Наср

Насроний атиргули (27-қисм)

1221

Қон қуйишларига рози бўлдим. Демак, мен яхши шоҳид эмасдим. Шайтон қонимга кирганди. Ўзимни катта гуноҳга қўл ургандек ҳис қилардим. Лекин эътиқод борасида ҳам иккинланардим. Қандай қилиб бизга замонга тўғри келмайдиган деб кўрсатилган Ислом дини қон олдиришни тақиқламайдию, замонавий қилиб кўрсатилган насронийликнинг баъзи мазҳаблари буни қабул қилмайди?.. Бу азобни ўз бошимга тушганида англадим. Укамнинг боши устида эрталабгача ўтириб чиқдим. Бобом билан бувим ҳам келишганди, улар ҳам йўлакда тонг оттиришди. Икковлари ҳам Уғурни қаттиқ яхши кўришарди. Ярим тунда чиқиб қарасам, икковлари ўриндиққа суяниб ухлаб қолишибди. Тонгга яқин Уғурим кўзларини очди. Менга бир қарадию кўзларини юмди. Тонгги саккизда ким келди деб қарасам, Вера келган экан. Ниҳоятда қайғурган эди.

– Аллоҳ сабр берсин, хафа бўлманглар, орқада қолади, иншааллоҳ, – деди. Бу орада сумкасидан ўроғлиқ бир нарса чиқарди. – Кечки пайт сизларникига ўтгандим, уйда ҳеч ким йўқ экан. Булар касалхонада қолишади, бир нима тайёрлай, оч қолишмасин дедим. Кечқурун келгандик, ичкарига киритишмади.

Жуда чиройли гапиради-да шу Вера. Бобомга қарадим, ажабо, уятдан бошини кўтаролмасди.

– Тунда кимлар келди? – дедим. Гулдерен билан Лайло келишдимикан дея ўйлаётгандим.

– Ҳаммамиз келдик. Лайло, Таркан, Гулдерен. Яна кимни кутаётгандинг?

Ҳеч кимни кутмайман, улар менга етади. Кўп ўтмай Лайло билан Гулдерен келди. Шундай оғир пайтларингда дўстларингни ёнингда кўриш жуда ҳам яхши экан. Буни ўша кунда тушунгандим. Туни билан ухламагандим. Гулдерен қўярда қўймай: “Мен Уғурнинг ёнида қоламан, сен бор, уйда ухлагин”, – деди. Кетишим керак эди. Уйқусизликдан, ҳорғинликдан кўзларимни очолмасдим. Вера, Лайлолар, бобомлар билан бирга касалхонадан чиқдик. Бир қарасам, касалхона эшигининг олдида қўлида бир даста гул билан Исмат тентак турибди. Уни кўриб бир бошқача бўлдим. Дарҳол пешвоз чиқиб қўлимга гулдастани тутқазди:

– Кўрган кечирганинг шу бўлсин, насроний атиргули. Айбга буюрмайсан, ичкарига киролмадим.

– Нега кирмадинг?

Саволга қаранг! Бу ер савол берадиган жоймиди? Баъзан инсон жавобини истаган саволни беролмай, унинг ўрнини тўлдириш учун беъмани нарсаларни сўрайди. Исмат шундай деди:

– Мен касалхонага киролмайман.

– Нега?

– Касалхоналарда узоқ ётдим. Нақ саккиз ярим ой. Шундан сўнг қалбимда асорат қолди.

Қайғуга қоришиқ хушнудлик билан миннатдорчилик билдирдим. Гулдастани уйга келганимда очиб кўрдим. Гулдонга қўяр эканман, кўзимга изҳор қоғози кўринди. Қизиқиш билан очиб ўқидим: “Насроний бўлсанг ҳам инсон юраги уриб турибди сенда. Аллоҳдан сенга сабр беришини сўрайман. Исмат девона” деб ёзилган эди. Руҳий касал одам ўзини девона дейдими? Ёхуд ўзига бошқалар нигоҳи билан қарагани учун “Исмат девона” дермиди? Буни ҳеч билолмадим…

***

Бир неча кундан кейин Уғурим соғайиб, аввалгидан ҳам кучга тўлиб касалхонадан чиқди. Аммо бувимга мен ҳақимда яна бир нималар дейишибди чоғи, кўзларимга музтар термилиб сўради:

– Қизим, нега сени насроний дейишади, тушунмайман. Мендан бирор нарсани яширмаяпсанми, ишқилиб?

Кескин жавоб қилдим:

– Мен Аллоҳга имон келтирган бандаман, бувижон. Имон келтирганимнинг ўзи сизга етмайдими?

Боёқиш бувим кўнгли пок аёл эди, яна менга алданди:

– Яхши, болажоним, яхши. Албатта жуда яхши қилибсан, имонсизлик Аллоҳ авф этмайдиган гуноҳ…

Аслида ич-ичимдан виждон азоби чекаётгандим. Нима қилишим керак эди? Тўғрисини айтсам, изоҳлашга қийналардим. Мени тушунмас, фақат ранжирди. Эътиқодимни яширишнинг бошқа ҳеч қандай асоси йўқ эди. Мен атайлаб яширсам, жонимдан ортиқ яхши кўрганим онажонимдан сир тутган бўлардим. Бувим билан гаплашаётганимизни бобом эшитиб турганди. Бизни диққат билан эшитарди ва бобом асл ҳақиқатни биларди. Лекин дадамдан қаттиқ жаҳли чиққани учун менга ҳеч нарса деёлмасди. Ҳа, ҳеч нарса деёлмасди. Аллоҳ учун қилинмаган иш шундай бўлади. Бобом ҳам шундай гинаси қаттиқ одам эканки, бир бор бўлса ҳам: “Қизим, нега Исломдан чиқдинг?” – деб сўрамади. Ҳа, унинг дарди чиндан ҳам Аллоҳ ва дин эмасди. Ўзининг ғурури, анонияти эди. Ва буни қойилмақом тарзда исботлади.

Вилламиз айвонида китоб ўқиб ўтирганимда Самира опа келди. Қичқира-қичқира мени ҳақорат қила бошлади:

– Сен адашгансан! Сен динимизга хиёнат қилдинг! Уялмасдан қизимни ҳам қўлга олибсан.

Ундан жаҳлим чиқмайди, қаттиқ гапирмайман деб аҳд қилгандим. Қон қуйдириш эътиқодимга дарз кеткизган бўлса-да, мен ҳамон ўзимни ўша динда деб санардим. Самира опа ғазабини сочишда давом этди:

– Устинглардан полицияга шикоят қиламан. Кўриб қўясизлар, бу якшанба кўрсатиб қўяман сизларга.

Жоҳил аёл нималар деётганини билмасди. Унга қаттиқ гапириш бизга ярашмасди. Мен хушмуомалалик билан жавоб қилдим:

– Унақа деманг, Самира опа. Биз ҳақ йўламиз, нега биздан жаҳлингиз чиқяпти, билмайман. Аввал динга бепарволигимизда бизни койимасдингиз-ку? Энди сизга нима бўлди?

У мени ҳақорат қиларди, мен унга илтифот қилардим. Асаблари қақшарди, оғзига келганини қайтармасди. Бирдан телефон жаранглади. Гулдерен қўнғироқ қилаётганди. Полиция маҳкамасидан қўнғироқ қилаётган экан, овози ваҳимали эди:

– Жамила, ҳозироқ бу ерга кел, илтимос. Мен полиция идорасидаман. Келаётганингда “Аллоҳга таслим бўлиш аслида нима дегани?” деган китобни ҳам олиб кел. Менга жуда керак бўляпти, – деди.

Полиция идорасига борганимда Гулдерен комиссарнинг рўпарасида ҳам йиғлар, ҳам гапирарди:

– Мен ўз юртимда, ўз динимни англатолмайман. Мени дарров полиция олиб кетади, лекин булар мутлақо эркин ҳаракатланади. “Бизнинг хос қароргиҳимиз йўқ” дейишадию, борган жойларини қароргоҳ қилиб олишади. Лекин мен диним билан боғлиқ икки оғиз гапни ҳам гапиролмайман. Бу қанақаси, комиссар бей? Бу қанақаси? Бу ўлка бизнинг юртимиз эмасми? Бу айрилиққа яна қанча чидашимиз керак?

Комиссар қаттиқ оҳангда мавзудан ташқари савол берди:

– Сен қанақа диндорсан, ўзи?! Бошингу кетинг очиқ! “Диндорман, мусулмонман” дейсан, аввал бошингни ёпиб олгин, хўпми?!

Гулдерен ёноқларини юваётган кўз ёшларини артаётиб сўради:

– Сизнинг аёлингиз ва қизингизнинг боши ёпиқми?

– Йўқ… Нима алоқаси бор буни?!

– Хўш, улар динсизми?

– Аҳмоқона гапларни йиғиштир, қиз! Нега динсиз бўлишаркан?! Менинг уйимда Аллоҳни танимаган одам яшамайди! Сен менинг кимлигимни билмайсан, чоғи?!

– Хўп, сизникилар очиқ бўлишса-да, диндор бўлишадию, мен бўлолмайманми? Бунинг устига, мен рўмолни инкор қиладиган жоҳил “зиёли”лардан эмасманки, динсиз бўлсам! Иншааллоҳ бир куни мен ҳам ўранаман…

– Лекин сен динчисан-ку, қизим. Динчи дегани ўранган бўлади.

– Ўранган бўлганимда мени бу ерга олиб келмасмидингиз, жаноб?

Комиссар бу саволга ҳайрон қолди:

– Нима алоқаси бор бунинг?

Комиссар юзини буриштириб менга қаради ва сўради:

– Бу ким?

– Дугонам.

– У ҳам динчими?

– Ҳа, лекин Туркия Жумҳурияти қонунчилик, ижро ва суд тизими томонидан илтифот кўрган динчи. Ҳатто айрим оммавий ахборот воситаларидан ҳам.

Комиссар ўрнидан турди:

– Тушунмадим? Нима, нима, нима?! Бу қиз ҳам динчи, лекин?

– Лекини шуки, бу қиз ҳам динчи, ҳам миссионер. Аслида сиёсий хавф бунда бор, лекин у эмас, биз айбланамиз. Мен улар ҳам айблансин демайман, лекин ҳеч бўлмаса бизда ҳам улар каби эркинлик бўлсин дейман. Биз ҳам бу юртнинг фарзандимиз-ку?!

Кўзларини қисиб гапирадиган комиссар сўради:

– Сенинг эркингни ким чеклаяпти?

Гулдерен комиссарга узоқ қараб туриб жавоб қилди:

– Кулгимни қистатдингиз, комиссар бей! Мен ҳозир нега бу ердаман?

Комиссар юзларини буриштириб бақирди:

– Одамларнинг эшигига бориб уларни безовта қилар экансан-ку!

– Уйга киргизишмаса, мажбуран кирибманми?

– Ҳа, ўша уйдаги қиз шундай деди. Шунинг учун шахсий мулкка тажовуз қилишда айбланиб етти йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бирдан дунёим алғов-далғов бўлиб кетди:

– Йўқ! Дугонамни қамай олмайсиз!

Комиссар масхара қилди:

– Йўғе?! Буйруғингиз бош устига хонима! Модомики сиз шундай десангиз, унда қилмай қўя қолайлик. Сен овозингни ўчир, хўпми?!

Гулдерен қўлимдан китобни олиб орқа муқовани очди:

– Марҳамат, комиссар бей, Иегова шоҳидларининг давлат ҳимоясида эмаслигини айтдингиз, шу ерни ўқиб кўрасизми?

Комиссар Мете Суэрнинг “Аллоҳга таслим бўлиш аслида нима дегани?” номли китобини Гулдереннинг қўлидан тортиб олиб, кўрсатилган жойини ўқий бошлади:

"Иегова шоҳидларининг Туркиядаги ҳуқуқий ҳолати: Иегова шоҳидлиги Туркия аҳолиси реестерига ўтказилишига қарор қилинган. Расман тан олинган дин. (Т.Ж. Истанбул 20-Фуқаролик ишлари бўйича судининг 974/2885 рақамли қарори). Олий суд, Оғир жазо ва ҳарбий ҳуқуқ судининг қарорлари билан Иегова шоҳидлари фаолиятида жиноий ҳаракатлар йўқлиги аниқланди. Олий апелляция суди Бош ассамблеясининг 19.1979 / 275.К.1980 / 115 ва 23.3.1980 йилдаги қарори билан Иегова шоҳидларининг диний фаолияти қонун билан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга эканлиги маълум бўлди. (Қаранг: Кассация судининг қарорлари журнали, 3-жилд, нашр, 137-бет ва 5-жилд, 7-сон, 1015-бет).

Мусулмонларга, Исломга берилмаган ҳақ-ҳуқуқ Иегова шоҳидлигига, насронийликка берилганди.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага