарига чиқди:

– Опажон, хафа бўлманг, катта бўлсам, сизни ёнимга оламан!..

Жигарим. Шундай ўкиниб-хўрсиниб йиғлардики, унинг ўша ҳолати кўз олдимдан ҳеч қачон кетмади. Отам уни жеркиб-силтаб уйга киргазиб юборди.

Мен ҳам йиғлай-йиғлай отамга охирги сўзларимни айтдим:

– Сизни кечирмайман, ота! Иегованинг сизга раҳми келсин! Кетаман, ҳеч қачон юзимни кўрмайсиз!

– Сенинг шу насроний юзингга кўзим учиб турибдими? Даф бўл уйимдан, қайтиб қадамингни қўйма!

Орқамдан онам гапириб қолди:

– Тўхта! Шошма, мени кутгин, Жамила, сен билан гаплашишимиз керак. Эшит, бу жуда муҳим. Бир умр эсингдан чиқмайдиган гап айтаман сенга.

Йиғлардим, онамни эшитмасдим ҳам. Кўчага чиқиб, катта йўлдан қарши томонга ўтдим. Онам уй шиппаклари билан орқамдан югуриб, менга гапириб келарди:

– Жамилам! Болажоним мени кутгин! Сен билан жиддий бир нарса гаплашмоқчиман.

Менга қараб югуриб келаётганида ҳеч кутилмаган воқеа юз берди: онамни бир такси уриб юборди.

– Онам! Жоним онам! Сиз ўлманг, мен ўлай!..

Оғзимдан чиққан сўзлар шу бўлди.

Дарров бориб онамни қучоқлаб олдим. Одамлар бошимизга тўпланди. Бир немис: “Ҳозироқ касалхонага олиб боришимиз керак”, – деди. Бошқаси:

– Аёл ўлган, бунинг кераги қолмади, – деб қўйди.

– Нима?! Онам ўлдими?!

Германиянинг зулматини йиртгудек бўлиб бақирдим:

– Онажон! Ўлманг! Ўтинаман, онажон! Жоним онам, мусулмон бўлсангиз ҳам мен сизни севаман!

Атрофим менга тасалли берадиганлар билан тўла эди. Онам бўлса қонга буланиб ерда ётарди. Устига ўзимни ташлаб, бор овозим билан йиғлай бошладим. Ўша кезлардаги изтиробимни ифодалай олмайман. Бунинг иложи йўқ. Худди ҳамма машаққатлар қўлини қўлга бериб мени қоплаб олгандай эди. Ичим, юрагим, кўнглим ёнарди. Ҳар бир заррам парчаланарди. Онагинам, зарра имони билан ҳеч чекинмай мужодала қилган онам. Мен учун жонини фидо қилган онам.

Полициячилар келди, ортидан “Тез ёрдам” машинаси ҳам. Онамни касалхонага олиб кетишмоқчи. Полициячи онамни қучоқлаб йиғлаётганимни кўрарди, лекин негадир яна атрофдагилардан сўради:

– Бу ўликни танийдиганлар борми орангизда?

Алам билан бақирдим:

– Уни ўлик деманг! Онамни ўлик деманг, унинг онаси ўлган деманг, илтимос. Бундай деманг, онамнинг ўлганини тан олиш жуда қийин. Онанг ўлди, деган жумлага ўрганган эмасман, бошқа нарса денг, бошқа нарса денг!

Полиция таъзия изҳорига қўшиб мендан узр сўради. Шок ҳолатидан чиқолмасдим, лекин полиция ходими вазифани бажариш учун мендан ёрдам сўради.

– Онангизнинг эри борми? Ҳолатни унга билдиришимиз керак…

Уйни таърифладим. Кетишди, кўп ўтмай отам келди. Бу орада онамни ўлик халтасига қўйишганди. Отам унга қараб фақат бир нарсани сўрарди:

– Ким у, ўлик ким?

Полиция ходими жавоб берди:

– Ўлган сизнинг рафиқангиз экан, қизингиз айтди.

Отам жон аччиғи билан ёнимга келди, ҳамма нарсани унутганди:

– Қизим, болажоним, Жамилам, булар нима деяпти? У ердаги онангми?

Ўз ҳолимни қўйиб отамга қайғура бошладим. Кейин Уғурни уйда қолдириб, биз онам билан касалхонага келдик. Жоним онам ўша кеча ўликхонада қолди. Отам ўликхона олдида эрталабгача йиғлади. Мени ташқарига чиқаришди. Амакимларга қўнғироқ қилиб бор гапни айтдим ва Уғурни уйдан олишларини эслатдим.

Кейин эрталабгача кўчаларда йиғлай-йиғлай айланиб юрдим. Иеговага дуо қилиб, менга сабр бер, дедим. Номини нима десам ҳам дейин, У мақсадимни биларди. Унга юзланганимни, Ўзидан сабр истаётганимни биларди.

Синан Пошо: “Муҳаббат сўзлари қуш тилидир, тушунмоқ учун Сулаймон бўлиш керак”, – дейди. Менинг азобимни англамоқ учун фақат мен бўлиш керак. Онам учун шунчалик ёндим, шунчалик куйдимки, гўё дунё онам учун ёнаётгандек бўлди. Оташимдан олов чиқарди. Вильям Шекспир: “Муҳаббат кўзда эмас, қалбда кўринади”, – деган. Мен унинг аксини иддао қиламан. Ошиқнинг ҳамма нарсасида унинг ошиқлигини билиш мумкин. Лекин менинг изтиробимни, қайғумни четдан қандай тушуна олардингиз? Эй онаси ҳали тириклар! Онангиз ўлмасдан аввал у билан тўйиб-тўйиб гаплашинг, ўтинаман. Уни бағрингизга босинг, ўпинг. Мен учун ҳам уни бағрингизга босинг. Менинг кўйимда ўлиб кетган онажонимни жаннатга тушмасимдан кўролмайман. Лекин сизнинг онангиз ҳаёт бўлса, бағрингизга боса оласиз. Сиз ҳануз имкониятингизни қўлдан бермадингиз. Ўлмасдан олдин онангизнинг қийматини билинг.

Эртаси куни мен, отам, Уғур ва амаким онамни ўликхонадан чиқардик. Онамни яхши кўрадиган одамлар у ерда эди. Амакимнинг ўзига мафтун бир қизи бор эди, у ҳам Америкадан онам учун келди. Бу қиз ҳамма жойда бошқалардан ўзини устун қўйишни истар, ўзини ҳаммадан гўзал ҳисоблар, кўрган одам унга ошиқу маҳлиё деб ўйларди. Ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилган, ўзига маҳлиё, худбин, ҳаддан ортиқ ўзига бино қўйган, ҳеч ким билан чиқишолмайдиган, ҳамманинг гап-сўзидан бошқача маънолар чиқаришга уринадиган, одамларни ўзидан бездирган, ўзини устун санайдиган одамлардан жуда қаттиқ нафратланаман. Лекин унинг онам учун Америкадан етиб келиши унга бўлган нафратимни йўқотди. Демак, нафратни ўчириш учун ҳам инсон ҳаракат қилиши керак экан.

Онажоним ёпинчиқ ўраган келиндек тобутда ётарди. Жоним онам. Сизга ўлим ҳам ярашибди. Худди мени эшитаётгандай эгилиб қулоғига шивирладим:

– Оҳ, онажоним, имон келтирсангиз нима бўларди? Абадий тупроқ бўлмасдингиз. Мени ҳам қайғуга қўймасдингиз…

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (25-қисм)

868 23:00 12.10.2019

Насроний атиргули (24-қисм)

813 23:05 11.10.2019

Насроний атиргули (23-қисм)

1009 23:00 10.10.2019

Насроний атиргули (21-қисм)

1164 23:00 08.10.2019

Насроний атиргули (20-қисм)

1009 23:55 07.10.2019
« Орқага