Наср

Насроний атиргули (24-қисм)

1791

Гулдерен бор ғайрати билан ҳаракат қиларди. Атрофда нечта турар жой биноси бўлса, ҳаммасини айланиб чиққан, суратли варақалар ёпиштирган, биноларнинг почта қутиларига солиб қўйган, бирор савол туғилса, менга қўнғироқ қилинг, жавоб топиб, сиз билан баҳам кўраман, деб ёзган экан варақаларига. Онаси телефон қўнғироқларидан безор бўлиб кетибди. Баъзи қўнғироқларга у жавоб бериб қолса: “Бу ерда унақа одам йўқ!” – дермиш. Гулдерен бир йилда ўн бир нафар қизни тайёрлабди, улар билан дарс қилар экан. Уларга сизлар менинг ўн бир юлдузимсиз, дермиш. Менга унча гапирмасди, бу хабарларни онасидан олардим. Мен ҳам майдонга чиқиш учун изланишда давом этдим. Еттита мусулмонни насроний қилдим. Лайло билан дугонаси анчагина мусулмон ва насронийни шоҳидлардан қилган экан. Лекин “Булар кам” дейишарди. Таркан Иегова шоҳиди бўлганини айтарди, лекин ҳали бўлиб улгурмаганди. Саволлари тугамасди. Гулдереннинг хаёли менда эди. Сабрига ҳам қойил қолдим бу қизнинг. Унинг ғайрат-шижоати туганмас-битмас эди, аксинча сувдаги пуфаклар каби ортгандан-ортиб бораверарди. Бир кеча яна уларникига бордим. Аслида у билан учрашишни аллақачон тўхтатишим керак эди, афсуски, буни уддалай олмасдим. Ўтирдик, мева ювиб келди. Сўнг гинали оҳангда сўради:

– Нималар қиляпсан, Жамила? Майдонга чиқиш қандай кетяпти? Бирор одамни насроний қилдингми?

– Ҳа, етти мусулмон ҳидоят топди…

– Ҳидоят арабча сўз ва бизнинг атамамиз, илтимос, уни қўллама!

– Нима қилай? Фақат шундай тушунтира оламиз. Бу ер Туркия, туркча гаплашиладиган жой. Нима дейишим мумкин?

– Унда туркча гапир, эътиқод қилди де! Қолаверса, мусулмон ҳам демагин. Ҳақиқий мусулмон ҳеч қачон насроний бўлмайди. Сен динидан умуман бехабар одамларни биласан. Исми мусулмонча бўлса, ўзини ҳам мусулмон деб ўйлайсан. Қайси мусулмон насроний бўларди?! Нимага ҳам бўлсин? Исо алайҳиссалом ва Инжилга эҳтиромда бўлаверади. Мусулмоннинг шоҳидлардан бўлишга эҳтиёжи йўқ-ку! Ислом бу эҳтиром ва муҳаббатга изн беради.

Қаттиқ жаҳлим чиқди. Ғазаб билан ўрнимдан турдим:

– Сен ҳаддингдан ошиб кетяпсан! Мени келганимга пушаймон қиляпсан! Ҳасад қилаётганингдан нима деяётганингни билмайсан.

Ёнимга келди:

– Аҳмоқлик қилма, Жамила. Баҳслашяпмиз. Ҳасад қилишга келсак, ҳа, ҳасад қиляпман. Биродарларимни қўлимдан олишингга тоқат қилолмаяпман!

– Ҳа-а-а, улар мусулмон эмасди-ку?! Энди қандай қилиб биродаринг бўлиб қолди?

– Мени қистовга олишинг ечим бўлмайди. Албатта, ҳақиқий мусулмонни шоҳидлардан қилолмайсан. Ҳақиқий мусулмон динини жуда яхши билади. Ва шуни яхши биладики, Қуръон Тавротни ҳам, Инжилни ҳам тасдиқловчи ўлароқ туширилди.

– Сафсатангни қара! Ҳам уларнинг шариатини қабул қилмайсан, ҳам тасдиқлайсан.

Юзимга ғалати қаради.

– Инжил қанақасига Таврот шариатига амал қилмайдию, уни тасдиқлаган ҳолда туширилган? Инжилнинг тасдиқланишига имон келтирасану, Қуръонга келганда қайсарлик қиласан. Тавротда шанба куни балиқ тутиш ҳаром қилинган, бу иш насронийликда тақиқланмаган. Яна юзлаб масалалар бор. Сен фақат ишингга ярайдиган жиҳатини оласан.

Бу қиз бир йилда жуда кўп нарсаларни ўрганибди. Бир йилда бу қадар ўқиб-ўрганиш чиндан ҳам таҳсинга лойиқ эди. Мен ҳам ўзимча чиройли гаплардан жавоблар қилдим. Кейин ярашдик. У давом этди:

– Кеча бир хоним билан гаплашдим. Айюбда ўтирадиган Филиз деган устоз бор экан. Тадқиқотчи аёл экан, Исломни жуда яхши билармиш. У билан телефон орқали гаплашдим. Бу ҳафта Лайлоларникида ўтказиладиган тадқиқингизга уни ҳам олиб келаман. Кўрайлик-чи, у билан гаплашганда қандай сабабларни кўрсатасиз. Қуръон тутганингизни ўлдиринг дермиш-ку сизларнинг фикрингизга кўра, жавобини ўша аёлдан сўраб оласизлар.

– Келса келсин. Бизнинг қўрқадиган еримиз йўқ.

Чиндан ҳам қўрқадиган еримиз йўқ эди. Нимадан қўрқишим керак эди, бизга нима ўргатилган бўлса, уни мутлақо тўғри деб билардик.

Гулдереннинг онаси Амира хоним келди. Қизи билан гаплашмасди. Яна қизига харидор келган, қизи уни хоҳламаган экан, ақлдан озаёзганди аёл. Дарров менга шикоят қилишга тушди:

– Йўқ-йўқ, бу қиз ҳеч бир йигитни истамайди. Бу кишимга ҳеч ким ёқмайди. Бунинг устига, бу гал харидорлик қилган йигит диндор экан. Ҳайит намозларига қолдирмай борар экан.

Кўзларини сузиб, бироз тин олди. Амира хонимнинг тилига бошқа сўз келмасди. Яна ўша гапни такрорлади:

– Ҳа, ҳайит намозларига чиқар экан, – яна тин олиб давом этди: – “Айюб Султон” масжидида ўқир экан.

Яна бироз тин олиб давом этди:

– Бошига салла ўраб ўқир экан.

Гулдерен билан мен кулиб юбордик. Гулдерен сўради:

– Хўш, она, яна-чи? Ҳайит намозини ўқирмишми? Ислом учун бошқа қиладиган бирор иши бўлмагани учун битта нарсани ҳар хил ўлчамларда таърифлаяпсизми? “Оқшомдан оқшомгача ичаман!” деган одамдек…

Амира хоним яна ўша гапни такрорлади:

– Бунақада ўтириб қоласан! Ўттиз ёшга кирдинг!

Гулдерен жавоб қилди:

– Ўттизга эмас, она, йигирма беш ёшга кирдим. Лекин сиз ўттиз ёш десангиз, бундан кейин мен ҳам сўраганларга ўттиз ёшдаман деб қўявераман.

Бу гал Амира хоним бошқа маънода эътироз қилди:

– Йўқ! Зинҳор ундай дема! Мен жаҳлим чиққани учун айтяпман.

Ўзининг ёши билиниб қолишидан чўчиб шунақа деганди. Гулдерен иккимиз буни яхши тушуниб тургандик. Оббо одамлар! Ёшини яширишнинг нима кераги бор экан буларга?

Кунларим шу зайлда ўтаётганди. Ойнурда ҳам жуда яхши ўзгаришлар бор эди. Шунга қарамай баъзи нарсаларни ўйлаб, сиқилаётганмиш. “Баъзан боши берк кўчага тушиб қолгандек бўламан, саволларимнинг жавобини тополмайман”, – дерди менга. Чўқингунича у билан шуғулланишни истардим, лекин у биздан узоқда яшарди. Ҳар замонда телефон орқали гаплашиб, кўнглини кўтариб турардим. Ҳар гал гаплашганимизда нолирди:

– Бир шоҳид хоним чўқинибди, менга суратини кўрсатди, чўмилиш кийимида суратга тушибди. “Эркаклар кўриб қолса-чи?” – дедим. “Кўраверсин, уларга опа-сингилдаймиз, кўнгли бузилмайди”, – деди. Онам ҳам буни эшитди. Онам бунга ҳеч ҳам ишонмади. “Бунақа бўлиши мумкин эмас, шоҳидларинг эркаклик ҳиссини нима қилади?! Булар ҳам бошқа эркаклар билан бир хил шартларда яратилмаганми? Хўп, шоҳидлар мусулмонлардек эмиш, зино қилмас, буни тушунса бўлар, лекин қалбини қандай бошқаради?” – дейди. Онамнинг айтганларини ўйлаб қолдим.

Мазият хонимга офарин, нақ ўлжанинг кўзидан урган эди.

Ойнурга Иеговани севганлар жинсий майлларини бошқара олишини айтдим. Ўзимдан мисол келтирдим. Мен Германияда покиза юриб, Туркияда қанчалик кирланганимни, суюқоёқлардан деярли фарқим қолмаганини, бу ҳолатдан мени шоҳидлар халос қилганини, улар ор-номус борасида ўта эҳтиёткорлигини айтдим. Бироз ҳовуридан тушгандай бўлди. Бир томондан тинимсиз Инжил ва Иегова шоҳидлиги билан боғлиқ китоблар ёзувчиси биродар Мете Суернинг китобларини ўқирди. Ҳар хил журнал ва варақаларни ўқир, Инжилга имони ортаётганди.

Бир куни яна асабийлашиб гапира бошлади:

– Тадқиқичим менга нима деди дегин? “Энди Аллоҳ демайсан, Иегова дейдиган пайт келди”, – деди. Тавба, тавба, Аллоҳни Аллоҳ демасмишман! Бир муддат айтилармиш-да, сўнгра айтилмасмиш. Бошим қотди! Бу қанақа иш энди?! Буни ҳазм қиломаяпман. Ёхуд мусулмонлар айтганидек, бу иш мен тушунмайдиган савдоми? Аллоҳнинг исмини нега тилга олишмайди? Ким ўзи бу шоҳидлар? Нима булар?

Ойнурга оиласининг таъсири ҳам кучли эди. Ота-онаси тинимсиз қаршилик қилар, уни Исломга тортишга уринишарди. Айниқса, онасининг бир гапи Ойнурни жуда ҳам таъсирлантирганди:

– Ойнур, бу қандай дин бўлди? Қизим, эс-ҳушингни йиғ! Иеговачилар маст бўлмайдиган даражада ичкилик ичармиш, аёл шоҳидлар денгизда чўмилиш кийимида эркакларнинг орасида сузармиш. Пляжда суз, бошини ўрама, ичкилик ич… Бу қандай қулай дин экан?! Бундай динда фақат маза қилиб яшаш борми? Имтиҳон-чи?! Аллоҳ бандаларини имтиҳон қилиб синамаса, нега яратди?! Имтиҳон қилинмаса, яралишдан маъно, сабаб бўлмайди-ку!

Ойнур шундай жавоб қилибди:

– Улар зино қилишмайди, ёлғон гапиришмайди, қон олдиришмайди, ғийбат қилишмайди, Исога имон келтиришади.

– Менга ўхшаб улар ҳам очиқ юради. Улар зино қилишмайди. Мен ҳам зино қилмайман, мен ҳам уларнинг қилмаганини қилмайман, мен ҳам Исо алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлганига ишонаман. Хўш, мен ҳам Иегова шоҳидиманми?!

Онаси исломий ҳукмларнинг барини ўрнига қўймаса-да, инкор ҳам этмасди. Бу ақлли суҳбат эса Ойнурни ҳайрон қолдирганди. Боз устига, Ойнур онасининг гапларини кўп ўйларди.

Ойнурнинг Исломга қарши исёни, ақлига сиғдиролмагани қўл-оёқни кесиб ташлаш масаласи эди. Шунинг учун Қуръондан узилганди. Лекин шоҳидлардаги туш оламидай кўринган динга нақадар кўнгилдан имон келтирса-да, шубҳаларининг давоми кўринмасди. Бу қиз менинг ҳам бошимни қотирарди. Ишониши жуда қийин эди, бизга ўхшаб таслим бўлмасди. Эҳ, тезроқ чўқинса эди бу қиз. Чўқиндингми, ҳаммаси битди дегани. Инжилда айтилганидек, таслим бўлиш демакдир. Бу қарорни ҳам одамлар берарди. Аллоҳ билан бандаси орасига киради, деб поплардан нафратланардилар, чўқиниш ҳаққини ўзларида билишарди.

Бир неча ойдан кейин яна Ойнурни кўрдим. Анча ўзгарган, шубҳаларининг кўпидан фориғ бўлганди. Севинч билан хушхабарни айтди:

– Энди муаммо қолмади ҳисоб. Иеговага таслим бўлдим. Тадқиқим ҳам яхши кетяпти.

Фурсатдан фойдаланиб сўрадим:

– Хўш, Қуръонга нисбатан бирор ҳис туйяпсанми?

– Иегова асрасин, Қуръондан буткул узилдим. Шундай дин Аллоҳдан келган бўлиши мумкинми? Сизлардан бўлмаганнинг қўл-оёғини кесинглар дейди-я. Тинимсиз қўл-оёқ кесиш билан шуғулланишяпти. Камига бизни алдаб, бу дин Аллоҳ томонидан туширилган дейишяпти.

Гулдеренга Ойнур ҳақида гапириб бердим. Асл мақсадим Гулдеренга шама қилиб, уни йўлга тушириш эди. Ойнурга айтганларимни такрор айтардимки, Гулдереннинг ҳам боши қотсин.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага