Наср

Насроний атиргули (26-қисм)

1289

Ҳар кунги баҳсимиз фақат дин ҳақида бўларди. Бир сўзимни кўп ўйлай бошладим. Лайло “Ҳамма мусулмонлар қўпол” деганда мен нега унинг гапини тасдиқладим? Ҳолбуки, мен Гулдеренга ўхшаган чинакам инсонни танирдим. У ҳам мусулмон эди ва асло жоҳил эмасди. Лекин қатъий қарорим у билан учрашгани тўсиқ бўларди. Уч-тўртта мусулмонда кўрганим қўполлик, маданиятсизлик таъсирини бир ҳақиқий мусулмон ўзгартиролмаганди. Вера ҳар кўришганимизда Филиз устозни сўрарди. Сиртдан унинг жуда ноёб ва замонавий устоз экани қулоғимизга чалинарди. Уни қизиқиб кутардик. Вера Филиз устознинг бу ҳафта бўладиган тадқиқимизда қатнашишини ҳам эшитганди. Лайлодан сўради:

– Бизникига Филиз устоз келармиш, шу тўғрими?

Лайло жаҳл билан жавоб қилди:

– Ҳа, тўғри. Бу ҳафта бўлиб ўтадиган тадқиқимизда қатнашади. Унга баъзи оятларни кўрсатиб, лол қолдираман! Шўрлик бошига нима кунлар тушишидан бехабар ҳали.

Таркан суҳбатга қўшилди:

– Мен ҳам шуни ўйлаётгандим. Бу шариатчи жоҳилдан шундай нарсаларни сўраш керакки, ҳайратдан тошга айланиб қолсин. Балки уни ҳам шоҳидлардан қилармиз?!

Унга “жоҳил” дейиши мени мамнун қилганди.

– Беҳудага хомхаёлларга берилманглар, – деди Вера, – ҳеч қайси илмли мусулмонни шоҳидлардан қилолмайсизлар. Сизларнинг шоҳидларга қўшганингиз номига мусулмон, ўзи Исломни умуман билмайдиган, ўзини мусулмон санайдиган соддадил юртдошларимиз эди.

Лайло яна эътироз билдирди:

– Биз шоҳидлардан бўлишини сўраб дуо қиламиз. Бизга қўшилса, тупроқ бўлишдан халос бўлади.

Ҳаяжон билан якшанбани кутардик. Гулдерен ҳам ҳаяжонда эди. Гўёки якшанба куни Лайлоларнинг вилласида учинчи жаҳон уруши бошланарди. Юрагимиз Лайлоларникидан айримас, худди уларнинг вилласида уриб турарди. Бувим ҳам энди шоҳидлардан бўлганимни эшитганди. Кўзларида ёш билан мендан сўради:

– Болажоним, сени насроний бўлди, адашди дейишяпти, тўғрими шу?

– Йўқ, ундай эмас, буви. Мен Ҳақ йўлига кирдим. Чинакам мусулмон менман. Мусулмон Аллоҳга таслим бўлган дегани эмасми? Шу-да, мен ҳам таслим бўлдим.

Содда нигоҳларини тикди менга:

– Шундайми? Яхши, болам, яхши. Аллоҳга таслим бўлмаган, шайтонга таслим бўлади.

Ниҳоят, кутган кунимиз келди. Ҳаяжондан юрагимиз тез урарди. Чунки Филиз устоз келганди. У билан танишдик. Лайло иккимиз ундан ўзимизни олиб қочмадик. Бир-биримиздан ҳар хил саволлар сўрардик, яхши жавоб берарди. Биз ҳам жавоб бердик унга. Аввал у бизга дарс берди. Бизга Аллоҳни англатишни бошлади. Қайта-қайта: “Аллоҳни инсон каби ўйлайсизлар, бу ўй оқибатида жуда катта янглишларга йўл очилади”, – деди. Инжил, Таврот, Забур ва Қуръондан гапирарди. Тавба-тавба, бу аёл ғоят маданиятли, зиёли эди. Унга лол қолмасликнинг иложи йўқ эди. Ички дунёсига ҳар қанча эҳтиром оз эди. Ҳайратда эдик. Айниқса мен ҳаддан ортиқ маҳлиё, ҳаддан ортиқ лол эдим. Гулдерен ҳам унинг суҳбатига ғарқ бўлди.

Гулдерен Филиз устозни ҳар ҳафта олиб келар, мен ҳам ҳар ҳафта бориб уни эшитардим. Номини дарс эмас, тадқиқ дерди. Ўргатувчига устоз эмас, тадқиқчи дейиларди. Бу билан Инжилда дин ўргатувчига нисбатан келган ҳукмга бўйинсунилмоқчи бўлинарди балки. Лекин номлар ўзгаргани билан ҳақиқат ўз мақомида турарди. Ҳар тадқиқ бир дарс, ҳар тадқиқчи насронийликни ўргатувчи диндор, устоз эди. Филиз устоз англатган ҳар бир нарсага ҳайрат билан қулоқ тутардим. Кўпини биринчи бор эшитаётгандим. Тавба, тавба, булар Исломда бор экан, лекин нега олдин эшитмагандим ва бунга ким масъул?..

Орадан бир неча ой ўтди, зиддиятли ўй-хаёллар оғушида эдим. Қарама-қараш тушунчаларга қаармай, эътиқодимдан қайтмаётгандим. Мени зиддиятга туширса-да, эътиқодим эди у. Бу эътиқод кўйида онамнинг вафотига сабаб бўлгандим. Иегова шоҳидларидан вақти-вақти билан айрилишни ўйласам-да, суяк-суягимгача етиб борганди уларнинг даъвати, айрилолмасдим. Нима қилиб бўлса-да, бу қарама-қарши ўй-хаёллардан халос бўлишим керак эди. Зерикиш ва ташвишлар билан кеча-кундузларим исёнда ўтарди. Бир куни бувим ва бобом билан тушлик дастурхони устида эдик, эшик қўнғироғи устма-уст чалинди. “Тинчлик бўлсин ишқилиб”, – дея эшикни очдим. Лекин хабар хайрли кўринмасди. Кейин билдимки, қанчадан-қанча ёмон кўринганлар аслида хайр бўладию, лекин буни кишилар билмайди.

Эшикда қўшнимизнинг ўғли Ойдин турарди. Бола эмасми, одам руҳиятини билмасдан хабарни етказди:

– Жамила опа! Уғур синфнинг деразасидан ерга тушиб кетди, ерда қонга буланиб ётибди…

“Укажоооон!” деб фарёд урганча уйдан чиқдим. Ойдин билан бирга воқеа жойига келдик. Укамни касалхонага олиб кетишган экан. Шу заҳоти такси тутиб, мен ҳам касалхонага кетдим. Касалхонага етиб борганимда жиннига ўхшардим. “Уғурим! Уғурим қаерда, айтинг, одамлар!” – дея ўзимга-ўзимга фарёд қилардим. Одамлар менга ҳайрон бўлиб, ғалати қарашарди. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига бордим. “Бола бизда, докторлар унга қарашяпти”, – дейишди.

Укам ётган бўлимнинг эшиги олдида кутяпман. Тилимда тинимсиз шу дуо айланади: “Тангрим! Тангрим, ўтинаман, укамни Ўзинг асра!”

Инсон хотиржамликда Аллоҳга муҳтожлигини ҳис этмайди. Бир инқилобчи қизнинг гапини эсладим: “Мен Тангрига муҳтож эмасман”, – деганди. Худди мукаммал ишлаётган соатнинг менга уста керак бўлмади, таъмирчи ҳам керак бўлмайди деганидек. Аллоҳ бунёд этган ҳолатлар соат каби мукаммал ишлаганда, ҳунарни ўзидан билмоқ, бошқа қудратга эҳтиёж туймаслик эди. Ҳозир мен бу эҳтиёжни томирларимдаги қонларим қадар туяман. Ҳаяжондан жойимда туролмайман. Сониялар шунчалик узун эдими? Ҳолбуки, бошқа пайт вақт ўтгани ҳам сезилмайди. Ўша ерда англадимки, вақт ҳам ҳолатга қараб ўзгарар эмиш. Укамни бир лаҳзага бўлса ҳам кўришни истардим, лекин мени ичкарига олишмади. Бирдан эшик очилди. Шифокорлардан бири чиққанди, жонҳалак сўрадим:

– Укам ўлдими, яшайдими, доктор? Ўтинаман, бирор нима денг!

Шифокор одатдагидай жавоб берар, лекин менга оғзини бир соатда бир очаётгандай туюларди. Ҳолатга қараб воқеалар шакли ўзгарарди. Аранг сўзлаётгандай жавоб берди:

– Ҳозирча тирик. Зудлик билан қон қуйишимиз керак. Ҳозироқ қон гуруҳини билишимиз зарур. Қон гуруҳини билсангиз айтинг, вақт йўқотмайлик.

– Нима?! Қон қуясиз?! Бўлмайди! Бу динимизда тақиқланган!

Шифокор менга ғалати қаради:

– Сиз ақлдан оздингизми? Қанақасига тақиқланган бўлади? Бунақа мутаассиблар бу давлатда қандай қилиб ҳокимият тепасига келиб қолди, билмайман!

– Биз ҳокимият эмасмиз, ўтинаман доктор, бошқа чорасини топинг, укамга қон қуйишингизга йўл қўймайман.

– Унда укангиз тирик қолмайди. Жуда кўп қон йўқотган.

Энди нима қиламан? Шоҳидлардан бири қон қуйишни қабул қилмаган ва шу сабабли ўлган, уни мақтаб мақтаб гапиришганди. Бошқа одам ўлса мақташ ёки сўкиш осон, лекин бу нарса ўз бошингга тушса, ҳечам осон эмас. Кўз ёшларим сел бўлиб оқарди. Бунча кўз ёш инсон танасининг қаерида тўпланиб турар экан? Тинимсиз йиғлардим.

– Бир сиз мусулмонмисиз, синглим? Қанча имомлар, ҳожилар, домлалар қон олдиришади, қон қуйдиришади. Ҳаром бўлса, улар қилмасди-ку бу ишни. Фақат сизга тегишлими бу эътиқод?

Имон келтиргандим, эътиқодим нимани талаб қилса, шуни бажарардим. Туркия Республикаси эътиқодимни ҳимояга олганди. Давлат томонидан ҳимоя қилинганимга ишониб шифокорга бақирдим:

– Эътиқодимни нега мазах қиласиз?! Мен мусулмон эмасман, мен чинакам насроний, Иегова шоҳидиман! Бизда қон олдириш ҳаром. Бундай қилолмайман! Сиз мени камситолмайсиз! Бунга умуман ҳаққингиз йўқ, жаноб!

Шифокор эътиқодини бу қадар онгли равишда ёқлаган одамни энди кўраётганди чоғи, ҳайрат билан жавоб қилди:

– Ўзингиз биласиз. Бола ўляпти.

Бошқа шифокрлар ҳам ёнимга келди. Бир доктор мени укамнинг ёнига олиб борди:

– Мана уканг, унга яхшилаб қара, балки бу охирги кўришинг бўлиши мумкин.

Ўша лаҳзаларда Исмат девонанинг айтганини эсладим. Бир гал шундай деганди: “Ислом инсон ҳаётига шу қадар жиддий қарайдики, ҳаром қилган бир нечта нарсани ўлимга сабаб бўладиган ҳолатларда ҳалол қилган”. Филиз устоз ҳам бу масалада шундай деганди: “Қон қуйиш ақл топган неъматдир, инсониятга фойдаси бўлган ҳар қандай неъматни, у кимдан келса келсин, қабул қилиш керакдир. Зеро, у ҳам Аллоҳнинг бандаларга илм билан келган раҳматидир ”.

Иккиланаётгандим. Бу тараддудланиш инсон қалбини қай ҳолга туширишини ҳеч тушунтиролмайман. Кимдир юрагимни кўра олганида, ишончим комилки, унда дўзахда ҳам бўлмаган оловни кўрарди. Нима қиламан энди? Чорасиз ҳолда бир пастга, бир юқорига чиқардим. Укамнинг ёнига бордим, уни ўпдим, ўпавердим, қайта-қайта ўпдим.

Бир қарасам, унга қон қуйилаётган эди. Ақлдан оздим. Бор овозим билан бақира бошладим:

– Уни чиқаринглар укамнинг қўлидан! Ўтинаман, ҳозироқ чиқаринглар!

Шифокорлардан бирининг қаттиқ жаҳли чиқди:

– Тентакмисан сен, ҳой қиз?! Бола ўлади-ку!

– Ўлсин, майли, сиз чиқаринглар!..

Бирданига оғзимдан чиққан сўз қулоғимга ўқдай қадалди:

– Йўқ, йўқ, ўлмасин! Жоним укам ўлмасин! Дунёда ундан бошқа жигарим, яқиним йўқ. У менга онамдан қолган ёлғизгина хотира, ўтинаман, укам ўлмасин!..

Ўша жойда чўкиб ўтирганча ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошладим.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага