Наср

Насроний атиргули (32-қисм)

1338

Таркан ҳам бор кучи билан олишарди.

– Хўш, жаннат муржия мазҳабидагилар билан тўлиши, хорижия мазҳабидагиларнинг дўзахга тушиши ҳақида нима дейсиз?

Тарканнинг саволи даҳшат эди, Филиз устоз бу саволга жавоб бериб кўрсин-чи! Бутун вужудимиз қулоққа айланиб унинг оғзига тикилдик. У яна ўзига қатъий ишонч билан жавоб қилди:

– Жаннат муржия мазҳабиники эмас, жаҳаннам эса хорижия мазҳабиники эмас. Аллоҳ одамларнинг буюртмасига кўра бандаларини жаннат ёки дўзахга юбормайди. Қолаверса, улар билан нима ишимиз бор? Имом Аъзам бу масалани изоҳлай туриб, шундай деганлар: “Бидъат аҳли ҳақ ва тўғрини гапирганларни ёмонотлиқ қилса, ҳақни сўйлаганнинг айби нима?” Кимлардир оғзига келганни гапирган бўлса, улар гуноҳ қилган бўлса, жавобини ўзлари беради. Биз уларнинг сафсатасини маъқулламаймиз. Қолаверса, Исломда ҳар кимнинг хатоси ҳам, савоби ҳам ўзида. Биз ҳатто отамизнинг гуноҳига ҳам жавобгар бўлмаймиз. Аллоҳ азза ва жалла “Исро” сураси 15-оятда: “Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас...” дея марҳамат қилади. Яъни ҳамманинг амали ўзи учун. Шу ерда бир нарса диққатимни тортди, уларнинг яхшиликларидан ҳеч бўлмаганда бир заррасини бизда акс этмайсиз-да, фақат ёмонларини кўрасизлар?

Биз ҳайратдан тошдай қотиб қолгандик, тадқиқчимиз вазиятни ўнглаш учун Тарканга юзланди:

– Шу тадқиқни тугатганимиздан кейин саволларингизни берсангиз.

Тадқиқчимиз хаёлларимиз алғов-далғов бўлганини пайқаганди.

Яна “Аллоҳга таслим бўлиш аслида нима дегани?” номли китобни ўқишда давом этдик, 12-саҳифага келинганди. Биродар Мете Суэрнинг китобидан “Якка Худо, якка дин” сарлавҳали бўлим ўқилиётганди:

“Ўзимизни чиндан ҳам Худога таслим этмоқчи бўлсак, ўйларимиздаги дин билан боғлиқ саволларга жавоб топишимиз керак. Дунёда бу қадар кўп дин бўлиши Худонинг иродасими? Одамларнинг ҳар хил эътиқод, диний урф-одат ва маросимлар, ҳаттоки бошқача ахлоқ стандартлари билан Ўзига сиғинаётганидан мамнунмикан? Бунга тасдиқ жавоби олинмаса керак. Худо ҳамма учун биттадир. Ҳолбуки, инсониятнинг бир неча динлари бир-бири билан уришмоқда, бир-бирларига зулм қилиб, бир-бирга қарши қўлланмоқда».

Ҳали бўлим тугамаганди, муҳандис Мелиҳ бей сўз қўшди:

– Бу бошқа гап! Дарс деганинг бундай бўлибди. Тўғри, динлар бир-бирига қарши. Шундай бўлиши керак.

Филиз устоз яна босиқлик билан жавоб берди:

– Унда Мете бей нега бошқа динларга қарши? Демак, одамлар ва динлар ўзига тўғри келмаганни рад этади. Мете бей шундай ёзибдики, кўрганлар муаллифни ҳам, унинг тарафдорларини ҳам ҳеч қайси динга қарши эмас деб ўйлайди. Мана сизга далил, – Филиз устоз тадқиқчимизга юзланиб илтимос қилди:— Илтимос қилсам, қўлингиздаги китобнинг 29-саҳифасини ўқийсизми?

Тадқиқчимиз илтимосни бажариб, айтилган саҳифани ўқишга тутинди:

“Аллоҳга таслим бўлиш” нима дегани?” Бошқа тарафдан Исо хочда ўлган бўлса, насроний дунёси бундан фойдаланиши маъқул ишми? Яхши кўрган бир инсонингиз ўлдирилса, уни ўлдирган пичоққа сиғинармидингиз? Йўқ, албатта! Пичоқдан қаттиқ нафратланардингиз. Қолавреса, Муқаддас Китобга кўра, Худодан бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нарсага сиғиниш мумкин эмас. Расул Юҳанно шундай деди: “Эй, болалар, ўзингизни бут-санамлардан асранг!” (1-Юҳанно 5:21) Ҳолбуки, насроний дунёси хочни бут ҳолига келтирган”.

Бу орада муҳандис Мелиҳ бей яна сўз қўшди:

– Ҳақиқий насроний бўлган Мете бей жуда яхши гапирибди, лекин сиздан илтимос қиламан, суҳбатимизга умматчилар аралашмасин!

– Умматчи деганда нимани тушунасиз? – Филиз устоз сўради.

– Буни билмайдиган йўқ-ку, хоним. Масалан, сиз! Сепаратизм умматчиларнинг энг асосий хусусияти!

– Мана шу ерда адашяпсиз. Бизнинг ақидамизга кўра, барча инсонлар уммат ҳисобланади. Уммат сўзи кенг қамровли сўз. Хайрли инсонлар умматдир. Барча инсонларга адолат билан ёндошади.

– Ҳа, қардошларини ўлдиради.

– Кимдир қардош қотили бўлган бўлса, бунда Имом Аъзам айтганларидек, қардош қотили бўлмаганларнинг нима гуноҳи бор? Айримлари катта хато, катта гуноҳ қилишган, нега биз бунинг учун жавобгар бўлишимиз керак? Ўтмишдаги савобларни бизга муносиб кўрмайсизу, гуноҳларни нега бизга юклайсиз? Уммат атамасининг кенг қамровли эканини айтдим. Севгида, меҳрда ирқчилик йўқ. Адолатда дин айирмачилигига йўл қўймайди. Ояти кариймага қулоқ тутинг, кишининг қалбини титратади. “Анъом” сураси, 38-оятни ўқийман: “Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир.” Марҳамат, Аллоҳнинг Ўзи “Барча жонзотлар умматдир!” деяпти…

– Яъни биз ҳамми?

Филиз устоз бироз масхаромуз жавоб берди:

– Қимирламасангиз, сизга тааллуқли эмас. Агар қимирласангиз, демак, сиз ҳам умматсиз. Бироқ хайрли уммат бор, хайрсиз уммат бор. Сиз қайси бирига кирасиз, энди уни билмадим. Сиз бизни ва ниятимизни билмасдан гапирасиз. Биз сизни биламиз, чунки бизнинг қўлимизда сизни таништирадиган китоб бор. Сиз бизни танимайсиз, чунки сизнинг қўлингизда бизни таништирадиган китоб йўқ. Ҳаммаси шундан келиб чиқмоқда.

Орага тадқиқчимиз қўшилди:

– Тадқиқимизда давом этсак, дегандим. Бироз мавзудан чалғиб кетгандек бўлдик, чоғи…

Албатта, мавзудан узоқлашиб кетгандик. Мен ҳалиям Ойнурнинг бироз олдинги сўзлари таъсирида эдим. Ҳамон ўзимга келмагандим. Қимирлашга ҳам ҳолим қолмаганди. Кейин Мете бейнинг сўзларини ўйладим. Чиндан ҳам қизиқиб қолдим, агар бирор попни учратиб қолсам сўрардим. Модомики, хоч чормихни ифодалар экан, нега уни муқаддас санашади, эҳтиром кўрсатишади? Мете бей насроний бўлгани учун бунга диққат қаратгани жуда ўринли эди, лекин поплар ва роҳиблар нима деркин бунга? Балки хочнинг бошқача маъноси ҳам бордир? Балки бирор мантиқли изоҳи бордир, лекин менинг бошим қотиб қолганди. Бу баҳсда биз уларнинг ўйларига таъсир ўтказолмадик, лекин улар ўй-фикрларимизда саволларни кўпайтиришди. Ҳолбуки, бироз аввал домлалар ўтирган бир йиғинда уларнинг фикрларини алғов-далғов қила олгандик. Бугун ҳаммаси бизга қарши тугади.

Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Филиз устоз айтадиган гапини айтиб бўлганди. Кўз қирим билан Тарканга қарадим. Таркан чўкиб қолган, рангу рўйи бир аҳвол эди. Тадқиқчимга қойил қолдим. Бу қандай сабр экан?! Унга ўхшаган сабрли кишини бошқа учратмасам керак.

ПАРДАЛАР ОЧИЛАДИ

Бундай баҳс-мунозаралар бир неча ой давом этди. Охирги баҳсдан кейин мен жуда ёмон ҳолатга тушдим. Ҳаммамиз шок ҳолида тадқиқдан қайтдик. Вилладан чиқаётганимизда Ойнур қулоғимга шивирлади:

– Бир нарсани ўйлаяпман-да… Биз Инжилни насроний Иегова шоҳидларидан ўрганяпмиз, Қуръонни нега мусулмонлардан ўрганмаймизу, Қуръонга ишонмайдиган, унга қарши бўлганлардан ўрганяпмиз ёки ўрганяпман деб ўйлаяпмиз?

Бу савол бошимга гурзи билан урилгандек бўлди. Уйга келганимда хаёлларим ағдар-тўнтар эди. Хонамга ўтиб ётдим. Бувим ёнимга келди. Нима бўлганини сўраб, хавотирда эди. “Ҳеч нарса бўлгани йўқ”, – дея олдим, холос. Аксинча, жуда кўп нарса бўлганди. Энди нима қиламан? Кимга нима дейман? Касрига онамдан айрилганим эътиқодим зада бўлди. Бир неча ой аввал бошланган саволлар бугун зилзилага айланди. Тадқиқчим “Бу оддий ҳолат, шайтон васвасага соляпти, ўзингга келасан, бардам бўл”, – деди.

Энди ўтириб Исмат девонанинг гапларини ўйлаяпман. Чиндан ҳам Аллоҳга Аллоҳ демайдиган бўлдим. Мутаассиб дейиладиган мусулмонлардан нафратланганим қадар Аллоҳни танимайдиганлардан нафратланмасдим. Чиндан ҳам мен Қуръонни унга душман бўлганлар билан бирга тадқиқ қилгандим.

Ярим сархуш, ярим ҳушёрдай бир ҳафтани амаллаб ўтказдик. Бир куни тонгда Гулдерен келди. Аҳволимни пайқаса ҳам менга сездирмасди. Ўтган кунги ишларини ҳаяжонланиб гапира бошлади:

– Бир уйга бордик. Аёл мусулмон экан. Унга фақат мусулмонман деган билман бўлмаслигини, исломни билишимиз керак, олинг бу китобни ўқинг, дедим. Мен севган бир ёзувчининг китоби эди. “Буни ўн йил олдин ўқиганман”, деди. Унда мана бунисини ўқинг, дедим. “Уни ҳам ўқидим”, деди. Буни ўқиган бўлишинг мумкин эмас, дедим. Бу китоб беш кун олдин чиқди-ку? Аёл нима деди дегин? “Мен ўша куниёқ олиб ўқидим”. Ҳайрон қолдим. Кейин билсам, сизникилар бу аёлни ўн йил олдин қўлга олишган экан. Аёл ҳам изланишга, ўрганишга тушибди. Шу кетишда ўқимаган китоби қолмабди. Сизникиларнинг фойдаси бўлибди.

Ўйга толдим, улар чиндан ҳам бизникилармиди?! Бизникилар бўлмаса, меникилар ким эди? Эй, ўй-хаёллар, бошимни тарк этинг, ортиқ кўтаролмайман сизларни!

***

Бадбахт кунларим ўтмасди гўё. Уғурим билан ҳам аввалгидек шуғулланмасдим. Бир кеча ҳеч қўймади:

– Опажоним, илтимос, менга эртак айтиб беринг, ухлаб қолгунимча айтиб беринг деди.

 Эртак бошладим:

– Қадим замонда бир болакай бўлган экан. У бола жуда ҳам яхши бола экан.

Уғур ҳаяжон билан сўради:

– Ҳа, билдим, у бола Исо а, опа?

– Йўқ, эркатойим, бу бошқа бола.

– Нега Исо эмас?

Бир муддат бу саволни ўйлаб қолдим. Сўнг паст товушда жавоб қилдим:

– Билмайман…

– Унда исмини Исо деб қўяйлик, шундай айтиб беринг.

Болани “Исо эртак”лари қарамига айлантирибман. Нима ҳам қилардим, Муҳаммад деганим билан энди бўлар иш бўлиб бўлганди.

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Насроний атиргули (43-қисм)

1368 23:00 04.11.2019

Эълон

932 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1480 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1340 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1255 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1511 23:00 29.10.2019
« Орқага