Наср

Насроний атиргули (34-қисм)

1298

– Аввалги инсонларнинг душманлик услуби ва психологияларини ўргандим, менга инсонликка хос туюлмади. Айтмоқчи эдимки, бу даврда Иегова шоҳиди, насроний, буддизм, қисқаси, қандай дин ва мафкура бўлса, ҳаммаси бир орага келади. Инсоният ўлароқ ўзгаришлар қилайлик. Яъни дўстона душманлик қилса бўлмасмикан дейман? Душманлигимизга ҳам бир ечим топармидик? Тезроқ буларни йўқотишга улгурмасак, бу салбий ҳолатлар инсоний ўлчовларга айланиб кетмасайди дейман. Аввало бир-биримизни яхши танишимиз керак. Бу ерда энг аввало етакчилар сергакроқ бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам сендан илтимос қилиб келдим. Менинг номимдан поплар билан учраш. Агар қўлингдан келса, папа билан учрашгин. Бир муслима аёлнинг сиздан ўтинчи бор, бу борада тавсиялар бера оласизми дея сўрагин. Мен ҳам ислом олимлари билан учрашайин. Лайло Мете Суэр бей ёки бошқа шахслар билан учрашсин.

Тавба, тавба! Филиз устоз нималар деяпти? Демак, мен динчиларни мутлақо танимас эканман.

Верага қараб қолдим. Ҳа, дедим, Вера албатта мусулмон бўлади. Устозни эшитаётиб кўзлари кулимсирарди. Лекин Филиз устоз унга динни талқин қилмаётгани диққатимни тортди. Бу унинг ишга киришиш услубимиди? Бу услубларни яхши биламан. Менинг ҳам ҳар бир одамга қараб қўллайдиган усулларим бор эди. Бу ишларни жуда яхши билардим, лекин Филиз устозни тушунолмаётгандим. Филиз устоз чуқур уҳ тортиб давом этди:

– Афсусдаман, дунё олов ичида қолиб кетяпти, ҳаммамиз буни томоша қилиб ўтирибмиз. “Менинг қўлимдан нима ҳам келарди” демасдан, ҳар бир шахс имкони етганича ҳаракат қилиши керак.

Анча пайт фикрларини, қарашларини гапириб, кетиш учун қўзғалди. Устоз шундоқ эшикдан чиқаётганида Таркан билан учрашдик. Таркан уни кўриб ҳайрон қолди:

– Келишингизни билмасдим.

Вера жавоб қилди:

– Билишингга ҳожат йўқ эди, мен билардим. Меҳмонимизга хуш келибсиз демайсанми?

Таркан истамайгинга онасининг айтганини қилди:

– Хуш келибсиз! Кошки келишингизни билсам эди, сиздан бир нималарни сўрамоқчи эдим.

– Сўрашга улгурасиз. Кейинги ҳафта тадқиқ дарсига Гулдерен таклиф қилди. Лайло қабул қилса, яна келаман. Қанча саволларингиз бўлса, ҳаммасига жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Тарканнинг хаёлларида саволлар бўлса-да, у шоҳидларга мойил эди. Лекин мен уч ойда чекиндим, ғолибо. Руҳим чўкди. Мен шуларни ўйлаётгандим, Таркан давом этди:

– Бу гал берадиган саволларим сизни уринтириб қўядиганга ўхшайди.

– Зарари йўқ, уринсак уринармиз. Лекин шуни унутмангки, бировнинг гуноҳини бировга эваз этмайдиган одил динга мансубман. Мутлоқ ғолиб, ҳақ дин бу. Мен сизга мағлуб бўлсам-да, бу динимнинг мағлубияти эмас, менинг мағлубиятимни ифодалайди.

– Тангри қабул қиладиган дин Муқаддас Китоб билан. Сиз бир бор тадқиқ қилсангиз, бунга ўзингиз иқрор бўласиз.

– Инжил тадқиқини эшитиш учун келгандим, бўлмади. Ўша куни фақат мен гапирдим. Яхши иш қилмаганимни кейинроқ тушундим. Менга алоҳида вақт ажратилмаган бир жойда ўзимга берилган имкондан яхши фойдаланмадим. Шунга қарамай, тадқиқчингиз таҳсинга сазовор одам экан, мен бўлганимда сабрим етмасди. Нима бўлганда ҳам дарсни ўзим туфайли эшитолмадим. Гарчи мен Инжилни, Таврот ва Забурни ўқиганман, яна сизлардан ҳам эшитай дегандим. Дин масаласига келсак, Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сураси, 85-оятда шундай марҳамат қилади: “Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир”. Зиён кўргувчилардан бўлишингизни истамайман. Янглиш фиркларга бормасдан, яхши биладиган устоз билан Қуръонни тадқиқ қилсангиз яхши бўларди. Яна ўзингиз биласиз. Қуръон аҳлидан ўргансангиз дегандим. Чунки бошқалар Қуръонни бузиб англатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ “Олим Имрон” сураси 99-оятида шундай дейди: “Эй аҳли китоблар! Нега имон келтирганларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, қайтарасиз?! Ўзингиз шоҳид бўлиб туриб, у(йўл)нинг қинғир бўлишини хоҳлайсиз?! Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир”.

Яна бироз гаплашганимиздан кейин вилланинг боғчасига келдик. Филиз устоз гулларга бир муддат қараб қолди.

– Боғчангизни хуш кўрдим, кўп меҳнат қилган экансиз.

– Кўп меҳнат қилганимни қандай билдингиз? – Вера ҳайрон бўлиб сўради.

– Боғчанинг гўзаллигидан. Меҳр билан бажарилмаган ҳеч қандай иш яхши натижа бермайди. Ҳар бир яхши нарса чиройли меҳнатнинг самарасидир. Албатта, бандаларга оид яхшиликларни назарда тутяпман.

Йўқ, йўқ! Бу аёл оддий хотинлардан эмас, бу сеҳргар! Ҳа, ҳа, сеҳргар! Мени нақ сеҳрлади қўйди бу аёл! У билан суҳбатлашиб катта кўчага тушдик. Такси тутиб бермоқчи эдим, эътироз қилди:

– Мен автобусда кетаман, – деди. Қўймадим.

– Ҳеч ҳам бўлмайди. Сиз диндор инсонсиз. Шунча эркакнинг орасида тиқилиб-сиқилиб кетишдан эзиламиз.

– Диндор-динсиз бўлишидан қатъи назар, ҳеч қайси аёлга ёқмайди бу ҳолат. Ҳатто ориятли эркакларнинг ҳам ғашига тегади. Лекин раҳбарлар буни тушунмайди-да. “Аёллар учун алоҳида автобус қўйилсин” дегандик, еру осмон остин-устун бўлди. Боёқишлар аёлларга алоҳида автобус бўлса, ислом шариати келади деб ўйлашади. Ва бизни ўз шариатлари билан шундай эзишадики, ўз аёллари хос машиналардан фойдалангани учун бизни тушунишлари мумкин эмас! Аслида улар ҳам аёллар автобусда тазйиққа учрашини билади, лекин жоҳилликлари учун эътироз қилишади. Кўп ўйланманг, мен автобусда юришга ўрганганман.

– Жуда яхши аёлсиз-да. Шу Қуръонни ўргатаётганда пул олмасангиз, сизга бўлган ҳурматим яна ортарди.

– Энди олмайман. Турмушга чиқдим, пулга эҳтиёжим йўқ. Эҳтиёж туғилса, олишга мажбурман. Чунки рўмолим сабабли ўқитувчилигимни қилишга қўйишмайди.

Унинг учун ўкиндим. Ўқитувчилигини илк бор эшитаётгандим. Бу гапга тақалиб қолмай яна савол бердим:

– Энди турмуш қурдингизми?

– Ҳа.

– Бироз кеч эмасми? Неча ёшдасиз?

– Ўттиз бир ёшимда турмушга чиқдим.

– Шу ёшда турмуш қуриш диний эътиқодингиз талабими?

– Йўқ. Ёшлигимда харидорларим кўп эди. Лекин у кезлари турмуш қуришни истамадим. Ёши йигирмадан ўтгандан кейин одам ҳаммани ҳам ёқтиравермайди. Истаганимдай инсон учрамаса, турмуш қурмайман, дегандим. Шу йили насиб қилган экан. Демак, хўжайинимни кутганим учун турмуш қурмагандим.

– Ўтириб қолди, деб озор берганлар бўлдими?

– Бўлмайдими? Мен ҳеч бирига эътибор бермадим.

Тик оёқда суҳбатга берилиб кетдик. Уни гапиртириб юрагим яйрарди. Бир такси тўхтатиб орқа эшикни очдим.

– Марҳамат, сизн уйингизга ташлаб қўяйин.

Миннатдорчилик билдириб таксига ўтирди, мен ҳам чиқдим.

– Сизни уйингизга кузатиб қўйсам, ноқулайлик бўлмайдими?

– Йўқ, лекин сиз овора бўласиз дейман-да.

– Овораси йўқ. Сизнинг ёнингизда қанча қолсам, мен учун шунчалик яхши бўларди.

Суҳбатлашиб кетдик. Устозни уйининг олдига ташлаб қўйдик. Шу пайт ёмғир ёға бошлади. Осмонни қоп-қора булутлар қоплаганди. Ёмғир жалага айланиш эҳтимоли бор эди. Мени уйига таклиф қилди. Киролмадим. Қайта-қайта мажбурлашини кутгандим, уялаётгандим. Мен уни билмасдан бир йилдан бери унга қарши гапириб юргандим. Энди унинг уйига кириб, бир пиёла чойини қандай ичаман? Қайтиб келаётганда ғалати ҳиссиёт билан йиғлай бошладим. Ҳайдовчига онамнинг қабрига бормоқчилигимни айтдим. “Майли”, – деди боёқиш. Бироз ҳайрон эди. Менга ўгирилиб сўради:

– Шу ёмғирда қабр зиёратига бормоқчимисиз?

– Йўқ, уни узоқдан кўришни истадим. Бу ҳам шунчаки бир ҳис-да.

Ҳайдовчи йиғлаганимни билиб сўради:

– Онангизга йиғлаяпсизми? Аллоҳ сабр берсин…

– Ҳозир онам учун йиғламаяпман, лекин нега йиғлаётганимни ўзим ҳам билмайман.

Ҳайдовчи ҳам яхши одам экан, кўнгли бузилди:

– Бўлиб туради, одам баъзан шундай ҳам бўлади. Қандай дардингиз бўлса ҳам Аллоҳ сабр берсин.

Ҳа, дардли эдим. Ўзимни жуда ҳам дардли ҳис этардим, лекин нима бўлганини ўзим ҳам аниқ билмасдим.

Онам ётган қабрдан ўтиб кетяпмиз. Қабристон дарахтлари қабрларнинг сочларидек турарди. Таралмаган, бетартиб сочлар. Дарахтлар ҳам қайғу ва изтироб билан безалгандек. Аллоҳим! Мени бу ҳолатдан Ўзинг қутқар! Халос қил! Фориғ қил!.. Ўшанда аниқ хулосага келгандим. Ҳа, у Иегова эмас, менинг Аллоҳим эди! Уни қайта-қайта тилга олдим. Ҳайдовчи эшитмайдиган паст товушда. Аллоҳим! Аллоҳим! Аллоҳ исми Сенинг номинг, Аллоҳим! Фақатгина Аллоҳ дейиш билан қалбим ҳаловат топишини энди англаяпман. Мени кечир, Аллоҳим! Аллоҳим! Аллоҳим! Исминг бунчалик гўзал, Аллоҳим! Мени кечир, Аллоҳим! Мени кечир, Аллоҳим!..

Тўсатдан ҳайдовчига тўхтатишини айтдим. Тўхтади.

– Илтимос қилсам, шу ерда мени кутасизми? Ҳақингизни ортиғи билан бераман.

Чопқиллаб онамнинг мозорига югурдим. Овозим борича гапира бошладим:

– Онажоним, хушхабарим бор, онажоним! Энди Раббимизга Иегова эмас, Аллоҳ дейишга қарор қилдим, онажон. У сизнинг Раббингиз эди, Аллоҳ дердингиз, энди менинг ҳам Раббим, мен ҳам Унга Аллоҳ дейман…

Ёмғир ёғар, кўз ёшларимни юзимдан онамнинг қабрига оқизарди. Ёз ёмғири эди, совқотмасдим, ҳўл бўлганимни ҳам сезмасдим. Онамга хушхабар айтдим:

– Жоним онам, у диндан қайтаман, хушхабарни биринчи сизга айтайин дедим. Сизга хушхабар бўлсин, онажоним!

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2567 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага