Наср

Насроний атиргули (25-қисм)

1751

– Ойнур ҳам чўқинса, сизлардан битта одам камаяди. Кейин сен ҳам бир куни чўқинасан.

У менга, мен унга бир нималарни етказардим. Ойнур Исломдан ҳаддан ташқари нафратланарди. Ислом деганда руҳий инқирозга тушарди гўё. Оиласига нисбатан ҳам буткул исёнкор бўлганди.

– Менинг эътиқодим шу! Ўлсам ўламан, эътиқодимдан қайтмайман! – дерди. Акаси ҳам қаршилик қилар, лекин ҳеч ким шоҳидлар каби яқинлашолмасди. Ойнур шоҳидларни инсониятнинг олий табақали вакилларидай билар, уларга маҳлиё эди.

Ойнурнинг бу ергача келиши осон бўлмаганди, илк кунларда, тадқиқ дарсларида тинчини бузган саволларига жавобан Қуръондан оятлар кўрсатиб, фикрини ўзгартиришга уринишарди.

Ойнур менга шундай деганди:

– Бир куни тадқиқда эдик. Қуръон, Инжил, Таврот нима бўлса, барини тавсифлаяпмиз. Қуръонда “Аёллар сизнинг экин ерингиз” деган оятини шундай тушунтиришдики, аёлларни истаган кўйингизга солиб фойдаланинг тарзида тушундим. Ғазабдан ўзимни қўярга жой тополмадим. Бу динга қара, аёллардан фойдаланишга ўргатяпти деб, исёним ортди.

Боёқиш Ойнур. У ҳам менга ўхшаб алданганди. Экин ерини камситилишдай кўришарди. Шундай кўрсатиларди. Аёлдан истаганингдай фойдалан дегани нимаси энди? Ҳолбуки, у ердаги маъно буткул ўзгариб кетарди. Уни бирови яхши ният билан тушунмагани учун ўзгартирарди, бирови атайлабдан ўзгартирарди. Ҳолбуки, бу оятда янглиш ва ҳаром жинсий муносабатлар тақиқлангани ҳақида гап кетарди. Экин майдони улар айтганидек оддий нарса эмасди. Қолаверса, “экин ери”дан ҳар ким хоҳлаганича фойдаланмас, “экини ери”дан ҳам фойдаланишнинг ўзига хос одоблари бор. Экин майдони оддий нарса бўлса, нега улар “юксак вазифа”сини “экин майдони” дейишарди? Буни сўраш ҳеч қайсимизнинг хаёлимизга келмасди. Чунки ҳаммаси аралаш-қуралаш тушунтириларди бизга.

Ойнур яна сўзида давом этди:

– “Ҳийла” деганига ҳам жуда ҳайрон қолдим. Менга шундай айтиб беришгандики, ўйлаб, ақл ва мантиққа сиғдиролмайсан. Эркак хотинини хоҳлаган пайтида қўйиб юбориши мумкин эмиш. Ажрашганларидан кейин яна бирлашмоқчи бўлишса, хотини бошқа эркак билан турмуш қуриб ажрашмасдан аввалги эрига турмушга чиқолмасмиш. Бу қанақа аҳмоқгарчилик? Буни эшитиб тентак бўлиб қолдим.

Аслида ундай бўлмас экан. Эркак аёлини бир бор талоқ қилса, яна ярашиб кетишармиш. Иккинчи бор ҳам талоқ қўйса ҳам ярашишлари мумкин экан. Бундан кейин яна бир бор талоқ қўйилса, ана унда эркакка жазо бериш учун хотини билан яна уйланишдан маҳрум бўлар экан. Фақат аёл бошқаси билан турмуш қурса ва бева қолса, ўшандагина уйланиши мумкин экан. Масала шундай очиқ ва аниқ. Одамларга шундай тушунтирилмаса, албатта, ҳаммага бошқача туюлади. Бунинг ҳам аслида нима дейилгани тушунтирилмасди. Лекин мен Ойнурни эшитган чоғларимда ҳаддан ортиқ берилган, чин дилдан Иегова шоҳиди эдим. Мен ҳам шундай деб билардим. Ва эътиқодимга кўра Ойнур билан гаплашардим.

Ойнур тадқиқларда кўп саволлар берар, барчасига жавоб оларди. Бир кўзим доим Ойнурни кузатарди. Гулдерен туфайли маҳалламиздан ҳеч кимни оғдиролмасдик. Тадқиқларимизга қўшилганлар бўларди, Гулдерен бундан қаттиқ ғазабланарди. “Биз нега эркин ҳаракат қилолмаймиз?!” – дер, бошқа ҳеч наса демасди. Филиз устоздан ҳам дарс олар, китоблар ўқирди. Биз кўп эътибор бермаганимиз Содиқ бей, ўша каптарвоз одам билан Таркан маҳалламизни ҳайрон қолдиришганди. Лекин одамлар динини ўзгартириши учун ҳайратланиши ёки маҳлиё бўлишларининг ўзи етмас экан. Шунга қарамай, Иегова шоҳидларининг хизматлари ўн йилдан кейин янада аниқроқ кўринади деб ўйлардим. Мен бор ғайратим ва иштиёқим билан хизмат қилардим, ичимда шубҳалар бўлса-да, шоҳидлардан эдим. Мен билан шайтон шуғулланарди. Уғур ҳам Исони яхши кўриб қолди. Унга Исони севдиришни уддалагандим. Маҳалламизда номим “Насроний атиргул” бўлиб чиққанди. Фақат Гулдерен “Мусулмон атиргули” дерди. Мен унга “Насроний атиргули” дердим. Вера бўлса, исмимни унутиб юборганди. Мен ҳам унга “Насроний атиргули” дердим. Вера ҳовлига сув сепаётганида ёнига бордим. Ҳовлисида ҳар хил гуллар экилганди. Чиннигул, қизил, оқ, пушти ва қирмизи нилуфар гуллари. Худди жаннат боғига ўхшарди Веранинг ҳовлиси. Ёнидан ўтган борки, мафтун бўларди. Бобом айтган ёмонликни Вера ҳалигача қилмаганди. Боз устига, яхшилиги ортган эди. Бир куни Вера билан дардлашдик. Раҳматли онажонимнинг жанозасида бобом қилган қўпол муомалани муҳокама қилаётгандик. Лайло юмшоқ ўриндиқда ўтириб китоб ўқиётганди. Бошини бизга ўгириб суҳбатга қўшилди:

– Мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам шунақа, жуда қўпол бўлишади.

Гапи тугамай тасдиқладим:

– Жуда тўғри айтяпсан, дугонажон.

Лайло ҳам мендан илҳом олди:

– Албатта, тўғри гапиряпман!

Вера сўзимиз бўлди:

– Йўқ! Ундай эмас! Мен ҳақиқий мусулмон ёшларни кўрдим, улар сизлар айтганингиздек эмас! Лекин жоҳиллари ўта нодон. Худди бизнинг жоҳилларга ўхшашади. Аслида Аллоҳни севмайдилар, агар севганларида қалбларида меҳр тўла бўлади.

Эътиқоди ўзиникидан фарқли инсонга салом ҳам беришмайди. Фақат сенинг бобонг ундай эмас, худди шундай бир воқеани ўзимизда ҳам кўргандим. Бир одам мусулмонмиди, яҳудиймиди, унча эслолмаяпман, қўшнимизнинг жанозасига келганди. Одамни калтак кўтариб қувишдан баттар қилишди. Мен доим айтаман-ку, Рабнинг ҳузурида қайси бири устун билмайман, лекин мусулмонларнинг жоҳили ҳам, насронийларнинг жоҳили ҳам бир-бирига ўхшайди. Шариатлари бошқа-бошқа бўлса-да, услублари бир хил.

Вера оқилона сўзларида давом этди:

– Қизлар, худди ҳар доим яхши кўриниш учун махсус тайёрлангандексизлар. Худди соатдек. Лекин унутмангларки, ҳар бир ташкилот авваллари тартиб билан юргизилади, сўнгра парчалана бошлайди.

Мен бу гапга эътироз билдирдим:

– Асло! Бизда парчаланиш бўлмайди!

Вера эътирозимга эътироз билан жавоб қилди:

– Одам бор жойда албатта парчаланиш бўлади, жоним. Парчаланмасайди, Совет Иттифоқи коммунистлари орасида парчаланиш бўлмасди. Улар бир хил хусусиятлари бўлишига қарамай, парокандаликка учради…

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага