Наср

Насроний атиргули (35-қисм)

1234

Яширин юзлар

Ҳеч кимга бир нима демадим. Гулдерен ҳам ғалати бўлиб қолганди. Ундан шубҳаланадиган бўлиб қолдим. Шоҳидлардан бўлиб қолдимикан? Менга эътибор бермай қўйган, Лайлоларникидан чиқмай қолганди. Чархпалак терс айланаётганмиди? Менга бепарволигидан юрагим сиқилиб, Иегова шоҳидлигидан чиққанимни айтмагандим. Бувимга дардимни айтмоқчи бўлдим.

– Бувижон! Мен энди Ҳақ динга қайтаман, – дедим.

Бувим менга ҳайрон бўлиб қаради:

– Болажоним, сен шундоғам Ҳақ динда эмасмидинг? Иккита ҳақ дин борми?

Ҳа-я, бувимнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди-ку.

Юрагимни кимга очардим? Ҳеч кимга юрагимни очолмасдим. Ойнур эсимга тушди. Боёқиш қиз худди мендай қарама қарши ўй-хаёлларга тушиб қолганди. Лекин у мендан ақлли эди. Унинг саволлари мени ўйлантирди. Энди унга бориб нима ҳам дердим? Аввалроқ мен унинг шоҳидлардан бўлиши учун ҳаракат қилгандим. Унга қўнғироқ қилдим, онаси уйда йўқ экан, ёнига бордим. Нималарни кўрмади шу қиз. Ҳар шоҳиднинг бошидан ўтадиган кунлар унинг ҳам бошидан ўтаётганди. Лекин эътиқоди ҳам мустаҳкамланганди. Қуръондан узоқлашиб кетганди. Қуръон ҳақида хаёлига нима келса, шуни гапирарди. Кўнглим бузилса ҳам унга бирор нима деёлмадим. Рамазон ойида эдик, чойимизни ичиб суҳбатга берилиб кетдик. Лекин менинг бошқачалигимни Ойнур пайқади.

– Сенга нима бўлди, Жамила?

– Билмайман. Бироз кайфиятим йўқ.

– Нега?

– Билмайман.

– Менга биласандай туюляпти. Жуда бошқача кўряпман сени.

Мен гапни бошқа жойга буришга уриндим:

– Авваллари рўза тутармидинг?

– Тутардим, нодонлик-да…

Шу пайт ҳаммасини айтмоқчи бўлдим. “Йўқ, аслида алданганинг учун рўза тутмаётганинг нодонликдир! Шу гапларинг нодонликдан ишора”, демоқчийдим, деёлмадим. Чой ичарканман, Филиз устоз ўқиган бир оят хаёлимга келди: исломдан бошқа дин излаганларнинг дини қабул қилинмасди. Буни нега Ойнурга тушунтиролмайман? Кейин сабабини топдим. Ҳеч кимда кузатилмаган тезликда у диндан чиққан бўлсам-да, лекин мен ҳануз исломга кирмагандим. Мусулмон бўлганимда исломий буйруқни айтишдан уялармидим? Ойнурга шоҳидлик қандай кетаётганини сўрадим.

– Жуда яхши кетяпти, лекин барибир бошни қотирадиган нарсалар йўқ эмас. Масалан, кеча тунда тадқиқчимнинг уйида даъват фильмини томоша қилаётгандим. Даъват фильмини жуда ҳам яхши кўраман, одамни таъсирлантиради. Эри “Ўчиринг шу шайтонни!” деди. Хафа бўлдим, ғамгинлигимни билишди. Тадқиқда эдик. “Сенга шайтон васваса қиляпти”, дейишди. Баъзи нарсаларга ақлим етмаса ҳам, Аллоҳнинг изни билан яқинда чўқинаман.

“Чўқинолмайсан, – дедим ичимда, – бу шубҳали ўйларинг бор экан, сени чўкинтирмайдилар. Буткул улардан бўлишинг керак. Қуръон билан заррача боғлиқлигинг бўлмаслиги керак”.

Улардан ҳам яхши банда бўлишнинг ишораси яна бандаларидан олинадигандек ҳолат эди. Ўзлари инкор қилган попларнинг қилган ишларини такрорлашади. Банда Аллоҳнинг динига кириш учун нега бошқа бир бандага муҳтож бўлсин? Банда учун Аллоҳдан ҳам яқинроқ, Аллоҳдан кўра дўст, Аллоҳдан кўра доно, Аллоҳдан кўра ишончли, Аллоҳдан кўра кучли, Аллоҳдан ҳам яхшиси бўлармиди? Ким яқин бўларди?

***

Хуллас, чўқинмади Ойнур. Кўнгли ислом руҳидан чиқолмасди. Шунинг учун ҳам буткул таслим бўлолмасди. Бошидан ўтганларни айтиб берарди:

– Онам билан пляжга бордик. Ёнимизда шоҳид аёллар бор эди. Бири бикини кийган, бошқаси чўмилиш кийимида. Мен буни ҳазм қилолмадим. Ҳатто онам денгизга тушганида ҳам дунё бошимга қулагандай бўлди. Онам чўмилиш кийимидаги шоҳидларни кўрсатиб мени мазах қилди. “Қара, сеникилар, қара. Қизим бу қандай дин? Диндор аёл шунақа денгизга кирадими? Биз ҳам киряпмиз, лекин бизни диндорлик иддаомиз йўқ”, деди. Ўйладим, сўраёлмадим лекин онамнинг бу гапи тўғри эди ва мени ҳам бошимни қотирди…

Ойнур оиласидан узилиб қолганди, лекин барибир улар билан бирга яшарди. Ота-онаси ва акаси унинг ҳозирги аҳволига кўп қайғуришарди. Оиласи чора изларди.

Отаси ҳам қизининг насроний бўлганини қабул қилолмасди. Қизини ўлдирай деса, ўлдиролмасди. Маданиятли одам эди. Уни уйдан ҳайдамади, лекин ниҳоят ўзича бир чора топибди. Ойнур жуда яхши кўрган ўртоғи Юксалникига борибди. Юксал ҳам ўртоғи, ҳам акасининг қаллиғи эди. Аҳди қатъий эди, Юксални шоҳидлардан қилармиш. Лекин шошилмаётганди. У ҳам “бирданига бўлмайди”ни ўрганганди. Ойнурнинг яна бир яхши дугонаси бор эди. “Мен буларнинг кўпчилигини Иеоговага қайтараман”, деб ўйлаганди. Бир оқшом зерикиб қўшниникига чиқибди, эшикни тақиллатибди. Уй бекаси эшикни очибди, самимий гаплашишар экан. Лекин аёл аввалгидек “Вой, Ойнур сенмисан? Кел, жоним, ичкарига кир”, демабди. Бироз ҳайрон бўлиб эшикда туриб қолибди. Аёл яна ичкарига даъват этмабди. Охири сабабини айтибди.

– Айбга буюрмайсан, Ойнур, сени чикарига киритолмайман. Эрим уни уйга киритма деди…

Ойнурнинг жаҳли чиқибди:

– Нега бундай деди?

– Билмайман, хафа бўлма, илтимос.

Ойнур йиғлай-йиғлай ортига қайтибди. Қўшниларга нима бўлди деб кўп ўйлабди. Кўз ёшларини артиб, оилавий дўстлари Содиқ бейларникига борибди. Улар ҳам уйига киргизмабди. Йиғлай-йиғлай дуо қилибди:

– Эй Иегова, ўзингга сиғинаман, мени бу синовдан муваффақиятли олиб чиқ…

Ойнур ҳайрону паришон экан, лекин у ҳам бу изтиробларни Исонинг мўъжизаси сифатида кўраётган экан. Шунга қарамай, эшиклардан ҳайдалиш ҳолатини қабул қилолмасди. Кўзида ёш билан дардини айтарди:

– Мен бу одамларга нима қилдим? Тарбиямни ҳаммаси билади. Болалигимдан мени танишади. Нега мени уйларига киргизишмайди? Бу ғуруримга тегяпти… Эй Иегова! Мени бу ҳолатдан ўзинг олиб чиқ!

Кейин хаёлига Юксал келибди. Юксал болаликдаги ўртоғи ҳам экан. У мени асло қувиб юбормайди, дея ўйлабди. Шу хаёлда Ойнур Юксалникига боришга қарор қилибди. Оқшомга яқин отаси уйга келибди ва кутилмаганда Ойнурга шундай дебди:

– Ойнур, бугун Юксалнинг отасини кўрдим. “Хафа бўлманг, лекин Ойнурни бизникига юборманг. Мен насроний бўлган қиз билан қизимнинг гаплашишини истамайман”, деди.

Буни кутмаган экан Ойнур, қаттиқ хафа бўлибди. Ётоғига кириб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлабди.

– Нега бундай? Бу одамлар нега бунақа? Мен бу одамларга нима қилдим? Аввал дин билан ҳеч қандай алоқам йўқ эди, булар бунақа қилишмасди.

Ётоғида ўксиб-ўксиб йиғлаб, сўнгра ухлаб қолибди. Ойнур кимга дардини айтмоқчи бўлса, юзига эшик ёпиларди. Буёғига чидашга кучи қолмаганди. Энг яқин дугонаси Юксалга бориб дардини айтай деса, у ҳам уйидан қувиб юборишидан қўрқармиш. “Буни кўтаролмасдим”, – деди. Ғурури оғрирди, ҳайдалиш иззат-нафсига тегарди. Лекин бетини қалин қилиб Юксалнинг ёнига борибди. Эшикни тақиллатаётиб ҳаяжондан аъзойи бадани титрабди. Юксал билан кўришаётиб юз ифодаларини кузатибди. Дугонаси уни ичкарига даъват қилибди. Шу заҳоти Ойнур сўрабди:

– Отанг отамга “Ойнур бизникига келмасин”, дебди. Бундан жуда қаттиқ оғриндим. Кечадан бери ўзимда эмасман. Нега отанг мени уйга қўймайди, тушунмайман.

Шундай деб йиғлабди Ойнур.

– Аллоҳга қайтганим айбми? Гуноҳми? Қолаверса, отанг менинг тарбиямни, хулқимни билади…

Юксал яқин дугонасининг кўз ёшларига тоқат қилолмай ҳақиқатни айтишга мажбур бўлибди:

– Сенга тўғрисини айтаман, лекин ҳеч кимга айтмайсан, хўпми, сўз берасан?

– Сўз бераман.

– Отамдан сени уйдан ҳайдашини отанг илтимос қилибди. “Ойнурни уйга қўйманг. Ҳамма шундай қилса, балки бу қиз насронийликдан воз кечар”, дебди. Кўз ёшингга тоқат қилолмаганим учун буни айтяпман, йўқса асло айтмасдим.

Ойнур бу гапдан жуда севинибди. Демак, одамлар отасининг илтимосига кўра уни уйдан ҳайдашган экан. Унда хафа бўлишга ҳожат йўқ, деб ўйлабди. Бу гапдан ҳам севинибди, ҳам хотиржам бўлибди. Отаси фарзандини бу йўлдан олиб қолиш учун ҳар чорага бош урарди, фақат бир йўлини синаб кўрмасди. Ойнур бироз хотиржам бўлиб уйига қайтибди. Атрофидан ва онасидан меҳр, очиқ чеҳрали бўлишини истарди. Лекин қизлари насроний бўлган оилада меҳр ва табассум учун дармон қолмаганди.

***

Ойнурни эшитарканман, ўйланиб қолдим. Уйга келгунимча фақат бир нарсани ўйладим. Ойнурга шоҳидлардан эмаслигимни айтолмаётганимни ўйладим. Ўз ичимда чиқиш учун йўл тополмаётгандим, ўзимни тушунолмасдим. Иегова шоҳидлари нега ёлғон гапиришганди? Мен нега ишонгандим? Қуръондан инсонга ҳузур берадиган, яхшилик ваъда қилинган оятларни эмас-да, одамни (билмагани учун) ҳайрон қолдирадиган, қўрқитадиган оятларни ўқишарди? Бу тўғримиди? Фақат хато топиш учун Қуръонни ўқишармиди? Ва Қуръонга бўҳтон отиб, ўз динларига оломон тўплашга уринган Иегова шоҳидлари ёлғон устига дин бунёд қилишга уринишармиди? Йўқ, бу қадар тўғрилик ва ҳақиқатни даъво қилаётганлар бундай қилишмасди. Мен янглишаётган бўлишим мумкин. Унда бироз яна кутишим керак. Балки асабийлик ва тушкунликдан ҳақиқатни кўролмаётгандирман? Балки менга ёлғон гапирган шоҳидлар ҳам била туриб ёлғон гапиришгандир?

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага