Наср

Насроний атиргули (36-қисм)

1229

Уғур ёнимга келиб, бўйнимдан қучиб олди ва ҳаяжон билан сўзлай бошлади:

– Опа, опа! Бугун мактабда нима бўлганини биласизми? Билсангиз, жуда ҳам ҳайрон қолардингиз. Мен Тунчни енгдим.

– Қандай енгдинг, қани, айтиб бер-чи.

– Ўқитувчимиз катта бўлганда ким бўласизлар деб сўради. Тунч: “Мен катта бўлганимда доктор бўламан”, деди. Ҳамма бир касбни айтди, менга навбат келган эди, мен: “Шоҳидлардан бўламан”, дедим. “Шоҳидлар ким?” деди. Ўқитувчимиз нодонми, опа, шоҳидларни билмас экан. Исонинг болалиги ҳақидаги эртак бор эди-ку, уни синфда айтиб бердим. Ўқитувчим мени уришмади.

Эй, воҳ! Энди нима бўлади? Бу бола қўлдан кетганга ўхшайди-ку! Болалигида яхши кўриб қолганлар катта бўлганида унутмайди дейишади. Шу тўғримикан, ажабо? Агар шундай бўлса, ўзимни кечира олармиканман? Боёқиш болажон, билмасдики, мен у эътиқодда бўлганимда, балки ўзи тирик қолмасди…

Бошим ғовлаб, ўйларим миямни сиқа бошлади. Бу болани қандай қилиб оғдира олдим? Кўнглига шоҳидликни буткул сингдирган эканман. Болаларга бунчалик жиддий эътибор берилишининг сабабини энди тушуняпман. Бу орада Самира опа келди. Меҳмонхонага кирдик. Якшанба куни ўтказган тадқиқ ҳақида гаплашдик, фикрларини айтди.

– Тўғриси, мен ўша куни полицияга хабар бермоқчи эдим, аввал бир эшитай дедим. Ҳалиги динчи аёл эътиборимни тортди, эшитдим. Ё Аллоҳим, бунча нарсани қаердан билади у?! Бир динчида бунча илм борлигини ҳеч билмасдим. Мутаассиб бўлмаганида уни ҳар доим эшитардим.

Самира опа бирдан бошқа мавзуга ўтди:

– Сен Гулдерен билан Таркан турмуш қуришини биласанми?

Бошимга гурзи билан урилгандай бўлди. Ё Аллоҳим! Бўлиши мумкин эмас! Шундай десам ҳам, кейинги кунларда Гулдереннинг менга бепарволиги, Тарканларникига тез-тез чиқишини эсладим. Ақлдан озай дедим бу гапни эшитиб. Уғур бу хабардан жуда хурсанд бўлди:

– Яшасин! Гулдерен опам ҳам шоҳидлардан бўладилар!

Изтироб билан Уғурга қарадим. Унга нима ҳам дея олардим? Уни бу аҳволга мен солиб қўйгандим. Эътиқод ва фикрнинг болаларга кичкиналигидан берилмаслигига айримлар балки шунинг учун ҳам эътибор бермасмиди…

Бу хабарнинг карахтлиги билан ўрнимдан турдим.

– Самира опа, айбга буюрмайсиз, мен ҳозироқ Гулдереннинг ёнига боришим керак. Сиз бувим билан ўтиринг, мен тез қайтаман.

Уғур бундан севинди.

– Хола мен билан ўтирсинлар. Энди мен катта йигит бўлганман.

Самира опа орқамдан ғудраниб қолди:

– Сени қаарю, Гулдереннинг насроний билан турмуш қуришидан хурсанд бўлганингдан ўтиргани жой тополмаяпсан.

Гаплари қулоғимга кирмасди. Яшиндай ташқарига отилдим. Шундоқ боғча эшигидан чиққанимда, Исмат девона билан учрашиб қолдим. Гинали термилиб сўради:

– Нима гаплар, насроний атиргули, бутун дунёни насроний қилиш режаларинг давом этяптими?

Тез-тез қадам ташлаб юраётиб жавоб қилдим:

– Энди менга насроний атиргули демагин, илтимос! Мен насроний атиргули эмасман, бўлдими?

– Чин айтяпсанми? Тушим ўнгга айландими ёки?

– Нима аҳамияти бор? Мени ўз исмим билан чақиришларини истайман!

У ҳам мен билан тез юраётганди.

– Аллоҳга олиб борадиган йўл исломдан ўтади, Жамила, буни ҳеч қачон унутма, хўпми?

Исмат девонани ора кўчада қолдириб, Гулдеренларнинг уйига кирдим. Яшинга айлангандим гўё. Тез-тез одим отардим. Ҳаяжон билан эшикни тақиллата бошладим. Гулдерен эшикни очди. Ичкарига кирган заҳоти сўрадим:

– Эшитган хабарим тўғрими?

Бир қўлида чой тўлдирилган пиёла, бир қўлида орасига бир нималар қўйилган нон билан қараб турганди. Жавоб қилди:

– Эшитган хабарингга боғлиқ. Нимани эшитдинг?

– Таркан билан турмуш қураётган экансан, тўғрими?

– Оббо, демак эшитибсан-да!

Ўйларим остин-устун бўлди.

– Шу гап тўғрими, Гулдерен?

– Дейлик, тўғри, сен нега талошдасан?

– Сен, сен тўғрисини айтмаяпсан!

– Нима бўлди, севинчингданми, қайғуданми ҳаяжонланяпсан? Бу ҳолингни қандай атаса бўлади?

Даҳшатга тушгандим.

– Тезроқ тўғрисини айт, Таркан билан турмуш қуряпсанми?

– Ҳа, турмуш қуряпман.

– Жуда ғалати! Бу қиз ақлдан озибди! Сен жинни бўлдингми, Гулдерен? Муслима қиз насроний билан турмуш қурадими?!

Гулдерен менинг ҳолимга атай қилаётгандек бемалол чой ичарди. Ақлдан озгандай устига ташланиб, пиёлани қўлидан олдим. Худди пиёла айбдордек, уни айвонга қараб улоқтирдим.

– Бунақа бемалол ўтириб мени ақлдан оздирма. Гапир! Гапир! Тезроқ жавоб қил!

У яна хотиржам жавоб қилди:

– Жавоб бердим-ку, яна нима истайсан мендан?

– Сен… сен муслима эдинг-ку?!

– Сен масалани чалкаштирма: бу ҳаяжон нима учун? Тарканни севармидинг ёки? Шундай бўлса, айт, бир нима дегин, чорасини топамиз. Одамнинг қўлидан пиёласини олиб ирғитадиган даражада ақлдан озибсанми, демак, бир сабаби бўлиши керак.

Сабабини айтолмасдим. Дунё бошимга қулагандек эди гўё. Кўзларим ёшланган, бўғзимга аччиқ тугун қадалганди.

– Нега бундай қилдинг, Гулдерен? Нега бундай қиласан?

Ортиқ чидолмадим, кўз ёшларимни тиёлмадим:

– Сен оқила қиз эдинг. Нима бўлди сенга, Гулдерен?

– Билдим, билдим. Сен Тарканни севасан. Бу ҳолинг кўрсатиб турибди буни. Унда ол, Таркан сеники бўла қолсин.

– Аҳмоқлик қилма, бошқа сабаби бўлиши мумкин эмасми?

– Нима бўлиши мумкин эди? Сен насронийсан, бошқача бўлганида бу хабарга севинишинг керак эди…

Севинишим мумкинмиди? Лекин буни унга айтолмасдим. Юмшоқ курсига ўтириб бошимни икки қўлимнинг орасига олиб ўксиб-ўксиб йиғлай бошладим. Гулдерен ҳам рўпарадаги ўриндиққа ўтирди. Мени кузатаётганди. Ҳолимга ҳайрон эди. Бир пайт ғудранди:

– Йиғла, йиғла, мен ҳам сен туфайли кўп кўз ёш тўкдим. Ҳисоблашяпмиз ҳар ҳолда.

Гулдерен мени ғазабимни қўзитаётганди. Алам билан сўйландим:

– Сен иродасиз латтасан! Тўрт ой аввал мен учун устоз олиб келгандинг. Энди ўзинг йўлдан адашибсан!

Кулиб жавоб қилди:

– Ким? Мен сен учун устоз олиб келибманми? Хоҳлаган жойингга бор! Сен билан нима ишим бор мени?

Буёғи чидолмайдиган ҳолатга келгандим. Йиғлай-йиғлай ўрнимдан туриб эшикка бордим.

– Сен билан гаплашиб бўлмайди. Ақлдан озмасимдан бу ердан кетай.

Бирдан у ҳам қўзғалди.

– Тўхта, бўғознинг тентак қизи, тўхта! Мен Таркан билан турмуш қурадиган даражада жинни бўлганим йўқ. Эшитганларинг қип-қизил ёлғон. Аслида нима гаплигини билмаган одамлар оғизга келган ёлғонни тўқиб чиқаряпти. Акс ҳолда ёрилиб қолишади-да. Сен бунга ишонганингга ҳайрон қолдим, бу бир. Иккинчиси, дейлик, тўғри бўлса, бу мутаассирликнинг номи нима? Хурсанд бўлишинг керак бўлган жойга нега қайғуряпсан? Қани, ўтир, гапир-чи бундоқ.

Чуқур нафас олдим. Ўтирдим. У қайта-қайта сўрайверди:

– Нега бунча қайғурдинг? Тарканни севасанми?

– Оббо, сафсата сотма! Шунчаки қизиқдим, холос.

– Нега мендан бунақа нарса кутяпсан, Жамила? Менинг чин мусулмонлигимни билмайсанми? Эътиқоди мустаҳкам, амали нуқсонли муслима!

Алламаҳалгача гаплашиб ўтириб, сўнгра уйга қайтдим. Самира опа кетган экан. Уғур билан ўйнай бошладим. Қилган хатоларимни бир-бир тузатишим керак эди, лекин қандай қилиб? Кўзларимга уйқу келмасди. Тадқиқчим майдонга чиқиш-чиқмаслигимни сўради. “Мазам йўқроқ”, дедим. Чиндан ҳам бироз бетоб эдим. Кучли бошоғриқ ўтиб кетмаётганди. Бу ҳолатимни кимга айтишни билмасдим. Хаёлимга Филиз устоз келди. Эртага келадиган эди, гаплашмоқчи эдик. Тадқиқ куни келишини ҳеч ким истамади. Ҳақли эди улар. Бир одам ўйларини ишғол қилган жойда, иккинчиси сиғмасди.

Эртаси куни Филиз устоз келди. Лекин Лайло уйида баҳс-мунозара бўлишини истамабди, Филиз устозни Гулдеренларнинг уйига олишибди. Лайло мунозарага келмади. Филиз устоз қайта-қайта: “Йўқ, мунозара, тортишув бўлмайди, шунчаки суҳбатлашамиз”, деса ҳам Лайло кўнмабди. Ҳаммамиз ҳаяжонда эдик, ҳисларимизни бир-биримиздан пинҳон тутардик. Лайло истамаса ҳам Вера ва Таркан келишганди. Яна Ойнур, Гулдерен ва мен бор эдим. Мен Таркан ўтирган курсига унга яқин жойда ўтирдим. Ҳаво жуда яхши эди. Бир неча соат олдин ёмғир ёққан, тупроқ ҳиди гуллар ифорига қоришиб кетган, димоғимизга хуш ис анқирди. Таркан бир пайт қулоғимга эгилди:

– Шундай саволлар тайёрладимки, эшитса, нима қиларкан билмайман.

Мен ҳам қулоғига шивирладим:

– Ўринли ва тўғри жавоб берса, нима қиласан?

– Бу саволларнинг ўринли ва тўғри жавоби бўлмайди.

“Қараб тур, кўрасан”, дедим ичмда. Вера ҳам биз каби ҳаяжонли эди:

– Ёшлигимиздаги баскетбол ўйинлари эсимга тушди. Бугун ўша ҳаяжонларни қайта ҳис қиляпман.

Филиз устоз жилмайиб жавоб берди:

– Хайрли бўлсин.

Амира хонимнинг қош-қовоғи осилган эди. Верага сездирмай гапирди:

– Лайло қабул қилса эди, бугун бу жоҳилдан халос бўлардим. Уйим карвонсарой бўлади.

Бу суҳбат сирасида Гулдереннинг уч дугонаси эшикда кўринганди, Амира хонимнинг ғазаби тошиб кетди. Кўзларига миллионта динсиз кўринса безовта бўлмасди, лекин битта мусулмони кўрса чидолмасди. Бидъатчиларнинг гап-сўзи унга муҳим эди. Шунинг учун тинимсиз ғудранарди:

– Ён-атрофимдагилар олдида шарманда бўламан. Бу ҳолимга бир қара! Ҳушимдан кетаман, ақлдан озаман ҳозир. Биринчи ишим отасига айтиб, буни Германияга юбориш бўлади, қараб турсин ҳали…

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм 35-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага