Наср

Насроний атиргули (23-қисм)

1453

Йиғладим, йиғладим… Бор овозим билан йиғладим. Еру кўкка нимадир бўлганди, иккиси ҳам устимга бостириб келарди. Иккисининг орасида сиқилиб қолгандим гўёки. Қаердасан, коинот? Қаердасан, кенг дунё? Нега мен сизларга сиғмаяпман?! Ўзимни қўярга жой тополмаяпман!

Худди бирдан йўқолиб қолдингиз. Гўёки тор келдингиз. Қўйинг, мени кўп сиқманглар.

Устимга қулама, осмон. Нозик вужудим, навниҳол руҳим кўтаролмас залворингни.

Уғур ҳам онамнинг устига ўзини ташлади. Ёши катта бир киши бизга танбеҳ берди:

– Боланинг ёнида бунақа йиғламанглар, руҳиятини издан чиқаради. Ўлимдан қўрқади. Сизлар ўлимни ақл билан қабул қилсангиз, бола уни фожиа деб билмайди.

Эътиқодсиз кимсанинг сўзларига ўхшарди бу. Бошдан оёқ динсизлик ҳиди анқирди. Ўлимни арзимаган нарса деб билиш. Ўлим арзимаган нарса бўлиши мумкинми? Ўлимдан ҳам муҳим, ўлимдан қийин, ўлимдан осон, ўлимдан қизиқ, ўлимдан бошқа якун, ўлимдан бошқа айрилик, ўлимдан ортиқ азоб, ўлимдан бошқа бошланиш, ўлимдан бошқа қайғули нарса бу дунёда борми?! Хусусан, онамдай бир аёлнинг вафоти. Боласини икки бор ўлдирган ўлим. Ўлимдан ҳам баттар бирор нима борми бу кенг дунёда? Бор экан, бироқ…

Демак, эътиқодсиз кимсаларни ўлим уйғотмаслиги учун ҳам шундай талқинлар билан овутишар экан ўзларини. Буни ўшанда тушунгандим. Онамни тобутга жуда чиройли қилиб қўйшганди. Ўликхонада ишлайдиганлар насроний эди, лекин мусулмонларда кўзга ташланмайдиган синчковлик билан онамни кафанлаб, тобутни безатишганди.

Насроний юртларда мусулмоннинг ўлигига бу қадар эҳтиром кўрсатган масъулларга имконим бўлса, мени эшитишса, шундай деган бўлардим: “Сизларга айтяпман! Тирикларимизга қандай муносабатда бўлганингизни билмайман, лекин ўликларимизга жуда яхши муносабатда бўлдингиз. Бу илтифотингиз учун сизлардан миннатдорман! Барча ўликларимиз учун бу миннатдорчилигимни қабул қилинг!”

***

Онам учоқнинг юкхонасида, биз учоқ ичида Туркияга учяпмиз. Йиғлайвериб ҳолдан тойдим. Баъзан отам билан кўзларимиз тўқнашади. Ундан кўзларимни олиб қочаман. Мен Уғур билан, отам амаким билан ёнма-ён ўтирибмиз. Улар бизнинг рўпарамизда.

Отам нега менга бақирмаётганига ҳайрон эдим. Нега “Онангни сен ўлдирдинг?!” демайди? Аслида тақдирга ишонмайди, тақдирга ишонса, асл сабаб ўлим соатининг келиши эканини тушунарди.

Кеча эрталабдан бери ухламагандим. Уғурни қучиб йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Истанбулга қўнишни эълон қилишаётганида уйғондим. Уйғонганимда отам амаким билан гаплашаётганди. Мавзу мен ҳақимда эди.

– Жамила қаттиқ хафа. Балки насроний бўлганига пушаймонмикан? Шунинг учун ҳам койимаяпман. Агар насронийлигини билсам, онасининг жанозасига ҳам қўймайман уни!

Боёқиш отам инсон мажбуран ҳидоятга келмаслигини, имон нелигини билмасди. Билмасди, чунки умрида бир боргина онгли равишда, чин кўнгилдан эътиқод қилмаганди. Ўз динига ҳатто қалбида эътиқоди йўқ эди.

Бир қанча жараёнлардан сўнг божхонадан ўтдик. Масъулларга онажонимнинг паспорти охирги марта кўрсатилди. Демак, паспортнинг муддати ўша кунгача экан. Бувим ўқиган бир шеърдан бир байт эсимга тушди:

“Ўлим билан ҳаётга қўйилар сўнгги нуқта

Кўйлагингнинг ёқаси – ўлимнинг ёқаси.”

Ҳа, аслида кийимимиз ёқаси ўлим бўлган ҳаёт либосидир. Тикувчиси қандай бичиб, қандай тиккан, ҳеч қачон билолмайдиганимиз либос. Онамнинг тобутини текширган ходиманинг айтганларини ҳеч қачон унутмайман:

– Онангизми?

– Ҳа…

– Аллоҳ сабр берсин. Аҳволингизни тушуняпман, сизга жуда ҳам қийин ҳозир. Лекин бир кун сиз ҳам кетасиз. Ўшанда кўришишингизни тилайман.

Ўша лаҳзаларда ўлимни шундоқ энсамда ҳис этдим. Шудоққина яқинимда. Гўёки ўлим менинг олтинчи сезгим эмишу, мен уни энди кўргандик эдим. Баъзан одамлар бошқача сўзлайдими ёки биз ўзгача қабул қиламизми, сўзлар замирида яширин маъноларни тушунамизми, бунисини аниқ билмайман, лекин бир нарсани аниқ биламанки, инсон изтироб чекаркан, сўзларнинг маъносига чуқур аҳамият беради…

Онажонимнинг тобутини олиб аввал вилламизга келдик. Қўшнилар югуриб келишди. Вера ҳам кўз ёшлари селоб оқиб келди, мени бағрига босди. Тасалли, меҳр-муҳаббат билан лиммо-лим тўла эди.

– Кўп қайғурма, жоним болам, бир куни бу изтиробни унутасан, – деди.

Шу орада бобомнинг кўзи Верага тушди. Ооҳ, Тангрим! Жоҳиллик инсонни нақадар хунук қилиб қўяди! Шунча одам, шунча дард орасида бобом Верага ташланди:

– Насронийсан-ку, мусулмоннинг жанозасида нима қиласан?! Қани, йўқол бу ердан!

Мен уввос солиб йиғлагунча эътироз билдирдим:

– Қўйинг, бобо, ўтинаман, бунақ қилманг! Бу ишингиз одамгарчиликдан эмас, қўйинг шу ғофиллигинизни!

Веранинг қаттиқ жаҳли чиқди. Кўз ёшларини артиб, бобомга биринчи бор жавоб қайтарди:

– Кетмайман! Мен сизга эмас, Жамилага ҳамдардлик билдиргани келдим. Мен сизнинг қариндошингиз учун эмас, Жамиланинг онаси учун келдим!

Бобомнинг бу қилиғидан ҳамма уялиб кетди. Жаноза намозини ўқиш учун келган имом ҳам хафа бўлди. Веранинг ёнига келиб, хижолатлик билан шундай деди:

– Авваломбор сиздан узр сўрайман. Ҳам ўзим номимдан, ҳам бу отахоннинг қилмишидан уялганлар номидан. Мусулмоннинг насронийга, насронийнинг мусулмонга ҳамдард бўлиши, таъзия билдириши инсоний ҳолат ҳисобланади. Ислом бунга тақиқ қўймаган. Ҳеч қайси динга бундай тақиқ йўқ. Бу масалани аниқ-тиниқ изоҳлаган оятлардан бири эса мана бу: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”. (“Мумтаҳина” сураси, 8-оят).

Ҳаммаси аниқ ва равшан! Бобом ғазаб билан имомга бақириб кетди:

– Сен имом бўла туриб бир насронийдан узр сўрагани уялмайсанми?! Исломнинг шарафини поймол қиляпсан!

Имом илмли, оқил инсон экан. Ғоят хотиржамлик билан жавоб қилди:

– Кимга ноҳақлик қилинган бўлса, ундан узр сўралади. Ислом шарафини поймол қилиш деганингизга келсак, Исломнинг шарафини ҳеч ким поймол қилмайди. Лекин мусулмонлар маданиятига кўланка солиш мумкин. Уни ҳам, хафа бўлмангу, сизнинг хатти-ҳаракатингиз қилади…

Узоқ баҳсдан кейин қўшнилардан сўралди:

– Марҳумадан розимисизлар?

 Онамни таниган ва танимаган борки, шундай жавоб берди:

– Розимиз!

– Марҳумнинг бировдан қарзи бормиди?

Ҳамма бир оғиздан жавоб берди:

– Йўқ!

Бу имомнинг услуби бошқача экан. Кўп муҳокама қилинди. Онамни жаноза ташийдиган машинага қўйдилар.

Қаердасиз, сўзлар, келинглар, ўша ҳолатимни таърифлаб берайин!.. Онамни қора тупроқ бағрига қўйиб келдим. Руҳининг сафари қайси бекатда ниҳояланганини Тангри билади.

Зоҳиран биз билган нарса, менинг эътиқодимга кўра тупроқ бўлган онам, жаннатдаги ҳовлисига кетганди. Онагинам. Жоним онам…

Алвидо, онагинам! Мендан рози бўлинг!

Қабристон тўла ота-она қалби-ла

Мозор хоки ҳам инграр алам-ла..

Олдинга қайтиш

Онамнинг вафотидан бир йил ўтди. Отам менинг ҳамон насроний эканимни билиб, қаттиқ ғазабланди. Лекин буни билдирмаслик учун кўп тиришди.

Юзимга қарамай сўради:

– Германияга қайтасанми?

– Йўқ, ота, мен шу ерда қоламан. Агар укамни менга қолдирсангиз, унга онадек ғамхўрлик қиламан, – дедим.

Ажабо! Укамни менга берди!

– Яхши бўларди. Бироз катта бўлгач, уни сендан оламан.

Боёқиш отагинам. Бола ҳали кичик, ҳарқалай бу ёшда насроний бўлолмайди, дея ўйлади. Шунинг учун уни менга ташлаб кетди. Катта бўлгач, шу хавотир сабабли уни мендан олмоқчийди. Отам ўзича ўйлаган динига бир кун киришимни ўйлаб, онамнинг вафотини ҳеч қачон юзимга урмади, мени айбламади. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман, отажон! Сиздан миннатдорман, бу яхшилигингиз учун сиздан ердан кўкка қадар розиман!

Биз Уғур билан вилламизга қолдик. Уни бўғоздаги мактабга ёздирдим. Энди ўзимни она каби ҳис қилардим. Уғурнинг устида ўлиб қолгудай парвона эдим.

Кечалари унга Исонинг ҳикояларини айтиб берардим. Жуда севиб эшитгани учун баъзан бир ҳикояни икки-уч марта ўқиттирарди. Мен ҳам диний ҳикоялар болаларнинг қалбида тахт қурганини жуда яхши билардим. Ҳеч чарчамасдан гапириб берардим. Мусулмонларни ўйладим, улар болалар билан бунчалик шуғулланмайди. Бу ҳам менинг фойдамга ишларди. Бир куни Исмат девонани учратиб қолдим. Секин гап очди:

– Баъзи насронийлар ва иеговачилар қон олдиришни инкор қилишади.

– Ҳа, биламан, Инжилда қон ҳаромлиги ёзилган.

Ғоят донишмандлик билан жавоб қилди:

– Таврот суҳуфларни қўллаб-қувватлаш учун келди. Забур Тавротни тасдиқлади, Инжил Забур, Таврот ва суҳуфларни тасдиқлади, Ислом эса Инжил ва ҳаммасини тасдиқлаш учун келди. Ҳар бир келган янгилик билан келгани учун Инжил Таврот ва Забур шариатини, Қуръон эса Инжил ҳамда бошқаларининг ҳам шариатини қабул қилди. Шунинг учун имон асослари ҳаммасида бир хилдир. Исо алайҳиссалом даврида қон қуйиш бормиди, билмайман. Мен шундай ўйлайман: қон олиш эмас, қон ичиш ҳаром бўлган. Ислом келганида эса гап инсон ҳаёти ҳақида кетганида, инсон очликдан ўладиган бўлса, ўлиб қолмайдиган даражада чўчқа гўштини ҳам ҳалол қилган. Ўлиб қолмаслик учун ейиш мумкин яъни. Қон олдириш ҳам шундай. Аллоҳнинг динига қулоқ сол, Жамила. Ислом ҳамма нарсани қамраб олган.

Қаттиқ ғазабландим:

– Жиннимисан сен?! Мен шундай қиламанми? Бизнинг шоҳидлардан неча киши ўлиб кетса ҳам қон олдиришмади. Эътиқодлари шундай. Сен эътиқодни мазах қиляпсанми?

Жинни бўлса ўзига! Одам бу жинни-ку деёлмайди, асаби қуюшқондан чиқади. Жавоби ғалати бўлди:

– Биз ҳеч кимнинг эътиқодни масхара қилмаймиз. Муҳокама қилиш бошқа, масхара қилиш бошқа нарса. Аввалги шариатларнинг баъзи қоидалари ўзгарганини биламан. Ҳақорат ва масхара қилиш масаласига келсак, биз томонларда масхара қилиш йўқ. Энди сиз томонга бир қарасак, хўш, сизлар томонда бизнинг динимизни ҳақорат қилиш йўқми? Масхара қилиш йўқми?! Албатта, буни мен эмас, сен яхши биласан!..

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага