Наср

Насроний атиргули (28-қисм)

1189

Комиссар ёзувни ўқиб бироз тараддудланиб қолди. У ҳам ҳайратда эди.

– Оббо, мен бунчалик эканини билмасдим. Демак, улар истаганича диний фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга экан-да?

Гулдерен қатъий, лекин бироз синиқ оҳангда сўзларди:

– Мен бизга булардан ортиқ берилсин демайман, худди уларга берилган ҳуқуқ бизга ҳам берилсин. Менинг диним давлат ҳимоясида эмасми? Кечагина пайдо бўлган дин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгаю, биз бу ҳуқуқдан маҳруммизми?.. Шу нарса менга алам қилади! Етти йил экан-ку, етмиш йил қамоқ жазосиз берилса-да, мен бу фикримни ҳимоя қилишда давом этаман, жаноб. Яна айтаман: давлат уларни қабул қилмасин, уларни ҳимоя қилмасин демайман. Уларга берилган ҳуқуқ менга ҳам берилсин дейман, холос.

Комиссар қошларини ишқалаб бироз ўйланиб қолди:

– Демак шунақа дегин?! Иеговачилар истаганича фаолиятини юргизади, сизларга эса бу ҳуқуқ берилмаган. Мен динчи эмасман, лекин…

Гулдерен унинг сўзини бўлди:

– Сиз динсизмисиз, жаноб?

– Менга қара, мен билан унақа терс гаплашма, асабимни бузяпсан! Мен динсизга ўхшайманми?

– Динсизлик қиёфадан эмас, фикрлардан кўринади, жаноб. Бизга динсизлар қўйиб олган лақаб билан мурожаат қиляпсиз. Шунинг учун сўрагандим. “Динчи” нима дегани? Биз мусулмонмиз, мусулмон дейиш шунчалик қийинми?

– Ҳммм, демак сизлар динчи сўзини хушламайсиз!

– Хушлайдиган жиҳати йўқ-да. Чунки бу лақабни бизга душманларимиз ёпиштирган. Яхши гап бўлса, бизга лақаб қилиб қўйишармиди?

– Майли, мавзуга қайтайлик. Демак, бу юртда насронийлар динини истаган ҳолатда тарғиб қилиш ҳуқуқига эга, шундайми?

– Ҳа, жаноб, шундай. Майли, бўлсин, лекин бизда ҳам бўлсин дейман.

Комиссар ўрнидан учиб турди ва столга бир мушт тушириб, давом этди:

– Унда сенинг ҳам ҳаққинг бор, тушундингми? Ислом дини ҳам давлат ҳимоясида! Қани бор, қаерда динни тарғиб қилсанг қил. Фақат қонунларга қарши бирор нима қилма. Отатуркни ёмонлаб бирор сўз дема.

Комиссар қулоқларигача қизариб кетганди. Тўғриси, мен ҳам жуда севиндим. Мусулмон бўлса ҳам Гулдеренни жуда яхши кўрардим. Гулдереннинг қамоққа тушишини ҳеч истамасдим.

Бир неча соатдан кейин Гулдерен қўйиб юборилди, мен ҳам енгил нафас олдим. Полиция идорасидан чиққанимиздан кейин биринчи ишим ундан ҳеч кутмаганим бу хатти-ҳаракатни сўраш бўлди:

– Гулдерен, сен сотқинликка ўтдинг. Бунақа хоинлик сенга ярашмайди. Ўзинг ҳам буни яхши биласан, тўғрими?

Бу орада катта кўчага ўтгандик. Кўча гавжум эди. Одамлар такси кутарди, биз ҳам уларнинг орасига қўшилиб кута бошладик. Гулдерен жавоб қилди:

– Сиз ноқонуний махфий ташкилот эмассизлар-ку, сизларни айтганим қанақасига хоинлик бўлади? Сизлар қонуний ташкилот, расман тан олинган диний ташкилотсизлар. Эътибор берган бўлсанг, мен ҳам сизларга берилган эркинликни истайман. Сир тутганларингизнинг ҳеч бирини гапирмаяпман. Менинг ҳам ҳаққим бор деб ўйлайман.

Ярқираган нарса нур эмас

Ниҳоят биз кутган кун келди. Филиз устоз ҳали келмаганди, лекин келиши керак. Тадқиқ кунимизда янги қатнашувчилар бор. Чамаси бугун саккиз-ўн чоғли одам бўлиши керак. Ойнурни ҳам таклиф қилдик. У ҳам орамизда, бир бурчакда индамай ўтирганди. Таркан Филиз устознинг келишини билар ва бундан бироз беҳаловат ҳам бўлганди.

– У динчи нега келади?

– Келаверсин, биздан балки унга ҳам фойда бўлар, – деди Лайло.

– Унда нега ҳалигача келмади?

– Келиб қолишади. Гулдерен олиб келгани кетганди.

Гулдерен билан Филиз устоз эшикда турганди. Филиз устоз ичкарида эркагу аёл аралаш ўтирганини кўриб, бироз хушланмади. Бундай йиғинларга одатланмаган эди. Лекин маънавий курашдалиги учун ҳолатини сездирмасликка уриниб, ўзига кўрстилган жойга ўтирди. Ҳаммамиз унга яхши муомала қилдик, ҳурматини ўрнига қўйдик. У ҳам жимгина юмшоқ ўриндиқда ўтирди. Тадқиқ дарсини Лайлонинг тадқиқчиси бериши керак эди. Қоидага биноан тадқиқ Инжилдан бошланмасди. Кичик китобчалар билан одамга таъсир ўтказилади, фикрини ўзгартиришга киришилади. Бу билан унга тушунчалар берилади ва сўнгра Инжилга ўтилади. Бугун ҳам “Аллоҳга таслим бўлиш нима дегани?” номли китоб билан тадқиқ бошланарди. Бу орада Исмат девона келиб қолса-да! Нега келганига ҳайрон бўлиб, ҳатто бундан беҳаловат ҳам бўлдик. Лайло ҳамон ташқарига чақириб, унга нималардир деди. Мен нигоҳларим остидан уларни кузатиб турдим. Бироз ғамгин, Лайлога нималарнидир сўзларди. Нима деганини кейин билиб олдим. “Девона бўлганим учун сенга зарар етказишимдан қўрқяпсан. Ақлини йўқотганлар зарар беради деб ўйлайсан. Эсингда бўлсин, бу замонда ақли йўқдан эмас, ақллилардан зарар келади”, – дебди. Жуда чуқур маъноли сўзлар! Бу қанақа девона, ҳеч билолмадим.

Тадқиқ йиғинимизга бир муҳандис ҳам қўшилганди. У мушриклардан эди. Бизни яхши кўрар, лекин “динчилар” дея мусулмонлардан нафратланарди. Филиз устозни кўрганида унинг юзидаги ифодани кузатдим. Аслида кузатишнинг кераги ҳам йўқ эди. Газета сарлавҳасидай бош ҳарфлар билан катта-катта қилиб башарасига ёзиб қўйилганди. Уни ўқимаслик мумкин эмасди. Шивирлаб мендан сўради:

– Бу асаббузар бу ерда нима қиляпти?

– Ўртоғим таклиф қилди.

– Таклиф қилишга бошқа одам тополмабдими?! – деди қош-қовоғини осиб. Жавоб қилмадим. Кўп ўтмай тадқиқчимиз китобни ўқий бошлади:

“Аллоҳга таслим бўлиш” аслида нима дегани? Адолатни севасизми? Тўполонлар, айрилиқлар, душманликлардан, қон тўкилишидан нафратланасизми? Айрим кишиларнинг дин, ирқ, синфий жамият, ёш ёки жинсий жиҳатдан бошқалардан ўзини устун санаши сизни хафа қиладими? Ҳамма қардош-биродар бирга яшашидан хурсанд бўласизми? Агар бу саволларга жавобингиз ижобий бўлса, бу кичик китобда муҳим нуқтани илғай оласиз. Бугун одамларнинг дўст-биродар бўлиб яшамаётганини айтишнинг ҳеч кераги бўлмаса керак. Қўшниларингизни ёки бирга ишлайдиган жамоадошларингизни олинг. Уларнинг нечтаси чиндан ҳам ҳалол, қалби тоза дея оласиз? Неча кишига ишона оласиз? Уларнинг сони кўп эмаслиги аниқ. Қоронғи тушганида кўчада ёлғиз ўзингиз қўрқмасдан юра оласизми? Эшигингизни қаттиқ қулфламасдан ётиш хаёлингизга келадими? Одамлар шунчалик изтироб чекаркан, бутун бошли халқлар қандай аҳволда? Ижтимоий муаммолар борган сари ортиб бораётган бир пайтда бир нечта сиёсатчи бойлик ва шуҳрат қозониш учун бир-бирлари билан олишмоқда. Миллионлаб кишилар очликдан ўлаётганида давлатлар қурол учун мисли кўрилмаган миқдорда пул сарфлашяпти. Бу орада кўпгина давлатларнинг иқтисодиёти издан чиқиб кетмоқда ва одамлар келажагидан хавотир оляпти”.

Тадқиқчимиз тўртинчи моддага ўтмасдан, Исмат девонанинг овозидан чўчиб тушдик.

– Илтимос!.. Илтимос, Жамилани қўйиб юборинглар!.. – дея ташқарида бақирарди. Ҳамма менга қаради. Уялиб кетдим. Ўзимни эшитмаганга солиб илтимос қилдим:

– Бир жиннини деб дарсимизни бузмайлик.

Тадқиқчи тўртинчи моддани ўқишда давом этди:

“Тўртинчи. Ҳақиқатан ҳам инсоният тарихининг энг мураккаб даврида яшаяпмиз. Мулоҳазали кишидар бу ҳақиқатни жуда яхши биладилар. Ўтган давр мобайнида икки ёзувчи замонавий дунёнинг айрим муаммолари; қурол-яроқ ишлаб чиқариш мусобақаси, иқтисодий инқироз, аҳоли кўпайиши, табиий ресурсларнинг камайиши, техникага мутаассиблик, нотўғри овқталаниш, атроф-муҳит ифлосланиши ва табиат мувозанатининг бузилаётгани хусусида тадқиқот ўтказишди. Изланиш натижасини китоб ҳолига келтириб, унга қуйидагича ном бердилар: “Дунё чўкяптими?” (Сезер Дуру, Ўрхон Дуру томонидан, 1975 йил, Истанбул).

Юқорида кўрсатилган муаммолар ечими учун инсонларнинг хатти-ҳаракатларига қаратилган изоҳга диққат қилинг:

“Тинимсиз тинчлик, бахт, олдиндаги яхши кунлар эртагини ўқиётган масъул шахслар яхши ниятларини аниқ мисоллар билан исботламайдилар. Бир куни Бухарестда “Бутун жаҳон аҳоли конференцияси”га йиғилишади. Бошқа куни Римда дунёда овқатланиш муаммоларига бағишланган тадбир ўтказилади. Бошқа куни Стокголмда атроф-муҳит ифлосланишига доир мажлис бўлади. Бу йиғилиш ва конференцияларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкил қилинади. Шундай экан, бу муаммоларнинг ҳақиқий ечими бўлиши керак. Лекин аксарият ҳолларда бу йиғин ва конференциялар турли хил ижтимоий-сиёсий, илмий, нуқтаи назарлар, фикрлар тўқнашуви майдонига айланади. Бу ўйларга ҳамфикрмисиз? Олимлар ҳам нияти яхши бўлса-да, кам ҳолларда муваффақиятга эришадилар. Гўёки кўринмас бир қўл яхши ниятларга тўсиқ бўлади ва бу орада дунё борган сари ёмон аҳволга тушиб кетяпти. Бугуннинг муаммоларига ечим топилмаётганининг асл сабаби нима?”

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага