Наср

Насроний атиргули (31-қисм)

1420

Қолаверса, мантиқли тадқиқотлар эгаси Мете бей қаламига мансуб китобнинг 56-57 саҳифаларида Исонинг Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаво тақиқланган мевадан егани эвазига хочга михлангани айтилади. Насронийлар “Хочга михланган Аллоҳ эди. Одамнинг гуноҳи учун жазоланди”, дейишади. Сиз эса у Исо эди дейсиз. Аллоҳ бировнинг гуноҳи учун бошқа бировни айбдор қилмайдию, нега Исо алайҳиссаломга бу азобларни раво кўрсин? Қолаверса, Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаво гуноҳлари учун товон тўлашди. Нима учун ҳалигача у мева билан боғлиқ гуноҳ бор бўлсин? Мете бей Исо алайҳиссаломнинг хочга михланишини “Биз учун фидя бўлди”, дейди. Нега биз учун ёки сизлар учун фидя бўларкан? Момо Ҳаво ва Одам алайҳиссалом гуноҳга қўл уришган бўлса, бизнинг айбимиз нима? Нега биз туҳматга қолишимиз керак? Уларга мевани ейиши биз айтдикми? Йўқ! Унда бу ерда ақлни ишлатиш керак эмасми? Қолаверса, Мете бей ҳам Қуръонни уйдирма дейди, қўлингиздаги китобнинг 56-саҳифасига қаранг, шундай дейилган: “Одам ва Исо орасида ўхшашлик борлиги Қуръонда ҳам келтирилади. Шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Исонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди” (Оли имрон сураси, 59-оят). Шу мақоланинг давоми: “Тангрининг Исога кўрсатган марҳаматини шундай ифодалайди. “Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни эсла. Сени муқаддас руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катталигингда ҳам гапирганингни эсла” (Моида сураси, 110-оят). Қуръондаги элликдан ортиқ оятда Исонинг отасиз туғилгани, мўъжизалар кўрсатгани, ҳатто ўликларни тирилтиргани қайд этилган, дейди Мете бей.

Энди саволимга келсак: унинг фикрича, Қуръон Ҳақ китоб эмасди-ку?! Агар Қуръон ҳақ китоб бўлмаса, унда Мете бейнинг айтишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ёлғончи. Хўш, одам ўз иддосини қувватламоқ учун нега бир ёлғончига суянади?! Мен Инжилдан ёрдам олишим мумкин, чунки мен Инжилнинг ўзгармаган жиҳатларига ишонаман. Қолаверса, мен Мете бейнинг тўғри бўлган тадқиқотларини ҳам олишим мумкин. Чунки мен ақлнинг даҳосини инкор этмайман. Тўғри кимдан келса келсин, уни тан оламан. Лекин мен Аллоҳдан ваҳий олдим, деганида унга ишонмасдим, ўринли сўзлари, тадқиқотлари бўлса-да, тан олмасдим. Аммо фақат ўзига оидлигини билганим учун ўринли мулоҳазаларини оламан. Аллоҳ номидан айтганида асло бу гаплардан ўз эътиқодимни қувватлаш учун фойдаланмасдим. Исо алайҳиссалом ҳақида Тавротда ҳеч нарса дейилмаганки, "Муҳаммад уни Тавротдан олган" деса?! Хўш, унда бу одам ёлғончининг ёлғонини қандай қилиб тўғри манба сифатида кўрсатади? Яъни ёлғончи деб билган кишининг сўзини демоқчиман.

Муҳандис Мелиҳ бей ортиқ чидолмади:

– Бу саволлар ҳаддан ошиш эмасми? Биз бу ерга сизни эшитишга келдикми ёки бу мутаассиб хонимни эшитишгами? Тангрининг қилган ишлари муҳокама этилмайди. Тангри истаса, Тур тоғига тушади, истаса чодирга. Муҳокама қилинадиган иш эмас бу.

Филиз устоз босиқлик билан шундай деди:

– Менинг гапиришимни истамаган жанобга ўхшаганлар менга “Ҳаж” сурасининг 8-оятини эслатади. Аллоҳ азза ва жалла бу оятида шундай марҳамат қилади: “Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан, ҳидоятга ёки нурли китобга эга бўлмасдан туриб тортишадиганлари бор”. Диққат қилсак, китоблари йўқ, демаяпти, нурли китоблари йўқ, деяпти. Бу оят ҳар қалай мусулмон бўлмаганларнинг ҳаммаси учун айтилса-да, менинг хаёлимга шу жанобга ўхшаганлар келади. Қаранг-да, Аллоҳ Турга тушармиш, чодирда ўтирармиш. Шу оят бундайларнинг ҳаққи бўлмасдан кимнинг ҳаққи бўлсин?!

Мен илк бор тилга кириб сўрадим:

– Сизнингча, аҳли китоб ҳам шу оятга кирадими?

– Албатта, адашганларнинг ҳаммаси киради. Мусо алайҳиссаломнинг қавми илоҳ дея бузоққа сиғинди, яҳудийлар Узайр Аллоҳнинг ўғли дейишди. Насронийлар Исо Аллоҳ ва ёки Аллоҳнинг ўғлидир дейишди. Мен ҳеч қайсиси Аллоҳни ўз мақомига лойиқ кўрмади дейман. Аллоҳни мудом инсон онги чегарасида тасаввур қилдилар. Инсон онги эса катта деганда отани эслайди. Аллоҳ – Ота дейишди. Эркакларга Аллоҳнинг ўғли дейишди. Аллоҳ хаёлдан устундир. Хаёлга келган нарса Аллоҳ эмас, лекин айримлари буни билишмади. Аллоҳни одам ўлчовида кўргани учун бири Исо Аллоҳ деди, бошқаси Аллоҳнинг қудратини одам кучи каби ҳис қиладиган ҳолга келиб, бандаларига сўнгсиз жаннат ваъда қилган Аллоҳнинг қудратига нисбатан, улар ер юзидан кетгани йўқ, ўлганимиздан кейин шу дунёга қайтишни айтишди. Бу эса, менимча, Аллоҳнинг кучини идрок этмасликдан келиб чиқади. Ердан ўн карра, ўн минг карра эмас, юз минг карра, ҳатто ундан ҳам катта қуёшни, миллиардларча юлдузларни яратган Аллоҳга бошқа дунёларни яратиш қийин бўладими? Нега одамларни яна шу дунёга тиқиштирмоқчи бўлишяпти?

“Қўли қонга ботган диктаторлар қандай Худо исташади?” Мете бейнинг бу саволи ўринли, лекин одамлар Худонинг қандайлигини Ўзидан келган китобдан ўрганмасдан ўз ўлчовларига хос Худо исташади. “Шундай Худо бўлсинки, менинг ишларимга аралашмасин!” дейишади. Лекин Тангрига буюртма берилмайди. Шундай экан, Аллоҳни ўз қамровимизда тасаввур қилмайлик. Ер миллард йиллардан бери тегирмон тошидек бир томондан устига одамни чиқаради-да, кейин яна остига олади. Бу чархпалакка ўхшаган дунёга инсонларнинг келиб-кетиши давом этади. Шу миллиардлаб инсонларни нега яна ер юзига чиқади дейсиз? Аллоҳнинг қудрати янги дунёлар яратишга етмайдими? Аслида буларни айтишнинг ҳам ҳеч ҳожати йўқ. Сизлар шундай эътиқод қиласизлар. Буни қарангки, бизни ғазаблантириш учун танқидларни ёғдирсангиз-да, биз яна шундай қилаверамиз. Зўравонлик ва камситишларсиз бир-биримизга даъват қиламиз. Буни ғоят оддий санаймиз. Мулоҳазаларингиздан келиб чиқиб айтаманки, тавҳид динига кириш дунёқарашни кенгайтиради ва инсон ҳақиқатга эришади. Тавҳид дини Қуръон ва суннатда билинади. Аввал Аллоҳнинг қудратини яна бир бор эслайлик.

Ҳаммамиз ҳайрат билан эшитаётгандик. Таркан қотиб қолгандек эди. Вера эса ниҳоятда мамнун эди. Бизга қараб жилмайиб сўради:

– Чой ичасизларми? Балки бироз тинчланиб олардинглар.

Таркан онасига жаҳл билан қарар экан, Филиз устоз ҳеч нарса бўлмагандек давом этди:

– Жуда кўп гапириб юбордим. Сизлар ҳам сабр билан мени эшитдинглар. Миннатдорман. Агар рухсат берсангиз, мен ҳам бир китобдан мисоллар ўқимоқчи эдим. Билмадим, рухсат берасизларми?

Рухсат берилди. Бу орада Филиз устоз сумкасидан иқтибос келтириш учун олдиндан белгилаб қўйгани Мустафо Исломўғлининг китобини олиб ўқишга тутинди:

– Назарий, ижтимоий, сиёсий каби кавни тавҳид деган тасниф ҳам бор. Ёзувчисидан ўқиймиз: Кавни тавҳид (Яралмишларнинг бирлиги).

Буни космик тавҳид деса ҳам бўлади. Бу тавҳид шарофати билан нейтрон ва протон асослар атрофида айланиб, атомни юзага келтиради. Атомлар бирлашиб, моддани вужудга келтиради. Ҳужайралар бирлашиб тўқималарни, тўқималар бирлашиб инсонни пайдо қилади. Моддалар бирлашиб юлдузларни, юлдузлар бирлашиб қуёш тизимни, қуёш тизимлари бирлашиб галактикаларни, галактикалар бирлашиб сайёрраларни вужудга келтиради. Буларнинг ҳаммаси эса Борлиқни ташкил этади. Ундан нариёғига ҳанузгача ақлимиз ҳам, хаёлимиз ҳам етишмайди. Ким билади, балки оламлар ҳам бирлашиб, бошқа бир нарсани вужудга келтирар. Шундай қилиб, буларнинг бари тобе бўлган умумий қонуннинг номи тавҳид дейилади. Бу муаззам космик жамланмага бошқалар нима деса десин, ислом буни “тавҳид” дейди. Ва исломга эътиқод қилувчиларни бу улуғ қонундан ибрат олишга чақиради. “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор” (Оли имрон сураси, 190-оят).

Дарҳақиқат, бу ерда айтилаётган белгилар тавҳидни исботлайдиган белгилардир. Фақат “катта одам” бўлган коинотдами бу белгилар? Албатта, ундай эмас. Бу белгилар “мини борлиқ” – одамда ҳам бор: “Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зориёт сураси, 20-21 оятлар). Аллоҳ ўзига юклаган вазифани ҳеч оқсатмасдан адо қилаётган қуёш мукаммал мусулмондир. Чунки у – муваҳҳид. Чунки ўз ўрнини ва вазифасини билиб, ўрнида туришга, вазифасини бенуқсон адо этишга ҳаракат қиляпти. Ер ва бошқа сайёралар ҳам шундай. Нуҳга ёрдам берган осмон, Иброҳимга ёрдам берган олов, Мусога ёрдам берган денгиз шу тавҳид ва баҳамжиҳатлик йўлида ёрдам берган. Яъни онгсиз муваҳҳидлар онгли муваҳҳидларнинг бошларига ташвиш тушганда ёрдамга ошиққан. Чунки улардан ҳам худди инсондан олингандек аҳд олинган, тағин тутун-газ ҳолатида: "Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб унга ва ерга: "Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик", дедилар" (Фусиллат сураси, 11-оят).

Иқтибос тугагач Филиз устоз давом этди:

– Шунчалик куч-қудрат соҳиби бўлган Аллоҳни сизлар нега шаблонларингизга сиғдиришга уриняпсизлар? Бундай ҳолатда, табиийки, ўз қобиқларингга ўралашиб қолаверасизлар. Аллоҳнинг лутфу марҳамати тасаввуримиз етмайдиган даражада кенгдир. Айримлар учун тўрт жаннат ваъада қилган Аллоҳ оддий ўлчовлар билан англашилмайди.

Муҳандис Мелиҳ бейнинг хаёли бошқа нарсага тақалди. Шундоқ ҳам Филиз устоздан жаҳли чиққан Мериҳ бей овозини борича бақирди:

– Сиз ёлғон гапиряпсиз. Мен Қуръонни ўқидим, тўрт жаннат демаган!

– Унда, марҳамат, “Раҳмон” сурасини бирга ўқиймиз.

Бу гал сумкасидан Қуръонни чиқарган Филиз учтоз ўқишга тутинди:

– “У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!” (62-63-оятлар).

– Хўш, мен нега уни кўрмадим?

– Инсон баъзан шундай бўлади, жаноб, ҳар қандай оятни кўролмайди. Менда ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туради. Бу ғоят табиий ҳолат.

Таркан томдан тушгандай сўради:

– Сиз ичкилик ҳаром дейсиз. Қуръонда жаннатда ичкилик бор дейилади. Бу бир-бирига зид тушунчалар эмасми?

– Сизлар оятларнинг тепасини, пастини ўқимайсизлар. Ундай бўлганидан кейин, албатта, масала тушунарсиз қолади. Қаранг, бу ичкилик дунё ҳаётидаги ичкиликдай эмас. Воқеа сурасининг 19-оятида шундай буюрилади: “Ундан бош оғриғи ҳам, маст ҳам бўлмаслар”. Баъзи оятларни изоҳлаган бошқа оятларни ўқимасдан аввалгиларининг маъносини тушуниш қийин. Насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам Қуръонга кўра кўп хато қилишади. Мусулмонлар қилишмайдими деган бир савол туғилади. Албатта, хато қилишади. Хато қилдилар ҳам. Масалан, бир неча йиллар давомида фаришталар қанотсиз бўлади, дейишди. Олимлар демаса-да, халқ орасида шундай гап бор эди. Ҳолбуки, Фотир сурасининг биринчи оятида: “…Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин…” дейилади.

Лайло имкон топилганидан фойдаланиб қолай деб дарров гап топди:

– Мусулмонларнинг хатоси фақат шуми? Бир-бирларини ўлдиришди. Сиффин жанги, Жамол жангини айтяпман. Оиша розияллоҳу анҳу ва Али розияллоҳу анҳу воқеалари яхши ишми? Мусулмонлар бир-бирларини ўлдирди.

– Демак, уларнинг орасида ҳам Қуръон тавсияларини бир он бўлса-да, унутганлар бўлган. Зотан, Аллоҳ Қуръони каримда уларнинг ҳам шайтонга алданишини марҳамат қилган. “Видо хутбаси”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом “Бир-бирингизни ўлдирманглар!” дея васият қилдилар. Лекин улар ҳам инсон, алданишди. Улар пайғамбар эмаски, хатодан покланган, десак. Унда бу саволлар нега биздан сўраляпти тушунмайман. Уларга бир-бирларини ўлдиришни ислом айтдими?

– Пайғамбарнинг қўлида камол топган кишилар шунчалик катта хатога йўл қўйишадими? Демак, бир жойда оқсаш, кемтиклик бор, – деди тадқиқчимиз.

Ҳаа, дедим, Филиз устоз бу саволга жавоб топиб беролмайди. Диққат билан оғзига тикилиб тургандим, бир бурчакда жимгина эшитиб ўтирган Ойнур тадқиқчимиздан сўради:

– Сизнинг бу сўзиниз миямни алғов-далғов қилиб юборди. Жамол ва Сиффин воқеаларини Муҳаммад пайғамбар қўлида етишган ҳолатда хато қилганликда айбласангиз, Исога хиёнат қилган ҳаворийларни нима дейсиз?

Ойнурнинг бу саволи бомбадай ўртага тушди. Бир муддат ҳамма жим бўлиб қолди. Ойнур тарихий таҳлилни амалга оширди. Унинг бу таҳлилидан кейин Филиз устоз диққатини Исонинг ҳаворийларига қаратди. Ойнурнинг саволи хаёлларимни алғов-далғов қилиб ташлади. Шу мавзуни Филиз устоз давом эттирди:

– Эътибор беринглар, Жамол ва Сиффиндаги янглишган инсонларни хатосиз демаймиз. Бунга пайғамбарни жавобгар қилишингиз яхши эмас. Қизимиз айтганидек, Исо алайҳиссаломнинг ёнида ҳар доим юрган, унинг тарбиясини олган 12 ҳаворийдан бири пайғамбарини душманга сотди. Буни биласиз. Номи Яҳудо эди. “Сўнгра пушаймон бўлиб ўзини осди”, дейилади Инжилда. Бизнингча, хочга михланган Исо эмас, Яҳудо эди. “Петрос Исони инкор этди”. У ҳам Исо алайҳиссаломнинг энг яқин дўст-ҳаворийларидан бири эди. Бу ҳам Инжилда келтирилади. Энди сизнинг мантиғингизга кўра, Исо ва Инжил хато қилдими? Йўқ. Биз асло бундай демаймиз, деёлмаймиз. Инжилга ҳам, Исо алайҳиссаломга ҳам қора чапламаймиз! Қарасам, сизлар киприк қоқмай саҳобаларнинг хатоларини қўлга олиб, уларнинг янглишини Пайғамбар алайҳиссаломнинг яхши йўлбошчи бўлмаганлигига йўяяпсиз. Биз Петрос ва Яҳудонинг хатоларини Исо алайҳиссаломга юкламаймиз-ку. Оиша розияллоҳу анҳу ўз хатоларини англаганларига доир ривоятлар бор.

Ҳаммамиз ҳайратда эдик. Тўғри-да, Али розияллоҳу анҳу ва Оиша розияллоҳу анҳу учун ислом айбдор бўлса, ҳаворийлар ундан ҳам катта гуноҳга қўл уришганди. Унда бизнинг мантиғимизга кўра Исо ва Инжил ҳам айбдор бўлиши керак эдими? Бошим ғовлаб кетди. Сездирмай ҳаммага бир қур назар солдим. Мендаги ағдар-тўндар уларда ҳам юз бераётганмикин? Қулоқларим ғувилларди.

Филиз устоз давом этди:

– Инсон, бу дўстлар, инсон! Ҳамма бир хил эмас-ку! Пайғамбарнинг ўғли имонсиз бўлиши мумкин. Инсон тез-тез қарорини ўзгартирадиган хусусиятга эга. Инсонда бошқаларга тез алданиш хусусияти бор. Шундай бўлмаганида бир Лоуренс миллионлаб араб ва туркни қандай қилиб бир-бирига душман қиларди? Исломий қарашлардаги хато саҳобаларга қарши гапирмаслик зирҳининг кийдирилишидир. Биз Қуръони каримдан қанчалик масъулиятли бўлсак, уларнинг аксарияти ҳам шу даражада масъулдирлар. Лекин биз уларни аввал хатодан буткул покланган (астағфируллоҳ) санаймиз-да, кейин ҳаммаси боши берк кўчага тушиб қолади.

Таркан жин ургандай бўлиб қолганди. Ҳамон иккинчи саволини сўради:

– Сизларда Муҳаммад душмандан қочаётганида Ҳиро тоғидан паноҳ топган воқеа бор. Агар у пайғамбар бўлса, нега ўлимдан қўрқди? Нега душмандан қочди?

Филиз устоздан аввал Ойнур жавоб қилди:

– Юҳанно Инжилининг 7 боб, 1-оятида шундай дейилади: “Бундан кейин Исо Гаиллода кезарди. Чунки яҳудийлар уни ўлдирмоқчи бўлишгани учун Яҳудияда юролмасди”. Демак, пайғамбарлар ҳам қўрқишар экан. Буни тез-тез тилга олиш мени хафа қилади.

Ойнур ҳар доим закийларча қиёслашлар қиладиган қиз эди, у ҳам бизни жуда ҳайрон қолдирарди. Филиз устоз сўради:

– Сизнингча Исо нега қўрққан эди? Иегово шоҳидлари майли-ку, Исо алайҳиссаломни Аллоҳ деганлардан сўраш керак. Аллоҳ душмандан қўрқармиди? Юҳанно, 8 боб, 59-оятнинг охирида шундай ёзилган: “...Ўшанда унга отиш учун тош олишди. Лекин Исо яширинди ва ибодатхонадан чиқди”. Бу ерда ҳам ибодатхона сўзига ҳамда яширинишга диққат қаратинг. Албатта, яширинарди. Исо алайҳиссалом Аллоҳ эмасди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам инсонлардан устун эмасдилар. Қочишлари табиий ҳол эди. Агар улар қочишмаса, умматлари душманлардан ҳеч қаерга қочиш мумкин эмас дея пайғамбарлардан ўрнак олишарди. Унда умматлар душман бағрига ўзларини отишарди. Ҳаммаси бўлмаса-да, айримлари шундай қиларди.

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага