Наср

Насроний атиргули (30-қисм)

1247

“Исо тарафдорларига шундай деди: “Сизларга бир-бирингизни севинг дея яна буюраман. Мен сизларни яхши кўрганимдек сизлар ҳам мени севинг. Агар бир-бирингизни севсангиз, барча одамлар менинг шогирдларим эканингизни билишади” (Юҳанно, 13:34, 35). Насроний халқлар бир-бирларини яхши кўришади деб ўйлайсизми? Ҳарҳолда йўқ, дейишингиз аниқ. Чунки тарих давомида ўзаро курашлари ва урушларининг сон-саноғи йўқ. Ва бу халқлар орасида ифлослик, зўравонлик, ёлғончилик, фирибгарлик, ўғрилик ва бошқа номаъқул ҳаракатлар насроний бўлмаган миллатларда бўлганидек кўпайиб кетган. Алал-оқибат шуни таъкидлаш керакки, бу халқлар Масиҳнинг ҳақиқий шогирдлари бўла олишмади”.

“...Бошқа жиҳатдан ислом динига мансуб халқлар ҳақида нима дейиш мумкин? Аввал таъкидланганидек, мусулмон “Аллоҳга итоат қилувчи” деган маънони билдиради. “Итоат қилмоқ” бирига бўйин эгиш, тобе бўлиш демакдир. Шунингдек, Умар Насуҳи Билмен томонидан ёзилган “Буюк Ислом илмиҳоли”да (8-с.) шундай дейилади: “Ислом таъбирига келсак, луғатда итоат, инқиёт, бўйсуниш, таслим бўлиш маъносида келади. Истилоҳда эса Аллоҳу Таоллога итоат қилмоқдир. Бу сўз шу маънода буюк аҳамият касб этади. Агар барча мусулмонлар Аллоҳга таслим бўлганларида ўзаро тинчлик ва биродарлик ҳавоси ҳукм сурмасмиди? Ҳолбуки, мазҳаблар орасида бир-бирига нафрат ва мусулмон юртлар орасидаги урушлар кўпаймоқда. Шубҳасиз, ростгўй мусулмон бу ҳолатларни кўриб: “Орамизда қанча мусулмон чиндан ҳам Аллоҳга таслим бўлган экан?” дея савол беради. Ёхуд диндошларининг хизмати учун пул олишлари яхшими?”

 Филиз устоз яна сўз олди. Ва худди ўша услубда сўради:

– Мете бейнинг тадқиқотлари ўрни келганда жуда ҳам яхши. Бошида мусулмон юртларнинг урушини Қуръонга тўнкайдими, деб ўйлагандим. Агар шундай қилса, Ғарбдаги насроний давлатларининг бир-бирига қандай кунларни кўрсатаётганини эслаб, уларнинг айбдори Инжилми демоқчийдим. Тушундимки, Мете бей бундай демоқчи эмас. Бармоқ ишора қилаётган жойга эмас, бармоққа қараган эканман. Фақат мени бошқа нарса қизиқтиряпти. Имомларнинг пул олишини танқид қилмоқчига ўхшади менга.

Сиз Иегова шоҳидлари яқин-яқинларгача бутун дунёга текин китоблар тарқатардингиз. Энди-энди кўп танқидларга учраганингиз учун бироз пул оляпсиз ёки китобни омонат беряпсиз. Мен ҳам китоб тарқатишни истайман, лекин китобларни текинга ололмайман. Сизлар газета саҳифаларида эълон бериб, текинга Инжил тарқатасизлар. Мен тарқатолмайман. Масалан, мен Қуръон ўргатувчи ўқитувчиман. Эрталабдан кечгача болалар билан шуғулланишим, дарс ўтишим керак. Намоз суралари, намоз дуолари бор. Сизларда намоз бўлмагани учун уни ўргатишга эҳтиёжингиз йўқ. Бу ҳолатда мен ё ўқитувчилик қилмаслигим керак ёки бир миқдор маош олишим керак. Агар маош олмасам, бошқа ишда ишлашга мажбурман. Менга Америкадан маош келмайди. Ножўя даромадим йўқ, бу ҳолатда сизнинг шартларингиз билан бизнинг ҳолатимиз бир хилми? Бизда имом бир кунда беш маҳал намоз ўқитиши керак. Бу имом оч қолсинми? Сизларда бундай ибодат бўлмагани учун имомлик нималигини билмайсиз. Қолаверса, албатта, одамларни талаш каби пул йиғишга ҳаммамиз қаршимиз. Албатта, мазҳаб айирмачилиги урушларига рози эмасмиз. Лекин шундай урушлар ва мазҳаб айирмачиликлари Инжилда ҳам бўлган-ку, буни қандай инкор этасиз? Имомларимизга қарши гапирасизлар, ҳаддан ортиқ танқид қиласизлар, шунинг учун бу мавзуни кўтардим. Бизга ташкилот харажатлари сифатида ҳеч қаердан даромад келмайди. Шунинг учун халқни талаётган баднафс дин тужжорлари билан фақат ишига ҳақ олаётган яхши ниятли кишиларни адаштирманг, илтимос. Ва шахсларнинг айбини исломга юкламанг! Бир қарасам, ҳаммамизни мунофиқлар билан бир ўринда кўряпсиз. Бу қанақаси? Ўзингиздаги мунофиқларни шахсларга хос, биздагиларини исломнинг хусусиятлари каби кўрсатманг. Сизларда ҳам, бизда ҳам етарлича мунофиқлар топилади. Исо алайҳиссалом ҳақ олмаган. Аввал хаёлимдан фаромуш бўлганди. Қаранг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳивассалламга Қуръонда шундай буюради: “Сен: “Мен сизлардан ҳеч бир ажр-ҳақ сўрамадим. Бас, у сизга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У зот ҳар бир нарсага Ўзи шоҳиддир”, деб айт”. (Сабаъ сураси, 47-оят). Бу оятга ўхшаган буйруқлар Қуръонда яна кўплаб келган. Бундан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам ҳақ олмаганлар. Масала ижтимоий тусга кирган сари ўзгариб бораверади. Мете бейнинг дунёни таҳлил қилиши ўринли ва тўғри, Милован Жилас: “Дунёни буткул ўзгартиришни истаган одам аввал уни бехато англамоғи керак”, дейди. Мен ҳам бу мулоҳазага шуни илова қиламанки, ҳа, дунёни буткул ўзгартирмоқчи бўлган киши уни бехато англамоғи керак. Лекин қўлида Аллоҳ томонидан тайёрланган йўриқнома бўлиши керак. Бу китобда Мете бей дин бир жамоа каби кўринмаслиги керак, одамлар динларга объектив қарамаслиги керак деган фикрларни илгари суради. Худди шундай, мен ҳам қўшиламан ва худди шуни сизларга тавсия қиламан. Исломни тадқиқ қилаётганда шу ўгитни унутманглар. Хаёлимдан фаромуш бўлмасин, шуни ҳам айтиб қўяй, биз исломга амал қилиш билан Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонга ҳам амал қилган бўламиз. Буни “Моида” сурасининг 68-оятида ҳам кўришимиз мумкин. Қолаверса, яна бир нарса мени қизиқтиради. Сизлар дунёнинг дин орқали бошқарилишини хоҳлайсизлар. Лекин шунга қарамай, диндан азият кўргандай қўрқадиган тизимлар сизларни кўкларга кўтаради. Шу жиҳатини ҳеч тушунолмадим. Балки менга буни бирортангиз изоҳлаб берарсиз? Гарчи менинг саволлар жуда кўп, лекин сизларни дарсдан олиб қўйишни истамайман.

Тадқиқчимиз бу ўқитувчига ҳаддан ортиқ имкон бериб қўйди. Бироз жаҳлим чиқаётганди, лекин бир нарсани билар деб ўйладим.

– Марҳамат, саволларингизни беринг, – деди тадқиқчимиз.

– Тингловчиларнинг олдида хижолатли эмасми?

Муҳандис Мелиҳ бейдан бошқа ҳеч ким эътироз қилмади. Таркан сеҳарланиб қолгандек эди. Лайло эса Филиз устозни унча менсимади. Мен жуда таъсирлангандим, тўғриси. Бир динчидан бундай гапларни ҳеч кутмагандим. Тадқиқчимиз Филиз устозга юзланди:

– Марҳамат, саволларингизни беринг.

– Аввалги саволларимга жавоб ололмадим. Сизлар дин билан бошқариладиган дунёни хоҳлашингиз ва бунинг учун ҳаракат қилаётганингиз барча асарларингизда намоён бўлмоқда. Хўш, дин деганда ғазаби тошадиганлар сизга қандай қилиб бундай имкониятларни беришяпти? Яъни дунёвий тизимлар ҳақида гапиряпман. Сизларга нега бундай бағрикенглик қилишади? Аввалги давлат раҳбарларига сизлар ҳақида гапирилганида: “Улар бироз кучайсин, ўшанда улар билан шуғулланамиз. Ҳозир фақат динчиларга йўналишимиз керак”, деганмиш. Диний ташкилот ўлароқ сизлар ҳаммамиздан кучлисизлар. Хуржунингизда бир нечта дунёвий каллаларни ҳам кўрса бўлади. Баъзи прокурорлар билан яқиндан алоқаси борлар шарофати билан ишингизни бемалол олиб боряпсизлар. Ҳайкалтарошлар билан жуда яхши келишаркансизлар. Исо алайҳиссалом тирик бўлганида улар билан бунчалик дўст бўлмасди.

Муҳандиснинг бу саволдан қаттиқ жаҳли чиқиб, дарсни тарк этиш билан таҳдид қилди:

– Бу аёлнинг саволлари жонга тегди. Илтимос, биз бу ерга уни эшитиш учун келмаганмиз.

Тадқиқчимиз эшитмаганга олиб Филиз устозга қаради. Филиз устоз жилмайиб давом этди:

– Баъзи тизимлар “Аллоҳ мақомида турсин” дейди. “Аллоҳ Ўзи яратган дунёнинг ишларига аралашмасин” дейишади. Бундай дейдиганлар ҳақиқатни билишмайди. Майли, мен саволларимга ўтай. Майда нарса бўлиши мумкин, лекин менинг диққатимни тортади.

Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўйган жой чўкади, чирийди, йўқ бўлади. Ўзингиз ҳам буни биласиз. Динни давлатдан узиб қўйиш Аллоҳ дунё ишларини билмайди, дегандай бўлади. Нима деб ўйлайсиз, шунчалик ҳам беъманилик бўлиши мумкинми?

Ҳамма Филиз устозга қараганди, у сўзида давом этди:

– Рухсатингиз билан ўқитувчи масаласи билан бошлашни маъқул кўрдим. Ўзингизни устоз ёки домла дегизмас экансиз. Хўш, қилаётган ишингиз домланинг ишидан ёки попнинг ишидан фарқ қиладими? Ҳарқалай, домла исломни, поп насронийликни ўргатади. Сиз ҳам насронийликни ўргатяпсиз, ҳозир қилаётган ишингиз шу эмасми? Қолаверса, Инжилда ибодатхона борлиги айтилади. Сиз ибодатхона йўқ деяпсиз, ибодат маскани ибодатхона дегани эмасми? Объектлар исмини ўзгартириш билан объектни ўзгартириб бўлмайди-ку. Эртага яна кўпайиб кетсанглар, янада каттароқ масканларга муҳтож бўлмайсизларми? Номини маскан деганингиз билан у ибодат қиладиган жойми? Сизлар Исо Аллоҳнинг ўғлидир, деганингиз учун Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шу оятларни луфт этди. Сизларга айтиш учун бу оятлар туширилди. Лекин негадир мусулмонлар фақат ўзи ўқийдию, насронийларга бу Ҳақ Сўзлар етказилмайди. Мана “Марям” сураси, 88-90 оятлар: “Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар. Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз. Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейди.” Шунга қарамай Аллоҳга ота, Исо алайҳиссаломга ўғил дейишда давом этяпсиз. Насронийлар Исо Аллоҳдир дейди. Биз Инжилга бундай сўзлар бўҳтончилар томонидан қўшилганига ишонамиз. Сиз Инжилда бундай нарсалар йўқ дейсиз. Хўп, мен шу китобдан баъзи жумлаларни олдим. Уларни қисқа қилиб ўқиб бераман: “Тахтдан буюк бир овоз эшитдим: «Мана, Аллоҳнинг чодири, одамлар билан бирга ва улар билан ўзи ўтирибди”. Нима демоқчи бу ерда?

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага