Наср

Насроний атиргули (33-қисм)

1304

Эртасига куни Вераникига бордим. Унинг кайфияти кўтаринки эди.

– Бир ойдан кейин Италияга учаман, Жамила. Яқинларимни соғиндим. Айниқса, ота-онамни. Эримни бир амаллаб кўндирдим, ишқилиб менга рухсат берди.

“Онамни” деган сўзидан бутун вужудим қалтираб кетди. “Она” сўзи бунча чиройли сўз экан! Онам, онажоним. Сиз қаердасиз, онажоним? Мен ҳам сизни соғиндим.

Вера хаёлга толганимни сезди.

– Мени кечирасан, жоним… Онаси йўқларнинг ёнида она соғинчидан, она меҳридан гапирмаслигим керак эди. Жоним мени, сени ранжитиб қўйдим, айбга буюрма, кел, ўтира қол…

Ичкарига кирдик. Юмшоқ курсига ўтиргач сўрадим:

– Лайло билан Таркан қаерда?

– Майдонга чиқди. Тинимсиз ишлаяпти. Таркан қаердалигини билмайман, кеча динчиларнинг китобини олиб келиб ўқиётганди.

Тушундим. Тарканнинг ҳам менга ўхшаб ўйлари остин-устун бўлганди. Ким билади, неча киши исломий қарашлар таъсирида карахт эди? Ёлғиз қолиш учун у ердан чиқиб, денгиз соҳилига бордим. Бироз айланиб юрдим. Кейин онамнинг қабрига бордим. Таърифлаш мушкул руҳиятда қабристонда қолиб кетдим.

– Салом, жоним онажоним! Мен келдим, онажоним, мен, сизнинг Жамилангиз.

Йиғлай бошладим.

– Онажоним! Мен алдандим, биласизми? Ишонганларим, эътиқодим остин-устун бўлди, онам. Жуда ёмон аҳволдаман, она. Менга муҳим бир гап айтмоқчийдингиз, кошки сизни эшитсайдим, балки тўғри йўлни топардим. Лекин эшитмадим, қулоқ солмадим, онажон. Шундай мукаммал тарзда, секин-аста ишонтирилган ва етиштирилган эдимки, ўзимиздан бошқасини жон қулоғим билан эшитмасдим. Шундай тайёрлангандим, онажон. Фикрда собитлик ўйлашга тўсқинлик қилади. Мени ҳам фикрлашдан тўсиб қўйганди, сизни эшитишим мумкин эмасди.

Онамнинг қабрида узоқ йиғладим. Ҳатто қабр ҳам она қабри бўлса, ниҳоятда тафтли туюлар экан. Қўрқитувчи, ҳуркитувчи мозор йўқ, она қабри бор эди, холос. Тупроғини ўпаётганимда онамни ўпгандек бўлдим. Ўз-ўзидан тупроққа шивирладим: “Эй, тупроқ, онам сенинг бағрингда, шуни биласанми?”

Исмсиз ҳислар оғушида онамнинг қабри бошида бир неча соат қолиб кетдим. Бошим ғовлаб кетганди. Бир неча кунни шу ҳолатда ўтказдим. Бир куни Вера мени чақирди, ёнига бордим. Филиз устоз ҳам Веранинг ёнида экан. Ҳайрон қолдим. Мажолсиз сўз қотдим:

– Хуш келибсиз… Марҳабо.

– Хушвақт бўлинг. Яхшимисиз?

– Раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз?

– Ўзига беадад шукрлар бўлсин. Дўстларим истаганидек яхши, душманларим кутганидек ёмон эмасман.

Бироз гаплашиб ўтирганимиздан кейин сўрадим:

– Сизни кўраман деб ўйламагандим. Вера билан яхши чиқишдингиз, ғолибо?

– Ҳа. Вера хоним билан алоҳида учрашай дедим.

Бироз қизғондим, шекилли, маъюс оҳангда сўрадим:

– Нега энди Вера?

– Вера хоним билан қўлни қўлга берсак, мусулмонлар билан насронийлар орасида кичик кўприк қура оламиз. Вера хоним Италияга кетармиш. Юз киши билан муштарак масалаларимизни гаплашганда ҳам каттагина иш қилган бўларди. Зеро, на мусулмонлар ҳақиқий яхши ниятли насронийларни билади, на насронийлар ҳақиқий мусулмонларни танишади.

– Мен сизни Верани мусулмон қилишга ҳаракат қиляпсизми, деб ўйлабман.

Вера ошхонадан туриб гапирди:

– У мени мусулмон қилолмайдию, балки мен уни насроний қила оларман.

Учаламиз бирдан кулиб юбордик. Сўнгра қизиқиш устунлик қилиб сўрадим:

– Сизларнинг қандай шерикчилик ишингиз бўлиши мумкин? Рости, мен бу ишга жуда қизиқдим.

– Биз одамлар, бутун борлиқда дунёмизнинг ягоналигини англасак, ҳарқалай қуёш тизимида ягоналигимизни билиб бунга жиддий қарармидик. Мен бу борада изланишлар олиб боряпман. Инсонят ақлдан озгулик ҳолатга тушди. Вера билан буларни гаплашяпмиз. Бутун дунё бир бўлиб “Сенинг дининг сенга, менинг диним менга” деб муштарак дардларимизга бир хил даво топишимиз керак. Бир-биримиз билан баҳслашамиз, муҳокама, мунозара қиламиз. Бир-биримизни ўз динимизга даъват қиламиз. Даъватга жавоб бўлмаса, унда бошқа ўхшаш масаламизга ўтамиз. Нима бўлганда ҳам ҳаммамизнинг илоҳимиз – ягона Аллоҳ! Бошқа Илоҳ йўқ! Биз учун ҳам, мусулмонлар учун ҳам бошқа Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Дунёмизнинг муаммолари ҳам ўхшаш.

Бизга чой олиб келган Вера рўпарамизга ўтириб, менга гапирди:

– Хўш, насроний атиргул, меҳмонимдан нималар сўраяпсан?

Биринчи марта чўчидим. Мен чиндан ҳам нарсоний атиргулимидим? Изтироб билан жавоб қилдим:

– Насроний атиргулингизнинг япроқлари тўкиляпти..

Вера чойини ичаётиб сўради:

– Нега тўкилди?

– Мавсуми тугади…

Филиз устоз мендаги ўзгаришни пайқаганди:

– Сиз эрта баҳорда янгидан япроқлар ёзасиз, – бу гапни айтишга айтиб, мавзуни ўзгартирди: – Яқинда чўқинаркансизми?

Худди билмайдигандек сўраётганини қаранг. Ҳолбуки, Гулдерен мен ҳақимда унга қайта-қайта гапирган. Албатта, буларни кейинроқ билиб қолдим. Ўшанда унинг ҳаммасидан хабардор эканини билмасдан жавоб қилдим:

– Шундай эди, лекин сиз бошимни қотириб қўйдингиз. Ҳақиқат деб билганларим остин-устун бўлди. Ҳозир иккиланяпман. Балки динсиз бўлсамми, деб ҳам ўйлаяпман. Филиз устоз кўзларимга синчковлик билан тикилди:

– Сизнингча, динсизлик чорами? Динсизлик ҳаловат бериши мумкинми?

– Билмайман. Ҳайронман.

Ҳолбуки, эътиқодда қатъий шоҳид эдим. Сўнгра Верага юзландим:

– Бу гаплар орамизда қолсин, балки ўзимга келиб қоларман. Болаларингизга айтмай қўяверинг, Вера.

Бироз гаплашиб ўтирганимиздан сўнг Филиз устоз асл мақсадига кўча қолди:

– Бугун бу ерга келишимнинг сабабини тушунтириб, мақсадимни айтсам. Мен исломий илмлардан таҳсил оляпман. Бу борада етарли бўлмаса-да, ғайратим бор. Ислом илмларини ўрганмасдан аввалги ўзимни кузатсам, инсонликдан жуда узоқлашиб кетган ҳолатда ўзимни кўраман. У кезларда бошқа диндагиларни қўяверинг, ўз гуруҳимдан бўлган инсонларга чеҳрамни очиб салом бермасдим.

– Демак, сизни ҳам шу ҳолга солганлар бор экан-да? – дедим ҳаяжон билан.

– Унақа эмас, жоҳиллик инсонни шу ҳолга солади. Жоҳилликнинг ҳам ўзига яраша қоидаси, услуби бор. Ва у ўз қоидаларига кўра ўйналади. Ҳеч ким менга “Насронийга қўполлик қил”, демаганди. Лекин мен қўполлик қилардим. Айниқса, яҳудийларга. Мусулмонга зулм қилган яҳудийдан нафратланиш, уни айблаш, ҳукм қилиши имонга хос амаллар. Лекин мусулмонга зулм қилмаган ва мусулмонга ҳеч қандай адовати бўлмаган яҳудийдан нима истайди киши? Хуш кўрмаса, бу унинг шахсий иши, лекин одамийликни унга кўп кўришига нима дейиш мумкин?

Хаёлимга келган заҳоти сўрадим:

– «Фатҳ» сурасининг 29-оятида чин мусулмонлар кофирларга нисбатан қаттиққўл, мусулмонга нисбатан мулойим бўлишини таъкидланади. Сизлар истасангиз-да, кофир деб биладиганларингизга мулойим бўлолмайсизлар. Шу оятда мусулмонларга кофирга нисбатан қаттиққўл, яъни шафқатсиз бўлиши буюрилади. Сизлар кофирга яхшилик қилолмайсизлар.

– Қуръонда қаттиққўллик сўзи кучли бўлиш, ҳаддан ортиқ нафратланиш маъноларида келади. Ҳа, мусулмонлардан кофирларга нисбатан қаттиққўл бўлиши буюрилади, лекин қандай кофирларга? Мана шу савол ниҳоятда аҳамиятли ва бу саволнинг жавобини “Мумтаҳина” сурасининг 8 ва 9-оятларида Пайғҳамбар соллаллоҳу алайҳи вассаламга хитоб қилиш билан беради: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир”. Аллоҳ ҳеч кимга ноҳақлик қилмайди, бировнинг гуноҳини бировдан сўрамайди. Ва дўст бўлганга дўстлик, душман бўлганга душман бўлишдан ман этмайди. Лекин сизларга Қуръон оятлари бироз бузиб тушунтирилган…

Қўлимда исломга қарши қўллайдиганим қанча қурол бўлса, ҳаммаси бир-бир қўлимдан тушаётганди. Мен бу оятни юзлаб мусулмонларга айтгандим. Уларни қанчалик чалғитгандим. Аслида чалғиган, чалғитилган ўзим эканман…

Саволлар беришдан тийилдим ортиқ. Филиз устоз гапида давом этди:

– Қаранг, жаҳолат қанчалик қўрқинчли ҳолат! Қўшнимиз грек аёл бетоб бўлиб қолибди, ҳеч кими йўқ эди. Гуноҳ бўлади деб унга бир коса овқат оборолмадим. Лекин виждоним ҳам тинчлик бермасди. Шубҳасиз, шундай қарашдаги насронийлар, яҳудийлар ва бошқа эътиқоддаги кишилар бор, айниқса мушриклар. Оҳ, Аллоҳим! Уларнинг қарашлари, адовати, алам ва нафрати ҳеч кимда йўқ. Биз чиндан ҳам зиёли одамлар бўлсак, бу ғофиллик ва жоҳилликдан дунёни асраб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Дунёда бир кунда ер юзини йўқ қила олишга кучи етадиган қуроллар, бомбалар ишлаб чиқариляпти. Тасаввур қиляпсизми, бир одамни ўлдириш учун бошқа бир одам тинимсиз ҳаракат қиляпти. Бу ваҳшат эмасми?!

Тоғларда илонлар илонларни ўлдирса, инсоният “Илонлар қирилиб кетяпти” дея тадбир олишга тушарди. Ҳозир одамлар одамларни ўлдиряпти, қолган одамларнинг овози чиқмайди. Инсониятнинг қиладиган иши йўқми? Шунинг учун қатл хуружи тутяптими? Бу садистларни зерикканимиздан томоша қилиб ўтирибмизми? Буни ҳам билмайман. Чиройли манзарани томоша қилиб ўтииргандек бу даҳшатни томоша қилиб ўтиришимиз ақлга сиғадиган иш эмас. Бу борада қўлни қўлга беришимиз керак. Зеро, тупроғимиз ҳам, осмонимиз ҳам бир. Ғарбнинг осмони бошқа, шарқники бошқа эмас. Тупроқ денгизга учяпти. Чиқинди сувлар кунда миллион баррелга етмоқда. Булар ер юзига тўкиляпти. Тасаввур қиляпсизми, фақат 50-60 давлатдан чиқаётган чиқиндилар бу! Бу каби чиқиндилар дунёни заҳарлаяпти. Кўп чуқурлашмайлик, ҳар бир ўтаётган кун ҳайвонот ва наботот турлари йўқолиб кетяпти. Ҳайвонот табиатнинг мувозанати, табиатнинг нафаси ҳисобланади. Кўп аҳамият бермаймиз, лекин булар жиддий аҳамият касб этади. Ҳайвонларнинг фойдаси бўлмасайди, Аллоҳ уларни яратармиди?

Вера Филиз устозга маҳлиё бўлиб қолганди.

– Сизни табриклайман! Муслима аёл буларни мулоҳаза қилиши жуда яхши.

– Буларни чин мусулмон билиши керак. Зеро, буни унга дини айтади. Қолаверса, ҳаммамиз ўйлашимиз керак. Дунё ҳаммамизники, инсон ва табиатни ўлдириш учун сарф этилаётган куч-қувватни одамлар ва табиатни асрашга йўналтиришганида, бугун дунёнинг елкаси бу қадар чўкмасди. Бу таҳликалар билан бирга динлар ва динсизликлар орасида нодонларча олиб борилаётган курашлар, душманлик ҳислари энди бошқа мавзу. Агар кулмасангиз бир гап айтардим.

– Нега кулар эканмиз? Сизни эшитяпмиз, – дедим мен. Вера ҳам илтимос қилди:

– Илтимос, айта қолинг, қизиқяпман…

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2565 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага