Наср

Насроний атиргули (37-қисм)

1524

Гулдерен меҳмонларни жойлаштириб бўлгач сўради:

– Дарсни бошлашимизга тўсиқ борми? Марҳамат, устоз.

Филиз устоз атрофга қараб сўради:

– Истасангиз, аввал саволлар қисмини ўтказиб юборамиз. Кимда саволлар бор?

Янги келган қизлардан бири сўради:

– Исломда аёлга туғиш ва ҳайз кўриш Момо Ҳаво гуноҳ қилгани учун жазо сифатидаи берилган экан, шу тўғрими?

– Йўқ! Асло ундай эмас! Бу эътиқод бошқа динларда ҳам бор эди. Кейин насроний ва ислом дунёсига тарқалди. Аёлга айбдор ва лаънатлангандек қаралган. Бундоқ ўйлаб кўринг, миллионларча йил олдин бир аёл гуноҳ қилади, унинг гуноҳи учун қиёматга қадар бошқа аёллар жазоланади. Шундай бўлиши мумкинми? Ислом потенциал айбдорликни инкор этади. Сиз айтган гап Тавротда шундай келган: «Таквин», 3-боб, 16-оят: “Машаққатингни ва ҳомиладорлик қийинчилигини орттираман. Дард билан фарзанд дунёга келтирасан, эрингнинг хоҳиш-истагида бўласан. У сенга ҳукмрон бўлади. Ва Одамга айтди: “Хотинингнинг гапига кирганинг ва шунинг учун емайсан деб буюрганим дарахтдан еганинг учун ер сен туфайли лаънатланди”.

Ҳа, Тавротда шундай дейилади. Ислом оламидаги баъзи корчалонлар Таврот ва Инжилда исломга қарши нақадар эътиқод ва қарашлар бўлса, уларнинг ҳаммасини тўплаб, ислом жамиятига “Анворул ошиқин”га ўхшаган хурофот тўла китоблар билан ислом буйруқлари каби одамларга кўрсатишган.

– Сиз исломга тўғри келмайдиган эътиқодларни яҳудий ва насроний дунёсидан олишди, деяпсиз. Унда нега яҳудийлар ва насронийларни айблаяпсиз? – дея сўради Вера.

– Янглишяпсиз. Бу борада уларни айбламайман. Яҳудийлар ва нарсонийлар шундай деб билишади. Мен ўзимизникиларни айблаяпман. Ўз динларига қарши бўлган бундай нарсаларни қайси ақл билан у ерлардан олганини тушунолмайман. Қуръони каримда мевани Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаво бирга еганлари марҳамат қилинади. Алданишига келганда эса “Икковлари бирга шайтонга эргашдилар”, дейилади. Нима учун Қуръонда буюрилгани эмас-да, Инжил ва Тавротда айтилгани бизда кенг тарқалганини ҳалигача тушунмайман. Қолаверса, бизнинг уйдирмачилар фақат Инжил ва Тавротдан олмаган, ўз хаёлларини ҳам тинимсиз ишлатишган кўринади. Ислом бировнинг айбини бошқага юкламайди. Қолаверса, одамлар ва Аллоҳнинг ўлчовларини бир хил кўрсатади. Масалан, Тавротда Аллоҳни инсон каби кўрсатади. “Таквин” 6-боб, 6-оят; “Ва Раб ер юзида одамни яратганига пушаймон бўлди ва юраги оғриди. Ва Раб деди: “Яратганим одамни, ҳайвонларни, судралувчиларни ва кўклардаги қушларни ер юзидан ўчираман. Чунки уларни яратганимга пушаймон бўлдим…” Аллоҳ яратганига пушаймон бўладими? Пушаймон, надомат чекиш фақат бандалар учун. 5-бобда: “Ва Ҳонак Аллоҳ билан юрди ва кўздан ғойиб бўлди. Чунки уни Аллоҳ олди”, дейилади. Бошқа жойда бири одамлар билан бирга Аллоҳни енгганини айтади. Ва ҳоказо, ва ҳоказолар. Бу борада яна бир оят ҳам бор: "Исроил ўғиллари Мусо алайҳиссаломга дедиларки: «Сен ва Раббинг курашинглар. Бу юртнинг халқини бу ердан чиқаринглар сўнгра биз келиб, у ерга жойлашамиз». Бунақа гап-сўзлар Аллоҳни одам савиясига тушириб қўйиш оқибатида айтилади. Агар Аллоҳни илоҳ ўлароқ тасаввур қилса, “Сен ва Роббинг курашинглар” дейилармиди? Шунга қарамай мен ҳеч тушунмаганим учун билганлардан сўрардим: мукаммал бўлган Қуръонни нега муқаддас китобга дохил этгандилар? Ва нега Иегова шоҳидларининг йўлбошловчилари Қуръонни салбий қарашларсиз ўқимайдилар? Сўнгра жавобини топдим. Исломда Аллоҳ Ўзини қандай танитган бўлса, шундай англатилади. Сабаблардан бири шу бўлиши мумкин. Балки мен шундай ўйлагандирман, ким билади.

Таркан орага кирди:

– Сиз Қуръонда мантиққа тўғри келмайдиган ҳеч нарса йўқ, дейсизми?

– Йўқ, ундай демадим. Ҳаққа мос келмаган бирор нима йўқ дедим. Қолаверса, мантиқ ўлчов эмас. Биласизлар, мантиқсизликнинг ҳам бир мантиғи бўлади. Шундай экан, мантиқ “мутлақ” дегани эмас, “демак” деганидир. Шунга қарамай, ақлли бир инсон имон нури билан кетса, Қуръондаги бирор ҳукмни ақлга сиғмайдиган ва мантиқсиз деб топмайди. Топган тақдирда ҳам имон келтиради.

– Сиз Қуръонни ўз оламингизга кўра тушунасизми? Мен ўқигандим, асло қабул қилолмадим, – яна савол берди Таркан.

– Хўш, нима экан сиз қабул қилолмаган?

– Масалан, “Сиздан бўлмаганларни тутган жойингизда ўлдиринглар”, дейилади. Ислом ҳеч кимга мажбуран имон келтирмасди-ку? Нега сиздан бўлмаганларни ўлдиринг дейди?

Ҳаммамиз бир-биримизга қарадик. Энди Филиз устоз нима дейди? Ҳамма бундай саволнинг остида эзилиб қолишини ўйларди. Филиз устоз Қуръонни олиб сўради:

– Ўша оятни менга топиб бергин-чи.

– Албатта, топиб бераман. Қуръонни бериб туринг.

Таркан оят манзилини ёдлаб олганди:

– Мана, бу ерда. “Бақара” сураси, 191-оят!

– Шу ерда сизларга ўргатганларнинг тўғрисўзлигидан шубҳаланаман. Нега бир оятнинг бир қисмини ўқийсизлар ва давомини ўқимайсизлар, тушунмадим. Аллоҳнинг динига шундай бўҳтон отиш мумкинми?! Сиз атайлаб бу оятнинг сизга фойда берадиган қисмини ўқийсизми? Бу ерга келгунга қадар бўлган аввалги оятларни ҳеч ўқидингларми? Тўғрироғи, сизларга ўргатганлар ҳеч ўқишмадими? Ростгўй, дуруст одамларга бузиб, парчалаш ярашадими? Биз ҳам бузиб ўқиймиз десак, Инжилдан, Тавротдан нималарни топиб оламиз. Лекин буни инсонийликка муносиб кўрмаймиз. Энди жавобингизга келамиз. Аввал шу суранинг 190-оятидан ўқишни бошлаймиз: “Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.” Бу ерда “Сизга уруш қилаётганларга” деган жойига диққат қилинг. “Аллоҳ йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни хуш кўрмас”. Қаранг, урушни аввал душманлар бошлаши керак. 190-оятдан буни билиб олдик. “Сизга уруш қилаётганларга сиз ҳам урушинг” дейиляпти. 191-оятда уруш майдони назарда тутиляпти: “Уларни топган ерингизда қатл қилинг. Ва сизларни чиқарган жойдан уларни ҳам чиқаринг. Фитна қатл этишдан ёмонроқдир. Масжидул Ҳаром олдида сизга қарши урушмагунларича сиз урушманг. Агар урушсалар, бас, сиз ҳам урушинг. Кофирларнинг жазоси шундай”. 192-оятда эса: “Агар тўхтасалар, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”, дея марҳамат қилинади. Ва давомида уруш қилишдан воз кечсалар, сизлар ҳам воз кечинг, дейилади. Энди бу ерда гап уруш мавзусида келган. Сизга бу оятни бузиб тушунтирганлар, гўёки “Кўрган жойингизда ўлдиринг” оятини уруш майдони ҳақида айтилганини билишмайдими? Фақат ўша жумлани ўқиб, қолганини ташлаб кетишганми? “Урушни улар бошламасдан сизлар бошламанг” маъносида келган оятлар гўёки кофирларни кўчада кўрганингизда ўлдиринглар каби тушунтирилади. Яна нима дейиши керак эди? Сизларга қарши уруш очганларни олқишланглар дейилмасди, ҳартугул! Хўш, сиздан сўраяпман, бу оятдан биздан бўлмаганларни ўлдиришимиз керак экан, деган маънони қандай чиқариш мумкин? Сизларга ўргатганларнинг ақлидан шубҳа қилмаганимизга кўра, демак, сизларни мақсадли йўналтираётганлари очиқ-равшан кўриняпти. Ҳийла ишлатаётганларнинг ростгўйликдан гапиришга ҳаққи йўқ!

Ҳаммамиз ҳайратда эдик. Айниқса, мен ҳайратдан тошдай қотиб қолгандим. Чунки бир неча йилдан бери мен ҳам бу оятни “Сиздан бўлмаганларни ўлдиринг” маъносида билардим. Борган жойимда бу оятни гапирардим. Қанчадан-қанча одамларнинг ақлини чалғитдим.

Ўша кун шундай ўтди. Машинам устахонада эди. Филиз устозни уйига ташлаб қўйиш учун таъмирчига қайта-қайта айтиб, машинамни бўятдим. Устоз машинамга ўтирганида шундай ҳаяжонландимки, буни таърифлай олмайман. Бешиктошга келганимизга унга юзланиб, ички ҳолатимни сўзлаб бердим.

– Биласизми… Мен сизни жуда ҳам яхши кўриб қолдим.

– Мен ҳам.

– Гап-сўзларингиз мени ниҳоятда таъсирлантирди.

– Иншааллоҳ, таъсирини кўрамиз-да.

– Қандай таъсир қилишини кутяпсиз? – кулимсираб сўрадим.

– Тушунтирганларим, айтиб берганларим қандай таъсирни келтириб чиқариши керак бўлса…

– Мусулмон бўлишимни истармидингиз?

– Тулкидан товуқни севасанми, дея сўрашган экан, уям кулгидан айтолмаяпман, деган экан.

– Демак, мусулмон бўлишимдан ниҳоятда севинасиз?

– Бунга шубҳанг борми?

Бир лаҳза индамай қолдим. Ўйларимни айтсаммикан, ажабо? Сўнг нега айтмаслигим керак, дея ўйладим.

– Мен Иегова шоҳидлигидан чиқдим.

Юзимга қаради. Сўнг мен кутмаган жавобни берди:

– Биламан.

Ҳайрон бўлдим.

– Қаердан биласиз? Мен ҳеч кимга гапирмагандим-ку?

– Ҳолинг, хатти-ҳаракатларинг, нигоҳларинг сўйлади.

– Тавба, ё Аллоҳ! Қандай хатти-ҳаракатларим мени қўл туширди экан?

– Ҳар хил ҳолатинг. Масалан, мен яхши жавоб берганимда кўзларинг кулади. Бошқа ҳаракатларинг ҳам шундай. Ҳатто бир куни Гулдеренга ҳам айтдим.

– У нима деди?

– “Унинг Иегова шоҳидлигидан қайтиб, исломга кирган кунига етсам, қурбонлик қиламан. Бу қиз мени жуда қаттиқ ранжитди. У насроний бўлганида мен кўп йиғладим. Уни йўлдан қайтаришга уриндим, лекин бўлмади, уддаламадим”, деди.

– Менимча уддалади. Чарчамасдан, безмасдан менинг қайтишим учун ҳаракат қилди. Алал-оқибат уддалади.

– Иегова шоҳидларидан қайтишингнинг ўзи камлик қилади. Аллоҳнинг дини билан шарафланишинг керак.

– Иншааллоҳ, униси ҳам бўлади. Лекин ислом менга оғирлик қиладими деб қўрқаман. Ҳаммасини ўрнига келтиролмасам-чи?

– Исломнинг барча буйруғига ишонсанг, ҳаммасини ўрнига қўёлмаган тақдирингда ҳам, ҳаммасига ишонишинг жуда катта фойда.

– Хўш, биринчи бўлиб нимадан бошлашимни маслаҳат берасиз?

– Аввало, Иегова шоҳидлиги билан боғлиқ хаёлингда бирорта савол қолмаслиги керак. Бунинг учун профессор Ҳикмат Танюнинг “Иегова шоҳидлари” номли китобини ўқишинг керак. Бир сўз билан айтганда, ажойиб китоб!

– Бу қайси нашриётга оид китоб?

– “Диёнат”га оид.

Вақт йўқотмасдан у китобни топиб ўқидим. Кейин Филиз устоз менга бошқа китобларни берди, уларни ҳам ўқидим. Энди Гулдеренга айтишим керак эди бу ҳолатни. Қиз шўрлик менинг дастимдан тентакка айланаёзди. Кийиниб Гулдеренларникига бориш учун вилладан чиқдим. Бугун унга хушхабар айтмоқчи эдим. Яна Исмат девонага учрадим. У ҳам мен туфайли кўп қайғурганди. Хурсанд бўлишга ҳаққи бор эди.

– Нима гаплар, насроний атиргули? – дея сўради менга кўзи тушган заҳоти.

– Мен энди насроний атиргули эмасман, муслима атиргулман! Мусулмон бўлдим! Сенга ҳам етказай, балки хурсанд бўларсан деб ўйладим.

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм 35-қисм 36-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага