Наср

Насроний атиргули (29-қисм)

1197

Ҳамма ҳаяжон билан биринчи бўлимда ёзилганларни эшитиб турди. Шундай гўзал, ўринли ва аниқ тадқиқотга Филиз устоз нима ҳам дея оларди? Тадқиқчимиз сўради:

– Шу еригача бирор эътироз билдирадиган борми?

Ҳеч кимдан сас-садо чиқмади. Мушрик муҳандис – исми Мелиҳ эди – минғирлади:

– Ажойиб тадқиқот.

Сўнгра Филиз устозга юзланди:

– Сизнингча бирор янглиш борми?

Мен ҳаяжондан қалтирай бошладим. Филиз устоз нима дейди, қандай муносабат билдиради? Босиқлик билан жавоб қилди:

– Шу ергача бўлган тадқиқотлар ғоятда ўринли. Биз ҳам шундай гапларни гапирамиз. Бизни ажратиб турган жиҳат ечим учун берилган тавсиялар ва кимнинг тавсияси тўғрироқ эканида. Яъни дунёни қандай формулада тузатиш мумкинлиги борасида. Зеро, бу мақолага ўхшаган фикрлар бизнинг китобларимизда ҳам бир неча марта чоп этилган.

Тадқиқчимиз ўз фикрлари билан яна бироз изоҳлаганидан сўнг ўша китобнинг “Мувафақиятсизликларнинг сабаби” номли бўлимини ўқиш учун яна китобни қўлига олди.

Мен ҳайратда эдим. Бир мусулмон насронийнинг мақоласини яхши деб тасдиқлади. Бобомни эсладим. Насроний ёки бошқа динга эътиқод қиладиганлар нима қилса қилсин, бобомга хуш келмасди. Улар нима қилса ёмон бўларди. Улар – кофир. Ундай бўлса, уларнинг ишлари ҳам нотўғри. Лекин Филиз устоз бобомга ўхшамасди. Мен хулосага шошиляпман, ғолибо. Кўрайлик-чи, олдинда аҳвол қандай кечади? Тадқиқчимиз яна ўқишга тушди:

– “Муваффақиятсизликларнинг сабаби”. Айтайлик, кўйлак тиктириш учун ўзингизга ёққан матони олиб тикувчига боряпсиз. Тикилган либос устингизга ўтирмаяпти. Чевар чокнинг омадсиз чиққанига матонинг сифатсизлигини важ қилиб кўрсатади. Янги мато олиб, бу гал тикувчи хоҳлаган сифатли матони олиб яна ўша тикувчига боряпсиз. Лекин тикилган янги либос ҳам яна кўнглингиздагидай эмас. Муаммо матода эмас, тикувчининг ўзида эканини англаб етиш учун яна неча марта ўша тикувчига борасиз?

Шу жойида тош қаерга отилганини Филиз устоз англаб, Гулдеренга қаради. Мен уларга қараб турардим. Саккизинчи саҳифанинг охиригача келганди. Тадқиқчимиз давом ўқиётганди: “Мусо шундай огоҳлантирилди: “Ўзингга бут-санам ясамагин”.

Истар-истамас орамизда ўтирганлардан бирига кўзим тушди. Тадқиқчимиз давом этди: “Ва уларга ибодат қилмайсан” (Чиқиш, 20:4.5)

Филиз устоз сўз навбати сўради:

– Кечирасиз, мақола жуда узунга ўхшайди. Шунинг учун охирини кутолмайман, изнингиз билан бир нарса сўрамоқчи эдим.

Тадқиқчимиз жуда назокатли эди, хушмуомалалик билан жавоб қилди:

– Албатта, марҳамат.

– Мен шу ергача шуларни тушундим: мамлакатни бошқариш Аллоҳнинг қонунлари билан бўлиши керак демоқчи. Қолаверса, тикувчи мисолида кўрсатилганидай, бугунга қадар туширилган динлар дунёни яхши бошқарилмаётганига шама қилган бўлса, олдинда ҳам шу мавзуга қайтилади. Мен бу китобни аввал ҳам ўқигандим, шу жумладан, “Қуръондан фойда йўқ. Агар Қуръон яхши тикувчи – бошқарувчи бўлса дунё шу ҳолга тушармиди?” демоқчи, адашмадимми?

Тадқиқчим жавоб берди:

– Ҳа, шундай, сиз ундай деб ўйламайсизми? 1400 йилдирки дунёга Қуръон ҳукмронлик қилади.

Ҳамма диққат билан уларни эшитар экан, Ойнур гапга қўшилди:

– Кечирасиз, аралашмоқчи эмасдим, лекин Мете Суер биродар бундай дейиши, бутун дунёдаги ғала-ғовурга Қуръонни айбдор қилиши мумкин эмас. 1400 йил олдин туширилган Қуръонни бугунги муҳит учун жавобгар қилиш ақлга сиғмайди-ку. Қолаверса, биродар Мете Суэр бундай демайди, деёлмайди! Илтимос, ўқиганларимизни тўғри тушунайлик.

Филиз устоз давом этди:

– Лекин Қуръонни биламиз деганлар Қуръонга ҳеч қулоқ солишмади-да! Айб Қуръонга итоат қилмаганларда.

– Бу қарашингиз тўғри эмас. Қуръон инсоният дардига дармон бўлса эди, инсоният бу ҳолга тушмасди. Мана, ислом дунёсини кўряпсиз, разолат бошдан ошган.

Филиз устоз ҳеч кутилмаган савол билан гўёки ўртага бомба ташлади:

– Хўш, унда айтинглар-чи, икки минг йилдан бери Инжил билан бошқарилаётган мамлакатлар нега адашиб-улоқиб кетди? Бу юртларда нега тажовуз, зўравонлик ҳаддан ортиб кетди? Нега қотилликлар дақиқа сайин кўпаймоқда? Ҳар бир дақиқада бир жиноят рўй бермоқда. Бу ҳолатда фойда бермаётган нарса Инжилми? Боз устига, 4 китобдан иборат ҳолда. Тўртта Инжил ҳам биргина Қуръон билан айни чизиқда айланяптими?

Ҳаммамиз бир-биримизга қарадик. Тадқиқчимиз совуққонлик билан Исонинг Аллоҳнинг ёнида эканини узоқ изоҳлади. Филиз устоз ҳам саволида давом этди:

– Исо учун, Аллоҳ учун бу иш шунчалик қийинмики, икки минг йилдан бери ишларини битириб ерга тушишмади? Менинг эътиқодимда бўлмаганини сўраяпман, албатта, тушунгандирсиз? Яъни айтмоқчиманки, дунёнинг бу ҳолга келишига на Инжил, на Қуръон айбдор. Хато гапирмайлик.

Тадқиқчимиз изоҳлади:

– Йўқ, сиз нотўғри тушундингиз. Инжилни сохталаштирдилар. Янглиш изоҳладилар демоқчийдим. Исони Аллоҳ дейишди, Инжилнинг қоидаларига риоя қилинмади, бутлар ясадилар. Дин кишилари манфаат ортидан қувди. Насроний дунёси Инжилга қулоқ солмади, унинг оқибатини яхши билиб турибсиз.

Филиз устоз сўради:

– Хўш, биз Қуръон тарафдорлари Қуръонни эшитмаганлари учун шу аҳволга тушишди десак, қабул қилмайсиз-да, Инжилга келганда нега бундай деяпсиз? Дорихонадаги дорини ичмай туриб касаллар қандай шифо топсин? Бу қоида сизнинг дорингизга тўғри келади-да, бизнинг доримизга тўғри келмайдими?

Жуда ўринли савол ташланди. Ҳа, мен ҳам ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Чиндан ҳам дунёнинг бузилишига сабаб қилиб Қуръонни кўрсатардик, майли-да, бу орада беш минг йиллик Таврот, икки минг йиллик Инжил қаерда эди? Нега булар дунёни асраб қололмаганди? Бизга Инжил кеча туширилгандай изоҳланарди. Нега бу услуб қўлланарди? Ўрнида берилган бу савол миямни уйғотиб юборгандек бўлди. Бу гал тўсатдан олдинги саволларни ҳам эсладим. Тадқиқчим жуда чиройли изоҳлар келтиришга уринарди, лекин ҳеч қайсиниси Филиз устознинг саволини тўлдирмасди. Филиз устоз давом этди:

– Ислом Инжил ва Тавротни қувватловчи ўлароқ туширилган дин ҳисобланади. Сизларда бўлган нарсаларнинг кўпи бизда ҳам бор, ислом думалоқ ҳалқанинг охирги ва якунловчи қисми ҳисобланади. Айтмоқчиманки, сиз исломни яхшироқ билганингизда ҳозиргидан бошқача назар билан қараган бўлардингиз. Мусулмон бўлмасангиз ҳам Қуръонни бундай ҳақорат қилмаган бўлардингиз…

Тадқиқчи китобнинг “Бут-санам ясамайсан, уларга эгилмайсан” деган буйруғини яна бир бор ўқиди. Бу орада меъмор Мелиҳ эътиборимни тортди: “Бут-санам ясамайсан ва уларга ибодат қилмайсан” деган огоҳлантиришларда Мелиҳ бей бошини сарак-сарак қилар, қошларини чимирарди. Гулдерен билан кўзларимиз тўқнашганида у мени кузатиб турганини сездим. Филиз устознинг саволларидан у ҳам мамнун бўлганди. Тадқиқчимиз насроний Мете Суэрнинг китобини ўқишда давом этди:

“...Исонинг яқин дўсти ва кузатувчиси бўлган Юҳанно ўз даврида Тангрига сиғинганларга шундай деди: “Эй кичик болалар, ўзингизни бутлардан асранг” (1. Юҳанно, 5:21). Мусо ва Исонинг дўсти Юҳаннонинг айтганлари билан насроний эканлиги иддао қилинаётганларнинг орасидаги фарқни кўряпсизми? Қолавреса, бу асрлардаги катта урушларнинг аксарияти насроний мамлакатларда бошланганига, насроний ва насроний бўлмаган юрт орасида юзага келганига эътибор қилдингизми? Шу ўринда салиб юришлари ва ўттиз йиллик урушни олсак, биринчиси мусулмонларга қарши шиддатли ҳужум эди, бошқаси эса насроний эканлиги иддао қилинадиган миллатларнинг бир-бирларига қарши шиддатли қирғинбароти эдики, Исо ҳеч қачон бундай қилмаган бўларди. Исога аниқ-тиниқ қилиб шу амр келди: “Қилич тутганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалоқ бўлишади” (Матто, 26:52). Минг йилдан зиёд вақтдан бери насроний эканлиги иддао қилинадиган насроний дунёси қилич ва урушга мурожаат қилган. Ҳатто бугунги кунга келиб ҳам насроний дунёси халқлари модерн урушнинг турли хил қуроллари орқали дипломатик тарзда кўзни нишонга оляпти.

Филиз устоз шу ерда сўзни бўлди:

– Кўрдингизми, Мете бей ҳам насроний дунёсида тинимсиз урушлар давом этганини тан оляпти. Тикувчи мисолига қайтсак, Инжил ноҳақ айбланмаяптими? Биламан, насроний дунёси Инжилга қулоқ тутмагани учун бу урушларга сабаб бўлди, дейсиз. Ислом дунёсидаги хатоларни ҳам мусулмонлар хато қилишди демасдан, исломни айблаяпсиз.

Филиз устоз ҳаддан ортиқ таҳлилга берилганини тушуниб, узр сўради, тадқиқ дарси давом этди.

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага